putinРоссия президенти Владимир Путиннинг вертолёти унинг Чеченистонга 1999 йил 31 декабрь ва 2000 йил 1 январдаги сафари вақтида, у ҳали Россия президенти вазифасини бажараётган вақтда ўққа тутилган. Бу ҳақда Андрей Кондрашовнинг “Путин” деб номланган телефильмида сўзланган.

Путиннинг айтишича, воқеа 1 январга ўтар кечаси, у Чеченистоннинг Гудермесига ҳарбийларни Янги йил билан табриклагани ва уларга мукофотлар топширгани борганда юз берган. Ўшанда махсус борт ёмон об-ҳаво сабабли қўна олмаслиги маълум қилинган, бироқ бунинг асл сабаби вертолётнинг ўққа тутилиши бўлган.

“Мен бўлсам, буни салют деб ўйлаганман, чунки Янги йил эди. Учувчилар бўлса “Қанақа салют? Биз ўққа тутилмоқдамиз” деб айтишган”, деб эслаган Путин ўша воқеаларни фильмга берган интервьюсида.

Ўз навбатида, “Роснефть” раҳбари, 1999-2008 йилларда Россия президенти маъмурияти бошлиғи ўринбосари лавозимини эгаллаган Игорь Сечиннинг фильмда маълум қилишича, Путин ўшанда белгиланган жойга машиналарда бориш захира вариантини тайёрлашга буйруқ берган. Сечиннинг айтишича, йўллар миналаштирилган бўлган ва “ортга қайтишда фугас портлаган”. “Бахтли тасодиф ҳеч ким жабрланмаган ва бу ҳақда гапириб ҳам ўтирмагандик”, деб эслаган воқеаларни Сечин.