Главные новости
Главная / Жамият / «Ота-бобомиз шу сувдан ичиб келган». Янгиқўрғон ҳокимлиги мутасаддиси минглаб одамлар ариқдан сув ичишига хотиржам қарайдими?
<

«Ота-бобомиз шу сувдан ичиб келган». Янгиқўрғон ҳокимлиги мутасаддиси минглаб одамлар ариқдан сув ичишига хотиржам қарайдими?

Водийдаги энг сўлим, ҳавоси тоза, табиати бетакрор масканлардан бири Наманган вилоятида жойлашган. Бу – Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғидир. Катта қишлоқ. Унда 13 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди.

Эътиборлиси, Нанайда ҳаво ҳарорати йилнинг тўрт фасли давомида водийнинг бошқа жойларидагидан 10 даража паст юради. Ёзи доим ғир-ғир шаббода, қиши доим қорли бўлган тоғ қишлоғи. Бир вақтлар нафақат қўшни республикалардан, балки узоқ юртлардан ҳам одамлар Нанайга дам олгани, соғлигини тиклагани келишган. Туризм гуллаб-яшнаган.

Бироқ бугунги Нанайда камчиликлар жуда кўп. Муаммолар бисёр бўлган жойда туризмни ривожлантириш ҳақида ўйлаб ҳам бўлмайди.

Мурожаат ортидан Наманганнинг чекка қишлоғи томон йўл олдик. Водийнинг бошқа ҳудудларида яшовчи одамлар «ғарчиллаган» қорни кўрмаганига бир неча йил бўлди. Нанайда эса ҳаммаёқ оппоқ қорга бурканган эди.

«Ҳалиям ариқдан сув ичамиз. Ичимлик суви тизими иншоотлари йўқ бўлиб кетди»

Нанайда бўлиб, минглаб аҳолининг оғриқли муаммоси бўйича қишлоқ одамлари, нуронийлар билан суҳбатлашдик. Улар тузалмас дардга айланиб кетаётган ичимлик суви муаммоси ҳақида гапириб беришди.

«Сизга Нанай қишлоғи тоза ичимлик суви билан таъминланмаётгани ҳақидаги муаммолар билан мурожаат қилдик. Бир неча йилдан бери туман ва вилоят ҳокимлари, прокурорларига, ички ишлар тизими мутасаддиларига арз қилиб келяпмиз.

Қишлоқдаги мавжуд сув тортиш насослари йўқ бўлиб кетган. Иншоотлар атрофидаги майдонлари дача сифатида қарор чиқариб, бериб юборилди.

Ҳудудимизда тўртта мактаб, тўртта боғча, поликлиника ва шифохона бор. Улар ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Ариқда оқаётган сувни тортиб ичишади. Нанайга шаҳарча мақоми берилган. Лекин қишлоғимизда на канализация бор, на ичимлик суви. Мана шу Қирғизистондан оқиб келаётган сув баҳор ва ёз ойларида лойқа ҳолда оқиб келади.

Уни ичиш учун аввал бир неча кунлаб тиндиришга мажбурмиз. Одамларга қувур орқали берилаётган сув ҳам тепадаги ҳовуздан берилаётган ариқ суви. Фильтрланмаган, ичида турли нарсалар оқиб келаётган ифлос сув. Қандай сув ичаётганимизни ўзимиз биламиз, лекин иложи йўқ, ичамиз. Бошқа нима ҳам қилардик. Қишлоқда шу ариқдаги сувдан бўлак санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган тоза сувнинг ўзи йўқ.

Қишлоғимизнинг табиати гўзал. Курорт жойлар. Одамлар ёзда саёҳатга келишади мана шу сойда чўмилишади. Қишда қордан завқлангани келишади. Табиати ва ҳавоси ўзгача бўлгани учун узоқ йиллар Нанайни тоза сув билан таъминлаган «насос»лар ўрнидаги майдонлар дала ҳовли сифатида хусусийлаштирилиб олинди. Мутасаддилар ўн минглаб аҳоли сув билан таъминланиши бўйича қачон ўйланишади, ҳайронмиз», дейди Баёзбек Шарипов.

Мутасадди идораларга ҳудуддаги ичимлик суви муаммоси ва ҳовузлар атрофидаги мавжуд ерлар дала ҳовлилар учун бериб юборилгани бўйича ёзилган аризаларни «Янгиқўрғон қишлоқ ичимлик сув» унитар корхонаси ўрганган. Ташкилот йўқолиб кетган ҳовузлар ўрнига янги иншоотлар қурилиши учун ноқонуний берилган ерлар масаласи 2019 йил охиригача бартараф қилиниши бўйича жавоб хати ҳам берган.

2019 йилнинг августида Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги томонидан юборилган ахборотда ҳам «Сой бўйи» МФЙдаги иккита тик қудуқ ва 600 м3 ҳажмдаги сув сақлаш иншооти (резервуар) бўйича лойиҳа тайёрлангани ва ишлар 2019 йилнинг 3-чорагида амалга оширилиши режалаштирилгани айтилади.

Айни пайтда Нанайдаги бешта маҳалла – «Қайроқи», «Намуна», «Сой бўйи», «Зарбдор» ва «Дўстлик» маҳаллаларида ичимлик суви муаммоси жуда долзарб.

«Ичимлик суви тизими эгасиз бўлиб қолди. Аҳоли ариқлардаги сувни ичиб, ишлатяпти. Кўп марта катталарга мурожаат қилдик. Биров қулоқ солмади. Аризаларимиз деярли ижросиз қолди. Очиқ ҳавзада оқиб келган сувдан фойдаланиш турли юқумли касалликларни кўпайтиради», дейди Зуҳриддин Абдувалиев.

Қишлоқнинг юқори қисмидаги ариқдан келаётган сувни сақлаб узатиш учун бир вақтлар бунёд этилган ҳовузни бориб кўрдик. Ташландиқ ҳовуз ичига лойқа ўтириб тўлиб бўлган. Ҳовузни тозалашнинг иложи йўқ. Атрофидаги ерлар дала ҳовли қуриш учун бериб юборилган.

Қишлоқ аҳолиси рўзғорда фойдаланаётган ариқнинг бошланиш жойини ҳам кўрдик. Чиқинди тўла ариқдан ичиш ва ишлатиш учун яроқли бўлмаган сув оқиб келмоқда.

«Энди Президентимизнинг олдига боришимиз қолди, холос…»

Нанайдаги шифохонада ҳам ҳолат ачинарли эди.

«Намуна» МФЙда жойлашган тиббий муассасада ишлатиладиган сув ариқдан «насос» орқали сув минорасига тортилиб сўнг тарқатилади. Тоза ичимлик суви йўқ. Ходимлар бошлиқларидан ҳайиқишди чоғи, интервью беришдан қочишди.

Ўзбекистон ва Янги маҳалла кўчаларида ариқдан ичишга яроқсиз сувни ташиб ичаётган одамлар билан суҳбатлашдик.

Ариқдан сув ташиётган Раҳимжон Маннонов неча йилдан бери маҳалла аҳли ичиш ва рўзғор учун сувни мана шу очиқ ҳавзадан олишини таъкидлади.

«Каналда сув кўпайганда баъзида тиндирилган сув келиб қолади. Ёз, баҳор ойлари лойқа, ифлос сувни истеъмол қилиб яшаяпмиз. Ичимлик суви тизими анча вақтдан бери йўқ», дейди у.

Қишлоқ улуғларидан бўлган Бекмирза ҳожи ота Абдураззоқов туман ҳокимига қайта-қайта мурожаатлардан наф бўлмаганини таъкидлади.

«Нанай қишлоғининг энг катта муаммоси – ичимлик, яъни тоза сув таъминоти масаласидир. Аҳоли турли чиқиндилар тушиб ётган очиқ сувни ичиб, яшаб юрибди. Туман ҳокими ҳудудимизга неча марта келган бўлса, ҳар сафар дардимизни айтамиз. Ўн марта келган бўлса, ўн марта айтгандирмиз. Фойдаси йўқ. Ўн беш йилдан бери шу аҳвол. Бир вақтлар зўр ишлаган сув тизими, ускуналар электрдаги узилишлар бошланганидан сўнг насос куйиб қолди. Тузатиб келамиз», деган важлар билан секин-секин йўқ бўлиб кетди. Майдонлари дала ҳовли қилиб бериб юборилди.

Ичимлик суви муаммоси бўйича туман ҳокимига, вилоят ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдик. Натижа йўқ. Энди Президентимизга боришимиз қолди холос.

Маҳалланинг йўллари ҳам жуда ёмон. Туман ҳокими жуда кўп келади. Айтамиз. Ҳеч бўлмаса шағаллаб бермайди. Кейинги сафар яна уялмай келаверади», дейди у.

Ваҳобжоннинг стадиони

«Намуна» МФЙда яшовчи Ваҳобжон Исмонбоев маҳалла аҳли ёрдами билан ташландиқ жойда стадион ташкил қилибди. Стадион атрофига панжара қилиш, турли спорт анжомлари учун Ваҳобжон ўз маблағидан 7 миллион сўмдан зиёд пул сарфлаганини айтди. Лекин, шуғулланиш бепул экан.

«Атрофдаги ёшлар ёз ойлари бу жойда футбол, теннис ўйнашади. Қишда бошқа шуғулланадиган жой йўқ. Ёғинли кунлар учун навес қурдик. Бироқ устини ёпишга маблағ етмади. Қишлоқ гузарида реконструкция қилинаётган маданият марказининг эски шиферларини сўрадим, беришмади. Туман ҳокимлигига ҳам стадионни ривожлантириш учун кўмак сўраб мурожаат қилганман. Қоғозда ёрдам берилишини ёзиб жўнатишибди. Амалда эса йўқ», дейди Ваҳобжон.

Маҳалла ёшлари учун ташаббус билан чиққан Ваҳобжон кўмакка муҳтож.

Янгиқўрғон тумани мутасаддилари Нанай муаммоларидан хабардорми?

Туман ҳокимлигида ҳоким ўринбосари Нодирбек Қосимхоновга учрадик. Мутасадди мазкур масалада «Янгиқўрғон қишлоқ ичимлик сув» корхонаси раҳбари Миркамол Мирсайдуллаев тўлиқ маълумот беришини айтди.

Янгиқўрғон ҳудудидаги ичимлик суви тармоқларига масъул бўлган Мирсайдуллаевнинг Нанай қишлоғи бўйича берган изоҳи тушунарсиз бўлди.

«2019 йили Нанай қишлоғидаги маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш бўйича катта ишлар қилинди. Қишлоқнинг фақат битта маҳалласида сув тортиш ишларини қилиш керак. 13 минг аҳолининг 85 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Фақат «Мамай» ва «Қайроқи» маҳаллаларида муаммо бор, уларни ҳам 2020 йилда ҳал қиламиз. Бошқа барча маҳаллаларда ичимлик суви мавжуд», дейди мутасадди.

«Сой бўйи» ва «Қайроқи» маҳаллаларидаги сув тарқатиш ва сақлаш иншоотлари ҳудуди дала ҳовлилар қуриш учун бериб юборилгани ҳақидаги саволга ҳам Мирсайдуллаевнинг икки хил маънодаги изоҳи қуйидагича бўлди: «Бу ҳақда мен тўлиқ маълумотга эга эмасман. Уларнинг қўлида эгалик ҳуқуқини берувчи қарори бор… Бор дейишяпти… Лекин, халқнинг талаби тўғри. Ўша сувни етказиш иншоотларини «водазабор» деймиз. Чинданам қишлоққа сув етказиш учун яна битта «водазабор» қўшсак аҳолига сув етарди. Ҳозир ҳудудда 13 минг аҳоли бор. Битта иншоот 6,5 минг аҳолига етади. Яна битта иншоот қўшсак, барчани таъминлаймиз. Жойларни ҳам қайтариб оламиз».

Буни қарангки, аҳоли вакиллари бизга айнан «Янгиқўрғон қишлоқ ичимлик сув» раҳбари М.Мирсайдуллаев имзоси билан йўқолиб кетган ҳовузлар ўрнига янги иншоотлар қурилиши учун ноқонуний берилган ерлар масаласи 2019 йилнинг охиригача бартараф қилиниши бўйича жавоб хатини тақдим қилишган эди.

Ушбу мутасадди Нанайнинг 85 фоиз сув билан таъминланганини каналдан оқиб келаётган сув таъминотидан келиб чиқиб айтган экан.

«Ота-бобомиз шу сувдан ичиб келган. Шу йил сув иншоотларини таъмирлаймиз. Ноқонуний берилган жойларни қайтариб оламиз. Жорий йилда барча камчиликларни бартараф этамиз», дейди у.

Тўғриси, ичимлик суви таъминоти раҳбарининг сўзларидан сўнг унинг ваъдаларига ишониш-ишонмасликни билмай қолдик.

Нанай аҳли эса таркиби санитария ҳолатларига жавоб бермайдиган оқин ариқдаги сувни 10 йиллардан бери истеъмол қилиб келмоқда. Тўртта мактаб, учта боғча, иккита тиббиёт муассасаси ҳам тоза сувга муҳтож.

Бугунги кунда раҳбарлар олдига аҳоли дардини тинглаш ва муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш талаби қўйилган. Ўйлаймизки, Нанай қишлоғидаги ичимлик суви масаласи тез орада ҳал бўлади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

uepewpgerlztcrmtkqyoa3-r9hprop5r

Ўзбекистонда 2020 йилги Рамазон ҳайитини нишонлаш ва ҳайит намозини ўқиш тартиби эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 2020 йилги Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида баёнот эълон қилди. Фото: …