Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Пахтани асосан кимлар теради? Вазир ўринбосари аниқлик киритди
<

Пахтани асосан кимлар теради? Вазир ўринбосари аниқлик киритди

Меҳнат вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг сўзларига кўра, пахта теримига биринчи навбатда «темир дафтар»дагилар, оғир шароитда яшаётган фуқаролар, кўп болали хотин-қизлар, ишсиз йигитлар, айниқса меҳнат миграциясига кета олмаганлар фақат шартнома асосида жалб этилади.

11 сентябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида мажбурий меҳнатга қарши курашиш мавзусида халқаро онлайн давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирдан сўнг Kun.uz мухбирига интервью берган вазир ўринбосари Баҳодир Умрзоқов пахта терими даврида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида тўхталиб ўтди.

«Эрта-индин жуда катта пахта кампанияси бошланади. Бу йилдаги мавсумнинг ўтган йиллардагидан фарқи шундан иборатки, бунда бирорта одам пахта теримига мажбуран бормайди.

Биз энди пахта терувчиларни ҳашарчи демаяпмиз. Авваллари уларни маош билан эмас, ваъдалар билан, буйруқ, қўполлик ва қўрқитиш билан теримга жалб қилардик. Энди бу нарсаларга чек қўйилди.

Ўзбекистонда бу йилдан бошлаб бирор пахта теримчиси мажбурий пахта термайди. Ҳар бир «мен пахта тераман» деган инсонга иқтисодий манфаатларини кўзлаб, уларни шартнома асосида, иш шароитларини яхшилаш ва қийин шароитларда тераётган пахтасининг ҳар бир килосига қўшимча 200 сўм қўшиб тўланади. Биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400, қийин шароит ҳам ҳисобга олиниб 200 сўм қўшилади.

Баҳодир Умрзоқов

Яна бир янгилик – махсус бригадалар туздик. Энди ишчилар билан пахта теришлари бўйича шартнома имзоланади, улар ўз розилиги билан теримга боради. Шартномада мажбуриятлар бор. Масалан, иш берувчи транспорт воситалари билан таъминлаши, теримчилар ётоқ жойида тиббий текширувдан ўтказилиши зарур. Улар иссиқ овқат, нон-чой билан таъминланади.

Ўзбекистонда илк бор янги шартномавий асосда пахта терими ташкил қиляпмиз. Теримчиларга барча шароитлар яратилади. Агарда мажбурий жиҳатдан бунга ёндашиладиган бўлса, у бригада раҳбари жазоланади.

Болалар меҳнати ҳам ҳисобга олиняпти. Болалар мактабдан қайтганидан кейин ота-онасига ёрдамга боришига йўл қўйилмайди. Ота-оналарга болаларни далаларга олиб келишни ман қиляпмиз. 18 ёшгача бўлган болалар пахта даласига киритилмайди.

Пахта терими жараёнида биринчи навбатда маҳаллаларда тузилган «темир дафтар»лар бор. Оғир шароитда яшаётган фуқаролар, масалан 3-4 та болали хотин-қизлар, ишсиз йигитлар, айниқса, меҳнат миграциясига кета олмаганлар қабул қилинади», – деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов.

 

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ykddzjnxkv7rxl7icsxwwyr5joseqzua

Ўзбекистонда инфляция даражаси 11,6 фоизни ташкил қилмоқда

Ҳозирда Ўзбекистонда инфляция даражаси 11,6 фоиз бўлиб, бу кўрсаткич йил якунига қадар 11 фоизга тушиши …