Главная / Маданият / ҚАЛДИРҒОЧ АЙВОНИ
<

ҚАЛДИРҒОЧ АЙВОНИ

kaldirgochБолалик тасаввуримда “улкан жамоа” ни ташкил этадиган бизнинг ота рўзғордан секин-аста қарийб 15 оила алоҳида бўлиб чиққан. Ҳозир улар йириклашиб, ўзларидан кичик оилачалар ажратишга улгурган. Сулоламизни бутун бошли овул деса бўлади. Дарвоқе, қишлоқда бизнинг ҳудудни негадир Ҳалифаовул дейишади. Унинг бошида менинг падари бузрукворим турарди. Хонадонимиз кунда гавжум. Худди ҳар баҳор уйимиз айвонида полапон очадиган қалдирғочлар сингари катталар ўйинга тутинган боласидан тез-тез хабар олиб туришарди. Таъбир жоиз бўлса, ота-онам уларга «айвон» вазифасини ўтарди — салобатли, беминнат, бағрикенг…

* * *

Отамнинг болалиги ҳақидаги узуқ-юлуқ ҳикоялар менинг «эртак»ларим бўлган. Икки ёшга етмай етим қолиб, опасини эна билиб, иккиси бир чориқни кийиб улғайгани, буғдой нон еган куни уларнинг ҳаётида байрам саналгани, раҳматли бобомнинг чопони этаклари отамга энг иссиқ ва энг соғинчли гўша бўлгани, ўгай ака зуғумидан йиғисини-да ошкор этолмай, эсини таниб-танимай пода ортидан эргашиб юргани кўз ўнгимда жонланади. Бола шуурим билан ўгай ака кимлигини билолмайман. Сўраш хаёлимга келмайди…

Аммо, фарзандлари кўп бўлишига қарамай, бобом отамнинг зеҳнли ва илмга чанқоқ эканини эътибордан четда қолдирмаган. Тақчил ва йўқчил замонда ҳам унинг савод чиқаришига уринган, турли китоблар топиб берган. Отам ўзи тенги Рўзигул аммам билан иссиқ-совуқда бир ковушни бир пойдан алмашиб кийиб, узоқдаги мактабга қатнаган. Албатта бобом уйда пайтлари. Бошқа дамларда эса қўйнига китоб яшириб, пода ҳайдаган.

Эр кетгач, рўзғорнинг бутун юки унинг зиммасига туша бошлаган. Чунки бу вақтга келиб бобом қариб қолган. Ўгай ака эса, уйланиб, алоҳида бўлиб кетган. Шу зайл отаси, ўгай онаси ва етти норасида ука (опаси турмушга чиққан) унинг қўлига қараб қолган. Илм чала қолиб, қора терга ботиб ишлашга тўғри келган. Секин-аста суяги қотган укаларни қаттиқ интизом билан меҳнатга ўргатган. Айни пайтда оила қуришнинг уддасидан чиққан…

* * *

Отамнинг масъулият ҳақида бирон марта гапирганини эслай олмайман. Бироқ, унинг зиммасида эсини танигандан бери нечоғлик катта юк бўлганини кичик бир воқеа мисолида кўрганман. Нонга тақчиллик сезилган пайтлар бўлди. Пул бор, дон топиш қийинроқ эди. Дўконга бўлка нон келар, оилада неча кишилигига қараб сотиб олардик. Бир куни отам пул бериб, ҳар галгидай нонга юборди. Дўконда нон тугаган экан. Яқин-атрофдаги уч-тўрт дўконга югургилаб, тополмадим. Биттасидан охирги ўнтача ширин кулча (уни «коржек» дердик) олиб, катта халтачамга солиб уйга қайтдим. Отам кўчамиз бошига қадар келиб, йўл қараб турган экан. Ўзимдан аввал шалвираб турган халтачамга қаради. Юзи тундлашиб кетди. Ҳаяллаб қолганим учун жаҳли чиқаяпти, деб ўйлаб қаерларга борганимни айта кетдим. Секин бошимни силади-ю, уйга бошлади. Дастурхон атрофида ҳамма мени кутиб ўтирарди. Биттадан ширин кулча улашилди. Қизиғи, кўпчилик яримтасига тўйиб қолаверди. Отам емади ҳам. Бола бошим билан яна кимлардир емаса, ҳаммасини йиғиб ейман, деб кўзлаб турибман. Ўзимга тегишлисини икки ямлаб ютганману, оч қоринга урвоқ бўлмаган. Онам улушини менга берди. Бироз хижолат тортдим. Лекин қайтармадим. Энди кўзим отамнинг улушида эди. Хуллас, ширин кулчалар ҳаммадан ортиб қолди… Отам уйдан чиқиб кетди. Қорним сал тўйгач, виждоним уйғонди. Келса бераман ва мақтов оламан, деб отамнинг улушини бекитиб қўйдим. Тушлик шу зайл ўтди. Кечқурун бўлганда қошигача ун бўлиб кетган отам бир халтани елкалаб кириб келди — ун экан. Онамга зудлик билан нон қилишни буюрди. Опаларим чопқилаб тандирга ўтин қалади. Ярим тунга бориб нон пишди. Отам ухлаб қолганларни бир-бир уйғотиб, иссиқ нон еб қорин тўйғазишга қистар, сувга бўктирилган иссиқ нон қанчалар тотли бўлишини бот-бот айтар, овози негадир титраб чиқарди… Унинг тандир атрофи ёки ерга тушган нон бўлакларини кўрганда онамга қаттиқ дашном беришини шундан кейин тушуна бошлаганман. Ва масъулият нималигини ҳам…

* * *

Бобом ўлими олдидан ўзи улгурмаган вазифаларни ҳам отамга васият қилган. Шу-шу, ука-сингиллари кетидан ўз фарзандларини уйли-жойли қилиб, етмишга етай деганда кичик фарзанд бўлмиш мени ҳам уйлантирди. Ўшанда, тўйнинг эртасига ота-онамнинг супада ўтириб, ўзгача сурур билан кенжа келин қўлидан чой ичишаётиб, энтикиб нафас олгани, йиллар бўйи йиғилган чарчоқлари ёзилаётганини ҳис этганман. Отам ҳозир боқий оламга рихлат қилган. Охирати обод бўлсин. Онам ҳануз «боғча мудира». Ҳатто мушукларни сут билан боқади… Шундай замонда яшаётганиму,шундай одамларга фарзанд эканимдан дилда шукроналик туяман!

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ 

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ona

Она ҳақида шер (ӯзбекча шеърлар)

Шоир Алишер Навойи Она ҳақида шеъри Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи …