Главные новости
Главная / Маданият / Қотилга айланманг. Карантинга кетсангиз картошкаларингиз ҳам керак бўлмайди
<

Қотилга айланманг. Карантинга кетсангиз картошкаларингиз ҳам керак бўлмайди

Биргина мавзу бутун дунёдаги энг муҳим жараёнларни ҳам, муаммоларни ҳам четга сурди – коронавирус. Бутун дунё шу ҳақида гапираётган бир паллада, мавзуга сал батафсилроқ киришдан олдин бир ҳолатга эътибор қаратиш керак.

1918 йилда «Испанка гриппи» деб аталувчи вирус бутун дунёни чулғаб, ўн миллионлаб инсонни ҳаётдан олиб кетган. Қаердадир ўқидим: айни кунларда бундай оғриқли оқибатларнинг олдини олишда замонамизнинг бош ютуғи — интернетнинг кашф этилгани катта ўрин тутмоқда. Яъни, давлатлар ўртасидаги мулоқот, маълумот алмашишнинг тезлиги вазиятга аниқроқ, эртароқ баҳо бериш имконини бермоқда.

Демак, коронавирусга қарши бугунги жангда ахборотнинг аниқлиги, тезлиги, фойдалилиги катта аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон аҳолиси қайсидир маънода онлайн ва оффлайн инсонларга бўлиниб қолгандек. Ижтимоий тармоқларга кирсангиз, ҳамма вазиятни тушунган, кўпчилик уйда ўтирибди, оилавий карантин жорий қилган, имкон қадар бошқаларни ҳам шунга чақирмоқда.

Кўчага чиқсангиз — ҳамма ўз ҳолича, деярли ҳамма, камида Телеграм тармоғига уланган бўлса-да, ахборотлар турлича, аниқ манбалар ҳақида маълумотлар кам. Натижада, миш-мишлар кўпайди, «бозорлар ёпилармиш», каби асоссиз хабарлар оқибатида, кўп жойларда хаоснинг иккинчи тўлқини кузатилди.

Шу нуқтайи назардан, кўпчилик телевидениега боғлиқ экани, у ерда берилаётган ахборотларга кўпроқ ишонишини эътиборга олиб, бу мавзу кенгроқ ёритилишини истардим.

Ҳа, одамларни (айниқса, аёлларни) уйда ўтиришга қизиқтириш учун қўлдан келгунча ҳаракат қиляпсизлар, чала қолган, ҳаттоки тақиқланган турк сериалларини ҳам аста-секин қайтаряпсизлар, лекин ушбу вазиятда телеканалларнинг ижтимоий масъулияти бу билан чекланмаслиги керак.

Коронавирус хавфи, карантин фойдалари, бу мавзудаги тўғри тушунтиришлар, хабарлар, тарғиботлар айниқса, телевидениеда, хусусан хусусий телеканалларда ҳам кўпайиши керак, назаримда.

Коронавирус нима учун хавфли?

Аслини олганда, вируснинг ўзи у қадар қўрқинчли эмас, оғирлик даражаси, ўлим эҳтимоли юзасидан бир қатор оддий, биз билган ва биз қўрқмайдиган касалликлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Аммо бутун дунёни мана шундай вазиятга келтириб қўйган омил — коронавируснинг осон юқувчи экани, ҳамда касалликнинг дастлабки босқичларининг яширин ўтишидир. Яъни, сиз мулоқот қилаётган инсоннинг касал эканини билмайсиз, ҳатто унинг ўзи ҳам буни билмаётган бўлиши мумкин.

Коронавирус шунчаки бир инсон билан яқиндан туриб суҳбатлашганда, қўл бериб сўрашганда ва ҳатто у қўли билан ушлаган темир, пул, эшик тутқичи, умуман, ҳар қандай турдаги буюмларни билмаган ҳолда ушлаш орқали ҳам юқиши мумкин. Яъни, бир ўзингиз кўчага чиқиб, оддий темир устунга суяниб ёки магазин эшигини очиб ҳам, вирус юқтириб олишингиз мумкин.

Айнан мана шунинг учун юқтиришлар сонининг геометрик прогрессия билан ўсиб бориши кузатилмоқда. Бундай суръатда ўсиб борувчи ҳар қандай касаллик ҳам, ҳар қандай кучли давлатнинг имкониятларини чеклаб қўйиши турган гап.

Бинобарин, биз шу пайтгача ҳавас қилиб келган ва молиявий томондан бақувват ҳисобланган АҚШ, Италия, Испания, Франция, Германия ва Швейцария каби мамлакатларки, бу вирус билан курашда катта қийинчиликларга дуч келишмоқда экан, биз каби медицина ва ижтимоий таъминот даражаси етакчи бўлмаган давлатларда коронавирус билан курашиш янада қийинлашиб кетади.

Шунинг учун ҳам, энг аввало, вазиятни назоратдан чиқармасликка уриниш бугунги ҳолатда энг тўғри қарордир.

Аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини чеклаш, имкон қадар уйдан чиқмасликларини таъминлаш, гўёки, уларнинг эркинлигини бўғишдек кўринса-да, бугунги кунда вирус билан курашишда энг самарали йўл сифатида баҳоланяпти ва ҳатто энг демократик давлатлар ҳам бу усулга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.

Карантин нима учун керак?

Хўш, коронавирус билан курашда карантиннинг ўрни нечоғлик муҳим? Эътибор берсангиз, нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам коронавирус вакцинаси, уни даволовчи дорилар, жараёнлардан ҳам кўра, мулоқотни чеклаш, уйда ўтиришга бўлган чақириқлар кўпроқ — мамлакатлар асосий моддий ва тарғибот кучини айнан карантинни амалга оширишга қаратишмоқда. Демак, вирус билан курашишда энг муҳим қурол ва восита — карантин, яъни, касалликнинг бошқа одамларга юқишини чеклаш ва камайтиришдан иборатдир.

Масалан, бугунга келиб, Ўзбекистонда вирусни юқтириб олганлар сони 145 кишига етди. Улардан икки нафари вафот этди. Етти киши тузалди. Демак, ҳозирда 136 инсон коронавирус инфекциясидан даволанмоқда. Шунингдек, улар билан мулоқот қилган инсонлар ва чет элдан келган минглаб юртдошларимиз шубҳа остида карантинда сақланмоқда. Уларнинг сони бир неча ўн мингни ташкил қиляпти, тўғрими?

Агар муаммо фақат касалларни тузатиш бўлганда, ушбу 140 киши, шунингдек, шубҳа остидаги ва балки вирус юқтириб олган бир неча юз киши жаҳон стандартлари асосида даволанишади, маълум вақт ўтгач, уйларига кетишади — бўлди. Бизнинг нима алоқамиз бор, дерсиз.

Гап шундаки, карантинга олинганлар вирус юқтириб олиши мумкин бўлганларнинг ҳаммаси эмас. Юқорида айтганимиздек, вирус юқтириб олишнинг йўллари кўп ва бу йўлларнинг ҳаммасини назоратга олиш иложcиз. Чунки вируснинг инкубация даври 14 кунгача чўзилади. Касаллик аломатлари мана шу муддат ичида намоён бўлади.

Вирус аниқланган шахснинг оила аъзолари ёки маълум даврда мулоқотда бўлган танишлари карантинга олингани билан, бошқа йўллар билан ҳам билмаган ҳолда улардан вирусни қабул қилиб олган инсонлар борлиги аниқ.

Қисқа қилиб айтганда, ҳозир ташқарида ҳам ўзи вирус ташувчи эканлигини билмайдиган одамлар бор. Уларнинг бошқаларга ҳам юқтириб юрган бўлишлари эҳтимоли юқори. Карантиннинг вазифаси айнан шу – ўша вируслар ҳаракатини имкон қадар чеклаш.

Тасаввур қилинг: ҳамма уйда ўтирибди. Ташқи мулоқот ҳар қандай шаклда мавжуд эмас. Шунда, маълум вақт ўтиб, ўша коронавирус юқтирган одамлар ошкор бўлади. Касалликнинг яширин даври ўтиб, кимда вирус бўлса, аломатлар чиқа бошлайди. У уйига «тез ёрдам» чақиради, коронавирусга тест топширилади, агар вирус аниқланса, уни даволаш учун олиб кетишади.

Карантиннинг фойдаси шундаки, ундан «кимлар билан кўришдинг, қаерларга бординг?» деб сўнгги кунлардаги ҳаракатлари сўраб ўтирилмайди, чунки у уйда ўтирган. Фақат оила аъзоларига юқтирган бўлиши мумкин, уларни ҳам текшириб, керакли ишларни амалга ошириш осон. Яъни, бир инсондан вирус юқтириши мумкин бўлган потенциал номзодлар – қўшни, гапжўра, меҳмонга келган қариндош, бозордаги сотувчи, офисдаги ҳамкасб, таксичи, автобусдаги йўловчи, тўйхонадаги таниш, бемор ушлаган темирни ушлаган нотаниш, умуман назорат қилиб бўлмайдиган даражада кўп бўлган юзлаб инсонлар гуруҳи эмас, фақат оила аъзолари қолади, холос.

Албатта, реал ҳаётда ҳаммани уйга қамашнинг иложи йўқ. Кўпчиликнинг бемалол уйда ўтиришларини таъминлаш учун ҳам баъзи касб эгалари кўчага чиқишга, ўзаро мулоқот қилишга мажбур. Шунчаки математик ҳисоб билан ҳам, имкон қадар кўпчиликнинг карантинга амал қилиши коронавирус юқтирадиганларнинг бир неча баробар камайтиришини англаш қийин эмас.

Қирқ йил қирғин келса ҳам…

Сўнгги пайтларда энг кўп эшитаётганимиз ибора — «қирқ йил қирғин келса ҳам, ажали етган ўлади».

Ўтмиш саркардаларидан бири жангга кириш олдидан, лашкарни шу қадар тайёрлаб, ҳар бир майда деталларгача эътибор берарканки, буни кўрганлар «нима, бу одам Аллоҳнинг мададига, барчаси унга боғлиқлигига ишонмайдими?» деб ўйлаб қоларкан. Тайёргарликдан сўнг, Аллоҳга юзланиб дуо қиларкан. Уни эшитганлар «нима, бу одамнинг қўшини жангга мутлақо қуролсиз, дарахт баргларини ушлаб, кириб кетяптими?», деб ўйлар экан.

Яъни, ҳар қандай оқибатни кутишдан олдин, сабабиятларни ҳам қилиб қўйиш ҳар кимнинг, ҳар қандай эътиқоддаги кишининг бурчидир.

Бундан ташқари, сиз балки, вирусдан қўрқмассиз, статистикага кўра, иммунитети кучли, асосан ёшларда бу касаллик енгил ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни ўқигандирсиз. Лекин шу билан бирга, вирус ташувчи бўлиб қолишингиз мумкинлигини унутманг. Сизга ҳеч нарса қилмайди, лекин уйингиздаги болангизга, энг ёмони, кекса ота-онангиз ёки қариндошингизга юқтириб қўйишингиз мумкин.

Маълумки, вирус ёши улуғ, сурункали касаллиги бор одамларда анча оғир кечади ва ўлим ҳолатларининг кўпи айнан мана шундай инсонларда кузатилмоқда. Масалан, Италияда ўлимларнинг нисбатан кўп эканининг изоҳларидан бири сифатида, у ерда кексалар анъанавий тарзда ёшлар, фарзандлари билан бирга яшаши ҳам айтилди. Бизда ҳам шундай-ку?

Қизиқ ҳолат — тўйлар 23 мартдан бошлаб ўтказилмайди, дейилди. 22 март куни ҳамма тўй қилди. Бир тўйхона бир кунда 6–7талаб тўй ўтказишганини ҳам эшитдим.

«Озиқ-овқат бозорлари беркилади», деган миш-миш (нотўғри) тарқалди, ҳамма бозорга чопди…

Бир ойлик картошка ғамлаш учун минг одамнинг ичига туртиниб-суриниб кириб чиқсангиз-у, худо кўрсатмасин, вирус юқтириб (чунки ўзингиз бу эҳтимолни минг баробар оширяпсиз) олсангиз, сиз ҳам, оилангиз ҳам, карантинга олинасиз. У ерда бу картошкаларингиз керак бўлмайди. Касалхонанинг овқатларини ва дориларини истеъмол қиласиз, шуни тушунинг.

Фалон кундан бошлаб, бир жойга тўпланиш тақиқланади, дейилганда, «шу санадан олдин мумкин, хавфсиз», деган маънони англатмайди. Яъни, 23 мартдан чеклов қўйилса, биз вирус айнан 23 март куни келаркан, 22 март куни хавф йўқ, демаслигимиз лозим. Ахир ўша тақиқлар ҳам вирусдан чўчиб жорий қилиняпти, нега энди вирусданмас, тақиқдан қўрқишимиз керак?

Ўйлаб кўринг, «менга вирус юқмайди» ёки «мени вирус ўлдирмайди» деб, эртага пиёда бозор қилишдан қўрқиб, машинангизга тўртинчи қоп картошкани юклаш учун магазин эшигини очасиз, орқангиздан эса, пенсиясига егулик олгани бир ўзи келишга мажбур бўлган қария киради. Сиз, ёш, бақувват, иммунитети кучли, бой инсон ўзингиз билмаган ҳолда, кекса, ночор, сурункали касаллиги бор, камбағал чолнинг қотилига айланиб қолишингиз мумкин!

Телевизорда, сайтларда ёки Телеграм каналларида чиқаётган хабарларга эътибор беринг.

Франциядан келган аёл… Умрадан келиб, 120 кишига ош берган ҳожи… Наманганда вафот этган онахон. У Истанбулдан келган қизидан юқтирган. Лондондан келиб, коронавирус аниқланган одамнинг оиласи… Вафот этган 39 ёшли бемор Франциядан келган ҳалиги опадан юқтириб олган.

Фарғонада яна бир бемор аниқланибди, у ҳалиги 120 кишилик маросимда қатнашган экан. Карантиндан қочиб кетган аёл бор-ку, у фалон куни Истанбулдан келган дўстидан коронавирус юқтириб олган экан. Дубайдан келган бемор эса, икки шериги билан машина бозорга чиққан экан. Шерикларини ҳам карантинга олишган…

Таниш гаплар, тўғрими? Уйда, кўчада, ижтимоий тармоқларда мавзу бўлаётган бу қаҳрамонлар бизга танишдек, қачон, ким, нечанчи бўлгани, кимдан юқтирганини ҳам биламиз, таъқиб қиламиз. Улар бизнинг қариндошимиз ёки танишимиз эмас, лекин муҳокама қиляпмиз.

Биласизми, бу ҳам бир неъмат. Ҳозирча. Испания, Италия каби мамлакатларни, нари борса, ана Туркияни кўринг. Бунақа гаплар ортда қолган. У ерларда коронавирусга чалинган, ундан ўлаётганлар ким, нима, қаердан, қандай, йўқ, шунчаки, рақамга айланишган. Тасаввур қилинг, ҳар бири инсон, кимнингдир жон яқини бўлган, кимларнингдир ҳаётини буткул ўзгартириб юбораётган ўлимлар оддий рақамларга айланган. Бир кун фалон минг, иккинчи кун фалон минг ва ҳоказо.

Зарур ишлар, қуруқ қолинаётган даромадлар, ҳа майли, эртага егуликдан муаммо бўлиш хавфи ўша даҳшатлар олдида ҳеч нарса эмас. Шунинг учун ҳам, вазиятдан камроқ талафотлар билан чиқишимизни истасангиз, одамлар билан камроқ мулоқот қилинг. Уйда ўтиринг.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

viri

Муносабат: Ҳукумат мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак

Коронавирус пандемияси хавфи ортиб бориши билан қатор давлатларда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ўзбекистон ҳукумати махсус …