Главные новости
Главная / Жамият / «Президентга мени ишдан олаверинг деганман» – Хоразмни уч йил бошқарган Римажон Худойберганова билан суҳбат
<

«Президентга мени ишдан олаверинг деганман» – Хоразмни уч йил бошқарган Римажон Худойберганова билан суҳбат

Хоразм вилоятини уч йил давомида бошқарган Римажон Худойберганова Ўзбекистоннинг янги тарихидаги саноқли аёл раҳбарлардан биридир.

 У Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўтмиш воқеаларини хотирлади.


Римажон Матназаровна Худойберганова (1988 йил) / Шахсий архив

2020 йилнинг 18 февраль куни Дилфуза Уралова Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳокими этиб тайинланди. Шундан сўнг Ўзбекистонда раҳбар бўлиб ишлаган аёллар, хусусан, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими бўлган Манзура Эгамова, Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокими бўлиб ишлаган Шакаржон Хўжаниязова, Самарқанд вилояти Самарқанд туманига ҳоким бўлган Раҳима Ҳакимова эсга олинди.

Аммо Ўзбекистоннинг янги тарихида бундан ҳам каттароқ миқёсда – вилоятга раҳбарлик қилган аёл ҳам бор. У Римажон Худойберганова бўлиб, уч йил давомида Хоразм вилоятини бошқарган.


Римажон Матназаровна Худойберганова (2020 йил)

Маълумот ўрнида, Худойберганова Римажон Матназаровна 1942 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 1960-1966 йилларда Тошкент текстил институтида таълим олган. Мутахассислиги – тикувчи. 1966 йилда Урганч тикувчилик фабрикасига ишга кирган. 1972 йилда фабрика директори қилиб тайинланган. 1980-йиллардан бошлаб партия тизимида турли лавозимларда ишлаган. 1988 йил сентябрь ойида Хоразм вилояти партия қўмитаси биринчи котиби қилиб сайланган. Бу ҳозирги вақтдаги вилоят ҳокимлигига тенг лавозимдир. Қайд этиш жоизки, Римажон Худойберганова ўша вақтда вилоятни бошқараётган СССРдаги ягона аёл бўлган.

78 ёшли Римажон Матназаровна ҳозир нафақада. Турмуш ўртоғи Карим Зарипов билан Урганч туманидаги уйида яшамоқда, набираларини тарбиялаб, кексалик гаштини сурмоқда. Биз у билан учрашдик, ўтмишдаги меҳнат фаолияти қандай кечгани билан қизиқдик, тарихдаги машҳур инсонлар билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўрадик.


Римажон Худойберганова уруш ва меҳнат фахрийлари даврасида / Шахсий архив

 Римажон опа, келинг тарихни саҳифалаймиз. Сиз Хоразм вилояти раҳбарлигига қандай тайинлангандингиз?

— Хоразм вилоятига раҳбарлик қилишдан олдин турли лавозимларда ишлаганман. Кўп йиллар давомида Урганч тикувчилик фабрикасига, Хоразм вилояти тикувчилик бирлашмасига раҳбар бўлдим.

1983 йилда ЦК КПСС қошидаги ижтимоий фанлар академиясини тугатдим. Шундан сўнг, вилоятнинг саноат, транспорт ва алоқа бўлимида мудир бўлдим. Бир неча йил давомида идеология қўмитасига котиблик қилдим. 1987 йилда Ўзбекистон ССР Олий Кенгашига депутат қилиб сайландим.

1988 йили Ўзбекистон ССР компартиясининг бош котиби Иномжон Усмонхўжаев Россиянинг тикувчилик фабрикалари билан машҳур бўлган Иваново вилоятига сафар қилган. У ерда раҳбарлик қилаётган Зоя Пухованинг иши билан танишиб, таажжубланган. Аёл кишининг катта вилоятда қилган ишларидан яхши таассуротлар билан қайтган. Мана шу ҳолат менинг тайинланишимга таъсир қилган деб ўйлайман. Шу йили Хоразм вилояти партия қўмитаси биринчи котиблигига номзод изланганида Иномжон Усмонхўжаев менинг номзодимни ёқлаган. Барча ҳужжатларим Москвага жўнатилган.


СССР халқ депутатлари съездида бир гуруҳ депутатлар, жумладан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан / Шахсий архив

 У пайтлари вилоят раҳбарлари Москвада тайинланганми?

— Албатта. Номзодим Тошкентда маъқулланиб, муносиб деб топилиб, бу ҳақдаги хулоса Москвага юборилган. У ерда барча ҳужжатларим ўрганиб чиқилган. Шундан сўнг, мени Москвага, суҳбатга чақиришди.

СССР компартияси МҚ бош котиби Михаил Горбачёв ҳужжатларимни кўриб, «Бу аёлни танийман, суҳбатга чақиринглар», деб топшириқ берган. Чунки у билан Тошкентда иш юзасидан кўп учрашганмиз.

 Москвадаги суҳбат жараёни қандай кечди?

— Махсус комиссия тўпланди, унда Политбюро аъзолари, олимлар, академиклар бор экан. Ҳар хил саволлар берилди.

КПСС МҚ котиби Егор Лигачёв берган савол эсимда. Жуда қаттиққўл сиёсатчи бўлган. «Нечта фарзандингиз бор?», деди. «Уч ўғлим бор, бири Москва вилоятида, иккинчиси Белоруссияда ҳарбий хизматда», дедим. Шунда йиғилганлар ҳайрон қолишди. «Бизда бир фарзандини ҳарбий хизматга зўрға юборишади, сиз икки фарзандингизни юбордингизми?», деб таажжубланишди.

Академияни қизил диплом билан тугатганман, уни кўришди. Диплом ишим мавзуси билан қизиқишди. Рус тилини яхши билишимга эътибор қаратишди, ўша пайтда бу жуда муҳим эди. Ўзим ўзбек тилидаги мактабни тугатганман, аммо рус тилини яхши билганман. Хуллас, суҳбатдан муваффақиятли ўтганман.


Римажон Худойберганова байналмилал жангчилар даврасида / Шахсий архив

 Аёл бошингиз билан вилоят раҳбари сифатида ишлашдан қўрқмадингизми?  

— Албатта қандайдир қўрқув, ҳайиқиш бўлди. Иш оғир бўлишини тушунганман. Корхона раҳбари бўлиш бошқа, вилоятга раҳбарлик қилиш бошқа. Масъулият ҳам катта эди. Аммо ўзимда қатъият бўлган.

 Раҳбарликка тайинланганингизни оилангиз қандай қабул қилган?

— Раҳматли қайнотамнинг дуосини, эримнинг рухсатини олмагунча ўқишга ҳам кетмаганман, раҳбарликни ҳам қабул қилмаслигимни айтганман.


Римажон Худойберганова пахта даласида / Шахсий архив

 Вилоят раҳбари сифатидаги иш кунингиз қандай кечган?

— Эҳҳе, ҳамма масъулият вилоят раҳбарида бўлган. Тонгги соат 5да кирза этикни кийиб, далага чиқиб кетардим. Шўр ювиш, экиш, культивация, шудгорлаш, мелиорация, хуллас, пахта билан боғлиқ ишларни биринчи навбатда назорат қилганман. Ёнимда шу ишларни тушунадиган мутахассисларни олиб юрганман. 4-5 соат далада юриб, кейин ишхонага, кабинетимга борганман. Ташкилий ишлар билан шуғулланганман. Мактаблар, боғчалар, яслиларни, шифохоналарни, болалар уйи шароитларини, ошхоналарини текширганман, назорат қилганман. Пахта мавсумида эса умуман кабинетда ўтирмаганман, ҳар доим далада бўлганман. Кечқурун соат 9-10ларда ҳориб, чарчаб, уйга қайтиб келганман. Баъзан кун бўйи овқатланмасдан, уйга бориб, туз тотган вақтларимиз ҳам бўлган.

 Халқ билан қандай мулоқот қилгансиз?

— Халқни, мурожаатчиларни ўзим қабул қилганман. Мендан олдинги раҳбарлар ёрдамчиси, ўринбосарига топширишган бўлса, мен ўзим қабул қилардим. Ўзимнинг алоҳида қабулхонам бўлган. Шикоятларни ёзиб олиб, жойига бориб ўрганганман. Агар тасдиқланса, чора кўрганман.


Римажон Худойберганова СССР Бош Котиби Михаил Горбачёв ва бошқа сиёсатчилар даврасида / Шахсий архив

 СССР Бош Котиби Михаил Горбачёв ҳақида нима дейсиз?

— У билан иш юзасидан кўп марта учрашганман. Содда, очиқкўнгил инсон. Мана бунга қаранг (суратни кўрсатади). Ҳаммамиз суратга тушмоқчи бўлдик. Бир чеккада тургандим, Горбачёв эса «Римажон, келинг, бу ерга ўтиринг», деб чақирди. Ҳатто Олий Совет раиси Анатолий Лукьяновни ўрнидан турғизиб, менга жой берди (кулади). Ҳаммамиз бирга суратга тушдик. Аммо Горбачёвнинг баъзи ишларига қўшилмаганман, уни танқид ҳам қилганман.

 Сизнинг раҳбарлигингизда вилоятда йўллар, кўприклар, ижтимоий соҳа объектлари қурилди. Аммо улардан муҳимини Амударё устидаги понтон кўприк дейишади…

— Ҳа. Амударё устида эски, ёғоч кўприк бўлган. Бир йиғилишда СССР Мудофаа вазири кўплаб ҳарбий жиҳозларни ҳисобдан чиқариш ҳақида гапирган. Шунда мен сўзга чиқиб, ҳисобдан чиқарилган понтон кўприкларни бизга беришни сўраганман. Хоразм ва Қорақалпоғистон аҳолиси қон-қариндош, дарёдан кечиб, бир-бирининг олдига боришга қийналаётганини айтганман. Натижада, Амударё устига понтон кўприк ўрнатилди. Янги замонавий кўприк қурилгунга қадар, шу понтон кўприкдан кўп йиллар давомида фойдаланилди.


ЮНЕСКО ташкилотининг кумуш медали / Шахсий архив

 Сизда ЮНЕСКО ташкилотининг кумуш медали бор. Нега тақдирлангандингиз?

— Хивадаги Ичан-қалъа тарихий мажмуасида жуда катта реконструкция ишларини бажарганмиз. Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳини таъмирлаб, халқ учун очиб берганмиз. Хоразм вилоятидаги маданий тарихий ёдгорликларни сақлаш бўйича қилган меҳнатларимни ЮНЕСКО шу тарзда тақдирлаган.

 Сиз вилоят раҳбари сифатида 3 йил меҳнат қилдингиз. Кейин бошқа ишга ўтказилдингиз. Шу ҳақда ҳам гапириб берсангиз.

— Раҳбарликдан бўшатилишимга сайлов масаласи асосий сабаб бўлди деб ўйлайман. Президент сайловида Ислом Каримов вилоятимизда 36,7 фоиз овоз олди, Муҳаммад Солиҳ эса 57 фоиз. Ислом Абдуғаниевичга: «Мени ишдан олаверинг, ўрнингизда бўлганимда, ўзим ҳам шундай қилардим», деганман.

Буни рақобатчиларим уюштирган деган шубҳам ҳам бор. Бундан ташқари, баъзи раҳбарлар «биз эркакмиз, аёл киши бошлиқ бўлса, бошимизни қандай кўтариб юрамиз», деб арз қилишгани ҳақида ҳам эшитганман.

Мендан бирор айб топишолмади. Устимдан фалонча уйи бор, фалонча машинаси бор деган маънода «юмалоқ» хатлар ёзишди. Кўп марта текширишди, ҳатто қариндошларимнинг уйларини ҳам санаб чиқишди. Бу айбловлар исботини топмади.


СССР бош вазири Валентин Павлов ва Ўзбекистон ССР президенти Ислом Каримов билан (1991 йил) / Шахсий архив

 Ишдан олиш жараёни қандай бўлган?

— Катта йиғилиш ўтказилди. 1 кун олдин Тошкентдан Ислом Каримов бошчилигида катта делегация келди. Ишдан олинишимни делегация аъзоларининг хатти-ҳаракатларидан сезганман.

«Иш бор жойда камчилик топилади, қайғуга ботмайман. 50 ёшга яқинлашдим, набираларимни ўйнатиб ўтираман. Ишдан олаверинг, икки қўлим меҳнатга ўрганган. Иш берсангиз ишлайман, бермасангиз йўқ», дедим йиғилишда.

«Сизга иш берамиз», деди Ислом Абдуғаниевич. Залдан эса: «Керак эмас!», деган овоз янгради.

«Римажон ёмон ишламади. Унга иш бермасак бўлмайди», – деб яна бир бор таъкидлади Ислом Абдуғаниевич.

Шундан сўнг, раҳбарликдан олиндим, бу ҳақда йиғилиш қарори қабул қилинди. Кейинги фаолиятимда ипакчилик ва пиллачилик соҳасидаги раҳбарлик лавозимларида 15 йил ишладим. 2007 йилдан бери нафақадаман.

 Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришларни кузатиб борасизми, уларни қандай баҳолайсиз?

— Албатта кузатиб бораман. ТВ орқали янгиликларни кўраман. Ўзгаришларни жуда ижобий баҳолайман. Олдинги раҳбарлар ҳозирги ишларнинг 10дан бирини ҳам қилолмасди. Давлат раҳбаримиз инсонпарвар, халқпарвар экан. Муҳтожларнинг бошини силаяпти, уй-жойлар беряпти, уйлантиряпти. Маҳбуслар озодликка чиқмоқда, реабилитация қилинмоқда. Одамларнинг моддий аҳволи яхшиланяпти. Жуда ажойиб инсон. 10 йил олдин давлат раҳбари бўлганида эди, балки шу инсон билан бирга ишлармидик (кулади)…


Римажон Худойберганова ипакчилик соҳаси ходимларини тақдирламоқда / Шахсий архив

Римажон Худойберганова йўқлаб, хотирлаб борганимиздан жуда хурсанд бўлди, кўнгли кўтарилди. Ҳозирда уйининг бир хонасини кутубхона ва мўъжаз музейга айлантирган. Кўплаб китобларни, раҳбарлик лавозимидаги кўп йиллик меҳнати ҳақидаги, машҳур сиёсат арбоблари тўғрисидаги ноёб, тарихий фотосуратларни тўплаган. Уларни бажонидил ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қилди.

Римажон Худойберганова 2019 йил май ойида кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнати туфайли 1 даражали Меҳнат фахрийси кўкрак нишони билан тақдирланган.

Нурмуҳаммад Саид суҳбатлашди

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

anp7ua0iz6dquamq_v2ygobbx5n48net

ССВ: Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланганлар орасида ёши 60дан юқори бўлганлар сони 18 нафар

Коронавирусга чалинган 263 нафар фуқародан 102 нафари хорижда бўлган, 161 нафари эса улар билан мулоқотда …