Главная / Спорт / Равшан Ҳайдаров: «Хориждан ўзбек футболини кўтариб берадиган инсонлар келсин, биз ёрдамга тайёрмиз»
<

Равшан Ҳайдаров: «Хориждан ўзбек футболини кўтариб берадиган инсонлар келсин, биз ёрдамга тайёрмиз»

10

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўзининг лавозимига хорижлик мутахассис олиб келиниши ҳақидаги маълумотга изоҳ бериб ўтди. Tribuna.uz`нинг ёзишича, Ҳайдаров бугун Миллий олимпия қўмитасида ташкил этилган йиғилишда шу ҳақдаги саволга жавоб берган.

«Хориждан кучли мураббий қидириш жараёни кетаётгандир, бу тўғрисида мен аниқ маълумот бера олмайман. Лекин менга юклатилган иш – мана шу олимпия терма жамоасининг режасини ишлаб чиқиш, шакллантириш ва футболчилар танловини амалга ошириш вазифасини бажариб келяпман. Ким келишидан қатъи назар, вақт кутиб ўтирмайди, бу жараён тўхтамаслиги керак.

Янги мураббий келса ҳам, у мавсумдаги танаффус вақтида келиши мумкин. Натижада чемпионат тугагани боис унда ўйинчиларни кузатиш имкони бўлмайди. Шунинг учун биз ўзимиз билганларимиз тавсия қиламиз. Ахир жамоада 10-15 нафар футболчи тайёрланаётгани йўқ, уларнинг сони 30дан ошади. Янги мураббийда танлаб олиш имконияти бўлади.

Биз ўзбек футболининг фидойиси бўлишимиз керак. Тайёргарлик жараёнини тўхтатмаслик керак. Келсин, қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз. Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Бизга ўзбек футболини кўтариб берадиган, балки биз кўрмаётган қирраларни очиб берадиган инсонлар келсин, гап бўлиши мумкин эмас, биз ёнидамиз», – дея айтиб ўтди Равшан Ҳайдаров.

Маълумот учун, ўтган ҳафта Ўзбекистон футбол федерацияси ОТЖ бош мураббийи бўлишга номзод хорижлик мутахассислар билан музокара ўтказаётгани маълум бўлганди. ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ушбу лавозим учун фақат хорижлик мураббий варианти кўриб чиқилаётганини тасдиқлаган. Хусусан, номзодлар рўйхатидан италиялик Массимо Фиччаденти, испаниялик Хуан Санчес Македа, хорватиялик Ненад Грачан ва сербиялик Любинко Друлович жой олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йиғилиш тафсилотлари келтириб ўтилган, Ўзбекистон олимпиячилари Европанинг иккита термаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиши хабар қилинган эди.

Ҳаққимизда mohammad.ms

Яна маълумот

06

«Ливерпуль» рақиб дарвозабонининг хатоси эвазига 96-дақиқада гол уриб ғалаба қозонди

Англия чемпионатининг 14-тури доирасида «Ливерпуль» «Эвертон»ни қабул қилди. Ливерпуль дербиси мақомидаги ушбу учрашувда 96-дақиқагача ҳисоб …