Главные новости
Главная / Маданият / Садақа берганнинг ризқига барака киради
<

Садақа берганнинг ризқига барака киради

sadakaАллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад,) айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилади ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилади. Сизлар бирон нарсани инфоқ қилсангиз, бас У Зот унинг ўрнини тўлдиради. У ризқ бергувчиларнинг энг яхшисидир” (Сабаъ, 39). Яъни: эй Муҳаммад, одамларга айтинг: албатта, Аллоҳ бандалари ўртасида ризқларни тақсимловчидир. У Ўзи хоҳлаган бандасининг ризқини маълум ҳикматга кўра кенг қилиб, хоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аммо сизлар камбағалликдан қўрқманглар. Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилиб, бойликларингиз билан У Зотга яқинлашинглар. Агар Аллоҳ ризоси учун бирон нарса инфоқ қилсангиз, бунинг эвазига дунёда кўп мол-дунё, охиратда эса мислсиз ажр-савобларга мушарраф бўласизлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Банда инфоқ қилган ҳар бир нарсанинг ўрнини тўлдириш Аллоҳнинг зиммасидадир. Фақат бино (қуриш) ёки маъсиятга қилинган сарф-ҳаражат бундан мустасно” (Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта ризқ эшиги етти осмоннинг устидан очиқдир. У Аршгача етиб борган. Ўша эшик туну кун ёпилмайди. Аллоҳ ҳар бир бандага нияти, сарф(-ҳаражат)и, садақа ва инфоқ қилишига қараб ўша ризқдан (Ерга) туширади. Бас, ким (садақани) кўпайтирса, унга ҳам (ризқи) кўпайтирилади. Ким камайтирса, унга ҳам камайтирилади. Ким (бермасдан, бахиллик қилиб) ушлаб қолса, ундан ҳам (барака ва кенг ризқ) ушлаб қолинади”, дейилган (Ҳаким Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган киши борми? У Зот унга бир неча баробар қилиб қайтаради. Зеро, (ризқларни) тор ва кенг қиладиган Аллоҳдир ва Унгагина қайтариласизлар” (Бақара, 245). “Қарзи ҳасана” деганда савоб умид қилиб, кўнгилдан чиқариб бирон нарсани – хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин – Аллоҳнинг йўлида садақа қилиб юбориш тушунилади.
Аллоҳ таоло бу ерда инфоқ қилишга тарғиб қилиб, Ўзининг розлиги учун қилинган ҳар қандай садақани “қарз” деб атамоқда ва бандалар қилган садақаларини ўзларига кўпайтириб қайтаришни маълум қилмоқда. Зеро, Аллоҳ хоҳлаган бандасининг ризқини кенг қилади ва истаган бандасининг ризқини тор қилади. Шундай экан, камбағал бўлиб қолишдан қўрқмай, нафснинг бахиллигидан ғолиб келиб, Аллоҳнинг йўлида садақалар қилиш керак. Охиратда бандалар Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб борганларида, У Зот уларни қилган амалларига қараб ҳисоб қилади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Қачон Аллоҳнинг “Аллоҳга қарзи ҳасана берадиган киши борми?” ояти нозил бўлганида, Абу Даҳдоҳ ал-Ансорий: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳ биздан қарз сўраяптими?” деди. У зот: “Ҳа, эй Абу Даҳдоҳ”, дедилар. У: “Менга қўлингизни беринг, эй Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қўлларини берган эдилар, у: “Мен ушбу боғимни Раббимга қарз қилиб бердим. Унда олти юзта хурмо дарахти бордир”, деди. Ўша пайтда (унинг аёли) Умму Даҳдоҳ ва оила аъзолари боғда эдилар. Абу Даҳдоҳ келиб: “Эй Умму Даҳдоҳ”, деб чақирган эди, аёли: “Лаббай”, деб жавоб берди. “Боғдан чиқ. Мен уни Раббим азза ва жаллага қарз қилиб бердим”, деди Абу Даҳдоҳ” (Табароний, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мунзир, Ибн Жарир, Баззор, Байҳақий ва Ҳаким Термизий ривоят қилган).
Аллоҳ таоло айтади: “Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз тарафидан мағфират ва фазл (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва Билувчидир” (Бақара, 267).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида айтади: “Икки нарса Аллоҳдан ва икки нарса шайтондандир. Шайтон: “Молингни инфоқ қилма, ўзингда ушлаб қол, унга ўзинг муҳтож бўлиб қоласан”, дейди ва бандани фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ эса, агар банда инфоқ қилса, ўтган гуноҳларини кечиришни ва унга кенг ризқни ваъда қилади”.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلاَّ مَلَكَانِ يَنْزِلاَنِ فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бандалар тонг оттирадиган ҳар бир кунда икки фаришта тушиб, уларнинг бири: “Эй Аллоҳ, инфоқ қилган (банданг бойлиги ўрни)ни тўлдиргин!” дейди. Бошқаси эса: “Эй Аллоҳ, (инфоқ қилмай, бойлигини ўзида) ушлаб турган(нинг моли)га талафот бергин!” дейди” (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривояти).
Ушбу ҳадисда садақа қилиш билан бойлик зиғирча ҳам камайиб қолмаслиги ўзига хос усулда баён қилинмоқда. Имом Термизий Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мол (бойлик) садақа билан камаймайди”, деганлар.
Қуёш чиқадиган, бандалар тонг оттирадиган кун борки, унда осмондан икки фаришта тушиб, улардан бири: эй Аллоҳ, мол-дунёсини Сен рози бўладиган йўлда инфоқ қиладиган бандаларинг бойликлари ўрнини тўлдиргин ва уларга зиёда қилгин, деб дуо қилар экан. Бошқаси эса: эй Аллоҳ, бахиллик билан бойлигини керакли жойларга сарфламай, ўзида ушлаб турганларнинг молларига талафот ва нуқсон етказгин! – деб дуо қилар экан.
Демак, инфоқ қилсам, молим камайиб қолади, деб хавфсирамасдан, ўртача йўлни тутган ҳолда Аллоҳнинг йўлида сарфлаш керак экан. Акс ҳолда, бойлигимизни янада кўпайтириш учун бахиллик қилиб ўзимизда ушлаб тураверсак, унга бирон талафот етиши мумкин. Бунда зоҳиран иш тутиш керак эмас. Бу ривоятдан билиб оламиз, банда инфоқ қилсам, молим камайиб қолади, эмас, балки инфоқ қилмасам, бахиллик қилсам, молимга талафот етади, деган эътиқодда бўлиши керак.
Имом Нававий айтади: “Мақталган инфоқ қилиш турларига тоат-ибодатлар, оила, меҳмонлар ва бошқа нафл ибаодатларга сарфлаш киради”. Қуртубий эса: “Бундай инфоққа вожиб ва мандублар киради”, деган.

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَنْفِقْ يَا ابْنَ آدَمَ ، أُنْفِقْ عَلَيْكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَابْنُ مَرْدَوَيْهِ.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ азза ва жалла: “Эй Одам боласи, инфоқ қил, шунда Мен ҳам сенга инфоқ қиламан”, деб айтади” (Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Ибн Мардавайҳ ривояти).
Ушбу ҳадис аслида икки қисмдан иборат бўлиб, унинг аввали ҳадиси қудсийдир. Унда Аллоҳ таоло тарафидан бандаларини Ўзининг йўлида инфоқ қилишга тарғиб қилинмоқда. Ҳадиснинг маъноси қуйидагича: эй Одам боласи, ҳақдор кишиларга, камбағал, мискин, бева-бечораларга садақа ва инфоқ қил. Агар шундай қилсанг, Мен ҳам сенга Ўз фазлим билан инфоқ қиламан. Зеро, Менинг фазлу карамим кенг ва хазинам битмас-туганмасдир.
Ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг фазли, лутфу карами ва хазинаси қандоқ эканини қуйидагича баён қиладилар: “Аллоҳнинг ўнг “қўл”и тўла, доим оқиб турувчидир. Кечаю кундуз уни бирон нарса камайтира олмайди. Сизлар У Зот осмон ва Ерни яратганидан бери нима инфоқ қилганини биласизларми? Албатта, Унинг ўнг “қўл”идаги (яъни, хазинасидаги) нарсадан ҳеч нарса камайган эмас. У Зотнинг Арши сув устида эди. Бошқа “қўл”ида қабз (мезон) бордир. Кўтаради ва туширади (яъни, Аллоҳ хоҳлаган ишини қилади, хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ёки тор қилади)”.
Демак, Аллоҳ таолонинг хазинаси шунчалик эканки, Еру осмон яратилганидан бери тинимсиз тарзда инфоқ қилиб турилса ҳам, ундан ҳеч нарса камайиб қолмас экан. Ана шу хазинага боғланиш, Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига ноил бўлиш учун кўпроқ инфоқ-эҳсон, ихтиёрий садақалар қилиб юриш керак. Зеро, Аллоҳ таоло берган бандасига беради, қизғанчиқлик қилган бандасидан фазл-марҳаматини ман қилади.

وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَنْفِقْ يَا بِلاَلُ! وَلاَ تَخْشَ مِنْ ذِي الْعَرْشِ إِقْلاَلاً. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَالْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ وَالْقُضَاعِيُّ فِي مُسْنَدِ الشِّهَابِ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Билол, инфоқ қил! Арш Эгасининг камайтиришидан қўрқма!” – деганлар (Табароний “Кабийр”да, Байҳақий “Шуъабул иймон”да, Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган. Ҳадиснинг санади ҳасан). Яъни: эй Билол, бу хурмоларни инфоқ қил. Арш Эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло сенга кўпайтириб беради. Дунёда кенг ризқ ва охиратда катта ажр-мукофотлар ато қилади. Инфоқ қилганинг туфайли молинг камайиб, камбағал бўлиб қолишдан сира қўрқма. Балки Аллоҳ розилиги учун уни ҳақдорларга садақа қил!
Демак, садақа бериш билан:

1. Молга барака киради.

2. Садақа молга келиши мумкин бўлган бало ва офатларни даф қилади.

“Кенг ризқ ва барака омиллари” китоби асосида тайёрланди

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

viri

Муносабат: Ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак

Коронавирус пандемияси хавфи ортиб бориши билан қатор давлатларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистон ҳукумати махсус …