Главные новости
Главная / Маданият / ОЯТЛАР САБАБСИЗ НОЗИЛ БЎЛМАГАН
<

ОЯТЛАР САБАБСИЗ НОЗИЛ БЎЛМАГАН

koran2Улумул Қуръон (тарж. “Қуръон илмлари”, замонавий номланиши “Қуръоншунослик”) фани Қуръон ва унинг тафсири каби йирик илмий йўналишда ўта муҳим соҳасидир. Зеро, Қуръон ислом динининг асл манбаси ва қонунчилик асослари ҳисобланади.
Улумул Қуръон қатор илмий омиллардан иборат (Макка ва Мадинада нозил бўлган оятлар, муҳкам ва муташобеҳ, аввал ва охирида нозил бўган оятлар ва ҳ.к.) бўлиб, оятларнинг нозил бўлишига (тушишига)сабаб, яъни “сабабун нузул” омили алоҳида аҳамият касб этади.
Маълумки, Қуръони карим Исломнинг илк йилларида Муҳаммад (алайҳис салом)нинг пайғамбарлик давриларида 23 йил давомида оят-оят бўлиб нозил қилинган. Бу муҳим жараённинг бир неча йил давомида давом этишида қатор сабаблар бўлган.
Биринчидан, янги пайдо бўлаётган ислом жамоаси ўзларининг турмуш тарзлари, минг йиллик урф ва одатлари бир зумда ўзгартириш ниҳоятда мураккаб бўлар эди. Буни ҳар бир инсон ўзининг шахсий ҳаётида билиши мумкин. Оддийгина мисол, бир маҳалладан бошқа маҳаллага кўчиб ўтишни олиб қарайлик. Ўша шаҳар, ўша минтақа, бироқ маҳалла бошқа. Бу жисмоний ўзгариш бўлса, маънавий ўзгариш жараёни бунданда оғир ва мураккаброқ кечиши табиий.

Қуръони каримда:

لَوْ أَنزَلْنَا هَذَا الْقُرْآنَ عَلَى جَبَلٍ لَّرَأَيْتَهُ خَاشِعًا مُّتَصَدِّعًا مِّنْ خَشْيَةِ اللَّهِ

Яъни: “Агар биз бу Қуръонни тоғга нозил қилганимизда, уни Аллоҳдан бўлган қўрқуви туфайли чил парчин бўлганини кўрган бўлардинг…”, деб айтилади (Ҳашр,21). Демак, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилар экан, аввало инсон табиати, унинг имконларини инобатга олган.
Иккинчидан, Қуръон бутунлигича ерга туширилди дейлик. Уни ҳаётга тадбиқ этиш, унга қараб тарбияланиш, мосланиш жараёни анча мураккаб кечарди. Тарбия тажрибасидан маълумки, туғилган болага то вояга етгунига қадар йиллар давомида тарбия берилади. Яхши ва ёмонни ажрата биладиган пайтига келганида ҳам уни ўз ҳолига қўйиш мумкин эмас. Зеро, унинг ўшапайтда ҳаётий тажрибаси бўлмайди.
Қуръон нозил бўлишидан бошлаб, исломни қабул қилган янги жамоа мисли гўдак, хеч нарса билмайдиган, худди юришни энди ўрганаётган ёш бола сингари ҳаётни янгиттан ўргандилар. Уларни то динда мустаҳкам эътиқодли бўлишлари учун Қуръон бир неча йиллар давомида нозил қилинди.
Учинчидан,юқорида айтилган тарбиявий жараён, ҳаётда турли ҳолатларга нисбатан муносабат билдира олиш учун аниқ тушунчага эга бўлиш керак. Воқеа ва ҳодисаларга нисбатан қай пайт қандай фикр билдирилса тўғри бўлишининг илмини ҳосил қилиш керак эди. Шу сабабли оятлар муайян вақт ва воқеа асосида, ёки саволга жавоб сифатида, ёки бирор муаммонинг ечими кўринишидаги муайян ҳукм баёни маъносида алоҳида туширилган. Масалан, янги мусулмон жамоа “руҳ” ҳақида янги билим ва кўникмаларини маълум воқеадан сўнг билиб олганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда, Абдуллоҳ ибн Масъуд (разиаллоҳу анҳу) айтганлар: “Бир куни мен Набий (алайҳис салом) билан Мадина кўчаларидан бирида кетаётганимда, у киши таёққа таянган эдилар. Шундай қилиб, у зот бир гуруҳ яҳудийлар орасидан ўтаётганларида, уларнинг баъзилари: “Бизга руҳ ҳақида сўзлаб бер”, дедилар. У зот бир муддат бошларини кўтариб турдилар, ваҳий тушаётгани билинди. Сўнг у киши:

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّن الْعِلْمِ إِلاَّ قَلِيلاً

Яъни: “(Улар) сендан руҳ ҳақида сўрашяпти. Айт: “Руҳ Раббимнинг ишларидандир, сизларга (бу ҳақида) ниҳоятда оз илм берилгандир”, деб, оят билан жавоб бердилар (Исро,85). Мана шу воқеа сабабли мусулмон жамоаси ислом нуқтаи назаридан “руҳ” ҳақида муайян билимга эга бўлдилар. Бу каби тушунчага эга бўлишларига эса Муҳаммад (алайҳис салом) яҳудийлар жамоаси ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб сабаб бўлди. Ёки Имом Ҳоким ва Термизийлар ривоят қилган ҳадисда, Ойша онамиз айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умму Мактум (разиаллоҳу анҳу), у кишининг кўзи ожиз эди, (Пайғамбар алайҳи салом ҳузурларига) келиб: “Ё, Расулуллоҳ менга тўғри йўлга (имон йўлига) йўлланг”, деб сўради. Набий (алайҳи салом)нинг ҳузурларида эса зодагон мушриклар жамоаси бор эди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳи салом) у кишидан юзларини ўгириб, улар билан овора бўлиб қолдилар. Шунда:

عَبَسَ وَتَوَلَّى (1) أَن جَاءَهُ الأَعْمَى (2) وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى (3) أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ الذِّكْرَى

Яъни: “Юзини буриштириб ва ўгириб олди. У(нинг олди)га кўзи ожиз келганда. Сенга маълум эмасди, балким у пок бўлган. Ёки кўрсатадиган тўғри йўл унга фойдали бўлармиди”, деган Муҳаммад а.с.нинг шахсиятларига нисбатан тарбия маъносидаги оят нозил қилинди (Абаса, 1-3).
Шунинг сингари, Қуръон оятлари маълум саволларга жавоб тариқасида, муаммонинг ечими ёки бирор ҳукмнинг баёни бўлиб ерга нозил қилинди. Сабабун нузул Қуръоннинг тафсири, оятлар ва уларнинг аҳкомларини тушуниш билан боғлиқлиги туфайли ниҳоятда муҳим фандир.
Бундан ташқари, Усулул фиқҳнинг баъзи масалалари ҳам ушбу фанга таяниб баён этилган ёки ундан хулоса қилиб чиқарилган. Усулчилар бунинг мисоли сифатида сабабнинг хослиги ва лафзнинг умумийлигини келтиришади. Имом Воҳидий ўзининг “Асбабун нузул” китобида: “Сабабун нузул биринчи ўрганилиши лозим бўлган, эътиборга молик, уни ўрганмай тафсир қилиш ва маъносини англаш имкони бўлмаган моддадир”, деган. Имом Дақиқ Ийд эса: “Сабабун нузул Қуръон маъноларини англашда кучли (муҳим) асосдир”, деб айтган. Мисол учун, баъзи оятларда айтилган аҳкомни тушинишда ўқилаётган оятнинг ўзи етарли бўлмайди. Ҳатто ўша оятни тадбиқ этишда хатоликка йўл қўйилиши ҳам мумкин.
Сабабун нузул, шунингдек, оятларнинг орасидаги боғлиқлигини ҳам аниқлаштиришидан иборат. Баъзи оятлардан кетидан келаётган бшқа оятлар маъноларининг таржимаси ўқилганида орасида маъно жиҳатидан фарқ, боғлиқсизлик йўқдек, изчиллик узилгандек туюлади.
Албатта, баъзи ҳолатда, сабабун нузул, мантиқ каби моддалардан бехабар қолинганда оятлар орасидаги изчиллик сезилмай қолади. Аслида эса, Қуръондаги барча оятлар, маъно жиҳатдан ўзаро муносабат сақланган ҳолатда яхлит сураларга жамланган.
Сабабун нузулни ўрганиш учун Қуръони каримни ўқиш билан кифояланиш мумкин эмас. Оятлар маъноларининг таржималарини, яъни тафсир китобларини ҳам ўқиш лозим. Зеро, аксар тафсир китобларида оят маънолари ҳамда ўша оятларнинг нзил бўлишига сабаб бўлган воқеалар ҳам келтирилади. Шунингдек, тафсир китобларидан ташқари Сабабун нузул моддасига бағишлаб алоҳида ёзилган китобларни ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Шовкат ҲАМДАМОВ

Дин ишлари бўйича қўмита етакчи мутахассиси

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ona

Она ҳақида шер (ӯзбекча шеърлар)

Шоир Алишер Навойи Она ҳақида шеъри Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи …