Главная / Сиёсат / Қонунлар мансабдорлар фойдаси учун ишлашини кўрсатувчи 6та факт
<

Қонунлар мансабдорлар фойдаси учун ишлашини кўрсатувчи 6та факт

Ваҳобов ва мухбир иши бўйича яна бир шингил…

Халқимизда «Бой жиноят қилса — шўхлик, камбағал шўхлик қилса — жиноят», деган нақл бор. Бу сўзлар бежиз яралмагани-ю авлодлар оша бугунги замонамизга қадар ўтиб келаётганига сўнгги кунлардаги бўлиб ўтган воқеалар давомида яна бир бор амин бўлдик.

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар прокуратураси Олмазор ҳокимининг собиқ ўринбосари ва Kun.uz мухбири ўртасида кечган можарода нейтрал қолишни маъқул топди. А.Ваҳобовнинг мухбирга нисбатан оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилгани фактини етарли даражада тасдиқловчи видео ва аудио далилларга кўз юмилди.

Шу ўринда, эътиборингизга қонунларнинг кўпроқ мансабдор шахслар манфаатлари учун ишлашини (аниқроғи фойдаланилиши) тасдиқловчи, биргина 2019 йилнинг ўзида содир бўлган олти фактни ҳавола этмоқни лозим топдим. Бу орқали ҳокимият вакиллари ёки бошқа органлар фаолиятига нисбатан ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирган шахсларга қандай чоралар қўллангани ва қўлланмаганини ёдга оламиз.

1-факт. 2019 йил сентябрь. Жабрланувчи: ҳоким

Блогер Нодирбек Ҳожиматов 2019 йил сентябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновга нисбатан Шаҳрихон тумани «Қум» ҚФЙ ҳудудида «Обод маҳалла» Давлат дастури доирасидаги ишлар сифатсиз амалга оширилгани ва пуллар ўзлаштириб юборилганини айтиб унга нисбатан туҳматдан иборат хабарларни тарқатган.

2019 йил 12 сентябрь куни Шаҳрихон туман маъмурий суди қарори билан блогер ҳокимга нисбатан туҳмат (МЖтК 40-моддаси) қилган деб топилди ва унга 13 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди.

2-факт. 2019 йил октябрь. Жабрланувчилар: ҳокимлик ва ички ишлар идоралари

Блогер Мавлонбек Аббосов ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаси орқали ички ишлар органлари ва ҳокимлик тизимини танқид қилган.

«ИИБ ходимларини, фермерларга разнорабочий қилиб бўлиб бериш вақти келмадими? 28 йилдан бери буларни халқ текинга боқяпти. ИИБ ходимлари, пахтага олиб кетишаётганидан нолиб давлатдан норози бўлибдилар. Булар давлатга хиёнатни очиқчасини бошладими дейман? Булар нима қўзғолон кўтармоқчими?» — дея изоҳ қолдирган эди Мавлонбек Аббосов 2 октябрь куни Ички ишлар органи ходимларининг пахтага чиқмаймиз, деб тарқатган видео остида.

Косонсой туман маъмурий судининг 2019 йил 11 октябрь кунги қарори (МЖтК 40-моддаси)га кўра, М.Аббосовга 12 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

3-факт. 2019 йил июнь. Жабрланувчи: ҳоким

Фарғона вилояти, Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалигидаги мавжуд муаммолар ҳақида Kun.uz сайти орқали эълон қилинган мақолани ҳоким И.Новиков ўзига нисбатан туҳмат деб қабул қилди ва фермер устидан ички ишлар бўлимига шикоят қилди. Ваҳоланки, фермернинг мурожаатида Европадан олиб келган зотдор қорамоллари ҳокимлик томонидан ўз вақтида ер ажратиб берилмагани оқибатида очликдан нобуд бўлаётгани баён этилган эди.

Оқибатда маъмурий суд қарори билан Абдуманноб Қосимов ҳокимга нисбатан туҳмат (МЖтК 40-моддаси) қилган деб топилди ва энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида маъмурий жаримага тортилди.

4-факт. 2019 йил март. Жабрланувчи: ҳокимлик

Фуқаро  Қ.С. odnоklassniki.ru ижтимоий тармоғидаги саҳифасига видеомурожаатини жойлаб, унда Хонқа туман ҳокимини давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан тил бириктириб, уни ва акаси Э.С.ни ноқонуний далиллар тўплатиб қаматиб юборганини иддао қилган.

Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани судининг ҳукми билан фуқаро Қ.С.

1 йил-у 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Кўриб турганингиздек, маҳаллий ҳокимлик ва бошқа давлат ташкилотлари ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ерга урдириб қўймади, уларга қарши сўз айтганларнинг «таъзирини бериб, бурнини яхшилаб ерга ишқалаб қўйди».

5-факт: 2019 йил июнь. Жабрланувчи Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири (А.Шодмонов)

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 9 июнь куни ўтказган йиғилишда бир қанча мансабдорларни очиқчасига ҳақорат қилди. Ҳақоратланганлар орасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам бор эди.

Бироқ, республикада қонунлар аниқ ва бир хилда ишлашини таъминлаш учун масъул бўлган прокуратура идоралари бу вазиятда ҳар доимгидек сукут сақлашни афзал билдилар. Масала сувга тушган тошдек йўқ бўлиб кетти.

6-факт. 2019 йил август-ноябрь. Жабрланувчи: мухбир (журналист)

Олмазор туман ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов 14 август куни Kun.uz мухбирларига ташланиб, том маънода шарманда бўлганидан сўнг, орадан бир кун ўтиб, шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимига видеоинтервью берди ва унда Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов ундан катта миқдорда пора эвазига ресторан қуриш учун 1 гектар ер ажратиб беришни сўрагани, бунга рози бўлмагани учун 14 август кунги воқеаларни атайин уюштирганини даъво қилди. Ваҳобов гапи орасида мухбир уни ва ҳокимни уч кунда ишдан олдириб юбориш билан таҳдид қилганини айтди.

Kun.uz эълон қилган видеода (таҳририят ушбу видеони воқеа юз берган дастлабки кунлардаёқ прокуратурага тақдим этган) эса Ваҳобовнинг гаплари қанчалар ёлғонлиги ва мухбирга нисбатан туҳматлиги тўла ўз аксини топди, десак янглишмаган бўламиз.

Бироқ, Тошкент шаҳар прокуратураси бундай ҳисобламади. Пойтахт прокуратурасидаги масъулларнинг фикрича, Ваҳобовнинг ишдан олиниши унинг учун етарли жазо: мухбир Раҳматилла Исроилов мансабдор шахс Абдурасул Ваҳобовга пора таклиф қилмаган, лекин Ваҳобов унга туҳмат қилмаган… Сиз бирор нарса тушундингизми?

Сўзимни мақол билан бошлаган эдим. Рухсат берсангиз яна бир мақол билан якунласам. Халқ орасида «қаловини топсанг, қор ҳам ёнади», деган мақол бор. Ким билсин, балки Ваҳобовда қорни ҳам ёндира оладиган чақмоқ тош бордир. Албатта, бу менинг фаразим, бирорта гувоҳим йўқ. Мен ўз фикримда, Тошкент шаҳар прокуратураси ўз фикрида қолиши мумкин…

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

zmhwprngeqnraf2yhnfcp6uo8b_kn7bn

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Тошкентдаги учрашувда нималарга келишиб олишди?

29 ноябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон …