Главные новости
Главная / Маданият / Саккиз масала ёки энг яхши маҳбуб
<

Саккиз масала ёки энг яхши маҳбуб

kitobШақиқ Балхий (р.а.) талабаси Ҳотамул Асомдан сўрадилар: “Қанчадан бери менинг ҳузуримдасан?”

Ҳотам: “Ўттиз уч йилдан бери”, дедилар.

У зот: “Шу муддат ичида мендан нима ўргандинг?” деб сўрадилар.

Ҳотам: “Саккиз масалани”, деб жавоб бердилар.

Шунда Шақиқ: “Инналиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Умрим сен билан ўтган бўлса-ю, сен фақат саккизтагина масалани ўргандингми?” дедилар.

Ҳотам айтдилар: “Эй устоз! Ёлғон гапришни ёқтирмайман. Ҳақиқатда бошқа ҳеч нарсани ўрганмадим”.

Устози: “Майли, ўша саккиз масалани айт, эшитайлик”, дедилар.

Ҳотам сўзлай бошладилар: “Одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг ҳар бирининг бир маҳбуби бор, ўша маҳбуби билан қабргача бирга бўлади. Қабрга етганда эса, ундан ажраб қолади. Шунинг учун мен ҳасанотни (савобли ишларни) ўзимга маҳбуб қилдимки, қачон қабрга кирсам, маҳбубим ҳам мен билан бирга кирсин”.

Шақиқ: “Жуда чиройли сўзладинг, эй Ҳотам! Иккинчиси нима?” дедилар.

Ҳотам айтдилар: “Аллоҳ таолонинг:

“Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши ( ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи ҳоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур” (Нозиот сураси, 40–41-оятлар), деган сўзига қарадим. Билдимки, Аллоҳ таолонинг сўзи ҳақдир. Шунинг учун нафсимни ҳаволанишдан қайтаришга жиддий ҳаракат қилдим. Токи, нафсим Аллоҳ таолонинг тоатида мустаҳкам бўлди. Учинчи, яна шу одамларга боқдим ва кўрдимки ҳамманинг ҳузурида қийматга эга бўлган бирор нарса бор ва уни кўтариб, сақлаб юради.

Кейин Аллоҳ таолонинг:

“Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар боқийдир” (Наҳл сураси, 96-оят), деган сўзига қарадим. Қачон бирор қийматга эга нарсани қўлга киритсам, Аллоҳнинг ҳузурига юбордим, токи у ерда сақланиб боқий қолсин. Сўнгра яна шу одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг ҳар бири мол-дунёга, мансабга, шон-шарафга ва насабга ружуъ қўйган. Буларнинг барчасини ўйлаб кўрсам, қийматсиз нарсалар экан.

Кейин Аллоҳ таолонинг:

“Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят), деган сўзига қарадим. Шунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматли бўлай деб, тақвога мувофиқ амал қилдим. Сўнг яна шу одамларга қарадим. Улар бир-бирларига таъна қиладилар, лаънатлайдилар. Буларнинг барчасининг асоси ҳасаддир.

Кейин Аллоҳ таолонинг:

“Уларнинг дунё ҳаётидаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз ўзимиз тақсимлаганмиз” (Зухруф сураси, 32-оят), деган сўзига боқдим. Натижада ҳасадни тарк қилдим ва халқдан ўзимни сақладим ҳамда билдимки, бу тақсимот Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Шундай қилиб, халқнинг адоватини ҳам тарк қилдим. Сўнг яна шу одамларга боқдим, уларнинг бир-бирларига тажовуз қилаётганини, урушиб-жанжаллашаётганини кўрдим.

Шунда Аллоҳ таолонинг:

“Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар” (Фотир сураси, 6-оят), деган сўзига қарадим. Натижада унгагина душманлик қилдим ва ундан эҳтиёт чораларини кўришга тиришдим. Чунки унинг менга душман экани ҳақида Аллоҳ таоло гувоҳлик берди. Шунинг учун шайтондан бошқаларга адоватни тарк қилдим. Сўнг яна шу одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг ҳар бири бир парча ризқни қидириб, унинг йўлида ўзини хор қилмоқда ва ҳалол бўлмаган йўлларга кирмоқда.

Шунда Аллоҳ таолонинг:

“Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир” (Ҳуд сураси, 6-оят), деган сўзига боқдим ва ўзимни ризқи Аллоҳнинг зиммасида бўлган жонзотлардан бири деб билдим. Шунинг учун зиммамдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этиш билан машғул бўлдим ва Унинг ҳузуридаги ўзимга тегишли бўлган нарсани (ризқни Унга ҳавола қилиб) тарк этдим. Ва ниҳоят, яна шу одамларга қарадим. Кўрдимки, уларнинг барчаси қайсидир махлуққа суянади. Кимдир даласига, кимдир тижоратига, кимдир санъатига, яна кимдир баданининг соғлигига, ҳамма ўзи каби бир махлуққа таянмоқда.

Шунда Аллоҳ таолонинг:

“Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир” (Талоқ сураси, 3-оят), деган сўзини ўйладим ва менга кифоя қилувчи бўлган Аллоҳ таолога таваккул қилдим».

Шунда Шақиқ (р.а.) дедилар: “Эй Ҳотам, Аллоҳ таоло сени муваффақ қилсин. Мен Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони карим илмларига боқдим. Яхшилик ва диёнатнинг барча турлари мана шу саккиз масала атрофида айланишини топдим. Ким буларга амал қилса, тўрт китобга амал қилган бўлади”.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

узбек онаси

Оналар учун шеърлар

Ул инсон мен учун жон совға қилган. Мен унга байрамда нима бераман? Арзон салафанга, ҳуник …