Тошкент–Бишкек йўналиши бўйлаб кетаётган автобус Қозоғистонда ЙТҲга учради.
27 август куни соат 07:18 да Тошкент–Бишкек йўналишида ҳаракатланаётган давлат рақам белгиси 01 313 VFА бўлган автобус Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Шакпак қишлоғи яқинидаги чорраҳада ҳайдовчининг бошқарувни йўқотиши натижасида транспорт воситаси йўл четига чиқиб кетган.
Мазкур автобус 26 август куни соат 22:00 да «Тошкент» автовокзалидан икки нафар ҳайдовчи ва 47 нафар йўловчи билан йўлга чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 12 киши турли даражада тан жароҳати олган.
2018 йилда ишлаб чиқарилган «YUTONG BUS ZK6122H9» (Хитой) русумли автобус охирги мартта 2022 йил 17 мартда Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ РИБда техник кўрикдан ўтган бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан «Мироншоҳ Гранд Транс» МЧЖ раҳбарияти ва корхонада ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар билан ваколатли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.