majlis2018 йилнинг 15-19 январь кунлари Тошкент шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Ҳусанов бошчилигидаги пойтахт делегацияси Латвия пойтахти Рига шаҳрига ташриф буюрди. Бу «2017-2018 йилларда Ўзбекистоннинг Латвия билан сиёсий-дипломатик соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»га мувофиқ амалга оширилди.

Ташриф давомида Рига ҳокими Н.Ушаков билан учрашув ўтказилиб, Рига Марказий бозорида «Тошкент бурчаги», Тошкент шаҳридаги Олой бозорида «Рига бурчаги»ни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, туристик соҳани ривожлантиришда тажриба алмашиш, латвиялик сайёҳлар талабини ўрганиш мақсадида амалга оширилди. Шунингдек, Рига шаҳри ҳокими Н.Ушаковнинг Тошкентга 2018 йил биринчи ярмига режалаштирилган ташрифи муҳокама қилинган.

Муҳокамалар якуни бўйича «Олой деҳқон бозори» АЖ ва Рига марказий бозори ўртасида кўрсатилган бурчакларни ташкил этиш бўйича битим имзоланди, улар савдо-иқтисодий, сармоявий, туристик ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши керак.

Бундан ташқари, «Rigas Satiksme» бошқаруви раиси Л.Беменс билан автотураргоҳлар ва иншоотларни ташкил этиш бўйича Рига тажрибасини ўрганиш борасида учрашув ўтказилди. Бу йўналишдаги асосий вазифа – жамоат транспорти ҳаракати сифатини ошириш, шаҳардаги экологик ҳолатни яхшилаш, туристларга қулайликлар яратиш.

Учрашув якунида Тошкентда автотураргоҳларни самарали ташкил этиш бўйича масалалар юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида келишувга эришилди.

Бундан ташқари, ташриф давомида Каунас шаҳри ҳокими В.Матийошайтис билан учрашув ташкиллаштирилди, унинг давомида туристик соҳа ривожи, фармацевтика маҳсулотини ишлаб чиқариш ва Каунас шаҳрида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар бўйича тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди.