Главные новости
Главная / Жамият / Россияда COVID-19’га чалинган тошкентлик депутат: унинг кечинмалари ва хулосалари
<

Россияда COVID-19’га чалинган тошкентлик депутат: унинг кечинмалари ва хулосалари

MyWay ривожланиш ва касбга йўналтириш маркази раҳбари, «OLX Uzbekistan» компаниясининг собиқ бош директори Вячеслав Кан коронавирус инфекциясини юқтириб, уни қандай енгиб ўтгани, шунингдек, айрим хулосалари ҳақида ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида маълум қилган.

Kun.uz Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сайланган тадбиркор депутатнинг бошдан кечирганлари ва хулосаларини ўзбек тилига таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола қилади.

«Мен коронавирус билан оғриб чиқдим.

Ҳа, бироз кутилмаган ҳолдек эшитилар, лекин бу содир бўлди.

Бу мураккаб даврда бошқа инсонларга нафи тегиши учун ўз тажрибам ва хулосаларим ҳақида ўртоқлашишга қарор қилдим.

Февраль ойидан буён Россиядаман. Ўзбекистон 16 мартдан бошлаб авиақатновларни тўхтатгани учун Тошкентга қайтишга улгурмадим. Шу сабабли, 20 мартда Санкт-Петербургдаги ўқишим тугагач, Москва остонасидаги яқинларимникига кўчиб ўтдим. Мен бу ерда карантинга қатъий риоя қилдим. Ҳеч жойга чиқмадим, ҳеч ким билан алоқа қилмадим. Шу сабабли COVID-19 билан касалланишимни мутлақо кутмаган эдим.

Хўш, унда бу қандай содир бўлди?

Бир-икки марта бизга қўшни турадиган қариндошларимизникига меҳмонга чиққан эдик. Улардан бири (у ишга қатнарди) биринчи бўлиб касал бўлди. Бир неча кун ўтгач, менда ҳам аломатлар бўй кўрсатди.

1-хулоса: Гарчи эҳтиёт чораларини кўраётган бўлсангиз, ўзингизни изоляция қилган бўлсангиз ҳам, инфекция юқтирган инсон билан биргина алоқадан юқтириб олиш мумкин экан. Ҳозир, карантин чоралари юмшатилгач, кўплаб инсонлар бамайлихотир сайр қилиб юришибди, бир-бирлари билан яқин мулоқотга киришишган, лекин улар ўзлари ва бошқаларни таҳдидга қўйишмоқда.

Ҳаммаси қандай бошланди, аломатлар қандай намоён бўлди?

25 май куни эрталаб чопаётиб, пульсим одатдагидан юқорироқ эканлигини эътибор қилдим, гарчи секингина югураётган эдим. Кейинроқ ҳароратим оша бошлади — 37,5 даража, ҳолсизлана бошладим. Касаллик юқтирган инсон билан алоқада бўлганимни билардим, шу сабабли поликлиникага қўнғироқ қилдик, врачлар келишди, кўрик ўтказишди, иммунитетни оширувчи бепул дори ёзиб беришди ва тестга суртма олиш учун яна келишларини айтишди.

2-хулоса: Касаллик аломатлари арзимас ва билинар-билинмас бўлиши мумкин. Бошқа ҳолатда, агар вирус ташувчиси билан алоқада бўлмаганимда, мен эҳтимол (айниқса, ёлғиз ўзим яшаганимда) касалхонага мурожаат ҳам қилмас эдим, чунки аломатлар у қадар кўзга ташланмаётган эди. Аломатларни грипп ёки оддий шамоллаш билан адаштириш жуда осон. Ўз ҳолатингизга диққатлироқ бўлиш, гумон ёки ўхшаш аломатлар бўлса врачларга мурожаат қилиш керак.

3-хулоса: Аломатлар сезилмас ёки арзимас бўлган чоғда кўплаб инсонлар касалликни бошдан кечираётган ёки ўзлари билмаган ҳолда вирус ташувчилар бўлиб қолиши мумкин. Мен гумон қиламанки, мана шундай инсонлар жуда кўп, чунки касаллигидан шубҳа қилмайдиган ва врачларга мурожаат қилмаган бундай инсонлардан ҳеч ким тест олмайди. Хуллас, реал вазият статистикадан буткул фарқланиши мумкин.

Ана шундай инсонлардан бири сиз билан алоқага киришган бўлса нима бўлади?

Даволаниш қандай кечди?

Аввалига касаллар билан ҳеч кимнинг иши йўқдек, даволаш ташкилотида қандайдир тартибсизлик бордек туюлди. Ҳеч ким ваҳимага тушгани йўқ, «қизил» ҳудуд режимини жорий этгани йўқ, «маҳалла»ни иҳолаталб олгани йўқ, ҳузуримизга участка нозирларини жўнатгани йўқ. Бу, албатта, яхшиликка — ортиқча ваҳима ва стресс нега ҳам керак. Россияда барча касалларни қамраб олишга етарли ресурс ҳам бўлмаса керак.

Тестим мусбат чиққач, базага киритишди ва Ўзбекистон фуқароси эканлигим, суғурта полисим йўқлигига қарамасдан ҳисобга қўйишди, бепул дорилар ёзиб беришди.

Яқинларимнинг барчасига карантин ҳақида қарор чиқариб беришди. Мониторинг учун геолокация доимо ёқилган туриши керак бўлган махсус иловани телефонга ўрнатиш керак эди. СМСлар мунтазам келиб туради — суратга тушиб, фотони уларга жўнатиш керак.

Даволаш асносида шифохонадан врачлар (кўпинча бир киши) келиб, оддий текширув ўтказарди: ўпкани эшитарди, қон босимни ва бармоққа датчик ўрнатиб, менимча қондаги кислород миқдорини ўлчарди. Ҳар куни маҳаллий шифохонадан қўнғироқ қилиб, соғлиғимни суриштириб туришди, икки кунда бир марта Москва шаҳри соғлиқни сақлаш департаментидан врачлар ҳол сўраб туришди. Уларнинг сайтида ҳам қайддан ўтиб, шахсий кабинет очишга тўғри келди, у ерда маслаҳат олиб туриш (ҳаттоки видеоалоқа шаклида), файлларни юклаш ва ҳ.к. ишларни қилиш мумкин.

4-хулоса: Касалликни енгил шаклини бошдан кечираётган беморларда уйда даволаш мумкин ва лозим. Бу ресурсларнинг иқтисод бўлишига (Ўзбекистонда 32 млн сўм сарфланмоқда) олиб келади ва бемор учун ҳам оғриғи кам. Мониторинг қилишнинг онлайн тизимларини жорий этиш керак. Ўзбекистон учун, масалан, камида Телеграм-бот яратиш мумкин. Россиядагидек иловани қилиш ҳам у қадар мураккаб иш эмас. Фикримча, ҳозир 1-2 нафар касалга сарфланаётган харажатлар етарли бўларди.

Врачлар. Бу муҳим ва олижаноб касб вакиллари ҳақида алоҳида эътироф этмасам бўлмас. Врачларнинг ҳеч биридан мен қўрслик ва илтифотсизлик кўрмадим. Менга Россия эмас, Ўзбекистон фуқароси бўлганим учун ҳам бошқачароқ эътибор қилишди. Ҳаттоки телефон орқали мулоқотларда ҳам хушмуомалалик ва қайғуриш сезилиб турди, гарчи бу уларнинг шу кунги бир юз нечанчи қўнғироғи бўлса ҳам. Буларнинг барчасига улар ўз саломатлиги ва ҳаётини тикишгани, оғир шароитларда ишлашаётганини қўшинг — ҳимоя комбинезонлари ҳаво ўтказмайди, ёпиқ ниқобларда эса нафас олиш қийин. Менга ҳаттоки доимо хушчақчақ кайфиятда юрган, ҳазилкаш маҳаллий врачлар ҳам учради. Уларнинг барчасига меҳнати ва жонбозлиги учун катта ташаккур билдираман!

5-хулоса: Врачларни қадрлаш ва ҳурмат қилиш керак. Пандемияга қарши бу мураккаб курашда уларга ёрдам бериш учун қўлимиздан келадиган энг яхшиси — эҳтиёт чораларини кўриб, касал бўлмаслик.

Менда касаллик енгил шаклда ўтгани омадим бўлса керак. Умуман олганда, даволаш чоғида бирор қийинчилик бўлгани йўқ — дориларни ичиш, соғлиққа эътибор бериш, агар заурият туғилса томоқни чайиш, бурун ва томоқлар учун спрейлардан фойдаланиш, хуллас, одатда йўтал, шамоллаш қандай даволанса — барчаси. Баъзан ҳолсизлик исканжасига олди, баъзан бош оғриғи безовта қилди, бир неча кунга ҳид билиш қобилиятим йўқолди. Лекин буларнинг барчаси менга ишлашда халақит бера олгани йўқ, яхшиямки ишимни масофадан туриб, интернет орқали бажара оламан.

Умид қиламанки, мен яқин орада Тошкентга — севимли оилам бағрига қайтаман. Келган чоғимда карантин ҳудудида ётмайман, чунки коронавирус билан оғриб тузалган беморга 2,4 миллион сўм сарфлашдан маъни йўқ. Яхшиси бу муддатни уйдаги карантинда ўтказаман.

6-хулоса: Буни кўпроқ тахмин деса ҳам бўлади. Самарали вакцинани қачон ихтиро қилишлари ҳақида кўп ёзишмоқда. Сўнгра барчага вакцина эмланиши учун қанча вақт ва ресурс кераклигини фақат гумон қилиш мумкин, Ўзбекистонда тестдан ўтказиш нечоғлик ташкиллаштирилмаган ҳолда ўтказилаётгани тўғрисидаги хабарларни ўқиб, бу ҳақида ўйлагинг ҳам келмайди.

Инсоният COVID-19га нисбатан иммунитет ҳосил қилиши зарурлиги ҳақида кўп мақолалар ёзилди, бунга фақат шу касалликни бошдан кечириб эришиш мумкин. Албатта, мен врач ёки шу соҳа мутахассиси эмасман, лекин бу вирусни йўқотиш имконсиз экан (маълумотларга қараганда касалланганлар сони асло камаяётгани йўқ), унда бу жараённи назорат қилиш керакдир? Бунда енгил формада касаллик юқтирганларни яхшироқ аниқлаб, аломатларсиз касал бўлиши мумкин бўлганларни уйда даволаш учун тестдан ўтказиш керакмикан? Асосийси, хавфли зонага қариялар ва сурункали касалликларга эга инсонлар тушиб қолмаслиги, чунки улар касалликни жуда оғир кечиришади.

Умид қиламанки, менинг ҳикоям кимларгадир фойдали бўлади. Ўзингизни асранг ва касал бўлманг!» — деб ўз сўзларини якунлаган В.Кан.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

uh1yb77csvkxnoocvl81euwqu6ggplob

Уйда даволанаётган беморлар учун махсус мобил гуруҳларнинг вазифалари белгиланди

2 июль куни «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш ва касаллик тарқалишини олдини олиш борасида …