pakhtaПахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сон Фармонининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ҳудудида жойлашган пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш пунктларининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва  рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Ўзпахтасаноат» АЖ ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳудудида жойлашган 16та пахта тозалаш корхонаси ва 68та пахта тайёрлаш пункти хатловдан ўтказилиб, уларнинг ҳолати баҳоланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сон Фармони билан ташкил этилган Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи комиссия томонидан ўтказилган хатлов натижалари бўйича пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ҳудудида жойлашган 1-иловага мувофиқ пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш пунктларининг бино ҳамда иншотларини уларнинг ташкилотчиларига 5 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан баҳолаш қийматида сотиш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари томонидан уларнинг ҳудудида жойлашган пахта тозалаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларидан 2018 йилда пахта хомашёсини қайтариб бериш ва ижара асосида қайта ишлаш учун фойдаланиш тўғрисидаги масалаларни   пахта тозалаш корхоналари акциядорларининг умумий йиғилишларида кўриб чиқиш учун киритиш тавсия этилган.

Пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш пунктларининг бино ҳамда иншоотлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ҳамда кластерлари ташкилотчиларига ишлаб чиқаришни 2 йилдан ортиқ бўлмаган вақт давомида модернизациялаш шарти билан сотилади.

Пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов пунктларининг  ишлаб турган ускуналари ва бошқа асосий воситалари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ҳамда кластерлари ташкилотчиларига ижарага модернизациялаш амалга ошириладиган давргача берилиши мумкин, шунингдек, мулк ва ер солиғи ҳамда амортизация ажратмалари ҳисобга олинган ҳолда, давлат мулки учун белгиланган энг кам ставкалар бўйича берилади.

«Ўзпахтасаноат» АЖ Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва  рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси  билан биргаликда ушбу қарорга 1-иловада қайд этилган пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш пунктларининг бино ҳамда иншоотлари бир ой муддатда баҳоланишини, пахта тозалаш корхоналари бошқарув органларининг йиғилишларини икки ой муддатда ўтказиш ташаббусини ва Ишчи комиссияга кўриб чиқиш учун тавсия этилган (ушбу қарорнинг 1-банди «б» кичик бандига мувофиқ)  масалалар кун тартибига киритилишини, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари ташкилотчилари билан тегишли шартномалар тузилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади.