Главная / Сиёсат / Тожикистон Ўзбекистонга Сарез кўли сувидан фойдаланишни таклиф қилди

Тожикистон Ўзбекистонга Сарез кўли сувидан фойдаланишни таклиф қилди

Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари икки мамлакатнинг ҳукуматлараро комиссиясига Сарез кўли сувини икки мамлакат ичимлик сув эҳтиёжлари учун фойдаланиш йўлларини ўрганишга топшириқ берди.

sarezskoe-ozero

Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида экологик тоза Сарез кўли суви нафақат Ўзбекистон аҳолиси, балки бутун минтақа мамлакатларини ичимлик суви билан таъминлаши мумкинлигини айтган эди.

17 август куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида Тожикистон ғарбидаги Сарез кўли сувидан фойдаланишга эътибор қаратилди.

Ушбу баёнотда айтилишича, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари иқтисодий ва савдо ҳамкорлигига оид ҳукуматлараро қўшма комиссияга Сарез кўли тоза ичимлик сувидан унумли фойдаланиш йўлларини ўрганишни буюрган.

Эмомали Раҳмон 17 август куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида, Сарез кўлида 17 кубокилометр тоза сув мавжудлиги ва бу миқдордаги сув минтақа аҳолисини кўп йиллар давомида тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконига эга эканини айтди.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг хабар беришича, дастлабки келишувлар асосида келгуси ой Ўзбекистондан мутахассислар ҳайъати Сарез кўли муаммосини ўрганиш учун Тожикистонга сафар қилади.

Ушбу қўмитанинг Сарез кўли бўйича бўлими раҳбари Саодатқадам Маскаевнинг 20 август куни Озодликка айтишича, мазкур ҳайъат Сарез кўлидаги вазият билан танишиб, тожик ҳамкасблари билан бу кўлдаги ичимлик сувидан фойдаланиш йўлларини муҳокама қилади.

“Сарез кўли 3300 метр баландликда жойлашган. Сувни пастки минтақаларга етказиш учун насосга эҳтиёж йўқ. Яъни, сув қувурлар воситасида бемалол пастликда жойлашган минтақаларга кетади. Сарез кўли сувидан фойдаланиш учун бошқа йўллар ҳам мавжуд,” -деди Саодатқадам Маскаев.

Унинг қўшимча қилишича, масалан, Сарез кўли олдида корхона қуриб, сувни идишларда Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа мамлакатларга етказиш мумкин.

Олдин ҳам Тожикистон президенти Эрон, Саудия Арабистони, Иордания ва Бирлашган Араб Амирликларига Сарез кўлидаги ичимлик сувидан биргаликда фойдаланишни таклиф қилганди.

Ҳозирча, бу мамлакатлардан бирортаси Тожикистон таклифига расмий жавоб қайтаргани йўқ.

Сарез сувидан минтақа эҳтиёжи учун фойдаланиш масаласи муҳокама бўлар экан, 2017 йил БМТ ўз баёнотида келажакда Марказий Осиё мамлакатлари сув тақчиллигига дуч келишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Ушбу баёнотга кўра, 2025 йили минтақада бир кишига йилига фақат 1,7 метр куб ичимлик сув тўғри келади.

Расмий маълумотларга биноан, сув манбаларига бой Тожикистонда мамлакатнинг 36 фоиз аҳолиси тоза ичимлик сув билан таъминламаган.

Сарез кўли олис минтақада – Тоғли Бадахшон вилоятининг баланд тоғларида жойлашган.

Бу кўл 1911 йили зилзила оқибатида, тоғнинг Усой дарёсига қулаши оқибатида пайдо бўлган.

Ҳозир кўлдаги сув миқдори 17 километр кубни ташкил этиб, сувнинг сатҳи йил сайин кўтарилиб бормоқда.

Мутахассисларнинг огоҳлаштирича, агар кўл қирғоғи бузилса Тожикистон, Афғонистон, Ўзбекистон ва Туркманистон жиддий зарар кўриши эҳтимоли бор.

Яна маълумот

32f5c9e2c6ba595c687680a6e5932eb6

Энг яқинларим олдида айбсиз айбдор бўлиб қолгандим – Ўзбекистонда вирус биринчи бўлиб аниқланган Нигора Муратова билан суҳбат

15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқланган илк бемор Нигора Муратова ўтган вақт давомида ижтимоий тармоқларда …