prezident-kashkadaryo28 январь куни Чироқчи туманида президент раҳбарлигида Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати танқидий баҳолар асосида таҳлил этилди. Мавжуд муаммолар очиқ гапирилди, мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди. Президент Қашқадарё вилоятидаги ишсизлик масаласига тўхталиб ўтар экан, бу муаммо бутун республика бўйича ўта долзарб эканлигини таъкидлади.

«Иш ўринлари масаласи Қашқадарё учун жуда муҳим. 2017 йил якунига кўра, вилоятдаги 97 мингдан зиёд фуқаро иш излаб хорижга кетгани буни яққол англатиб турибди. Мана, яқиндаги фалокатни қаранг, ёш-ёш йигитлар ҳалок бўлишди. 52 нафар. Уларнинг барчаси иш излаб, чет элга чиқиб кетишган. Нима учун ман бунга яна бир бор урғу беряпман? Агар биз бугун бу масалаларни очиқ-ойдин гаплашмасак бўлмайди.

Тасаввур қилинг Қашқадарёдан 97 минг киши чет элга чиқиб кетган, бу ҳали менга берилган маълумот. Бунга кирмаганлар ҳам камида 10-15 мингни ташкил этади. Мана шуни галстук кийган, Тошкентдан келган катталар ва вилоятнинг тўртта раҳбари билиб қўйсин – бизга бўлаётган халқнинг энг катта эътирози иш ўринларининг етишмаслигидан. Кабинетдан чиқмай, фисқу-фасод қилиб ўтирадиган замонлар ўтиб бўлди. Пагонни кийиб олиб, иғво қиладиганлар ҳам энди Ўзбекистонда бўлмайди. Биз шу пайтгача одамларга ёлғон гапириб келдик, йўқ нарсани бор қилиб кўрсатдик. Одамларни норози қилдик», дея президентнинг сўзларини келтиради йиғилишда қатнашган «Kun.uz» мухбири.