Главная / Маданият / Оналар ҳақида шерлар

Оналар ҳақида шерлар

ОНА…

Кўз очиб оламга келгандан бери
Неларни кўрмади бу бошим менинг.
Озми-кўп танидим ҳаётнинг сирин,
Қирққа ҳам етибди бу ёшим менинг.

Йилдан-йил орттирдим талай дўсту ёр,
Ҳурматлаб дедилар, «дўстим», «ўртоғим»,
Улғайдим: кўксимга бош қўйиб дилдор,
У деди: «Бахтимсан, суянган тоғим!..»

О она, ҳеч бири эмасдур ширин
«Болам!» деб бир оҚиз айтган сўзингдан!
О она меҳрингда қуёш яширин,
Не ажаб гул унса ҳар бир изингда!

ona-s

ТЎРТЛИК

Дунёда энг яхши, меҳрибон она,
Бу менинг онамдир, билинг, ёронлар!
Эй, ўғил-қизларим, бўлинг парвона
Онамда қолмасин дарду армонлар!

ОНАМГА

Ойи, деб кирганим чоқ кўнгил боладек қувноқ,
Дилдан кетар қудурат, дилим сочингиздек оқ.
Сиз борсизки, мен бола, яшнайман нақ гул-лола,
Ташлансам тизингизга мисли эрка қўзичоқ.

Оромижон тизингиз, меҳр тўлиқ кўзингиз,
Қуёшимдир юзингиз, сиз бор иқболим порлоқ.
Боқишингиз доимо менга бахш этар сафо,
Шундан дилим мусаффо, ҳар сўзингизда сабоқ.

Сизданмасми ёшлигим, «ёш» бўлсам-да бошлигим,
Элга киприк-қошлигим, оқ сутингиздек қайноқ.
Сиз бор, орзуларим ёш, олтмишга кирса ҳам бош,
Улкан хаёллар йўлдош, орзуларим арғумоқ.

Ойи, десам дилимда, бол мазаси тилимда,
Она сўзи эмасми ҳаётимда шамчироқ.

Ёнингизда бўзласам, сизга кўнглим сўзласам,
Юз ёшингиз кўзласам, кўнгил кўнгилга муштоқ
Мен эсам жонингизда, юлдуздек ёнингизда,
Сизнинг осмонингизда нур эмиб турсам порлоқ.

Бахтимга бўлинг омон, бошимизга соябон,
Сиз борсиз, Шоисломжон сайроқ, қувноқ, шарқироқ.

ОНА САН

Жон десам, жондан азизсан, меҳрибонсан, онасан,
Танга жон, қалбимга нур берган, қуёшсан, яна сан.
Навниҳол, нозик нафас мурғакка айлаб жон фидо,
Кечалар уйқу ҳаром, бир неча бор уйғонасан.

Гар тикан кирса оёққа йўлга кирган чоғида,
Кипригинг бирла чиқармоқ бўласан, тўлғонасан.
Урмагай қалбинг менингсиз, томиримиз ҳам бир тепар.
Шодлигимда шодмонсан, ғамда бирга ёнасан.

Одаму олам безак истар эса ул сенда жам,
Одамийлик парвариш топган қучоқ — гулхонасан.
Кўп авайлаб ҳамда эъзозлаб мени ер бағридан
Ифтихор бирла учирдинг бул куни осмона сан.

Қондириб меҳринг булоғидан менга бердинг ҳаёт,
Дер Шоислом, онажон, меҳримга сен ҳам қонасан.

ОНАЖОН

Онангни севгин, деб ўргатмоқ ғалат,
Хоин қалб шу сўздан ўнгланармиди?
Сут билан кирмаган бўлса муҳаббат,
Номусни биларми, тўлғанармиди?
Жонидан жон олиб, қирқиб умрини,
Ҳуснини ўғирлаб қочгучи бола
Кошки бир онанинг бўлсайкан шўри…
У ҳамманинг шўри, ҳаммага бало.

Новвот ичидаги ипмиди она,
Шимиб-шимиб туфлаб ташласанг лоқайд.
Қалб эмас, ҳаттоки дарз тушар тошга,
Унинг кўзларига ўкинч қўнган пайт.

Онангни севгин, деб ўргатмоқ ғалат,
Андиша солади танамга титроқ.
Одам туғилишининг ўзи муҳаббат —
Бўлса-ю, юқмаса бу унга бироқ —

Фарзанд аталарми, дерларми инсон,
Соялар кирарми ҳеч қачон сафга.
Севгисиз вужудда не қилсин виждон,
Булар арзимайди насиҳат, гапга.

ОНАМ ДЕРМАН

Бу оламда улуғ зот ким,
Десанг, ёрим онам дерман.
Ҳаётим устуни мунис,
Вафодорим онам дерман.

Гул умрим машъали ўчмас,
Хаёлдан сурати кўчмас.
Дилимга о, дили пайваст
Мададкорим онам дерман.

Бу оламда улуғ зот ким,
Десанг, ёрим онам дерман.
Кўзим нури-ю дармоним
Неча шодлик ва армоним

Кеча-кундуз нигоҳбоним
Шифокорим онам дерман.
Бу оламда улуғ зот ким,
Десанг, ёрим онам дерман.

Она фарзандга бол бергай,
Муҳаббат гулларин тергай,
Ҳам ардоғлаб, ҳам ўргилай,
Чаманзорим онам дерман.

Узоқ кетсанг, қолар доғда,
Кутар бедор саҳар чоғда.
Муқаддас она тупроқда
Умидворим онам дерман.

Аё, Ёнғин онангни эт шод,
Ёзиб мадҳин ва қилгин ёд.
Она бирлан ҳаёт обод
Мададкорим онам дерман.

Бу оламда улуғ зот ким,
Десанг, доим онам дерман.

МЕН ҚАЛЪАДА ЎҚИГАНИМДА

Дарслардан кеч чиқар эдик,
Мен қалъада ўқиган кунлар.
Қуёш ботар, овулдан келиб,
Кутар эди онам ҳам шунда.

Пахта завод деворларига
Суянганча ул турар эди.
Бутун дунё хаёлларида
Мени, деб, у йўл қарар эди.

Бўйларимни кўриб узоқдан
Бир ширин сўз топиб турарди.
«Чарчадинг-ов, айланайин», деб,
Бошим сийпаб, ўпиб қўярди.

Қайта туққан каби қувониб,
Олди-ортга қарамасданоқ,
Она-бола йўлга тушардик
Қоронғуда… яп-яланг оёқ…
Ит кўринса олдинда, э воҳ,
Қўрқиб, ўзни босиб турардик.
Одам бўлиб чиқса ул «қора»,
Йўлдан четга қочиб турардик…

Мана, энди машинадаман,
Зувлаб ўтсам мен ўша ердан.
Оқ рўмолли меҳрибон онам
Кўрингандай бўлади бирдан.

Ҳозир мени кўриб қолар у
Ва, қўлини силкийди шодон.
«Чарчадингми, айланайин-ов»,
Деб, бошимни силар меҳрибон…

ТАВАЛЛО

Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш,
Бу ҳолимга беролмай бардош
Муштипар бир Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан,
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан
Таскин бериб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетавфиқдин.
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин.
Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф:
Бири иззат, бири мулк талаб.
Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, —
Дея шўрлик Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Синалмоқнинг гали келганда,
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст-душман билинар онда
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Ҳаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устивор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам —
Ёғоч отга ёнма-ён бўлсам
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдин ваҳм,
Қабул айла тавалло-оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,
Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,
Волидаи Муҳтарамамни.

ОНА ҲАҚИДА ШЕЪР

Фарзандига бўлиб парвона
Тунлар алла айтар:
— Ўсгин, оппоғим.
Оналик завқига қона ва қона
Юпатар,
Эркалар умр чироғин.
Йиғласа ғам чекар,
Шодланар кулса,
Дилига пайванддир ҳар бир нафаси.
Бола тез улғайса,
Чин одам бўлса —
Шудир онаизор орзу-ҳаваси!
Шу ният йўлида тунлари бедор,
Фарзанди меҳрига ғарқ бўлар аёл…
Бола ўсган сари сочга қўниб қор,
Ўзин кексайишин қилмайди хаёл.

ОНА НАВОСИ

Кечалар узундир, кечалар узоқ,
Гоҳ кўзим илинмас тонг қадар, болам.
Кўнгил мавжларига солганда қулоқ,
Хаёлга не келиб, не кетар, болам.

Фарзанддир онанинг умрига гултож,
Дардига малҳам-у, бахтига йўлдош,
Ҳеч кимни этмасин ҳеч кимга муҳтож,
Миннат ёш жонингни оғритар, болам.

Майли, ўлтирмагин тун-кун бошимда,
Етар пайдо бўлсанг тез-тез қошимда,
Балки ризқинг бордир бир кафт ошимда,
Гап-сўзни айласам мухтасар, болам.

Гоҳ борсам уйингга ўзимдан ортиб,
Яйрар набиралар сакрашиб, йўртиб,
Кўтарсам, қўлимдан олмагин тортиб,
Менга ҳам ярашар ғунчалар, болам.

Азиз умринг бўлиб шоҳона бир байт,
Қўшиқлар ичингдан тошиб кетган пайт
Арзингни менга ҳам тушунтириб айт,
Қолмайин дардингдан бехабар, болам.

Ўз инин ватан деб севаркан турна,
Сен ҳам ҳар заррасин кўзга эт сурма.
Ичмагин, чекмагин, бемаҳал юрма,
Бўлсин босган изинг бехатар, болам.

Хайр-хўш қилармиз бир кунмас-бир кун,
Тонгларим ҳуснини тўсганда ҳам тун,
Бахтингни кўрсам бас — мамнунман, мамнун,
Сен борки, бизлар ҳам мўътабар, болам.

ЎЗБЕК ОНАСИ

Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,
Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг.
Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,
Сен Темур бешигин тебратган бедор,
Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,
Пайти келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Ватанни Она деб бекор айтилмас,
Она буюрганда йўлдан қайтилмас,
Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Бошингдан нималар ўтмади ахир,
Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир,
Бобур шоҳ бўлсада, қошингда фақир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб,
Кўзадек қуридинг Турсуной бўлиб,
Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Фарзандинг қувонса — сен ҳам қувондинг,
Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг,
Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг,
Пайт кеди айтмоққа, гапнинг хонаси,

Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир,
Жаннат ҳам, албатта, пойингиздадир,
Ватан-ку Сиз турган жойингиздадир,
Пайт келди, айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт,
Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,
Азиз Юртбошимга дуоларинг айт,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

ОНАЖОН

Неча кунки йўқ оромим,
Келолмайман ҳушимга.
Онажоним кечалари
Кириб чиқар тушимга.
Қўлларида оқ елпуғич
Ой нурида ялтирар.
Онажоним имлаб мени
Қошларига чақирар.
Келтирарлар гоҳо бешик
Кўзларида ҳаяжон.
Ётар пайтинг бўлди-ку дер,
Кела қол, дер болажон.
Қайларгадир югураман,
Фиғонимдан чиқар дуд,
Йиғлама деб қўлларимга,
Тутқазарлар сўнг тобут,
Тонгда руҳсиз кўз очаман,
Қовурилар танда жон.
Онажоним, бундай қилма,
Бундай қилма, онажон.
Ахир ўзинг дер эдинг-ку,
Силаб ўксук бошимни:
— Энди сенга берсин умр,
Сенга берсин ёшимни.
Афсус, ўзинг эрта кетдинг,
Эрта кетдинг оламдан.
Укаларим бағрим эзар,
Ажралдик, деб, онамдан.
Бевақт ҳазон бўлмай ҳар ким
Яшаб ўтсин дунёда.
Онажоним, ҳар ким ошин
Ошаб ўтсин дунёда.
Гарчи фано ҳар кимсага
Азалий бир қисматдир.
Лекин, она, тириклик ҳам
Билсанг, ярим ҳикматдир.
Тушларимда, майли, бошим
Силаб тургин, онажон
Қолганларга энди умр,
Тилаб тургин, онажон.

II

У кун четда оҳ чекардим
ғуссаларнинг дастидан.
Сен отамга пул берибсан
Ёстиғингнинг остидан.
Айтибсанки, онасизлик
Келмасин ҳеч ўйига.
Сарф қилингиз, менга эмас,
Абдулланинг тўйига.
О, ўғлингга сен шафқатни
Билардинг-ку, онажон.
Бундан кўра бағрим ўйсанг,
Бўларди-ку, онажон.
Заррагина раҳм этгали
Сабринг менга йўқмиди?
Онажоним, бундан ўзга
Жабринг менга йўқмиди?
Йўқмиди ҳеч ўзга гапинг, —
Нола қилиб сўйласанг.
Наҳот, ахир сўнгги дам ҳам
Фарзандингни ўйласанг.
Ахир орзу қочиб кетмас,
Битказар-ку тириклар.
Онажоним, бир кунини
Ўтказар-ку тириклар.
Унутилар ғуссалар ҳам,
Орзулар ҳам чўзар бўй.
Онажоним, балки бир кун
Айтганингдай бўлар тўй.
Балки сенинг қабринг узра
Кўкарганда гул чечак,
Остонамга қадам қўяр,
Сен истаган келинчак.
Кимдир унинг йўлларига
Балки гул ҳам сочади.
Балки мунис опажоним
Кел, деб қучоқ очади.
Балки дўстлар даврасида
Камим бўлмас ҳеч қачон.
Лекин сени ўша дамда
Қайдан топай, онажон.

III

Эсимдадир, титрар эдим —
ғамгин, болиш пастида.
Китобимни кўрдим ногоҳ
Бошгинангнинг остида.
Тошдай қотдим ўшал они
Бор тоқатдан айрилиб.
— Шоир ўғлим, — дединг менга

екингина қайрилиб.
Онажоним, сўнг бор менга
Нафас қилдинг у замон.
Шоир бўлгин, дея балки
Ҳавас қилдинг у замон.
Онажоним, балки мен ҳам
Бу кун шавққа тўларман.
Балки мен ҳам айтганингдай
Бир кун шоир бўларман.
Куйлай десам ҳурматингни
Ушбу кунда тилим лол.
Балки фақат шу сабабли
Шоир бўлсам эҳтимол.

Балки сарсон — аросатда
Қолиб кетмас бу таним,
Камолимни кўрар балким,
Юртим, она Ватаним.
Пайти келиб тўлар бир кун
Паймона ҳам беомон.
Кузатарлар мени ҳам сўнг
Сенга томон, сен томон.
Балки у кун бошим узра
Дўстлар бош ҳам эгадир,
Ўша дамги иқболим ҳам,
Онажоним, сенгадир.
Дилда неки журъатим бор,
Дилда неки ҳаяжон —
Бари, бари сенга бўлсин,
Сенга бўлсин, онажон.
Сенга бўлсин бор ҳаётим,
Номим, шоним бир йўла,
Хотирангга ушбу шеърни
Ёзди ўғлинг Абдулла.

ОНАМГА ХАТ

Қайтгим келди, онам, ёнинга,
Юрагимда исмсиз дардлар.
Совуқ хонам, соат чиқ-чиқи,
Ташқарида хазонрез боғлар.
Ёмғирнинг жим хониш қилиши…
Бариси ҳам нечундир бу дам
Туширмоқда сени ёдимга…
Қайтгим келди, онам, ёнингга.
рагимни очиб гапирсам,
Кам-кам бўлар менда бундай ҳол.
Шодмон юрсам, менинг ёдимга
Сен тушмайсан ростдан, онажон.
Ногаҳоний бундай ҳолда-чи,
Шундай кўргим келади сени.
Айтсам сенга бор гапларимни
Орзуларим, ҳасратларимни
Йиғлаб, кулиб айтгим келар, ҳа,
Одамларнинг қадру қимматин,
Англамаймиз бирга бўлганда,
Аммо ногоҳ узоққа тушсак,
Ё танҳолик ҳасратин чексак,
Баъзан шундоғ,
Одам зотининг
Тирноғига зор бўламиз, ҳа!
Тушунмайман бул ҳақиқатни,
Сен-ку ахир онасан, она…
Она, ранжимагил хатимдан,
Мен ростини ёздим, шод дамим
Сен тушмайсан асло эсимга.

ммо умр ўзи, биламан,
Солар сени ёдимга бот-бот,
Яъни, бошимизни доим ҳам
Она бўлиб силамас ҳаёт.

ОНА ДЕГАН НОМ…

Дейдилар, қаҳрли баҳодирлар ҳам
Жангларда жон берар чоғи мардона,
Беҳад азобларга чидаб сўнгги дам,
Битта сўз дермишлар шивирлаб: Она.
Улуғ бир донишманд оламни шарҳлаб,
Ахийри танибди туққан элини.
Забон бахш этганга эҳтиром сақлаб,
Она, деб атабди илк бор тилини.
Дунё шоирлари Ватан шаънига
Сифат ахтармишлар қатор ва қатор.
Ниҳоят, келмишлар битта маънига:
Она Ватан дея битмишлар ашъор.
Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр,
Такрор айтилганда рангсиздир калом.
Бу ёруғ оламда Ватан биттадир,
Биттадир дунёда Она деган ном!

ОНА

Кимдир савол берди: — Айтгил, Муҳаммад,
Ёлғиз сен Расулсан буткул оламга.
Кимга кўп яхшилик айлай, ўзинг айт,
Ота онамгами ёхуд боламга?

Расул жавоб қилди: — Тингла биродар,
Гапимни уч бора қулоққа илғил.
Имкон топа олсанг дунёда агар,
Энг аввал онангга яхшилик қилгил.

Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ —
Ростдан она эрур қиблаи олам.
Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ
Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.

ОНА

Каъба қопқасида турган эй, посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин.
Ҳожар онамизнинг нидоси сабаб
Каъбада кўз очган оби зам-зам ҳам.
Бир умр талпинмиш онага қараб
Не-не пайғамбарлар, кўзларида нам.
Қавмимни ранжитиб қўймайин, аммо
Тобут ясаб келган эр зоти доим.
Оналар бағрига фақат бешик жо,
Ҳаётбахш аллалар айтган, мулойим.
Шўрлик одамзоднинг толеи учун
Энг аввал оналар қилсин ибодат.
Зора, гуноҳлардан пок бўлгай очун,
Оналар ўтинчи топиб ижобат.
Каъба қопқасида турган эй, посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин.

ОНАМНИ ЭСЛАБ…

Шамол увиллайди,
Қор, бўрон тошиб,
Тепалик тўшига ўзни уради.

У ерда тупроққа бағрини босиб
Танҳо бир сағана маъюс туради.
Қошига чиқай деб бўзлаб йўл юрдим,
Кўкрагимни тилди изғирин, тикан.
…Нетай, онажоним, қанча одам кўрдим,
Сендан яқин кишим йўқ экан…

ОНА
Кўкда юлдуз учса ногаҳон,
Битди, дерлар қайси бир тақдир.
Бундай ғамни кўтармак осон,
Бу эҳтимол, бизлар ҳақдадир.

Баъзи тунлар кўкка тикиб кўз,
Эслаб дейман онамни шу он:
Она кетса, юлдуз-ку юлдуз
Қулаб тушса арзийди осмон.

ОНАМ ВАФОТИГА

Маконда номаконсан, энди қайдан излагайдурман,
Фиғоним кимга айтиб, кимга сендан сўзлагайдурман.
Бировлар мотамида оҳу фарёд айлаган эрдим,
Сенинг-чун, эй ғарибим, ич-ичимдан бўзлагайдурман.

ОНА ДЕГАН СЎЗ

Юлдузлардан сирқилиб шабнам,
Уфқ билан кўришганда ер,
Офтобга кипригим билан
Она сўзни ёздим гўё шеър.

Аму оқар мисоли булут,
Уфқ бўлиб оқади Аму,
Қирғоғини этса ҳам унут,
Майсаларни унутмайди у!

Ҳар кўкат, ҳар баргнинг номига
У элтади тоғлардан таъзим,

Она деган сўзнинг ёнига
Чизгим келди МАЙСАнинг расмин.
Капалак ранг, булбуллар оҳанг
Кашфи билан маст бўлган лаҳза,
Она сўзин қаватига ман
Ёзиб қўйдим БАҲОР деб аста…

Мен жо этдим Она номига
Ерни сўнгги гардигача то.
Энди Она сўзи ёнига
Дадил ёзиб қўяман: ДУНЁ!

Мен юлдуз деб уни куйлайман,
У Ватандир, У Арши аъло.
Мен унга минг ташбеҳ ўйлайман,
Етказурман миллионга ҳатто…

Ерда, лекин минг-минглаб одам
Она номин билса муқаддас.
Уруш деган биргина сўздан
Оналарни сақлай олур бас!

НАМГА МАКТУБ

Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,
Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.
Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,
Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.

Юзимга нафасинг урилар илиқ,
Ажиб ёруғликка тўлмоқда хона.
Суратим қошида дуолар қилиб
Тағин йиғладингми, муштипар она?

Ўша гап, севганим шу азиз Ватан,
Бу қадар ташвишлар ютмагил, бағрим,
Ўксук отам каби ҳали ҳам зотан,
Қалқиниб-қалқиниб турибди шаҳрим.

Биламан… сирни бой беришлик ёмон,
Ўғлингга бу йўлда бардошлар тила.
Баъзан топганимни ичиб қўяман
Сирни бой бермасдан улфатлар ила.

Бироқ эҳ, билмайман, гўёки зимдан,
Кимдир таъқиб этар мени беомон.
Қандайдир бир кимса балки ҳақимда
Хунук латифалар тўқийди, ёлғон…

Она, куйланмаган бир куй истайман
Ва лекин алдоғчи ҳислар олур жон.
Эҳтимол, қаламни бекор қистайман,
Нетайин, ростини айтгил, онажон.

Яшил дарахтзорни ечинтирар куз,
Пойимда баҳорнинг алвидо уни.
Бепарво ёшликни илғамайди кўз,
Қайлардан ахтарай, онажон, уни.

Билурман… йўлимда ғичирлар тошлар,
Заъфарон куз янглиғ хаёлим тақир.
Шаҳарнинг ғавғоли тинчини ташлаб,
Узоқ вақт ёнингга бормадим ахир.

Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,
Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.
Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,
Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.

Бахтсизликка ўхшаб кетар бу ҳолим,
Сенсиз бахтсизликка ўхшайди қисмат,
Сенсиз ёришмасди менинг хаёлим,
Дунёнинг лақаби бўлурди ҳасрат.

ОНАМГА МАРСИЯЛАР

Бу кун кўрликмиди ё ғафлатдими,
Нечун билмай қолдим, ё офатдими,
Ҳақ бизга атаган бир кулфатмиди,
Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!

Жонимда бир нима узилиб кетди,
Юрагим қон бўлиб эзилиб кетди,
Кўз ўнгимда олам бузилиб кетди,
Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!

Жон олгани кепти Азроил, эвоҳ…
Бизларни ғамдан ҳеч этмабсиз огоҳ?
Дардингиз тоғ экан, демабсиз бир оҳ,
Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!

Кўз узсам, эгилиб келиб қошимга,
Кулдингиз кўзимдан оққан ёшимга…
Кўз очсам, топмадим яна қаршимда,
Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!

Дод деб уйғонарман тунлари бирдан,
Жонимда бир зарра қолмай сабрдан,
Ёнма-ён жой олгим келар қабрдан,
Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!
Нечун сўзларингиз дурга битмадим,
Нечун бир опичиб ҳажга элтмадим.
Нечун сиздан олдин гўрга ётмадим,

Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!
Тўйми, аза — яхши-ёмон кунимда,
Ким туради энди менинг ёнимда?
Ким юпанч беради қийналганимда?
Оҳ, сиздан айрилиб қолдик, онажон!

Ажалнинг дастидан қорайди юзим,
Оллоҳ, юрагимга Ўзинг бер тўзим.
Жаннатингга қўйгин онамни, Изим,
Жойингиз жаннатда бўлсин, онажон!

Сиз учиб кетдингиз қайси дунёга,
Нечун ерга қолдим ёлҚиз, онажон.
Сўзларингиз истаб боқсам самога,
Бутун олам жимжит сассиз, онажон.

Нега ўз вақтинда англай билмадим,
Армонли дунёда қолдим, онажон.
Дардингизни пайқаб тинглай билмадим,
Соғиниб инжиниб толдим, онажон.
Камида тўқсонга кирасиз девдим,
Оламда гуркираб юрасиз девдим,
Невара тўйларин қурасиз, девдим,
Мен кимга ишона қолдим, онажон.
Ненга қатъий-қатъий сўйлаб ҳакимлар,
Кучли дейишганди юрагингизни.
Девдимки гапирар ўйлаб ҳакимлар,
Бақувват дегандим билагингизни.
Сиз бевақт учдингиз қай бир дунёга,
Сиз-ла кетган қушлар қайтди, онажон.
Сиз нечун қолдингиз қай бир дунёда,
Оллоҳ сўнгги гапни айтди, онажон.
Оппоқ сочларингиз оппоқ ипаклар,
Беҳи юзларингиз, киприкларингиз…
Оқ рўмол, сажжода батис кўйлаклар
Дафтарларда қолган битикларингиз…
Кўнгилларда нақшин нафис табассум,
Ингичка ингичка сўзлар ўгитлар…
Йиғинларда барин эслашар ҳар зум,
Зотингиздан чиққан қизлар, йигитлар.
Сиз кетган ёқлардан бизга хабар йўқ,
Аммо сиз бизларда яшайсиз ҳамон.
Сизнинг охиратдан менинг кўнглим тўқ
Жойингиз жаннатда бўлгай, онажон.

«ОНАМГА ХАТ»ЛАРДАН

Онагинам, бедор боқиб юлдуз тўла самоларга,
Соғинчимни, саломимни сўзламайман саболарга.
Тонг нурига беланганча юмганда ҳам тун кўзини,
Мен бедорман, бедорликда дарс бергайман дарёларга.
Қучоғингда бахтинг бўлиб тўлсам деган гўдагингман,
Кўзларинг бир тўйса дейман рангин-рангин жилоларга.
Бағри саҳро бир сен эмас, кўча ялло бир мен эмас,
Оналарнинг насибаси — бардош бермоқ жафоларга.
ғамим чекма, юрагини ўғирлатиб қўймаса деб,
Муҳаббат деб топинмасман мен дуч келган рўёларга.
Келар ҳали дуоларининг ижобатга ўтажак кун,
Нуқта бўлиб боргум албат кўксингдаги нидоларга.
Саломини етказгайсан юзларига шамол пардоз,
Пахта гардин сурма қилган барча нозик адоларга.
Бу нотугал қўшиқ учун авф айлагин Машрабингни,
Соғинчиму муҳаббатим сиғмас ахир ҳижоларга.

Иккинчи хат

Йўлларимда кўзлари тўрт
Кўзлари тўрт онажон,
Дориломон кунларни кут,
Кунларни кут, онажон!
Заққумларинг пинҳона ют,
Пинҳона ют, онажон!
Нодўстларни этма хушнуд,
Этма хушнуд, онажон!
Ўғлинг бу кун толиби юрт,
Толиби юрт, онажон!
Қорни ҳам тўқ, усти ҳам бут,
Усти ҳам бут, онажон!
Юрар гоҳ ҳуд, гоҳо беҳуд,
Гоҳо беҳуд онажон!
Лов-лов ёнар кўксида ўт,
Кўксида ўт, онажон!

Орзулари кўкда бургут,
Кўкда бургут, онажон.
Ушаларми, йўқми ёхуд,
Йўқми ёхуд, онажон!

Ўзбекистон мисли ёқут,
Мисли ёқут, онажон,
Нигоҳларга қалайди ўт,
Қалайди ўт, онажон!

Унга фидо жону вужуд,
Жону вужуд, онажон!
Йўқса ҳаром сен берган сут,
Сен берган сут, онажон!

Саф боради. Саф беҳудуд,
Саф беҳудуд, онажон!
Улуғ сафда қўлимдан тут,
Қўлимдан тут, онажон!
Дийдоримдан узма умид,
Узма умид, онажон!
Армонларинг бўлар унут,
Бўлар унут, онажон!

Йўлларимда кўзлари тўрт,
Кўзлари тўрт, онажон,
Дориломон кунларни кут,
Кунларни кут, онажон!

ОНАМ (Марсия)

Ўлди-кетди, эй воҳ, ғамгузорим онам,
Қайтиб келмас энди беозорим онам.
Қайга урай энди бу ҳайрона бошимни,
Бизга тўймай кетди зори-зорим онам.
Кўз ёшларимда қолган фоний ҳамроҳим онам,
Тунлар уйқусиз кўзим, тонгларда роҳим онам.
Ҳоли хароблар йиғлар, меҳрибоним онам,
Бағри кабоблар йиғлар, жону жаҳоним онам,
Бу ғамларни бошига тушганлар билар бир кун,
Сиз йўқ, ҳувиллаб қолди кенг хонадоним онам,
ғамларим кимга сўзлай Ғамгузорим онам,
Охир дафтарга тўкдим дилдаги зорим онам.
Қайлардасиз энди қиблагоҳим онам,
Излаб тополмай қолдим саждагоҳим онам,
Изларингиз ахтариб қабрингиз бошидаман,
Қояларни титратгай оҳу воҳим онам,
Тонг келдим, оқшом келдим тингламас зорим онам,
Сизсиз харидорим йўқ, кўҳна бозорим онам.
Ҳижрон эзар, сўзлашга тоқат-имконим қани,
Суратим тирик фақат, тандаги жоним қани.
Уйим тўри бўш қолди, алласиз қолди бешик,
Маслаҳатгўйим қани, тоза виждоним қани,
Кимлар кечирар энди қилган гуноҳим онам,
Қоқилганда суянчиқ, пушти паноҳим онам.
Ўлим шоҳу гадога тенг экан бу дунёда,
Онамни топарманми, жаҳон кезсам пиёда.
Онам ўлгани билан ер тўймас-ку, одамлар,
Ўлимга ўлми борми бу вафосиз дунёда,
Найлайин олис кетди, олис даргоҳим онам,
Ўтарга кўприклар йўқ, йўлларда чоҳим онам.
Беш қиз бешта шаҳарда дийдорингиз излайдур,
Гоҳи пинҳон, гоҳида ошкора бўзлайдур,
Ўчоқда ёнса олов, ёзилса гар дастурхон
Сизнинг насибангиз бор, насибангиз излайдур
Набиралар сўрашса, не дей, устозим онам,
Оҳ, чалинмай чанг босди дутору созим онам.
Ёлғиз ўғил, келин ҳам қолдилар изтиробда,
Кекса отам ғами чекар биздан зиёд хунобда,
Набиралар бувисиз, дастурхонлар дуосиз,
лам ҳам мотам ичра назаримда шу тобда.
Чунки оламда йўқсиз бахтим-эъзозим онам,
Дардим ичимда қолди янгроқ овозим онам.
Сизни олиб кетган ул ажални ҳам ел олсин,
Сизга тор бўлган бундай оламни ҳам сел олсин.
Онасиз ўтган умр, умрмикин ёронлар,
Онасиз қолган ғариб, у қандай кўнгил олсин,
Сиз йўқсиз жаҳон ҳам йўқ, бахтим-тождорим онам,
Сиз йўқсиз, карвон ҳам йўқ, улуғ сардорим онам.
Сиз йўқсиз, яна кулгай ям-яшил баҳорлар ҳам,
Сиз йўқсиз, яна отгай бу сўлим саҳарлар ҳам.
Э воҳ, кўзим ёшидан сув ичиб унар гуллар
Кўз ёшим селобига ғарқ бўлиб қабрлар ҳам,
Бир умр ошиққайман қутлуғ даргоҳим онам,
Шеърларим билан ҳаёт яшар, оллоҳим онам.
Бир умрга яшайсиз шеърларимнинг сатрида,
Бир умрга яшайсиз гулларимнинг атрида,
Оқшомлар ёқсам чироқ, нур ёйилса хонамга
Сиз яшайсиз тоза қон, юрагимнинг қатида
Сиз илҳомим, ғазалим ёруғ осмоним онам,
Ўғил-қизга сўзласам битмас достоним онам.

СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАР, ОНАЖОН

Шодликдан осмонга етганда бошим
Бир жойга тўпланса дўсту қариндошим.
Ё бошимга тушса бирор мусибат,
Ёки биров айтса отамга раҳмат.
Учраб қолса йўлда таниш аёллар,
Дилдан тилга кўчса маъсум хаёллар.
Деса: «Кўринишда мағрур бўлса ҳам,
Йўқ эди онангдай муштипар одам».
Сени кўргим келар, онажон.
Ёр билан боғ кезсам ойдин кечалар,
Кўнглимда туғилса янги режалар.
Сирли куйлаб оқса жиғалар пастда,
Бахтимга юлдузлар боқса ҳавасда —
Шаббода силаса гулнинг юзини,
Тингламоқ истайман айтган сўзини.
«Боламнинг бўйини кўрай деб бир дам»,
Эҳтимол гул бўлиб чиққансан ердан.
Шу сабаб соғинч-ла боғаман гулга.
Армон фарёд қилар ўксиган дилда,
Сени кўз олдимга келтиролмай, гоҳ!
Эслолмай юрагим ўртанар ногоҳ.
Қандай бахтиёрдир онаси борлар,
Улар етимлардай чекмас озорлар.
Ўзинг кетдинг менга бериб умрингни
Соғиниб асрайман дилда меҳрингни.
Сени кўргим келар доим, онажон.

МОТАМСАРО ОНА

Қачон кўтаргайсиз ҳам бошингизни,
Маъюс кўзингизда ёш тинар қачон?
Қалбингизда қотган ғам тошингизни
Қачон итқитасиз, мунис Онажон!
Олтмиш йил бурунги ўша қора хат
Қаддингиз дол этмиш мангуга наҳот!
Наҳот алғов-далғов оловли даҳшат
Ҳамон хаёл ичра кезади, ҳайҳот!
Биламан, шум уруш — жирканч бу номни
Бизлар-да ёш эсак тортдик жафосин,
Тун бўйи кутардик навбатда нонни,
Қаҳат ҳам йўқчилик уруш балосин…
ғалаба садоси келди бу ёққа,
Ким қайтди, қайтмади жанг майдонидан,
Қай ўғлон бош қўйди ўзга тупроққа,
Фарёд эшитилди ҳар хонадонда…
Қанча сувлар оқди, ювилди гардлар,
Осуда осмон ҳам ҳаёт қучоғи.
Наҳот дилингиздан кетмади дардлар,
Айрилиқ азоби, фарзандлар доғи.
Қаддингизни ростланг, мағрур, Онажон,
Ватан омонлиги — саодат ҳаққи!
Дуога қўл очиб айтинг, тинч замон
Йигитлар бор бўлсин, яшашга ҳақли.
Бугун ўтмиш ёди хотирдан ўчмас,
Ҳам шодлик, ҳам алам туйғусин туйдим.
Кечиринг, волидам, гулларни эмас,
Сизнинг пойингизга шу шеърни қўйдим.

МАРМАРТОШ

«Ўлганимда қабримга қўярмидинг мармартош».
Гоҳи она нолирди шўх ўғлидан койиниб.
Ҳушёр тортиб фарзанди бирдан чимиради қош:
«Қўйинг, ўлманг, онажон, қуриб кетсин мармартош».
Инсон ҳаётга меҳмон, тошчалик эмас йўлдош,
Она ҳам ёшин яшаб бу оламдан кўз юмди.
Мисли қалбдан қуйди сел, аёлдай тўкди кўзёш,
Ёш тўкди ўғил, аммо қўёлмади мармартош.
Қўёлмади мармартош, қайғуга бермай бардош,
Қабр бошида ҳар кун мармартошдай туради.
Гуллар билан бўзлашар, сўзлашар у эгиб бош:
«Жонимдан қўяй сизга, онажоним, ёдгор тош».
Она қабри бошида гул оралаб юрар у,
Она қабри бошида мармартошдай турар у.

СЕВГИМ ВА ОНАМ

Фақат мен уйғоқман,
Кўкда ой уйғоқ.
Сайёр
Ҳануз ёнар хонамда чироқ…
Онам уйғоқ, кўкда ой уйғоқ…
Уйимга ёр кузатди илк бор,
Қўлим унга узатдим илк бор,
Илк бор деди: «Хайр, сурма сочим,
Навбаҳорим, хайр, қалдирғочим».
Олам узра сочилди қундуз,
Қуёш бўлди, гўё ҳар юлдуз.
Олов сочар қўш ёноқларим,
Сўзга кирмас қўл-оёқларим…
Арғумчоқда учади юрак,
Онам ахир уйда жонсарак…
Қуш мисоли босардим қадам,
Пешвоз чиқиб қолди-ю онам…
Кўзларимга тикди кўзини,
… Айтолмади бироқ, сўзини…
— Қизим ухла, ором ол, деди,
Ширин тушлар билан қол, деди,
О, бағри кенг беғубор онам,
Илк севгимдай улуғвор онам!
Ўзим қолдим хонамда якка,
Уйқу қайда, уйқу фалакда…
Онам ухлар, ёнмайди чироқ
Мен уйғоқман, кўкда ой уйғоқ.

ОНАЖОНИМ

Онажоним,
Кўзларингизда
Куннинг нафаслари бор эди,
Онажоним, юзларингизга
Ойнинг ҳаваслари бор эди.
Онажоним, сиз билан жаҳон
Беҳигулдай ифорли эди.
Тунлар ойдин, кунлар шодмон,
Шабадалар дуторли эди.
Тушларимга кириб чиқасиз
Сочларимни ўриб чиқасиз.
Фариштадай бошим узра гоҳ
Оромимни кўриб чиқасиз.
Талпинаман, қучсайдим қани?
Соғинчлардан қочсайдим қани?
Кўз ёшларим гулга айланса,
Пойингизга сочсайдим қани?
Онажоним!
Жонажоним!

ОНА ДУОСИ

Ўғлонни ҳарбийга кузатаётиб…
Одам Ато ҳимматидан сўрадим,
Сени жоним пардасига ўрадим.
Тўлпичадай йўлга кирдинг сен қачон, —
Камзулчангга жийда-бодом қурадим.
Қизил гулдай тарзи бўлсин йигитнинг,
Билаклари гурзи бўлсин йигитнинг.
Қаторинда нори бўлган халқ ўлмас,
Юрт қўриқлаш фарзи бўлсин йигитнинг.
Ол бўлсин-а, ол бўлсин-а, ол бўлсин,
От танласанг — офтоб нури ёл бўлсин.
Тангрим сени паноҳинда асрасин,
Пешонангда борса-келар фол бўлсин.
Бошимдаги олмос жиғам, омон кел,
Белимдаги кумуш тўғам, омон кел.
Келгунингча қанча тойлар от бўлар,
Бўйларингга жон садағам, омон кел.
Суқсур болам, сарҳадларда сергак тур,
Чорлоқ болам, денгизларда чаппар ур.
Каклик болам, тоғликларда сайрон юр,
Кийик болам, қумликларда равон юр.
Тўқайларда арслон каби ариллаб,
Дараларда бўрон бўлгил гуриллаб.
Қайруғига сир айтмайди қулонлар,
Қоплон бўлгин, ёвинг қочсин зириллаб.
Сен оҳ десанг, қирқта жоним чиққудай,
Тоғларимни қора ғурбат йиққудай.
Товонингга тикан кирса баногоҳ,
Менга тегар замбаракнинг ўқидай.
Момо ҳаво ҳимматидан сўрайман,
Сени жоним пардасига ўрайман.
Аркдай бўлиб, остонангдан кириб кел,
Яратгандан ҳар кун шуни сўрайман.
Мен дуогўй йўлларингга қарайман…

СЕН ОНАЛАР ДУОСИНИ ОЛ…

Бу дунёнинг хилқати аёл,
Маъно бирла ҳикмат аёл,
Одамзодга тилаги — иқбол,
Кўрмай десанг умрингда завол,
Сен оналар дуосини ол.
Аёл жони қирқта деган зот
Унинг бахтин айлагай барбод.
Бу қандайин қабоҳат, ҳайҳот!
Кўрмай десанг умрингда завол
Сен оналар дуосини ол.
Гувоҳ эрур замин-замонлар:
Аёлга бош эгмиш султонлар.
Қаттиқ сўзлар унга нодонлар,
Кўрмай десанг умрингда завол,
Сен оналар дуосини ол.
Қадам боссанг балки титрар ер,
Ҳайиқадир балки сендан шер,
Битта сўзга лекин, қулоқ бер,
Кўрмай десанг умрингда зввол,
Сен оналар дуосини ол.
Фаришта ҳам аёл сиймодир,
Бир жонига минг меҳр жодир,
Ўйу фикри вафо, ҳаёдир,
Кўрмай десанг умрингда завол,
Сен оналар дуосини ол.
Йигит бўлсанг, ўлимдан қўрқма,
Таъқиблардан, зулмдан қўрқма,
Бўҳтончилар тилидан қўрқма,
Кўрмай десанг умрингда зввол,
Сен оналар дуосини ол.
Аёл — она, мушфиқи зордир,
Аёл — сингил, вафоли ёрдир,
Вафодорга вафоси бордир,
Кўрмай десанг умрингда завол,
Сен оналар дуосини ол.

ОНА

Ҳассами тўқиллар кенг коридорда
Сўнг секин очилди хона эшиги.
Нуроний бир она кимнидир сўраб
Турар остонада — қомати эгик.
— Она! — деб отилди бир қиз бағрига,
Юзларин куйдирар оташ нафаси.
Она-бола чўммиш қувонч наҳрига,
Қизлар тикилишар келиб ҳаваси…
Кўксига босади фарзандин она,
Тушмиш пешонага оппоқ соч толи.
Хушбўй таратади саватда, ана,
Фарғонадан келган луччак шафтоли.
— Нега этмадингиз мени хабардор
Кутиб олардим-ку вокзалда ўзим.
— Йўқ, бунча ташвишнинг не кераги бор,
Ахир…
вақтгинангни қизғандим, қизим…

ОНАЖОНИМ ҚОШИДА

Бир умр қарздор эрурман онажоним қошида,
Давлатим, тоғдай паноҳим, соябоним қошида.
Бойлигим ҳам толеим деб кўрсатурман изларин,
Ўзга бойлик на керак жону жаҳоним қошида?
Хулқи хушлигу ҳаёдан бердилар менга сабоқ,
То абад таъзим этай роҳи равоним қошида.
Не дея изҳор этай шаънига ёниқ ҳисларим,
Жонажондай жонажонроқ жонажоним қошида?
Дерлар, офтоб меҳридан жон олур рўйи замин,
Лекин, офтоб меҳри надир меҳрибоним қошида?
Мен волидам жонидаги жон эрурман, бегумон,
Садқа бўлсин хонумоним, садқа жоним қошида!

ТЎРТЛИКЛАР

Оналарнинг оёғи остидадир
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг
Бўл онанинг оёғин туфроғи.
* * *
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун, кунингга айлагали нурпош
Бирисин ой айла, бирисин қуёш.
Ғафур Ғулом

ОНА

Туғилган дамимни эслай олмайман,
Ташаккур дейилса арзигулик тонг.
Танам йўргакланган, муштим туғилган,
Олтин рудасидай ишланмаган онг.
Ҳали бепардозман, олам жамолин
Кўра олмасликка кўзим ҳам ожиз.
Танглайим кўтарган бибим бечора
Ким эди, билмайман ўлгандир, эсиз.
Биринчи тамшанган она сут қадрин
Асл ўғил бўлиб оқлаш эътибор.
Теварак оламга зийнат саналур
Она юрт бағрида кўркам ҳар чинор.
Қирқ йил ҳадегунча ўтиб ҳам кетди,
Ўғлингни кўрсайдинг етук камолин.
Кутиб етишолмай бизга қолдирган
Шунчалар муҳайё олам жамолин.
Дунёдай алвон ранг дастурхон ёзиб,
Сенинг оилангда ҳаммамиз обод.
Кумуш узугингни бармоқдан олиб,
Ушбу шеърим билан сени қилдим ёд.
Худди юрак устида
Эркалаган қўлинг бор.
Сочимни силаб қўйган
Панжанг изи — йўлинг бор.
Уфқлардан кенг эдинг
Бағрингга олган чоғи.
Ўзлигимни танитган
Онагинам қучоғи.
Мингга кириб ўлсам ҳам,
Қулоқда қуйма алланг.
Қуёшга қўшнимиз, деб
Кўрсатганинг минг-минг ранг.
Ўзинг, ахир, нимасан,
Қоямисан, тоғмисан?
Ўзинг ахир нимасан,
Жаҳонмисан, боғмисан?
Рангмисан, қуёшмисан,
Ўаммасидан улуғсан!
Етук-етук сўзимни
Шаънингга айтгуликсан.
Ҳойнаҳой, бир китобсан,
Минглаб қомусдан баланд.
Ҳойнаҳой офтобсан,
Мен эса сенга фарзанд.
Ҳамид ОЛИМЖОН

ЙИГИТЛАРНИ ФРОНТГА ЖЎНАТИШ

Поезд тайёр жўнамоққа,
Вокзал тўла йигитга:
Она бу кун узатади
Ўз ўғлини фронтга.
— Хайр ўғлим, оқ йўл бўлсин,
Хайр, кўзим қораси.
Билким, жангда билинади
Мард йигитнинг сараси.
Бола экан тиш чиқардим,
Ёвларни тишласин, деб.
Тоғдай оғир билак бердим,
Душманни муштласин, деб.
Яна икки кўз ҳам бердим,
Ёв келганда кўргани.
Оёқ бердим лозим келса
Ёв устига юргани.
Ақл бердим, ёв босганда
Енгишга йўл топсин, деб.
От ҳам боқдим, маврид келса
Жангга миниб чопсин, деб.
Мана бу кун буюк халқинг
Сени чақирди жангга:
Фашист деган бир аждаҳо
Ёв келибди Ватанга.
Отангнинг номини айтиб,
Болам, мард бўл, жангга кир.
Душманни қув элимиздан,
Кетидан елдай югур.
Кўкдан келса, қилич билан
Оёғини қирқиб ол;
Ёрдан чиқса, қўндоғ билан
Аблаҳнинг бошига сол.
Ҳамла қилса гавдасини
Танк билан мажағлаб ўт.
Кўкка чиқиб ўлим ёғдир,
Қолсин бегўр, бетобут.
Ҳужум чоғи чекинма ҳеч,
Тулкини шер бўлиб бос.
Тирноқ билан бағрини йирт.
Қўлингни дор қилиб ос.
Агар жангда иш бермасанг,
Олмасанг ботир деб ном,
Душманни енгиб қайтмасанг
Берган сутларим ҳаром.
Хайр, ўғлим, оқ йўл бўлсин,
Хайр, кўзим қораси.
Билким, жангда билинади
Мард йигитнинг сараси.
Йигит қасамёд қилади
Милтиқни олиб қўлга.
Паровоз ҳам қичқиради,
Поезд тушади йўлга.
Она йўлга тикилади:
— “Болам, йўлинг бўлсин оқ…”
Поезд кўздан йўқолгунча
Тикилади у узоқ.
Миртемир

СЕН ОНА…

Алишерга алла айтиб ухлатган
Сен — она.
Оғушида Бобур камолга етган
Сен — она.
Торобийни оғир жангга жўнатган
Сен — она.
Оламни нурида мунаввар этган
Сен — она.
Йиғласа, дунёни расо титратган
Сен — она.
Кулгиси саодат парвариш этган
Сен — она.
Доҳийлар бешигин бедор тебратган
Сен — она.
Меҳри баҳорида элни яшнатган
Сен — она.
Ягона ўғлингни жўнатдинг жангга,
Бўл бардам, она!
Онадай ошиқ йўқ она Ватанга,
Муҳтарам она…

ОНАГИНАМ

Товонимга чақир тиканакдай ботувчи — ғашлик,
Бедаво сизловиқдай сизлатгувчи — ғашлик.
Жигаримни қиймалаб аҳён-аҳён,
Чучварага чеккувчи — ғашлик.
Мени ўйлаб нотавон ва нимжон,
ғашимга теккувчи — ғашлик.
Суякларимни сирқиратиб,
оч теватдай ғажигучи,
Кўзимга ёш тирқиратиб,
жиғилдонимда аччиқ бўзадай ачигувчи ғашлик…
Дунёга қайта келишимга кўзим етсайди,
Йигит ёшим тўлмай туриб,
Айрилиқ зайлида қоқ ёғочдай қуриб
Жон берган онамни кўришимга
кўзим етсайди,
Тиззасига бир нафас бош қўйишимга
кўзим етсайди,
Оналик меҳрига ўбдон тўйишимга
кўзим етсайди,
Оқ сутингни оқлай, дейишимга
кўзим етсайди,
Менда ғашлик нетарди?
Янтоқ ўтинидек,
Тамаки тутунидек,
Тонг пайтида таралган бадбахтлик тунидек —
Чексиз фазоларга тарқаб кетарди!
Онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб
бермаган бўлсам,
Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб
бермагам бўлсам,
Ё нон ёпишинг учун,
Ҳатто бир йўла, бир кун
Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман…
Оғзингдан сўз чиқмай, елмаган болангман…
Сенинг арзимас бир юмушингни адо этолмаганим,
Сенинг бир ишорангга юз ўмбалоқ ошиб кетолмаганим!
Сени жиндак хушвақт қилгани,
Сени жиндак хушбахт қилгани –
Тагсиз жарлардан ўтолмаганим,
Сени сўнгги йўлга ўзим кузатолмаганим —
Тоғдай зил.
Абадиятдай чексиз армон бўлиб қолди дилимда,
онагинам!
Одам бўлдимми менам?
Ҳа, одам санашар мени элимда,
Сенга қилолмаган хизматим,
Сен деб чеколмаган заҳматим —
Жиндак зеҳним, жиндак шеърим, жиндак ғазалхонлигим
Оналик меҳрига тўймаган меҳрим,
жиндак яхшилик ва ёмонлигим
Мени одам санаган элимга бахшида,
жафодийда онагинам!
Элга хизматим — сенга хизматим эмасми ахир,
Эл мени фарзандим демасми ахир!
Рози бўл, одам саналай менам…
Дунёга қайтиб келурман,
Лекин бошқа ўғил бўлиб…

ОНАГИНАМ

… Она бағрин қўмсаб ўтди гўдаклик,
Тақдир олиб кетмиш эди йироққа.
Гоҳ ўксуклик, гоҳи шўхлик, тентакли,
Тағин бир ёз қайтиб келдим қишлоққа.
Не кўрайин? Кетмон ётур занг босиб,
Сопи синиқ, қараб бўлмас ўроққа.
Оғил, четан, қудуқ боши чанг босиб,
Онам шўрлик ўхшар жонли қурчоққа.
Кўз ёшини артиб рўмол учида,
Манглайимдан ўпиб, тутар сўроққа.
Синглим кўзи милт-милт, ҳовли бурчида,
Ҳовли ўхшар ҳозир юз бир қуроққа.
«Кўз ойдин!» деб олис-яқин келишар:
«Келдинг чоғи тағин тўрт кун қўноққа?»
Вақт тиғиз-да, булар қайдан билишар,
Бири уйга, бири чорлар овлоққа.
«Тулпор тўғри чортоқ томон чопармиш,
Сен ҳам ахир чопиб келгунг чортоққа.
От айланиб, қозиғини топармиш,
Сен ҳам ахир топиб келгунг шу ёққа…»
Бири у дер, бири бу дер, хушвақтлик,
Сакраб кетгум келар ўхшаб тайлоққа.
Яхши тилак, яхши орзу, хушбахтлик,
Майли борсам бориб келай яйлоққа.
Вақт тиғиз-ку, лекин анча тургим бор,
Тағин тушгум, қайдам, қандай сўқмоққа.
Онагинам кўз олдида юргим бор.
Кетмам, тўлқин итғитгандай қирғоққа.
Тонг отмайин ўроқни ҳам соплагум,
Кетмонни ҳам дуч қилгайман қайроққа.
Лой қиламан, лойга сомон қоплагум,
Эрта билан дўстлар келур шувоққа.
Қайдан билсин не савдолик ёш бошим,
Она қалби ўхшар ойдир булоққа.
Хаёлларда совиб қолар сўк ошим…
Онагинам ўтин қалар ўчоққа…
* * *
Онам! Сенинг иссиқ, азиз жонингни,
Заррадек чоғимдан бошлаб биламан,
Ўзим ҳам зарра-ю, лекин қонингни
Янгилаб жисмингдан ўзни узганман.
Сен гул жувон ҳали мендан бехабар,
Булутдай гўдаклар тортди ҳавасинг,
Энди мен сен десам қайноқ, муаттар
Ҳоврин ҳис қиламан илиқ нафасинг…

ОНАМ БОҚИ

Кечагина борлиқ эди мовий қор,
Севгидайин кун тафтидан эриди.
Эсда:
Биз ёш, қор баҳордан сервиқор,
Танимизда минг бир офтоб бор эди.
Ҳамма гўзал:
Ёши ўтган онам ҳам
Хушбўй эди хиёл сўлиқ гул мисол,
У билганни пари билмас бир олам,
Унга келиб ечиларди барча фол.
Нафасидан нафас олиб ўсдик биз:
Фарзандлару, гулу китоб ҳамроҳи.
Гулдан жозиб эди бизнинг онамиз,
Бир жаҳон бахт бағишларди нигоҳи…
Онам боғи орзусимон турфа ранг,
Лоқайд, бачки безакларга эди ёт.
Бор мавжудот рақиби-ла қилиб жанг
Ўстирди боғ, ўғил ва қиз — зурриёд.
Шу эрам боғ замонанинг зайли-ла
Эл ўтгувчи равон йўлга айланди.
Онам!
Сизнинг умр ҳаёт майли-ла
Менинг жисму жаҳонимга жойланди…
Неча аждод кечган боғдан йўл қолди,
У йўлларда Сизу мендан йўқдир из!
Сизни Мену,
Мени Оналик олди,
Аёл зоти кетмас ҳаётдан изсиз…
Асқад МУХТОР

АЯЖОНИМИЗ

Титраб янграр эди уфқлар тонгда,
Гўзал куйлар эди аяжонимиз.
Булутлар тўлғанар эди осмонда,
Жажжи юракларда — ҳаяжонимиз.
Куйни қари қартанг мукка тинглаган,
Бунда ожиз эди ҳар қанақа сўз.
Уруш мўраларди қўлсиз енглардан,
Юпун хирмонлардан — бебарака куз.
Аям кўкка қушдай интилар эди,
Этагидан ушлаб дийдирардик биз.
Яшил кўзакларда мўлтиллар эди,
Чала қолган куйдек болалигимиз.
Булутлар безовта эди осмонда,
Жажжи юракларда — ҳаяжонимиз.
Дадамизни эслаб шундай ҳар тонгда,
Мунгли куйлар эди аяжонимиз.
Куй бўлиб учмоқни қиларди орзу,
Дадамизни эслаб шундай ҳар тонгда.
Аммо, қанотларин ёзолмасди у,
Чунки биз бор эдик қанот остида.

ОНА

(Фарзандларимнинг марҳума оналари
ҳақидаги сўзлари)
Она, тарк этдингиз ёруғ оламни,
Билдик, айрилиқдек дарду аламни,
Фил ҳам кўтаролмас бундайин ғамни,
Ҳовлимиз саҳнида,ўчоқ бошида
Гўёки онажон, изингиз қолди…
Сиз оқилу доно эрдингиз, она,
Диёнат измида юрдингиз, она,
Ортимдан қолинглар, дердингиз она,
Айтганингиз келди, фарёдлар чекиб,
Ортингиздан учта қизингиз қолди.
Бошимиз силарди қўлингиз мудом,
Дуоларда эди тилингиз мудом,
Юмуш эди ўнгу сўлингиз мудом.
Мунглиғ қизларингиз қулоқларида
Жонбахшу пурмаъно сўзингиз қолди.
Сизсиз ғариб бўлиб кўринур дунё,
Қанийди бу кунлар бўлса бир рўё,
Дунёда йўқ экан онадай сиймо
Кўзимиз олдида фариштасурат
Офтобдайин иссиқ юзингиз қолди.
Гарчи оҳимиздан чиқса-да тутун,
Ўксиниб кўзёшлар тўксак-да беун,
Бизларнинг онажон, жисмимиз бутун,
Бизга ҳаёт ила идрок бергансиз,
Жисмимизда берган тузингиз қолди.
Бизлар учун доим ҳаётсиз, она,
Парвоз этар бўлсак қанотсиз, она,
Биз учун қўшиғу баётсиз, она,
Гўё нигоҳингиз бизларда доим,
Кўзимиз олдида кўзингиз қолди…
Ҳовлимиз саҳнида изингиз қолди!
Тўлан НИЗОМ

ШЕЪР АЙТГИМ КЕЛЯПТИ, ОНАЖОН

Рост гап, фақат сиғинаман Онамга,
Онам берган мўъжизакор оламга,
Олам берган бу муқаддас қаламга…
Онам ўтиб кетди ёруғ оламдан,
Мен ушлаган бу муқаддас қаламдан —
Элга сўзлаётир барҳаёт Онам.

ОНАМ РУҲИ

Онам ўлган. Бўлди неча йил,
Ҳаётимнинг шами-ку сўнган.
Чидаб келдим, оҳким, сағир дил,
Ҳижрон ғами юракда тўлган.
Мозорига бораман гоҳи,
Тиз чўкаман, тиззамда титроқ.
Эшитмас у ўғлининг оҳин,
Орамизда сўнгги йўқ қирғоқ.
Пойига оқ гуллар қўяман,
Кўнглим кўтарилар тоғлардай.
О, меҳрига қачон тўяман,
Онам эди тўкин боғлардай…
Пешонамни силаган у қўл,
Тирикманки чиқмас эсимдан.
Мен онамсиз босдим қанча йўл,
Болаларим келар изимдан.
Тонгларимни ёритур у Нур,
Мен-ла яшар ўшал улуғ Руҳ.
Онажоним, минг бора шукур,
Менинг бахтим, Сиз буюк шукуҳ…
Онам ўтган. Бўлди неча йил,
Ҳаётимнинг шами-ку сўнган.
Уни қўмсар етим шоир дил,
Ҳижрон дарди кўнгилда тўнган.

ОНАМ СУРАТИ

Бугун яна термуламан, Онажон,
Сен томонга интиламан, Онажон,
Айтгил, энди нима қиламан, Онажон.
Не ўтганин мен биламан, Онажон,
Садо чиқмас, соғинаман, сурат жим.
Шоир бўлдим ҳасратингни айтгани,
Армонингни мен боламга битгани,
Вақтим етмас ухлагани, ётгани,
Опам келар йиғлаб-йиғлаб кетгани,
Сиқиламан, ўкинаман, сурат жим.
Зиёратга бордим кеча қабрингга,
Зор йиғладим, киролмадим бағрингга,
Раҳминг сира келмасми сағирингга,
Биласан-ку тайёр эдим амрингга,
Ёлбораман, ўтинаман, сурат жим.
Меҳнат билан элда топдим эътибор,
Бунёд, Озод — ўғлим ва тўрт қизим бор,
Мен яшайман изларингга интизор,
Соғинганда Ўзбекистонда менга тор,
Юрак босиб, ютинаман, сурат жим.
Кўз ёшим — сув, боғ унар чаман-чаман,
Оқ сутинг, деб илҳомимни ичаман,
Сен — Туркистон, Она-ер, Она Ватан,
Ўзингдадир, ўзинг берган жону тан,
Бош қўяман, сиғинаман, сурат жим.

ТУШИМГА КИРДИ ОНАМ

Тушимга кирди онам:
Ҳассасига таяниб —
Остонада турибди.
Сочлари оппоқ, тол-тол,
Ва боқади жовдираб —
Бир хавотир кўрибди.
Кийган либоси ғариб,
Индолмайман, забон йўқ
Тилим қақшаб, қурибди.
Қўлингни оч, дер шу дам,
Қўйниғимга яширдим —
Билмам, недур берибди.
Сўнгра, алқади роса,
Яна бир разм солсам —
Ҳовлимизда юрибди.
Чўчиб турдим, болиш нам
Кўзларимда аччиқ ёш —
Юрак бежо урибди.
Қабрига бордим тонгда,
Атиргулга сув қўйдим —
Битта шохи қурибди.
Кечиринг, деб ёлбориб,
Сағанага тикилсам:
Мангулик ўй сурибди.
Тўлан НИЗОМ

ШЕЪР АЙТГИМ КЕЛЯПТИ, ОНАЖОН

Қаро тун тарқалур, нур яқин,
Жисмимни куйдирар бир чақин,
Соғинчдан юрагим зўр оқин,
Ларзага келтириб кўк тоқин —
Шеър айтгим келяпти, онажон!
Суратинг ҳеч кўзимдан кетмас,
Дод десам-да овозим етмас,
Ер-ку бориб хабарим айтмас,
Дардим битмас, шеърларим битмас,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Мозорингга ўтқаздим бир гул,
Эртаю кеч йиғлаб турар ул,
Бош кўтаргил, унга қараб кул,
Шохларига қўнсайди булбул,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Қолдим баъзан ғам ичра нолон,
Шунчалар ҳам тормикан жаҳон,
Кўнгил оғрир, жигарим ҳам қон,
Садо қилмас ер билан осмон,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Отам ўтди кўрмай рўшнолик,
Ундан мерос — дўстлик, ошнолик,
Отасизлик — аччиқ ташналик,
Ота бўлиб йўлга бошладинг,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Бола эдим, кетмонни олиб,
Далаларга чиқдим йўл солиб,
Кечда қайтдим чарчаб ва толиб,
Сўнг ром этди, шеър экан ғолиб!
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Навоий тушимга кирди неча қур,
Бобур кўз олдимда тик, мағрур.
Машраб деди: юр, мен билан юр,
Қўлларимдан тутди Миртемир,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Кўп шаҳарлар кездим сарсари,
Андижоним эмасди бари,
Фарғона ҳам юртлар сарвари,
Деган эдинг менга илгари,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Келин кўрсам, деб айтган эдинг,
Набиралар ғамин ҳам единг,
Бош ўғлимни, бу Бунёд дединг,
Кичкинасан бу Озод дединг,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Сенга ўхшаш одам бормикан,
Она каби ҳамдам бормикан,
Она номли зўр ғам бормикан,
Онасиз ҳам олам бормикан,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!
Сенсан мададкорим, Сен — кучим,
Эзгуликка тўлган бор ичим,
Ҳеч кимга йўқ ҳасадим, ўчим,
Шеърга битмоқ фарзандлик бурчим,
Шеър айтгим келяпти, Онажон!

ОНАМ-А

Сендан ўзга меҳрибонни кўрмадим,
Сенсиз ёруғ бу жаҳонни кўрмадим,
Сендан буюк ор-виждонни кўрмадим,
Сенсиз тўкис ер-осмонни кўрмадим,
Бугун яна ёдга тушган онам-а.
Кўришамиз, болам, қиёматда деб,
Йиғлайверма, бўтам, надоматда деб,
Сен яккасан, яша диёнатда деб,
Умринг ўтказ ҳалол, ибодатда деб,
Билдирмасдан мендан қочган онам-а.
Улушинг бор, дастурхонда, ўзинг йўқ,
Кўз олдимда суратинг бор, сўзинг йўқ.
Кўзларимга қараб турган кўзинг йўқ,
Йиғламаган ўғлинг ҳамда қизинг йўқ,
Рўзғоримда шамдай ўчган онам-а.
Эртаю кеч ўгитларинг тилимда,
Ҳасратларинг кўзимдаги селимда,
Кўпга қилган оналигинг эдимда;
Сен боғлатган шоҳи белбоғ белим-да,
Келмасликка қушдай учган онам-а.
Сендан қолган уйни обод айладим,
Сутинг ҳаққи, руҳингни шод айладим,
Ҳариб эдим, ўзни кушод айладим —
Ёлғизингни Бунёд, Озод айладим,
Юртга учта ўғил қўшган онам-а.
Кўрганингда бўлар эди — шу алам!
Дунё иши шундоғ экан, бири кам.
Шу боисдан йиғлаб ўтар эл-олам,
Армонларинг мана мен тутган қалам —
Шоир бўлиб қайнаб жўшган онам-а…
Яйратгансан пири имоним бўлиб,
Қаратгансан табиб инсоним бўлиб.
Яйратгансан боғу бўстоним бўлиб,
Сайратгансан улуғ Туронни бўлиб,
Ўзбекистон каби қучган онам-а…
Толиб ЙЎЛДОШ

ОНА

Она! Сенинг қуёшдайин
Умринг бор тинч ҳаётда.
Меҳринг яшар ҳар бир қалбда,
Ҳар дилда, мангу ёдда.
Ҳар эшикда сенинг алланг —
Сенинг ўғил-қизинг бор.
Сен тарихлар ижодчиси,
Асло ўчмас изинг бор.
Гўдакларга кўксинг очиқ,
Ўз номинг-ла онасан!
Бахтинг кулиб ҳур Ватанда
Довруғ топдинг яна сен.
Пахтазорда сенинг ялланг,
Дастгоҳларда овозинг,
Ой расмини олиб тушди
Фан йўлида парвозинг.
“Она” десам, ойнадек
Чеҳранг менга намоён.
Ёнбошимда тургандайсан
Соям каби ёнма-ён.
“Болам” дейсан, ҳавас билан
Бўй-бастимдан ўргилиб.
Ювиб-тараб, нур кийдириб,
Севиб парвона бўлиб.
Сен бир баҳор, боғларингда
Ўсар фарзанд — ниҳолинг.
Бизлар — сенинг келажагинг,
Бизлар — сенинг иқболинг.
Ориф ОДИЛХОНОВ

ОНА МЕҲРИ

Кўрдим, она, юзингиз кўз очиб тонг маҳалда,
Меҳрингиз дилга чиздим офтоб мисол ҳалда.
Меҳр қуёшингиздан бўлди дилим мунаввар,
Ширин сўзларингиздек ширинлик йўқ асалда.
Бу оламни танитган бағри олам ўзингиз,
Онасиз асли олам яралмасди азалда.
Бахти кулган диёр бағрида завққа тўлиб,
Меҳрингиз куйлар Ориф қўшиқ қилиб ғазалда.
Нормурод НАРЗУЛЛЕВ

АЗИЗ ОНАЖОН

Кўнгил гул боғида асрайман сизни,
Кўзим қароғида асрайман сизни,
Қалбим ардоғида асрайман сизни,
Боғбоним, посбоним, азиз онажон!
Қалбим наволари қўшиқ, соз бўлгай,
Баҳор чечаклари поёндоз бўлгай,
Умид, орзуларим сарафроз бўлгай,
Юлдузим, осмоним, азиз онажон!
Сиз билан кўркамдир йиллар, фасллар,
Қалбу кўксингиздан қарздор насллар,
Шу боис бош эгиб, ардоғлаб сийлар,
Имоним, виждоним, азиз онажон!
Сиз бедор, дунё тинч, эл обод бўлгай,
Дарду андуҳлардан дил озод бўлгай,
Хонадон серфайзу кўнгил шод бўлгай,
Қуёшли жаҳоним, азиз онажон!
Сиз борсиз, жаҳонни қучар қулочим,
Юксак парвозларда синалар лочин,
Қанийди оқлолсам фарзандлик бурчим,
Қўшиғим, достоним, азиз онажон!
Нормурод НАРЗУЛЛАЕВ

ОНАЖОНИМ КИРДИ ТУШИМГА

Сарвар Берди қизига
Соғинибди чоғи бепарво ўғлин,
Безовта қилибман тушларида ҳам.
Энтикиб, сув сепиб, кутармиш йўлим,
Кўзлари нигорон, мунис волидам.
Мени деб тўшагин янгилаганмиш,
Илитганмиш сув ҳам қўл ювиш учун.
Даврада ош тўла янги лаганмиш,
Гулдор пиёлада чой тутмиш мамнун.
Қаршимда турармиш катта чорраҳа,
Қоп-қора булутни бошимдан қувиб —
Тилармишлар менга оқ йўл — фотиҳа,
Ўпиб пешонамдан, эркалаб суюб…
Тушимнинг таъбирин нимага йўяй,
Асл ҳақиқатни билан оналар!
Шеъримга шу жойда мен нуқта қўяй,
Очиқ эътирофни қалбим тан олар!
Ҳаётда нималар бўлмайди содир,
Номатлуб юмушлар тегар Қашимга…
Шунда таскин бериб, ҳар ишга қодир,
Мададкор онамлар кирар тушимга.
Ташвишлари камдай ҳушларида ҳам,
Оббо, тинч қўймадим тушларида ҳам.

Омон МУХТОР

Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
Сен яшаган кулбага баъзан —
Қўниб ўтар йўловчи каби
Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
У сен билан сўзлашар баъзан —
Жаҳл аралаш, дилхун, асабий.
Ранжимагин, она, ўғлингдан
Унинг кўпдир наздингда айби.
Ўзи меҳр кўрсатмай, баъзан —
Сендан меҳр унинг талаби.
Ранжимагин, она, ўғлингдан,
Унинг кўпдир наздингда айби.
Сен яшаган кулбага баъзан —
Қўниб ўтар йўловчи каби…
Тилак ЖЎРА

ОНА НИЯТИ

От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.
Майли, мени ўйлама, болам,
Топганингни сарф қил ўзингга.
Лек бировга бўлмагин қарам,
Нам тегмасин сира тизингга.
Улғайтирдим полвоним дея,
Толиққанда дармоним дея.
Шамол каби елиб борасан,
Олисдаги осмоним дея.
Осмонингни олиб қайт, болам,
Қолиб кетма осмон васлида.
Отанг қурган бу кичик ҳужра
Осмондан ҳам кенгдир, аслида.
От чоптириб чиқдинг уйингдан,
От чоптириб қайтгин, илоҳим!
Қўлингдаги жиловинг каби
Эркинг бўлсин ўзингда доим.
Ҳайдар САМАРҚАНДИЙ

ОНАЖОН

Онажон, номинг дилимда —
жисм аро танҳо ўша,
Шафқатинг битмас хазина —
менга минг тилло ўша,
Ҳар нафас меҳринг булоғи,
тошса бир дунё ўша,
Кўз очиб кўрдим ўзингни,
менга бир дунё ўша.
Онажон, каъбам ўзинг,
сенсиз жаҳонни на қилай,
Танда меҳринг ёнмаса
беҳуда жонни на қилай?
Тарк этиб орому сабринг —
менга бахт бердинг мудом,
Ҳам жигарпорам дея,
чекдинг аламлар субҳу шом.
Тоза қалбинг бўлди қанча —
қанча қайғуларга жом,
Сендан ўргандим буюк
имло била ширин калом,
Онажон, каъбам ўзинг,
сенсиз жаҳонни на қилай,
Этмаса номингни ёд —
ўткир забонни на қилай?!
Меҳрибон, мушфиқ, мураббий,
бунча беозорсан.
Жонажон, мунис, азизам,
шодлигимга ёрсан.
Хаста бўлсам, жонга дармон,
ҳар саҳар бедорсан.
Гар йироқ кетсам туну кун
изларимга зорсан,
Онажон, ўғлинг деди:
сенсиз жаҳонни на қилай?
Бўлмасанг бошимда сен,
бу ошённи на қилай?!
Жонибек ҚУВНОҚ

ОНА
Ассалом, меҳру муҳаббат мулкига султон она,
Тожу тахтингнинг бисоти шафқату эҳсон она.
Ногаҳон фарзанд томон эсса агар нохуш шамол,
Айлагайсан кўкрагингни тоғ каби қалқон, она.
Оқ сутинг бирлан қилурсан сен жаҳонга жон ато,
Мушкули дунё бўлур амринг билан эсон, она.
Кўзларингда кўрганимда гоҳида ҳасратли ёш,
Кўз ёшидан ер юзи гўё бўлур уммон, она.
Солса ҳар ким гар дилингнинг торига мунгли наво,
Бўлса ҳам олим, бўлолмас ҳеч қачон инсон, она.
Мижжа қоқмай алла айтиб чиққанинг-чун бир кеча
Бир умр хизматда бўлсам қолмагай армон, она.
Мукаррама МУРОДОВА

ОНА ҚЎЙНИДА
Сен онанг қўйнида яшайсан хушбахт…
Ҳаёт ташвишлари ҳали бегона.
«Кўкдаги ой керак» десанг бўлар тахт,
Дам ўтмай, юлдузни қўмсайсан яна.
Сен эмас, ўзим ҳам шундай эдим, рост
Учирма бўлишдан илгари, укам.
Мудраган кўзларим очилди бир оз,
Олисда мустақил яшаб турган дам.
Рўзғорга бир дона нарса киргунча
Неча вақт қувватинг тўғилар экан.
Мурғагинг бешикдан йўлга тургунча
Соғлигинг чок-чокдан сўкилар экан.
Баъзида паридек кўринган зотнинг
Нуқсони кўриниб қоларкан аён.
Сен равон деб билган ҳаёт йўлида
Қоқинсанг, алами бўларкан ёмон.
Ўшанда туғилиб ўсган остона
Ўзига чорлагай — яккаш паноҳ, тахт.
Ҳозирча бу ўйлар сенга бегона,
Сен онанг қўйнида яшайсан хушбахт.
Жамол КАМОЛ

САККИЗЛИКЛАР
Онам учун аввал армон эдим мен,
Сўнгра мен талпиндим қучоқларида.
Кўзидан ёш бўлиб қуйилдим кейин,
Ва аста эридим дудоғларида…
Орзу оташида, иссиқ қучоқда
Етишган, эй шеърим, эй жонон ўғил,
Шу буюк дунёдан кўз юмар чоғда
Менинг кипригимдан нур бўлиб қуйил…
* * *
Дўстим, тунда туриб, уфқларга боқ,
Нур тошар гоҳи шўх, гоҳи асабий.
Оналар ухламас, оналар уйғоқ,
Бедорликнинг буюк тангриси каби.
Муаззам заминни ой нури эмас,
Шу кўзлар зиёси чулғамиш бутун.
О, агар оналар кўз юмса бирпас,
Жаҳон қопқасига ёприлади тун…
Ғулом ШОМУРОД

ОНА МЕҲРИ
Уч кундирки, ҳаво ҳўмрайган,
Уч кундирки, йилт этмас қуёш.
Шунданми, ё қалби муз қотган —
На жилмаяр, На кўзида ёш.
Бирдан бўлди ўзгариш,
Оҳо, Лабда кулгу, кўзда жоласи.
Унинг учун ёришди само,
Қуёш бўлиб келди боласи!

ҚЎМСАШ
Онамга
Бола эдим ҳали у пайтда,
Бурчим адо қилолмадим мен.
Ётганингда совуқ тўшакда,
Ҳолинг сўраб билолмадим мен.
Эсимда,
Бир кампир ундади,
Лабларингга мен томиздим сув.
Мажолсиз қўл бошим силади,
Кўзларингдан ёш тўкилди дув…
Кейин сени олиб кетдилар,
Мен орқангда қолиб бўзладим.
Шундан кейин ноёб чеҳрангни,
Меҳрибоним, қанча изладим.
Кўп изладим,
Топмадим, эвоҳ!
Сен дунёда билсам, ягона
Осмон гувоҳ
Замин ҳам гувоҳ —
Ўхшамайсан ҳеч кимга она.
Носир МУҲАММАД

ОНАМ ҲУЗУРИДА
Яна кўз олдимда таниш манзиллар,
Болалигим кечган қирлар, дала, боғ…
Настарин нафасли ҳаттоки еллар,
Наҳот бу ўзингсан, азиз Яккабоғ?!
Пойимда неча бир сафарлар тафти,
Кўзларимда ўчмай ёниқ ҳаяжон,
Бездириб шаҳарда ҳаётнинг забти
Бағрингизга қайтиб келдим, онажон.
Яна болаликка қайтаман бугун,
Кияман покликнинг содда либосин.
Ечилар юракдан бор дарду тугун,
Унутиб катталар макру риёсин.
Синфдош жўралар келар бирма-бир,
Сийрак сафларига боғаман хомуш.
Хотиралар ногоҳ айлару асир,
Оғушига чорлар оромбахш бир туш…
Юлдузларга тўла осмонга боқиб,
Ширин хаёлларга бўлардим ошно.
Қизилдарё пастда ётарди оқиб,
Чигирткалар саси — сеҳрли наво.
Тонгдан куйманарди ҳовлида отам —
Катта хонадоннинг толмас саврари.
Ўн бола юкидан эгилган онам
Нон ёпар, заҳматда қотган қўллари.
Сўнгра нонуштага ёзар дастурхон,
Атрофга таралар ширчойнинг ҳиди.
Кун бўйи ҳовлидан аримас меҳмон,
Дарвозалар асло ёпилмас эди…
Яна қайтиб келдим, эй, азиз маъво,
Юзу кўзларимда йиллар ғубори.
Сендан бошланганди мен учун дунё,
Ҳаётимнинг эса тенгсиз баҳори.
Ҳали ўчмагандир изларим балким,
Қадим Ўрта қишлоқ тупроқларида.
Наҳот қолиб кетди шўх болалигим
Тошқин Қизилдарё қирғоқларида.
Баъзан юрагимга санчилганда ғам,
Хотиралар ичра излайман паноҳ.
Машиналар тўла кўчаларда ҳам
Дарё шовқинини туйгандайман гоҳ.
Олис болаликдан таниш бу садо
Руҳимда уйғотар безовта туғён.
Ва лекин билмасман дарёмикан, ё
Гувраниб оқарми шиддаткор замон.
Тошпўлат АҲМАД

ОНАЖОНИМ — ГАВҲАРИ ЖОНИМ
(Шу номдаги туркумдан)
Мен дунёга келган кунданоқ,
Йўлларимга бўлдингиз чироқ.
Улғайсин деб чекдингиз фироқ,
Онажоним — жону жаҳоним,
Дуогўйим — чин меҳрибоним.
Йиқилганда суянч эдингиз,
Қоя каби таянч эдингиз,
Нур эдингиз, қувонч эдингиз,
Онажоним — доно сарбоним,
Дуолари тилло карвоним.
Қадрингизни гоҳо билмадим,
Қўлингизга ҳасса бўлмадим,
Кулбангизга васса бўлмадим,
Онажоним — гавҳари жоним,
Дуогўйим — ширин забоним.
Узоқ кетсам йўлимга қараб,
Ўлтиргансиз зор-зор мўлтираб,
Мен гўл эса юрганман «яйраб»,
Онажоним — чашми гирёним,
Нигоҳбоним — сарвари жоним.
Айтинг, Сизни қайлардан топай
Калишингиз гардларин ўпай,
Қабрингизга кўз ёшим сепай,
Онажоним — тоза виждоним,
Томиримда оққан пок қоним.
Ўлим-ку ҳақ, ҳамма ўтади,
Лекин она қолса, нетади?
Наҳотки ер тўймай кетади?
Онажоним — кўзда мужгоним,
Мунисгинам, обрўйим, шоним.
Юлдузларга боқиб сўзлайман,
Изларингиз бедор излайман,
Топиб бер деб елга бўзлайман,
Онажоним — гули райҳоним,
Дуогўйим, руҳи равоним.
Сиз бағримда ботмас офтобим,
Тунларимда сўнмас моҳтобим,
Дунёларга бермас китобим,
Онажоним — гавҳари жоним,
Дуогўйим — нури Иймоним…

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …