Главная / Маданият / Қибланинг ўзгартирилиши
<

Қибланинг ўзгартирилиши

kiblaПайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада турган ўн олти ой мобайнида Каъбани қибла қилишни истасалар-да, Байтул муқаддасга қараб намоз ўқидилар. Намозларида мусулмонларнинг қибласини ўзгартиришни ўтиниб дуо қилардилар. Бир куни намоз ўқиётганларида Парвардигордан ҳозирдан эътиборан мусулмонлар учун қибла Каъбага ўзгартирилгани ҳақида ваҳий келди. Расулуллоҳ ибодатларини бузмаган ҳолда хонаи Каъба томонга ўгирилдилар, орқада намоз ўқиётганлар ҳам у кишига эргашишди. Айрим имони суст кимсалар шу воқеа туфайли диндан қайтиб, муртад бўлиб кетди. Кутилмаганда қибланинг ўзгартирилиши яҳудийларнинг Ислом динига тош отишларига баҳона бўлди. Ваҳоланки, мағрибу машриқ Аллоҳнинг ихтиёридаги мулк. Кимни қаёққа юзлантириш, кимни тўғри йўлга бошлаш унинг измидадир.

Рамазон рўзасининг фарз қилиниши

Шу йили Парвардигор мусулмонларга рамазон ойида ўттиз кун рўза тутишни фарз қилди. Бунгача Расулуллоҳ ҳар ойда уч кун рўза тутардилар. Рўза Ислом динининг асосларидан бири бўлиб, у инсон табиати ва шахсиятини камолга етказадиган амалдир. Инсон табиати баробарида ижтимоий тузум ҳам ўзгариши табиий бир ҳол. Маълумки, инсон аввало ўз ҳузур-ҳаловатини, шахсий манфаатини кўзлайди, ожизу нотавонлар учун саратонда қўлини совуқ сувга урмайди. Аллоҳ таоло рўзани фарз қилишининг ҳикмати шундаки, инсон очлик туфайли ноз-неъматларнинг, сувнинг қадрини ҳис этади ва шу аснода қалби юмшаб, фаъл-атворини ўзгартиради, йўқсил, бечораларга мурувват кўрсатиб, садақа, эҳсонлар беришга одатланади. Аллоҳ йўлида эҳсон бериш инсонни жуда кўп офату кулфатлардан асраб қолади.

Фитр садақаси

Аллоҳ таоло рамазон рўзасининг пировардида фитр садақасини вожиб қилди. Бу мол-дунёси ўз эҳтиёжига бемалол етиб ортадиган киши оиласидаги ҳар бир жон учун камбағалларга бериши лозим бўлган садақадир. Одамлар фитр садақасини оғринмай чин кўнгилдан беришлари керак.

Мол закоти

Шу йили эҳтиёжидан ортиқча пул, мол-дунёга закот бериш фарз қилинди. Бу ўзига тўқ кишиларнинг бойлигига тариқча зарар етказмай камбағал, бева-бечораларнинг рўзғорини озми-кўпми бутлаб қўядиган адолатли усулдир. Закотнинг миқдори бир йил мобайнида эҳтиёждан ташқари (ўша даврдаги пул бирлиги бўйича) динор-тилла танга йигирмага, дирҳам-кумуш танга икки юзга етса ва бир йил ўтса қирқдан бир қисмини, яъни юз сўмдан икки ярим сўм берилади. Бундан ортиқча мол-дунё мана шу тартибда ҳисобланади. Шариатнинг хукми бўйича қўй қирққа, сигир ўттизга, туя бештага етса ва бир йил ўтса маълум миқдорини камбағалларга бериш лозим. Савдо моллари, деҳқончилик маҳсулотларидан ҳам закот берилади. Закотни имом (амир) йиғиб олиб, тавба сурасининг 60-оятида баён этилган кўрсатмага биноан тақсимлайди: “Закотни (ҳеч нарсаси йўқ) фақирларга, (топгани учи-учига етмайдиган) мискинларга, закот назоратчиларига, дилларини Исломга мойил қилиш кўзда тутилган кимсаларга, қулларни озод қилишга, (ҳалол ишга мол-дунё сарфлаб, қарздор бўлиб тўлаёлмайдиган) чорасизларга, Аллоҳ йўлига (ғариб гозийларга, ғариб ҳожилар, ғариб мусофирларга), мол-мулкидан фойдаланиш имкониятидан вақтинча маҳрум мусофирларга бериш фарз. Аллоҳ, ҳамма нарсани билгувчи ва ҳикмат билан иш юритувчидир”.
Кўринадики, закот бойларнинг мол-дунёсига зарар етказмаган ҳолда ижтимоий ҳаётда маълум мўтадилликни юзага келтириш, бева-бечораларга ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан кўмаклашиш имконини беради. Йўқчилик жуда кўп мамлакатларда мазкур тузумга қарши норозиликка сабаб бўлади, ижтимоий адолат, тенглик, озодлик учун кураш ўтини ёқади. Закот эса мана шундай нотинчликларнинг олдини оладиган адолатли йўлдир.

Муҳаммад Хузарийнинг “Нурул-йақийн” номли китобидан

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Маданият ва санъат соҳасида ДХШ асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори …