mixail_saakashviliГрузиянинг собиқ президенти, Одесса областининг собиқ губернатори, «Движения новых сил» партияси етакчиси Михаил Саакашвилига давлат тўнтаришини амалга ошириш бўйича айб қўйилди.

«Саакашвили конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбланмоқда»,— дея сиёсатчининг адвокати Павел Богомазовнинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.

Украина Хавфсизлик Хизмати (УХХ) хабарига кўра, жаноб Саакашвили Украина Жиноят Кодексининг 256-моддаси 1-қисми (жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этиш ва унинг фаолияти ҳақидаги маълумотларни яшириш) бўйича қўлга олинган.

Айни вақтда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жаноб Саакашвилини тергов қилишмоқда, унга гумонланувчи сифатида қаралаётгани маълум қилинган.

Михаил Саакашвилининг уйи олдида сиёсатчининг тарафдорлари ва махсус хизматлар ходимлари ўртасида тўқнашувлар бошланган. ТАСС маълумотига кўра, унинг уйи жойлашган кўчада сиёсатчининг тарафдорлари бўлган 200дан ортиқ киши йиғилган.

3 декабрь Киевда Михаил Саакашвили ва «Рух новых сил» партияси ташаббуси билан марш бўлиб ўтганди. Фаоллар Украина президенти Петро Порошенконинг истеъфосини талаб қилишганди.

Саакашвили Порошенкони давлат душмани деб атади ва Украина фуқароларини мамлакатдаги олигархлар диктатурасини ағдариб, унинг ўрнига «ўрта синф диктатурасини» ўрнатишга чақирди.

Куннинг иккинчи қисмида ҳарбий формадаги номаълум шахслар ушбу митингни трансляция қилаётган NewsOne телеканали биноси атрофини тўсиб олишди. «Коммерсантъ» мухбири Украина президенти маъмуриятидаги манбасига асосланиб хабар беришича, бу шахслар Киевда оммавий намойишлар бошлашни истаётган Саакашвили қутқуси билан ҳаракатланган.

17 октябрдан буён Киевдаги Рада биноси олдида намойишлар бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар депутатлик дахлсизлигининг бекор қилиниши, аксилкоррупцион суд яратиш ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши ва сайлов ислоҳотлари ўтказилишини талаб қилишмоқда.