Главные новости
Главная / Жамият / Паркентда бозор қурилиши тадбиркор мулкига хавф солмоқда. Бозор маъмурияти ва ҳокимлик нима дейди?
<

Паркентда бозор қурилиши тадбиркор мулкига хавф солмоқда. Бозор маъмурияти ва ҳокимлик нима дейди?

Тошкент вилоятининг Паркент туманида янги бозор мажмуаси қурилаётгани муносабати билан дўкони бузилиши режалаштирилаётган тадбиркор таҳририятимизга мурожаат қилди. Унинг айтишича, дўкони бузилишга тушган, аммо компенсация масаласида унга адолатсизлик қилинмоқда. Бозор маъмурияти ва ҳокимлик эса тадбиркор важларини инкор қиляпти.

Миршоҳит Мирҳайитов биз билан суҳбатда бир неча йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётгани, бузилиши режалаштирилган дўконини 2010 йилда кўчмас мулк биржасидан сотиб олганини айтади.

«Бозор қурилиши арафасида ҳокимликка дўконимнинг ўрнидан ўзим қуриб олишимни ёки бошқа жойдан жой ажратиб берса, уларнинг лойиҳаси асосида дўконни ўз маблағим эвазига қуриб олишимни сўраб ариза билан мурожаат қилдим. Қонун талабларида бинолар ва иншоотларни жойлаштиришда маълум оралиқ масофа ташланиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бозор қурилишида эса бунга эътибор қилинмаяпти.

Ундан ташқари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича биноларни қуришда оралиқ масофага риоя қилиниши кераклиги белгиланган. Аммо бозор қурилишида менинг дўконим атрофида буларга риоя қилинмаяпти.

Миршоҳит Мирҳайитов

Туман ҳокими қарорида компенсация масалалари ҳал қилинсин, дейилган бўлишига қарамай, мен билан ҳисоб-китоб қилинмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли қарори билан тасдиқланган низом бўйича мен устувор ҳуқуққа эгаман. Низомда мулк эгаси билан келишиш лозимлиги белгиланган. Унга кўра, биринчи навбатда, лойиҳани мулкдорнинг ўзи қуриб олиши, иккинчи навбатда, мулк танлаш (пул, мулк ёки ер олиш) ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Ушбу қарор бўйича менга устувор ҳуқуқимни беришса, ўзим улар айтганидай қилиб қуриб берардим.

Бу масалада туман ҳокимиятига 4-5 марта мурожаат қилганман. Кўриб турибсизки, ҳозир бозор биносининг мана шу озгина қисми битмай турибди, сабаби, улар биз билан келишув шартномасини тузишмагани, розилик хатини олишмагани туфайли уларнинг ҳам, бизнинг ҳам ишимиз битмаяпти», – дейди тадбиркор Миршоҳит Мирҳайитов.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида «Паркент деҳқон бозори» МЧЖ вакиллари билан учрашиб, уларнинг ушбу мурожаат бўйича фикрлари билан танишдик.

«Ўзбошимчалик билан қурилган бостирма бозор қурилишига ҳалал беряпти»

Элёр Бердиқулов

«Паркент деҳқон бозори» МЧЖ юрисконсульти Элёр Бердиқулов 2017 йил 27 мартдаги 2853-сонли президент қарорига асосан, Паркент тумани ҳокимининг 2019 йил 3 июндаги 5543-сонли қарори чиққанини айтади.

Ҳоким қарорига асосан, қурилиш ишларини олиб бориш давомида бозор балансида бўлган 128 та савдо дўкони ва 20та хусусий савдо дўкони бузилиши режалаштирилган. Ушбу хусусий дўконларнинг барчаси эгаларининг розилиги асосида бузилиб, фақатгина М.Мирҳайитовга тегишли дўкон бузилмасдан қолган.

Шу кунга қадар унга ҳокимлик томонидан бир нечта таклифлар берилган. Биринчиси, унга туман ҳокимининг 2019 йил 12 августдаги кафолат хатига биноан, ўша пайтда амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарорига асосан компенсация тўлаш таклиф этилган. Иккинчиси эса, унга бошқа жойдан тенг қийматдаги мулк бериш таклиф этилган. Яъни, янги қурилаётган бозор биносидан 52 кв.м ҳажмдаги дўконни тадбиркор номига кадастр қилиб, мулк ҳуқуқи билан беришни таклиф қилганмиз. Бу бўйича унга кафолат хати ҳам берилган» – дейди бозор маъмурияти юрисконсульти.

Унинг қўшимча қилишича, тадбиркор дўкон пештоқига ўзбошимчалик билан ҳеч қаердан рухсат олмай бостирма ўрнатиб олган ва ушбу қурилма бозор қурилишини давом эттиришга халақит қиляпти.

«Биз айни шу ноқонуний қурилмани мажбурий тартибда буздириб ташлаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Юқори Чирчиқ туманлараро судига даъво киритдик.

Шу йилнинг 18 август куни ноқонуний қурилмани олиб ташлаш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқди. Ҳозирда ушбу ҳал қилув қарорининг қонуний кучга киришини кутиб турибмиз», – дейди Э.Бердиқулов.

Бозор юрисконсульти қурилиш билан боғлиқ ҳамма ҳужжатлар қонуний расмийлаштирилгани, бозор маъмурияти ноқонуний хатти-ҳаракат содир этмагани ва тадбиркор дўконига дахл қилинмаганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбиркор унга таклиф этилган 1-қаватдаги 52 кв.м. ҳажмдаги дўконнинг тепасидаги худди шунча катталикдаги яна битта дўконни ҳам талаб қилаётгани, улар эса бу талабни бажара олмаслиги, чунки бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмаслигини билдирди.

Тадбиркор эса кафолат хатида «мулк ҳуқуқи асосида» деган сўзлар йўқлигини айтиб, ушбу кафолат хати унга маъқул келмаганини айтди.

Тадбиркорга 3 та таклиф берилган

Шундан сўнг туман ҳокимлигида бўлиб, ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Зиёдбек Йўлдошев фикрларини тингладик.

Зиёдбек Йўлдошев

«Мақсадимиз – тадбиркор М.Мирҳайитовни алоҳида кўриб, уни камситиш эмас, бозорни эски ҳолатидан замонавий ва чиройли кўринишга келтириш. Тушуниш керак, агар биз дўкон эгалари билан келишмасак, бозор қурилишини тугатолмаймиз. Тадбиркор дўконига тегмасак, бозор хунук бўлиб қолади. Ўзингиз кўргандирсиз, ушбу эски дўкон бозорнинг ёнгинасида жойлашган», – дейди З.Йўлдошев.

З.Йўлдошевнинг айтишича, тадбиркор дўконни ўша ернинг ўзидан икки қават қилиб қуриб олишни талаб қилган. Бозорнинг бош режасига тўғри келмагани учун бунга рухсат берилмаган. Шунингдек, у агар тадбиркорга кафолат хати ёқмаётган бўлса, тадбиркор хоҳлаган келишув шартномасини тузиб беришлари мумкинлигини таъкидлади.

М.Мирҳайитовнинг янги бинодан дўконнинг иккинчи қаватини ҳам қуриб олиш бўйича саволига ҳокимлик вакили аввалги дўконнинг квадрат метрига тенг қисмини олишини, яъни фақат бир қаватини бера олишларини айтди.

Суҳбат чоғида ҳоким ўринбосари тадбиркор билан келишиш мақсадида унга қуйидаги 3та таклифдан бирини танлашини сўради:

1. Янги бинодан тадбиркорга дўкони билан бир хил катталикдаги дўкон бериш.

2. Дўконини баҳолатган тақдирда, 3 кун ичида компенсацияни тўлиқ тўлаб бериш.

3. Дўконига умуман тегмаслик ва тадбиркорга бундан кейин ҳам дўконидан бемалол фойдаланавериш.

Тадбиркорнинг бозор қурилишида оралиқ масофа сақланмагани бўйича шикоятига ҳоким ўринбосари дўкон атрофидаги ер бозор инфраструктурасига киришини, тадбиркор фақат бинонинг эгаси эканлигини, шу туфайли, оралиқ масофа сақлашга мажбур эмасликларини билдирди.

М.Мирҳайитов нима бўлган тақдирда ҳам, унга нисбатан Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли қарори бўйича иш кўришларини сўради. З.Йўлдошев эса агар дўкон бузилишини лозим топишса, 911-сонли қарорга мурожаат қилинишини маълум қилди.

Шунингдек, суҳбатда қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Элёр Раҳмонов тадбиркорга агар у истаса, янги дўкон қуриши учун унга ҳокимлик захирасидаги ерлардан тадбиркор кўрсатган жойдан 52 кв.м. ер ажратиб бериши мумкинлигини айтди.

Хулоса шу бўлдики, ҳокимлик тадбиркор дўконига тегмайди, шу сабабдан 911-сонли қарорга мурожаат қилишга ҳам ҳожат йўқ. Агар тадбиркорнинг дўкони бузиладиган бўлса, қарор бўйича тадбиркорга пул маблағларибошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришер участкаси ёки келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа тури қўлланилиши керак бўлади.

Аббос Салайдинов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

o3jgniyssi98uaziqx0gg0riagm-wdsm

Яна бир хусусий бандлик агентлигига чув тушган фуқаролар бош вазир қабулига йиғилди. Зарар миқдори 9 млрд сўмга яқин

Бугун, 21 сентябрь куни «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» МЧЖдан пулини ололмаётган ўнлаб фуқаролар Тошкентга …