Главная / Маданият / Пинҳоний учрашувлар кимларга бахт келтирган?
<

Пинҳоний учрашувлар кимларга бахт келтирган?

uchrashuvМуқаддас динимиз Исломда маҳрам масаласига жиддий аҳамият берилади. Маҳрам деганда, ўзига яқин қариндошлар – ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил, жиян, амма, хола, тоға ва амакилар тушунилади. Номаҳрам эса, узоқроқ қариндошлар (амакивачча, холавачча ва ҳоказо) ва бегона кишилардир.
Динимизда ўзаро номаҳрам саналган икки киши бир жойда қолиши, бир-бирига ёмон кўз билан қараши, бузуқ ишлар қилиши қатъий қораланган. Аллоҳ таоло шундай амр қилган: “(Эй Муҳаммад,) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта Аллоҳ қилаётган амалларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30-31-оятлар). Бу ерда мўмин ва мўминалар номаҳрамларга шаҳват билан назар солишдан қайтарилмоқда, жинсий аъзоларини зинодан сақлашга буюрилмоқда, бу иш қалб покизалиги учун муҳим омил экани айтилмоқда.
Аллоҳ таоло бизни шундай огоҳлантиради: “(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади” (Ғофир сураси, 19-оят).
Парвардигоримиз ҳар бир ишимизни кўриб-кузатиб туради. У Зот банда ҳаромга ўғринча назар ташлаётганини ҳам билади. Охиратда бу борада бандасини ҳисоб қилади. Мусулмон одам шундай эътиқодда бўлади. Мана шу эътиқод инсонни тарбиялайди, қинғир йўлларга кириб кетишдан сақлайди.
Афсуски, ҳозирги кунда истироҳат боғларида, хиёбонларда қўл ушлашиб, ҳатто ҳеч кимдан уялмай-нетмай қучоқлашиб ўтирган ёш йигит-қизларга кўриб хафа бўлиб кетади киши. Шу иш бизнинг ўзбекчиликка, мусулмончиликка тўғри келадими? Ота-боболаримиз даврида шунақа эркин муҳаббат бўлганми ўзи? Ёшларнинг бундай эркин муомалалари бахт қасрини қуришларига монелик қилмасмикан, деган ўй-хаёллар одамни хавотирга солмай қўймайди.
Динимизда бегона аёлни ушлаш, қучоқлаш у ёқда турсин, ҳатто унга ёмон назар билан қарашдан ҳам қайтарилган. Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилган. Бунинг етишида шубҳа йўқ. Икки кўзнинг зиноси назар солиш, икки қулоқнинг зиноси эшитиш, тилнинг зиноси гапириш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси қадам ташлашдир. Қалб рағбат қилади, хоҳлайди. Фарж эса уни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради”, деганлар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий ривояти). Ҳар бир аъзонинг зинодан насибаси бор экан. Шу сабаб фақат жинсий аъзони эмас, икки кўз, тил, оёқ-қўлларни, ҳатто қалбни ҳам зинодан сақлаш лозим.
Ҳадисда саналган ишлар бандани зинога етаклайди. Масалан, кўзни олайлик. Номаҳрам аёлнинг ҳуснига узоқ тикилиб қолган эркак у билан бирга бўлишни хоҳлайди. Бу айни зинодир. Номаҳрам аёлнинг майин сўзларини эшитиб, лаззатланганда ҳам одам гуноҳга ботади. Зино қилишда икки оёқ энг катта “хизмат”ни бажаради. Сабаб зинокор шахс икки оёғи билан юриб боради ўша нопок жойга.
Зино иллати оила мустаҳкамлигига, жамият ҳаётига қанчалик зиён етказиши кундай равшан. Харракларда ўтириб олиб, бир-бирининг пинжига кириб кетган ёшлар келажакда қандай оила вакилларини бўлишни ўйласа, инсонни хавотир босади. Чунки, тажрибадан ҳам кўриниб турибди, “ўлдим-куйдим”, “усиз яшолмай”, “ўлиб қоламан” қабилидаги ўткинчи муҳаббат билан оила қурган жуфтларнинг кўпи бахтсиз бўлмоқда, арзимас сабаблар билан ажрашиб кетмоқда. Мана шундай ношаръий, миллий қадриятларимизга умуман зид ҳаракатлар сабаб жуда кўп ёшлар ҳаётга юзаки қарамоқда. Айниқса, қизлар бундан кўп азият чекмоқда. Шунинг учун ота-оналар бу масалага жиддийроқ қарашларини сўраймиз. Фарзандингиз қаерда юрибди, кимлар билан дўст бўляпти, ўткинчи “севги-муҳаббат” га алданиб қолмаяптими? Буларнинг ҳаммасига ота-она жавобгар. Худо кўрсатмасин, эртага бир кор-ҳол бўлса ҳам ота-она жаврини тортади. Фарзанд орқасидан гап эшитадиган ҳам ота-она бўлади. Шунинг учун ҳам доимий назорат қилиб турилса улар ўзини ўнглаб олади, хатосини тузатади. Халқимизда “бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақл бор. Кейинги пайтларда мана шу нақл унутилаёзгандек.
Азизлар, огоҳ бўлайлик. Бугун Ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият” номли оғу фарзандларимизни ўз домига тортмоқда, уларнинг ахлоқига, таълим-тарбиясига таъсир қилмоқда. Бунга қарши, фарзандларимизни миллий ва диний қадриятларимизга хос ва мос ҳолда тарбиялайлик, ҳалол-ҳаромни тушунтирайлик, имон-эътиқодни ўргатайлик. Зеро, эртанги кунимизнинг ёруғ келажаши бизнинг фарзандларимиз!

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

узбек онаси

Оналар учун шеърлар

Ул инсон мен учун жон совға қилган. Мен унга байрамда нима бераман? Арзон салафанга, ҳуник …