avtobus16 март куни Самарқанд автомобил заводи ўз фаолиятини бошлаганининг 19 йиллигини нишонлади. 1999 йилда очилган “СамАвто” заводи ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига эга, Ўзбекистондаги йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариш мажмуасида Германия, Италия ва Япониядан келтирилган станоклар ўрнатилган.

Завод конструкторлари нафақат юк автомобилларини, балки янги автобус моделларини ҳам лойиҳалашади. Жумладан, улар томонидан паст полли, шаҳар ичида юришга мўлжалланган LE60 ҳамда шаҳар чеккаси ва халқаро ташувларга мўлжалланган HD50 автобуси яратилган. Айни вақтда завод чиқараётган барча маҳсулот БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси талабларига мос келади, юқоридаги автобуслар эса Божхона иттифоқи транспорт воситалари тури сифатида маъқулланган.

“Яқин келажакда тежамкор ва экологик тоза ёқилғи – газда ишловчи автобусларни оммавий ишлаб чиқармоқчимиз ҳамда юк автомобиллари модел қаторини янгиламоқчимиз. Бу Божхона иттифоқи давлатларига нафақат автобуслар, балки юк техникасини экспорт қилишга имкон беради”, деб айтди корхона бош директори Ўлмас Йўлдошев.

Корхона ходимлари Самарқанддаги ўз ўқув маркази ва хорижда малакаларини мунтазам ошириб борадилар. Автомобилларни сотиш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, эҳтиёт қисмларни етказиш учун Тошкент ва вилоятларда компаниянинг 21 та дилерлик марказидан иборат дилерлик тармоғи йўлга қўйилган.

Бозорнинг юқори талаблари ва харидорлар кутаётган жиҳатлар ишлаб чиқарувчиларни ўз маҳсулотларини яхшилаш бўйича узлуксиз иш олиб боришга мажбур қилади. “СамАвто” ҳам бозорнинг бу талабларини ҳисобга олиб, олға боришда давом этмоқда.