Главные новости
Главная / Жамият / Паст Дарғомда балиқчилар хонавайрон бўлмоқда. Туман раҳбарлари тадбиркорларга қасд қилганми?
<

Паст Дарғомда балиқчилар хонавайрон бўлмоқда. Туман раҳбарлари тадбиркорларга қасд қилганми?

Паст Дарғом туманидаги балиқ етиштирувчи тадбиркорларни синдириб, уларнинг ерлари тортиб олинишидан ким манфаатдор? Туман ҳокими Шунқор Худойбердиевми ёки бир йил аввал ҳайдалиб, кейин яна шу лавозимга қайтиб келган сув хўжалиги корхонаси раҳбари Маҳмуд Турниёзовми?

Паст Дарғомдаги балиқчи фермерлар ва уларнинг ерларини тортиб олмоқчи бўлган туман ҳокими ўртасидаги ўтган йилги курашда ҳоким ютқазган эди. Натижада ҳоким Шунқор Худойбердиевнинг балиқчилар ерини захирага қайтариш тўғрисидаги қарорлари бекор бўлганди.

Энди ҳоким янгича ҳийла ўйлаб топган кўринади. У балки карантин пайтида барчаси хамирдан қил суғургандек осон битар, деб ўйлагандир? Хуллас, ишлайман деган инсонга асло кўмак берилмайдиган, аксинча унга муаммо яратиладиган Паст Дарғомда янги можаро юзага келди.

Kun.uz сайтида балиқчилар муаммоси аввал ҳам ёритилганди. Ўшанда туманга янги тайинланган ҳоким Шунқор Худойбердиев «Ўзбекистон мустақиллиги» массиви ҳудудида балиқ етиштириш учун ер ажратиб берилган тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилгани, аввалги ҳокимларнинг уларга ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарорларини бекор қилгани баён қилинган эди.

Бир йил муқаддам туман ҳокими буйруғи билан балиқ етиштириладиган ҳовузларга сув ўтказувчи қувурлар бузиб ташланган эди. Ўшанда балиқларнинг катта қисми сувсизликдан қирилиб кетганди.

Муаммо сайтда қайта-қайта ёритилгач, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, шахсан вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов балиқчилик хўжаликлари муаммоси чуқур ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи ташкил қилиб, вазиятга аралашган эди.

Кейинроқ, 2019 йил 17 июнда Самарқанд вилояти ҳокимининг Паст Дарғом тумани ҳокимининг айрим қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги қарори чиқарилган (Биз бундан ҳаттоки бехабар қолганмиз — бу ҳол негадир ҳеч қаерда эълон қилинмади). Турдимов имзолаган қарорда Шунқор Худойбердиевнинг балиқчиларга муаммо яратган қарорлари нотўғри эканлиги баён қилинган. Балиқчилик хўжаликлари бемалол нафас ола бошлашган, бироқ мавсумни бой беришган…

Ўшанда вилоят ҳокими қарорида туман ҳокимига нотўғри тайёрланган қарор учун тумандаги мутасаддиларга чора кўриш вазифаси ҳам берилган эди. Натижада туман сув хўжалиги (ирригация) бўлими раҳбари Маҳмуд Турниёзов вазифасидан четлатилган.

Қолаверса, 2019 йил 23 август куни Нуробод туман маъмурий судига негадир вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри идораси Паст Дарғом туман ҳокимининг (Шунқор Худойбердиевдан аввалги ҳокимларнинг) балиқчиларга ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан берган даъво аризасини рад этган. Яъни суд, туманнинг аввалги ҳокимлари қарорлари тўғри қабул қилинганини тасдиқлаган.

Энди орадан бир йил ўтиб, туман мутасаддилари томонидан ўша мурожаатчилардан иккитаси — «Шомбулоқ сазан балиқлари» ва «Анҳор суви» балиқчилик хўжаликларига янги муаммо яратилмоқда.

Бу орада излар босди-босди бўлиб, шу воқеалар ортидан ишдан олинган туман сув хўжалиги бўлими бошлиғи Маҳмуд Турниёзов ўз вазифасига қайтарилган. Унинг қўл остидаги сув истеъмолчилари уюшмаси 17 апрель куни хат билан чиққан балиқчиларнинг сувларини ёптириб ташлаган.

Ҳолбуки, ҳар иккала фермер сув бўйича шартнома тузиш учун аллақачон мурожаат қилишган. Масалан, «Шомбулоқ сазан балиқлари» хўжалиги 17 февралда бу борада мурожаат қилган. Бироқ шу пайтгача шартнома имзоланмай келган.

Энди сув хўжалиги уюшмасининг хатида келтирилаётган важга эътибор беринг. Нима эмиш, уларнинг ерга бўлган қарорлари бекор бўлган, ер туман захирасига қайтарилган эмишу, туман ҳокимлиги билан аниқлаштириб олинмагунга қадар янги мавсумга сув сарфи учун шартнома имзоланмас экан. Бу ерда «ҳоким нима деса шуни қиламан», деган сўзлар яширин эмасми?

Боз устига, бу гаплар ўтган йили куйиб қолган фермерларнинг бу йилги балиқлари айни урчиш ойида бўлган пайтда янграмоқда.

Балиқчилар қарорлари бекор бўлганини сув хўжалиги бўлими ходимларидан эшитиб, хавотир билан, шоша-пиша суриштиришга тушишади.

Аниқлашсаки, 2020 йил 14 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидан «илҳомланган», ўтган йили балиқчиларга «ютқазган» туман ҳокими туни билан янги ҳийла ўйлаб топади ва эртасига ишга киришади. Ҳийлага кўра, балиқчилик хўжалиги ерлари тортиб олиниб, шоли экиш учун бошқаларга топширилар экан.

Ҳозир балиқчилардан бири ўтган йилги машмашалардан сўнг 50 гектардан ортиқ ерини ташлаб кетган. Шундоқ ётибди. Беринглар ўша ерни шоликорларга. Айни шоли экиладиган пайт яқинлашмоқда. Ерни тайёрласин. Йўқ! Айнан ишлаб турган балиқчилардан бирининг 6 гектар, бошқасининг 5 гектар ери керак гўёки шоли экиш учун. Боз устига, ўтган йили Kun.uz’га шикоят қилганларга қўшилмаган ўша ердаги балиқчи фермер хўжалигига эса тегинилмаяпти.

Хуллас, ҳоким дарҳол енг шимариб, туманда озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш пайига тушган. Энди ўринли савол туғилади: балиқ озиқ-овқат эмасми?!

Шундан сўнг 15 апрель куни ҳоким аввалги ҳокимларнинг қарорларидан айб топиб, туман прокурори А.Валиевга хатлар ёзади, 15 апрель куниёқ бу икки балиқчилик хўжалигига ажратилган ер майдонлари бўйича 2018 йилги туман ҳокими қарорларини бекор қилиш бўйича Паст Дарғом туман прокурорининг протестлари келтирилади.

Аслида, протестни ҳокимлик бир-икки кун ўрганиши керак. Лекин бу ерда протестни ҳокимнинг ўзи прокуратурадан «тиланиб» олмоқда-ку?! Табиийки, шу куниёқ туман ҳокими Шунқор Худойбердиевнинг икки хўжаликка 2018 йилги ер ажратиш тўғрисидаги аввалги ҳокимларнинг қарорларини бекор қилиниши тўғрисидаги янги қарорлари чиқарилади. Қойилмисиз?!

Иш шунчалик шошма-шошарлик билан амалга оширилганки, «Шомбулоқ сазан балиқлари» хўжалиги ва «Анҳор суви» хўжалигига алоҳида-алоҳида чиқарилган протест рақамлари туман ҳокими қарорида алмаштириб юборилган (Ҳозир бу қарорлар қонуний кучга ҳам эга эмас, чунки нотўғри информацияга асосланган).

Юқорида таъкидланганидек, орадан икки кун ўтиб — 17 апрель куни балиқчиларга сув истеъмолчилари уюшмаси «сенларга сув йўқ» қабилида хат билан чиқиш қилади.

Боз устига, ирригаторлар ҳали балиқчиларнинг ўзи ҳам бехабар бўлган, Шунқор Худойбердиевнинг аввалги ҳокимлар қарорларини бекор қилгани ҳақидаги қарори рақамларини тилга олади. Бу ҳолни ташкилот раҳбарига ҳокимликдан тўғридан тўғри буйруқ бўлганидан ўзга нарса билан тушунтириб бўлмайди.

Ҳа, прокурор протест келтиргандан кейин ҳоким бажаришга мажбур дерсиз! Асло мажбур эмас, биринчидан. Иккинчидан, худди шу Шунқор Худойбердиев ўтган йили вилоят прокуратурасининг протестини бир тийинга олмаган — бажармаган.

Ўшанда вилоят прокуратураси фермерлардан бирининг ери қонун талаблари бузилган ҳолда ноқонуний захирага олиб қўйилган, деган қарорга келган ва туман ҳокими қарорини бекор қилишни сўраган эди.

Эътибор беряпсизми? Туман ҳокимлиги зиёнига бўлса — вилоят прокуратурасининг протести ҳам эътиборсиз қолдирилади, агар ҳокимнинг фойдасига бўлса — тумандаги 2-сектори раҳбариники ҳам жон-жон деб соатлар ичида бажарилади. Сизга савол: бу нимадан дарак?

Жафокаш балиқчилар эса ўтган йилги машмашалардан сўнг катта зарар билан чиқишган, улар бу йилги даромаддан ҳам қуруқ қолиши мумкинлигидан жуда хавотирда.

Энди яна бир «ўйин»га эътибор қилинг, туман ҳокими туман прокуратураси протести билан 2018 йилги қарорларни бекор қилмоқда. «Шомбулоқ сазан балиқлари» 2010 йилдан бери, «Анҳор суви» 2015 йилдаги қарорлар билан фаолият кўрсатиб келмоқда.

2018 йилдаги қарорлар билан ҳар икки хўжаликка қўшимча 2,4 гектардан суғориб ҳайдаладиган ер ажратилган, холос. Бу ерларда ҳовуз барпо этилмаган. Балиқларга ем бўлиши учун маккажўхори экиб қўйилган. Туман прокуратураси ўз протестида ерлар аввал туман ҳокимлиги захирага олинмасдан, балиқчи фермерларга ажратиб берилган, деган важни келтирган. Ҳолбуки, ўша ерлар бошқа бир фермер ихтиёрида бўлган, у 5 йилча аввал вафот этгач, анчадан бери фойдаланилмасдан туман захирасида бўлган.

Формал жиҳатдан бу ҳолни қоғозда тўғрилаб қўйса, ҳаттоки кўз юмса ҳам бўлади. Йўқ! Бу ахир Паст Дарғом! Бу ерда ишлайман деган инсонга асло кўмак берилмайди, унга муаммо яратилади.

Ундан ҳам даҳшатлиси, 2018 йилда берилган 2,4 гектардан жами 4,8 гектар ерда балиқ учун емиш етиштирилаётган ерларни қайтариб олишга чиқарилган қарор билан туман ҳокимлиги хўжаликларнинг айни дамда ҳовуз ўрнидаги ерларга 2010 йил ва 2015 йилда чиқарилган қарорларни ҳам бекор қилишга муваффақ бўлдик, деб ўйлашмоқда.

Александр Якубов, «Шомбулоқ сазан балиқлари» фермер хўжалиги раҳбари.

Йўқса, ҳовуз турган ҳудуднинг қарорлари бекор бўлмаган, вилоят ҳокими тўғри ажратилган дея тасдиқлаган, маъмурий суд тўғри ажратилган, дея тасдиқлаган қарорларни «бекор бўлган», деб ўйлаётган, машмашалар «орасида бир шамоллаб келган» сув хўжалиги бўлими бошлиғи Маҳмуд Турниёзовга бўйсунувчи идора ҳовузнинг сувини беркитиб қўярмиди?!

Бу Паст Дарғом тумани ҳокими ишлаб турган тадбиркорларнинг ғилдирагига чўп суқиб, ишлашга қўймаётгани ҳақидаги биринчи мурожаат эмас. Сайтда бундай воқеаларнинг кўпини ёритилган. Бунинг натижасида, Паст Дарғом тумани ҳокимининг тадбиркорлар зарарига чиқарилган бир неча ноқонуний қарорлари бекор қилинган.

Энди вилоятдаги, республикадаги мутасаддилар ҳам ўйлаб кўришса бўларди: Паст Дарғомга аллақачон мавжуд қонунчилик ва ҳуқуқий нормаларни тушунадиган, билимлироқ, президентнинг гаплари ва топшириқларини ўз манфаати йўлида талқин қилмайдиган, тадбиркорларга қайишадиган раҳбар керак, назаримизда. Акс ҳолда, тумандан муаммолар чиқишда давом этаверади, этаверади… Биз уларни эринмасдан ёритаверамиз, ёритаверамиз…

P.S. Шу ўринда, Паст Дарғом туман прокурори А.Валиевдан бир йил муқаддам суд ҳақиқий деб топган қарорларни қонунга зид деб ҳисоблашга ва протест киритишга сизни нима мажбур қилди, деб савол қўймоқчи бўлдик. Лекин нима, тўғрироғи, ким мажбур қилганини билиб турибмиз-ку?..

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

shahrituz-2

Маҳаллаларда ижтимоий нафақани олиш тартиби соддалаштирилди

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга тегишли …