Главные новости
Главная / Жамият / Самарқанд туманида ишлаётган корхона биноси «бўш бино» сифатида танловга қўйилиб, сотиб юборилган
<

Самарқанд туманида ишлаётган корхона биноси «бўш бино» сифатида танловга қўйилиб, сотиб юборилган

Самарқанд туманидаги Ўрташиқ қишлоғида жойлашган, 2017 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган мазкур корхонада 40 киши доимий иш билан таъминланган. Қурилишда ишлатиладиган 17 турдаги алюминий профили ишлаб чиқарилган. Аммо 2018 йилда бино танлов асосида сотиб юборилган.

«Салкам қирқ кишини иш билан таъминлаган, туппа-тузук ишлаб турган корхонамни кўр-кўрона «ноль» қийматда сотиб юборишди. Ваҳоланки, тегишли меъёрий ҳужжатларда қарорида ташландиқ, ҳеч ким фойдаланмайдиган давлат тасарруфидаги жойлар «ноль» қийматда берилиши кўзда тутилган эди. Биз бу жойга 2017 йилдан уч томонлама шартнома тузиб, инвестиция кириб, йирик сув иншооти, электр тармоғи тортиб келдик, салкам қирқ миллион сўмга трансформатор ўрнатдик. Хитойда 5 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш ускуналари олиб келдик. Энди эса, ҳаммасидан айрилиб ўтирибмиз», — дейди «KOMFORT DIZAYN» корхонаси раҳбари Беҳбуд Усмонов.

«Бугунги кунгача муаммо юзасидан вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва бошқа органларга мурожаат қилганман. 2018 йил август ойида вилоят ҳокими қабулида бўлиб муаммони айтганимда ҳоким «қандай қилиб ишлаб турган корхона корхона бўш бино бўлиши, қандай қилиб «ноль» қийматда берилиши мумкин?» дея танқид қилиб, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармасининг ўша вақтдаги раҳбари Собир Холматовга муаммони ҳал қилиш юзасидан қатъий топшириқ берганди. Аммо эртаси куниёқ бошқарма бизни бинодан мажбурий чиқариш бўйича судга даъво аризаси киритди. Бошқармаси бошлиғини излаб борганимизда эса аризасини ёзиб ишдан кетганини эшитиб ҳеч нарсага тушунмай қолдик», — дейди Беҳбуд Усмонов.

Айни вақтда бўш турган бинолар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан танловга қўйилади.

Бўш турган ва фойдаланилмайдиган бинолар бўйича маълумот эса туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилади.

Самарқанд тумани ҳокимлиги мутасаддилари тадбиркорнинг олдиндан шу бинода ишлаб турганини эътироф этган ҳолда, бу вилоят миқёсидаги муаммо экани, тендерни вилоят идоралари ўтказишини, Самарқанд тумани ҳокимлиги бинони «бўш турган», дея маълумот бермаганини маълум қилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасида бўлганимизда эса айнан Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан 2018 йил 19 январда юборилган хат билан танишдик. Унда (куни-кеча вазифасидан бўшатилган) туман ҳокими Шуҳрат Жамолов имзоси билан юқоридаги тадбиркор фаолият кўрсатиб келган бино «Бўш турган бино» сифатида тақдим этилган. Аммо бундан тадбиркорнинг ҳам хабари бўлмаган.

Шу сабабдан, тадбиркорнинг юқори идораларга мурожаати юзасидан ташриф буюрган ҳокимлик вакиллари иштирокидаги далолатномага «Самарқанд тумани ҳокимлигига эътирозим йўқ», мазмунида қўл қўйиб бераверган. (Бугунги кунда айрим идораларда муаммони ҳал этиш ўрнига тадбиркордан «бу идорага эътирозим йўқ», деб ёздириб олиш ҳолатлари ҳам учрайди).

Муаммо юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азиз Ғофуров маълумот берди. Юқорида айтилганидек, танловга қўйиладиган бинолар рўйхати маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилиб, бошқарма ижрочи вазифасини бажаради.

А.Ғофуровга кўра, «KOMFORT DIZAYN» корхонаси фаолият кўрсатаётган бино вилоят инжиниринг компанияси балансида бўлган. Инжиниринг компанияси (балансда сақловчи), давлат мулкини ижарага бериш маркази (ижарага берувчи) ва «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ (ижарага олувчи) ўртасида 2018 йил уч томонлама шартнома тузилган. (Тадбиркорнинг аниқлик киритишича, ҳар йили январь ойида бир йиллик шартнома тузиб келинган).

2018 йил 14 февралда вилоятдаги фойдаланилмаётган, бўш турган объектларни инвестиция мажбуриятлари қабул қилиш шарти билан вилоят ҳокими қарори чиққан. Мана шу қарор иловасида «KOMFORT DIZAYN» МЧЖ биноси ҳам бўлган. Ана шу қарордан бир ярим ой ўтиб, 2018 йил 27 мартда юқоридаги уч томонлама шартнома муддатидан олдин бекор қилинган. Яъни, ростдан ҳам ишлаб турган бино «фойдаланилмаётган, бўш бино» сифатида танловга қўйилган.

Бугунги ҳолат шуки, икки ойдан бери тадбиркорнинг фаолияти тўхтаб қолган. Бино эшикларига қулф осилган.

Икки ойдан бери ишсиз қолган ишчилар эса тадбиркорга ҳамон қўнғироқ қилмоқда — корхонамиз иши тикланадими?

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда худди шу муаммо юзасидан тадбиркор Президентга ҳам мурожаат қилиб чиқди. Ўйлаймизки, тадбиркорнинг муаммоси ҳал этилади ва унга бу ноқулайликни келтириб чиқарган омиллар ўрганилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

tkzy8x15731320165020_b-1-679x395

Абдуллоҳ Тоҳиров алоқага чиқиб, қўйиб юборишганини маълум қилди. У қаерда ушлаб турилгани ҳозирча номаълум

Икки ҳафта давомида қаерда экани номаълумлигича қолган, қаердалигини ҳатто ИИБ ҳам билмаган Абдуллоҳ Тоҳиров 8 …