Главные новости
Главная / Сиёсат / Россиядан Ўзбекистонга чартер рейслар: қачон, кимлар учун ва чипта нархи қанча?
<

Россиядан Ўзбекистонга чартер рейслар: қачон, кимлар учун ва чипта нархи қанча?

Kun.uz таҳририятига Россиядаги ватандошлардан чартер рейслар масаласида жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу, ўз ўрнида, ҳозирга қадар бу масалада мавжуд маълумотларни жамлаган ҳолда тақдим этиш заруратини туғдирди.

Фото: Kun.uz

Аввало айтиш жоиз, 13 майга қадар 65 минг киши Россиядан Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, чартер рейслар рўйхатига ёзилган.

Россияда миллионлаб ўзбекистонликлар истиқомат қилишидан келиб чиқилса, дипломатик ваколатхоналарга 65 мингта мурожаат бўлганини нотабиий ҳолат деб бўлмайди. Шу билан бирга, вазиятдан келиб чиқиб рўйхатдаги барчанинг ватанга қайтарилиши эҳтимоли камлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Ҳозирча қайтиш истагини билдирганлар маълум мезонлар асосида саралаб олиняпти ва чартер рейсларда олиб келинмоқда – ватандошларни поездда қайтариш режаси бор-йўқлиги номаълум, ҳозирча расмийлар томонидан бу ҳақда бирор фикр билдирилгани йўқ.

Кутилаётган чартер рейслар

13-24 май кунлари хориждаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун 13та чартер рейс амалга оширилиши белгиланган. Шулардан 7тасида Россиядаги ўзбекистонликлар олиб келинади.

14 май куни Санкт-Петербургга режалаштирилган парвоз ҳақида, 13 майдаги Истанбул рейси билан бўлгани каби, маълумот берилгани йўқ. Россия шаҳарларига кутилаётган чартер рейслар рўйхати қуйидагича (барчаси Тошкентга қўниши режалаштирилган):

  • 16 май. Ростов-Дон — 11:00
  • 17 май. Қозон — 11:00
  • 18 май. Москва — 7:20
  • 19 май. Санкт-Петербург — 8:35
  • 20 май. Москва — 7:20
  • 23 май. Новосибирск — 13:00

Йўловчилар қандай танлаб олинади?

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, чартер рейсларда биринчи навбатда қуйидаги фуқаролар олиб келинади:

  • кексалар
  • касал фуқаролар
  • ҳомиладор ва болали аёллар
  • илгари бекор қилинган доимий рейсларга чиптаси бор фуқаролар.

Чипта нархи қанча?

Чартер рейслар учун чипталар нархи минимал тарифдан юқори бўлмаслиги белгиланган.

  • «Новосибирск – Тошкент» – $186
  • «Санкт-Петербург – Тошкент» – $178
  • «Ростов-Дон – Тошкент» – $160
  • «Қозон – Тошкент» – $148
  • «Москва – Тошкент» – $147

Чипта нархини ошириш ҳолатлари юз берса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясининг колл-марказига (+99871 140-02-02) мурожаат қилиш мумкин.

«Агар фуқаро чартер рейс учун рўйхатдан ўтган ва тасдиқланган бўлса, аммо чипта харид қилишга маблағи бўлмаса, уларнинг қариндошлари Ўзбекистондан туриб чипта пулини тўлашлари мумкин, яъни чипталарни Тошкентдан сотиб олиш имконияти ҳам бор», – дейди Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов.

Олиб келинганлар камида 14 кунга карантин мажмуасига жойлаштирилади ва яшаш шароити, озиқ-овқат, зарурий маиший жиҳозлар ва гигиена воситалари билан таъминланади.

Қўшимча рейслар ташкил этиладими?

Бу ҳақда ҳали расман маълум қилинганича йўқ. Аммо Россияда оғир вазиятда қолаётган фуқароларимиз сони кўплигини инобатга олиб айтадиган бўлсак, катта эҳтимол билан чартер рейслар бундан кейин ҳам ташкил этиб борилади ва шароитдан келиб чиқиб, парвозлар кунора ёки ҳафтасига бир неча марта амалга оширилади, деб тахмин қилиш мумкин.

Фикримизча, доимий авиақатновлар тиклангунига қадар ватандошларни олиб келиш тадбирлари тўхтаб қолмайди. Нафақат Россия, балки Ўзбекистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этадиган Туркия, Ҳиндистон, БАА ва Европа давлатларидан ҳам яна рейслар йўлга қўйилиши эҳтимолдан холи эмас.

Бу ҳақда Махсус комиссия томонидан қўшимча ахборот берилиши айтилган.

Чартер рейсларга қандай рўйхатдан ўтилади?

Уч хил йўл билан рўйхатга ёзилиш мумкин:

  1. Чартер рейсларга рўйхатдан ўтиш формасини тўлдириш орқали
  2. Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассалари томонидан ташкил қилинган қуйидаги Telegram манзилларига маълумот юбориш орқали: @UzKoRusBot, @UzKoRusCharts1@UzKoRusCharts2@UzKoRusCharts3@UzKoRusCharts4
  3. Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик муассасаларига қўнғироқ қилиш орқали:
  • Колл-марказ: +7 499 230-00-76, +7 499 238-36-20
  • Консулликнинг тезкор штаб рақамлари: +79778061677, +79778061274, +79778061655, +79778061273

Бир марталик моддий ёрдам

Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатхоналари 14 майдан эътиборан карантин туфайли қийин вазиятда қолган ватандошларга бир марталик пул маблағи тўлаб беришни бошлади.

Ушбу «Меҳр» акцияси ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ташкил этилган. У орқали оғир вазиятдаги ўзбекистонликларга Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда (12 130 рубль — 165 доллар атрофида) бир марталик моддий кўмак берилмоқда.

Моддий ёрдам қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон фуқароларига берилади:

  1. Ногиронлар – тегишли тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома) тақдим этилган тақдирда;
  2. Қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган ҳамда ҳомиласи 7 ойликдан ошган аёллар – зарур тасдиқловчи ҳужжатлар (боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, тиббиёт муассасидан маълумотнома) тақдим этилган ҳолда;
  3. Covid-19 ташхиси қўйилган шахслар – тегишли тасдиқловчи ҳужжат асосида;
  4. Россия ОТМларининг кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабалар – ўқиш жойидан тегишли маълумотнома асносида.

Кўмак олиш учун «мехр.рф» портали орқали мурожаат юбориш лозим.

Бундан ташқари, Россиядаги ўзбек фаоллари қийин аҳволдаги ватандошлар учун ёрдам тадбирларини ўтказмоқда. Оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликлар қуйидаги сўровномани тўлдириш орқали ҳам саховатпеша инсонлардан ижтимоий ва моддий кўмак олишлари мумкин.

Ҳозирга қадар чартер рейслар ва Россиядаги ватандошларга кўмак берилишига доир ҳозиргача эълон қилинган асосий ахборотлар юқоридагилардан иборат. Таҳририятимизга келиб тушаётган кўплаб савол ва мурожаатларга жавобан айтишимиз мумкинки, сайт хориждаги ва хусусан Россиядаги ҳамюртларимизга алоқадор муҳим янгиликларни бериб боришда, уларнинг муаммолари юзасидан мутасадди ташкилотлардан изоҳ сўрашда давом этади.

Мақоламиз сўнгида бир масалага диққат қаратишни лозим топдик. Чет элда маълум муддат қолиш учун маблағи ва шарт-шароити бор ёки карантин сабаб иши тўхтаб қолмаган ватандошларимиз вақтинча хорижда яшаб туриши мақсадга мувофиқ бўларди. Бу орқали улар нафақат Россия, балки жаҳоннинг бошқа мамлакатларига ҳам ташкил этилаётган чартер рейслардаги чекланган жойлар ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож ҳамюртларимизга насиб этишига ҳисса қўшган бўлар эдилар.

Ватанга қайтишга у қадар катта зарурати йўқ ватандошларимиз ўз қарорларини яна бир бор ўйлаб кўришларини тавсия қилган бўлар эдик. Боиси улар келганларидан сўнг ҳам 14 кунга карантинга олинишади ва бу муддат бир ойгача чўзилиши эҳтимоли юқори. Қолаверса, Ўзбекистонда ҳам кўплаб соҳаларда карантин чекловлари амал қилмоқда; ватанга қайтгач, ҳозирги шароитда бўш иш ўринларини топиш ҳам осон бўлмайди.

Хориждаги барча ватандошларимизни гигиена қоидаларига риоя этиб, имкон қадар саломатликларига эътиборли бўлишга чақириб қоламиз.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

praglj7om6-ijwzenx81axuewjsudcj_

Президент Чироқчи ва Андижондаги воқеалар учун ички ишлар органлари раҳбарларини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор …