Главная / Маданият / Пайғамбаримиз (с.а.в.) фарзандлари

Пайғамбаримиз (с.а.в.) фарзандлари

farzandlarСаййидул мурсалийн жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ўғил, тўрт қиз, жами етти фарзанд кўрдилар. Навбати билан уларнинг исмлари: Қосим, Зайнаб, Руқаййа, Умму Кулсум, Фотима, Абдуллоҳ, Иброҳим. Бу етти фарзанднинг олтитаси Хадичадан, еттинчиси мисрлик Мориядан туғилган. Қуйида ҳар бирлари ҳақида қисқача танишиб чиқамиз:

1. Қосим

      Расули Акрамнинг илк фарзандлари Қосим эди. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кунялари Абул Қосим (Қосимнинг отаси) бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абул Қосим куняси билан чақирилишни хуш кўрар эдилар. Саҳобалар ҳам у кишини шу ном билан чақирар эди. Ибн Саъднинг ривоят қилишича, Қосим икки йил яшаган ва Маккада вафот этган. Расули Акрам фарзандлари ичида илк вафот этгани Қосим бўлди.

2. Зайнаб (601-631)

     Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг катта қизлари, Қосимдан кейин туғилган. Зайнаб туғилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўттиз ёшда эдилар. Маккада дунёга келган Зайнаб ҳижратнинг саккизинчи санаси Мадинада вафот этган. Ўттиз ёшда эди.
Зайнаб олдин холасининг ўғли Абул Осга турмушга чиқди. Абул Ос аввалига мушриклардан ажралмагани учун Бадр ғазотида мусулмонларнинг қўлига асир тушган, қутулгач, Зайнабни Мадинага юборишга сўз берган эди. Раусли Акрам оилаларини келтириш учун Ҳориса ўғли Зайдни юбордилар. Зайнабни Мадинага олиб борган Зайд бўлди. Зайнаб Мадинага кетди, бироқ завжи Абул Ос Маккада қолди.
Абул Ос сариййа асносида яна мусулмонларнинг қўлига тушди. Ва фақат Зайнаб ўртага тушгани учун қўйиб юборилди. Абул Ос иккинчи маротаба асирликдан қутулгач, Маккага кетди. Омонатларини ўз эгаларига берганидан кейин мусулмонликка кирди. Мадинага ҳижрат қилди. Мусулмон бўлгани учун Зайнаб билан никоҳлари янгиланди. Абул Ос Зайнабга яхши муомалада бўларди. Шу сабабдан Расули Акрамнинг таҳсинларига сазовор бўлди. Зайнаб завжи билан такрор топишганидан сўнг кўп яшамади. Вафот этганида, жанозасини Умму Айман билан Савда ювишди. Намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқидилар. Жасадини қабрга Абул Ос қўйди.

3. Руқаййа (604-625)

     Расули Акрамнинг иккинчи қизлари. Туғилганида У Зот ўттиз уч ёшда бўлганлар. Руқаййа отасининг пайғамбарлигидан аввал Абу Лаҳабнинг ўғли Утба билан турмуш қурган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни Исломга даъват этишга бошлагач, Абу Лаҳаб уни чақириб:

– Ўғлим, Муҳаммаднинг қизи билан ажрасан. Йўқса, мен сен билан орани очиқ қиламан, – деди.

Утба отаси Абу Лаҳабнинг сўзига кириб, Руқаййани қўйиб юборди. Шундан сўнг Руқаййа Усмон розийаллоҳу анҳуга турмушга чиқди. Ҳабашистонга ҳижрат қилган илк карвонда Усмон розийаллоҳу анҳу билан завжи Руқаййа ҳам бор эдилар. Руқаййа Бадр ғазоти кунлари хасталанган, шу сабабли Усмон розийаллоҳу анҳу Бадр муҳорабасида бўлолмаган, ҳатто завжасининг бошида қолгани учун узрлилар сафига киритилганди.
Бадр ғазоти зафари ҳақидаги хабарни Ҳориса ўғли Зайд Мадинага етказган куни Руқаййа вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Бадр ғазоти туфайли қизлари Руқаййанинг жанозасида қатнаша олмадилар.

4. Умму Кулсум (631 й. ваф.)

     Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг учинчи қизлари. Руқаййа Абу Лаҳабнинг ўғли Утба билан турмуш қуриб ажрашганини айтдик. Умму Кулсум эса, Абу Лаҳабнинг бошқа ўғли Утайбанинг никоҳида эди. Улар тез орада ажрашиб кетдилар. Бадр ғазоти ва Руқаййанинг вафотидан бир йил кейин – ҳижратнинг учинчи йили Усмон розийаллоҳу анҳуга турмушга чиқди. Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, Ҳафса тул қолгач, Умар розийаллоҳу анҳу Усмон розийаллоҳу анҳуга мурожаат этганида, Усмон розийаллоҳу анҳу тараддуланиб қолади. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга:

– Мен сенга Усмондан, Усмонга эса сендан ҳам яхши бир одам топаман. Қизингни менга бер, мен эса қизимни Усмонга берайин! – деганлар.

    Усмон розийаллоҳу анҳу билан турмуш қурган Умму Кулсум у билан олти йил бирга яшади. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида вафот этди. Жаноза намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилдилар. Али, Фазл ва Усомалар кўмишди. Усмон розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизлари – Руқаййа билан Умму Кулсумга уйлангани учун “Зиннурайн” (“Икки нур соҳиби”) сифатига сазовор бўлган.

5. Фотима (610-633)

     Фотима Расули Акрамнинг энг кичик ва энг суюкли қизлари эди. Илоҳий ваҳий илк келган пайтда Маккада туғилган. Ҳижратнинг иккинчи санаси Али розийаллоҳу анҳуга турмушга чиқди. Турмуш қуришганида Фотима ўн беш, Али йигирма тўрт ёшда эдилар. Расули Акрам қизлари Фотиманинг сепига ётоқ чойшаби, икки тегирмон, бир сув тулуми ҳозирлаганлар. Фотима оталари берган тегирмонлар билан сув тулумини бутун умр ишлатганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али билан Фотиманинг осуда ҳаёт кечиришларини истар, ораларида ихтилоф чиқса, уларни дарров яраштириб қўяр эдилар. Бир куни Али Фотимага қаттиқ муомалада бўлди. Фотима Расулуллоҳга мурожаат этиб, эридан шикоят қилди. Шу пайт Али кириб келди ва у ҳам Фотимадан шикоят қилди. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккаласини ҳам яраштириб қўйдилар. Бир дафъа Али иккинчи бор уйланишга ҳаракатга қилади. Бундан хабар топган Расули Акрам жуда хафа бўладилар. Бир хутбаларида:

– Менинг қизим менинг жигарпорамдир. Қизимни ранжитган ҳар қандай нарса мени ҳам ранжитади! – дедилар.

       Шундан сўнг Али розийаллоҳу анҳу фикридан қайтади ва Фотима ҳаётлигида бошқа бир хотинга уйланмади. Фотима розийаллоҳу анҳу ҳижратнинг ўн биринчи санаси, оталаридан олти ой кейин вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида қизлари Фотима йигирма беш ёшда эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг наслларини давом эттирган Фотима розийаллоҳу анҳу бўлди. Фотима беш фарзанд кўрди. Булар: Ҳасан, Ҳусайн, Муҳсин, Умму Кулсум, Зайнаблар эди. Булардан Муҳсин жуда ёшлигида вафот этган.

6. Абдуллоҳ (607 й. туғ.)

     Ҳижратдан олдин, Хадича билан турмушларининг ўн биринчи санаси Маккада туғилган. Уч ойгина яшади. “Тоҳир” ва “Тоййиб” Абдуллоҳнинг бошқа исмлари эди. Аммо Ибн Исҳоқ уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа икки ўғиллари эди, дейди. Абдуллоҳ вафот этгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғил фарзандлари қолмади. Араблар эса қизни бола ўрнида кўрмас эдилар. Шунинг учун Қурайш мушрикларининг бошлиқларидан Ос ибн Воил шундай деди:

– Муҳаммаднинг тухуми тугади, насли узилди, номи ўчди, энжи дунёдан боласиз ўтади (арабчаси“фаҳува абтар”, насли узилди, оти ўчди), – деди. Шунда Меҳрибон Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига тасалли бериш учун Кавсар сурасини нозил қилди. Унда ва бошқа ояти карималарда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни “насли кесилди” деётганларнинг аслида ортлари кесик экани, улар ўлиб кетишгач, ҳеч ким томонидан тилга олинмасликлари. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни эса, Қиёматга қадар зикрлари юқори ва мартабалари улуғ экани, Қиёматда ҳам олий даражаларга дохил бўлишлари айтиб ўтиб, у кишига башорат берилди.

7. Иброҳим (630-631)

      Расули Акрамнинг энг кенжа фарзандлари ва энг кичик ўғиллари. Ҳижратнинг саккизинчи санасида Мадинада туғилган. Ибн Исҳоқнинг хабар беришича, Расули Акрамнинг Иброҳимдан бошқа барча болалари пайғамбарликдан олдин туғилган. Иброҳим мисрлик Мориядан дунёга келган бўлиб, Оиша розийаллоҳу анҳунинг ривоятига кўра, ўн етти ёки ўн саккиз ойлигида вафот этган. Расули Акрам Иброҳимнинг туғилганидан жуда хурсанд бўлдилар, еттинчи куни бир зиёфат бердилар, фақирларга садақалар тарқатдилар, ўғилларига Иброҳималайҳис саломнинг исмини қўйдилар. Расули Акрамнинг Хадичадан туғилган ўғил фарзандлари ёшлик чоғларида вафот этиб кетишган, бошқа завжаларидан эса, фарзанд бўлмаганди.
Абу Рофиънинг завжаси Салмо янги туғилган Иброҳимга сут оналик қилди. Имом Бухорий Иброҳимни Умму Сайф эмиздирганлигини айтади. Расули Акрам сут онанинг уйига борар, Иброҳимни кўрар, бошини силар, ўпар эдилар. Иброҳим Умму Сайфнинг уйида ўлди. Пайғамбаримиз ўғилларининг хасталанганлигини эшитгач, Абдураҳмон ибн Авф билан бирга уни кўргани келдилар. Иброҳимнинг ўлим панжасида тўлғанаётганини кўриб, чидаёлмадилар, йиғладилар. Шунда Абдураҳмон:

– Эй Расулуллоҳ! Нима қилаяпсиз? – деганида, Расули Акрам:

– Шафқат туйғуларим ғалаёнга келди! – деб жавоб бердилар.

     Расули Акрам ўғилларининг жаноза намозини ўқидилар. Фазл ибн Аббос, Усома ибн Зайд, Усмон ибн Мазъун Иброҳимни қабрга қўйишди. Иброҳим Бақиъ қабристонига кўмилди. Иброҳим ўлганида қуёш тутилган эди. Одамлар:

– Қуёш Иброҳимнинг ўлими туфайли тутилди, – дейишди. Шунда Расули Акрам:

– Қуёш билан Ой Аллоҳнинг оятларидандир. Бир кишининг ўлими туфайли тутилмайди! – деб хитоб қилдилар ва мусулмонларни бундай ботил эътиқоддан қайтардилар.

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …