prezidentЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент шаҳридаги туманларни айланмоқда. Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларидан кейин президентнинг навбатдаги манзили Олмазор тумани бўлди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан Олмазор тумани Қичқириқ канали бўйида маданият ва истироҳат боғи барпо этилиши режалаштирилган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёевга мазкур парк лойиҳаси юзасидан маълумот берилди.

Боғда болалар ва спорт майдончалари, замонавий аттракционлар ташкил этилади. Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар, Нуронийлар маскани қурилади.

Президент кутубхоналарнинг пойтахт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, Абдулла Қодирий ва Чўлпон ижодини ёшларга чуқурроқ ўргатиш зарурлигини таъкидлаган, аҳолининг дам олиши учун қулайликларни ошириш, хусусан, Нуронийлар масканида чойхона ва аския маркази ташкил қилиш, яқин жойда поликлиника барпо этиш бўйича кўрсатмалар берган.

Президент Тошкент шаҳрида «Хавфсиз шаҳар» концепцияси асосида олиб борилаётган ишлар билан танишган.

Давлат раҳбари уйма-уй юриб, одамлар билан суҳбатлашиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, иш ўринлари яратиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш зарурлигини таъкидлаган.