Главные новости
Главная / Жамият / Рўйхатга олинмаган қуролни Миллий гвардияга ўз ихтиёри билан топширган фуқароларга пул берилади
<

Рўйхатга олинмаган қуролни Миллий гвардияга ўз ихтиёри билан топширган фуқароларга пул берилади

Фото: kmrnews.ru

Рўйхатга олинмаган қурол ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларига ўз ихтиёри билан топшириш ҳамда уларни топширганлик учун тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ ўқотар қуролни ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқаро қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.

Фуқаро қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи ушбу ашёларни топшириш ҳақида Миллий гвардия органларига ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади.

Фуқаро тинтув жараёнида ёки унда қурол ва ўқ-дорилар борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида уларни топшириш тўғрисидаги қарорга келса, у ушбу ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди.

Миллий гвардия органларига қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқаро пул мукофоти билан тақдирланиши ёки ўз ихтиёри билан топширган 1974 йилгача ишлаб чиқарилган ўқотар қуролни имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширишга истак билдирган фуқаролар ёзма ёки оғзаки равишда ариза билан бевосита, телефон орқали, электрон воситалардан фойдаланган ҳолда Миллий гвардия органларига мурожаат қилади.

Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, рўйхатдан ўтган яшаш жойининг манзили ва амалда яшаш жойининг манзили, паспорт маълумотлари, боғланиш учун телефон рақамлари;

топшириш вақтида топшириладиган ўқотар қурол ва ўқ-дорилар бевосита сақланаётган жой, уларнинг номи, ўзига хос маълумотлари ва сони (топширилаётган ўқотар қуролларнинг сони, тури (системаси), русуми, модели, калибри, заводда қўйилган серияси, рақами ва ишлаб чиқарилган йили, ўқ-дориларнинг сони, тури ва калибри – агарда маълум бўлса, ёхуд уларнинг таснифи), уларга эгалик қилиш (топиб олиш, сотиб олиш) ҳолати ва манбаларининг қисқача тавсифи;

ўз ихтиёри билан топширилаётган ўқотар қурол ва ўқ-дорилар учун тақдирлашнинг шакли (пул мукофоти билан тақдирлаш ёки ўқотар қуролни имтиёзли олиш).

Қурол ва ўқ-дорилар фуқаролар томонидан оғзаки ёки ёзма ариза асосида бевосита ҳудудий Миллий гвардия органига топширилади.

Фуқаро томонидан топширилаётган қурол қисмларга бўлакланган (агарда техник имконияти бўлса), патронлари олинган ҳамда қурол ва ўқ-дорилар алоҳида ўрамга жойлаштирилган бўлиши лозим.

Фуқаро Миллий гвардия органи биносининг назорат-ўтказиш пунктида хизматни ўтаётган ходимга қурол ва ўқдорилар жойлаштирилган ўрамни қолдиради ҳамда Миллий гвардия органи ходими кузатувида навбатчилик қисмига олиб кирилади.

Назорат-ўтказиш пунктида қолдирилган қурол ва ўқ-дорилар навбатчилик қисмига тезкор навбатчининг ёрдамчиси томонидан олиб кирилади.

Фуқаро томонидан ўз ихтиёри билан топширилаётган қурол ва ўқ-дориларни қабул қилиб олиш ишлари фуқаро иштирокида тезкор навбатчи томонидан амалга оширилади.

Агар икки ва ундан кўп фуқаролар бир вақтнинг ўзида қурол ва ўқ-дориларни топширишга келган бўлса, улар ҳамда улар томонидан топширилаётган қурол ва ўқ-дорилар навбатчилик қисмига алоҳида бирма-бир олиб кирилади.

Олис ва ўтиш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи, шунингдек ёши туфайли, соғлиғининг аҳволи, оилавий ва ўзга ҳолатлар сабабли ўқотар қурол ва ўқ-дориларни бевосита ҳудудий Миллий гвардия органига топшириш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар қурол ва ўқ-дориларни Миллий гвардия назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими ходимига топшириши мумкин.

Фуқаролар томонидан қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топшириш бўйича ёзилган аризаларни кўриб чиқиш ҳамда тақдирлаш ёки тақдирлашни рад этиш юзасидан қарор қабул қилиш масалаларини ҳал этиш мақсадида Миллий гвардия марказий аппарати комиссияси (Марказий комиссия) ва ҳар бир Миллий гвардия бошқармасида комиссиялар (ҳудудий комиссия) ташкил этилади.

Марказий ва ҳудудий комиссиялар назорат-рухсат бериш фаолияти бўлинмасининг ходими, молия ва моддий техника таъминоти бўлинмаларининг ҳарбий хизматчиларидан ташкил топади. Марказий комиссиянинг таркиби Миллий гвардия қўмондонининг, ҳудудий комиссияларнинг таркиби тегишли Миллий гвардия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.

Миллий гвардия қўмондонининг биринчи ўринбосари Марказий комиссия раиси этиб, тегишли Миллий гвардия бошқармаси бошлиғининг ўринбосарларидан бири ҳудудий комиссия раиси этиб, Марказий ва ҳудудий комиссияларнинг назорат-рухсат бериш фаолияти бўлинмаларидан аъзолари тегишли комиссиялар котиблари этиб тайинланади.

Ҳудудий комиссия томонидан қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқарони тақдирлаш ёки тақдирлашни рад этиш масаласи ўттиз иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ҳал этилади.

Материаллар ҳудудий комиссияга келиб тушган кундан бошлаб икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатда материаллар нусҳаларини илова қилган ҳолда, шунингдек ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар билан бирга улар аниқланган (топилган) ҳудудий ички ишлар органига:

тергов бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 329-330-моддаларида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширувдан ўтказиш учун;

эксперт-криминалистик бўлинмалари томонидан қурол ва ўқ-дориларнинг техник ҳолатини, эксперт-криминатистик ва криминалистик ҳисобларидан текшириш ҳамда баллистик тадқиқот ўтказиш учун;

тезкор маълумотлар бўлинмалари томонидан ахборот-қидирув системалари, йўқотилган ва аниқланган қуролларнинг маълумотлар базаларидан текширув тадбирларини ўтказиш учун мурожаат юборилади. Мурожаат ҳудудий комиссия раиси томонидан имзоланади.

Ҳудудий ички ишлар органи белгиланган текширув тадбирларини амалга ошириб, мурожаат келиб тушган кундан бошлаб, ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда:

тергов бўлинмаларининг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ жиноят ишини қўзғатиш ёки уни рад этиш тўғрисида қабул қилинган қарори;

эксперт-криминалистик бўлинмаларининг ўтказилган баллистик тадқиқот натижалари бўйича қурол ва ўқ-дориларнинг техник ҳолати, фойдаланишга яроқлиги, ҳақиқий сони, тури (системаси), русуми, модели, калибри ва мавжуд ўзига хос индивидуал реквизитлар (серияси, рақами ва ишлаб чиқилган йили), ўқ-дориларнинг сони (миқдори), тури ва калибри бўйича экспертиза маълумотномаси;

тезкор маълумотлар бўлинмаларининг ахборот-қидирув тизимлари, йўқотилган ва аниқланган қуролларнинг маълумотлар базаларидан ўтказилган текширув тадбирларинг натижалари бўйича маълумотномани ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар билан бирга тегишли Миллий гвардия бошқармасига юборади.

Ҳудудий комиссия мурожаат бўйича ички ишлар органи томонидан юборилган ҳужжатларини олган кундан бошлаб, беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда:

а) ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дориларга оид ҳужжатларни ҳудудий комиссия йиғилишида ўрганиб чиқади. Қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқарони тақдирлаш (пул мукофоти (унинг миқдори) билан тақдирлаш ёки ўқотар қуролни имтиёзли олиш) ёки тақдирлашни рад этиш бўйича қарор қабул қилинади.

Қарор ҳудудий комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади. Тақдирлаш ҳудудий комиссиянинг тақдирлаш ҳақидаги қарори асосида ҳудудий Миллий гвардия бошқармаси бошлиғининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.

б) ички ишлар органи томонидан юборилган ҳужжатларида ўз ихтиёри билан топширилган қуролдан фойдаланилган ҳолда содир этилган ёки ушбу қурол ва ўқ-дорилар ўғирланганлиги билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги сабабли жиноят ишини қўзғатиш юзасидан қабул қилинган қарор мавжуд бўлса, материаллар ички ишлар органига Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ кўриб чиқиш учун юборилади.

Тергов бўлинмалари томонидан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар жиноят иши якунлангандан сўнг ички ишлар органи томонидан тегишли Миллий гвардия бошқармасига топширилади.

Ҳудудий комиссия тақдирлаш ёки тақдирлашни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб, уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқарони бу ҳақда ёзма хабардор қилади. Тақдирлашни рад этиш тўғрисидаги хабарда рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилади.

Ички ишлар органи томонидан юборилган ўз ихтиёри билан топширилган сойли стволли ўқотар қуролларга оид ҳужжатлар ҳудудий комиссиялар томонидан олинган кундан бошлаб бир иш кунидан кўп бўлмаган муддатда марказий комиссияга юборилади.

Сойли стволли ўқотар қуролни имтиёзли олишга оид материаллар марказий комиссия томонидан ҳудудий комиссиялар учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади. Сойли стволли ўқотар қуролни имтиёзли олиш билан тақдирлаш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан амалга оширилади.

Комиссия йиғилишини ташкил этиш, материалларни, йиғилиш қарорларини ва тақдирлаш бўйича буйруқ лойиҳаларини, тақдирлаш ёки тақдирлашни рад этиш бўйича қурол ва ўқ-дориларни ихтиёрий равишда топширган фуқарога ёзма хабарларни тайёрлаш ва тегишли жойларга юбориш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.

Марказий комиссия ҳудудий комиссиялар фаолиятини назорат қилади ва улар томонидан қабул қилинган қарорларни ўзгартириш, тақдирлаш билан боғлиқ низоли масалаларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ўз ихтиёри билан қурол ва ўқ-дориларни топширган фуқаролар тақдирлаш рад этилган қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.

Пул мукофоти билан тақдирлаш

Қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар пул мукофоти билан тақдирланиш ҳуқуқига эга.

Ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар учун пул мукофотининг миқдори Ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар учун пул мукофоти ставкаларига мувофиқ Миллий гвардия бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосида берилади.

Қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқаронинг хоҳишига кўра пул мукофоти нақд шаклда ёки унинг ҳисобварағида пул ўтказиш йўли билан тегишли Миллий гвардия бошқармасининг молия-иқтисод бўлинмалари томонидан Миллий гвардия бошқармаси бошлиғининг тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи эълон қилинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Қуйидаги асосларга кўра пул мукофоти билан тақдирлаш рад этилади:

қурол ва ўқ-дориларни ўз ихтиёри билан топширган фуқаро мазкур Низомнинг 33-бандида белгиланган ёшга тўлмаган бўлса;

ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар мазкур Низомнинг 5-иловасидаги Ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар учун пул мукофоти ставкаларида кўрсатилмаган бўлса;

ўз ихтиёри билан топширилган қуролдан фойдаланилган ҳолда содир этилган ёки ушбу қурол ва ўқ-дорилар ўғирланганлиги билан боғлиқ жиноятларга алоқадорлиги аниқланганда.

Ўқотар қуролни имтиёзли олиш

Ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қуролни имтиёзли олиш ушбу ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширганлик учун тақдирлашнинг шакли бўлиб, у ушбу ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган фуқарога фуқаровий қуролни олиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилишда имтиёз бермайди.

Ўқотар қуролни имтиёзли олиш уни ўз ихтиёри билан топширган фуқарога ушбу ўқотар қуролни умумий асосларда биринчи бўлиб олиш ҳуқуқини беради.

Ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қуролни имтиёзли олиш истагини билдирган фуқарога пул мукофоти берилмайди.

Ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қуролни имтиёзли олиш 1974 йилгача ишлаб чиқарилган:

сойли стволли ўқотар ов қуроли;

силлиқ стволли ўқотар ов қуроли, шу жумладан сойли қисмининг узунлиги бир юз қирқ миллиметрдан ошмайдиган ўқотар ов қуроли;

комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар ов қуроли, шу жумладан алмаштириладиган ва жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар ов қуроли;

сойли стволли ўқотар спорт қуроли;

силлиқ стволли ўқотар спорт қуролига нисбатан татбиқ этилади.

Миллий гвардия органлари томонидан ўз ихтиёри билан ўқотар қуролни топширган фуқарога ушбу ўқотар қуролни имтиёзли олиш масаласини кўриб чиқиш фуқаровий қуролни олиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қуйидаги асосларга кўра ўқотар қуролни имтиёзли олиш рад этилади:

ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қурол 1974 йилдан кейин ишлаб чиқарилган бўлса;

ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қурол мазкур Низомнинг 39-бандида кўрсатилган ўқотар қурол бўлмаса;

ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган фуқарога нисбатан “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддаси тўққизинчи қисмида кўрсатилган сабаблар мавжуд бўлганда;

ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган фуқаро фуқаровий қуролни олиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларни бажармаганда.

Ўз ихтиёри билан ўқотар қуролни топширган фуқарода “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддаси тўққизинчи қисмида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, унга пул мукофоти тўланади.

Ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар
учун пул мукофоти ставкалари

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

6vndqugafhjo-aylhvjsgk9fmybbiey6

2020 йил учун боғчаларда болалар таъминотига ота-оналар тўлови миқдорлари тасдиқланади (рўйхат)

Фото: KUN.UZ 2020 йил учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдорлари …