Главная / Жаҳон / Оммавий намойишлар йили. Янги «араб баҳори» ва Эроннинг хавотири
<

Оммавий намойишлар йили. Янги «араб баҳори» ва Эроннинг хавотири

2019 йил – бутун жаҳонда оммавий намойишлар йили бўлмоқда. Айниқса араб дунёсини норозилик намойишлари тўлқинлари қамраб олди. Ливандаги халқ норозилиги мисли кўрилмаган даражада деб баҳоланмоқда, Ироқда юзлаб намойишчилар шафқатсизлик билан ўлдирилган бўлсада янада кўпроқ одамлар кўчаларга чиқишмоқда, Мисрда, Жазоирда ва Суданда ҳам бир неча ойдан буён намойишлар тингани йўқ. Минтақада нималар бўлмоқда ва минтақанинг асосий давлатларидан бири, аввалги намойишлар бостирилишида муҳим роль бажарган Эрон бу воқеаларга қандай муносабатда?

Ироқда ҳам, Ливанда ҳам намойишларнинг яққол етакчилари йўқ, асосан ёшлар, қизлар ва талабалар кўчаларга чиқмоқда. Улар ижтимоий тармоқлар орқали бирлашиб, акцияларни ташкиллаштиришмоқда ва бир-бирига ёрдам беришмоқда. Улар коррупция ва ишсизликдан норозилик билдириб, ҳукуматдаги лавозимлар хизматларга қараб эмас, қайси диний гуруҳга мансублигига қараб тақсимланган тизимни айблашмоқда.

«Ироқдан Байрутга қадар – битта инқилоб, у ўлмайди», – деган шиорлар янграмоқда Байрут кўчаларида.

Ҳамма кўчага чиқмоқда

Ливанда бундай бирлашиш 1990 йилдаги урушдан бери кузатилмаганди

Ливанда кўп йиллардан бери, фуқаролик уруши давридан бери илк марта намойишлар бўлиб ўтмоқда. Қолаверса, бу сафарги намойишлар конфессия тафовутларини четлаб ўтмоқда: шиалар, суннийлар, христианлар, друзлар кўчаларга чиқди – норозилик барчани бирлаштирди. Биринчи марта ливанликлар бир миллат бўлиб бирлашишди.

Ироқда эса асосан шиалар намойиш уюштирмоқда. Аммо бу дегани мавжуд вазият бошқаларни қониқтиряпти, дегани эмас. Би-би-си эксперти, Вашингтон институтининг Яқин Шарқ бўйича тадқиқотчиси Ханин Гаддарнинг фикрича, суннийлар ўзларини ўтмишда бўлгани каби радикал диндорлар билан алоқада айблашларидан чўчишмоқда. 2013 йилда ИШИД экстремистлари минтақада мустаҳкамланиб олиш учун намойишчиларнинг чиқишларидан фойдаланишганди. Эндиликда норози суннийлар намойишларни қўллаб-қувватлашса-да, оммавий ҳаракатларга қўшилишмаяпти.

Нималар бўлмоқда?

Ҳар бир араб давлати ўзича бахтли, аммо уларнинг бахтсизликлари ўхшаш: нотенглик, қашшоқлик, ёшларнинг турмушидаги беҳаловатлик (аҳолининг 60 фоизи – 30 ёшдан кичик бўлганлар), мисли кўрилмаган коррупция, ресурслар ва бойликларнинг адолатсиз тақсимланишида элитанинг айбланиши.

Мамлакатда келажагини кўра олмаётганлар араб шаҳарларида кўчаларга чиқди.
Суратда – Бағдоддаги Таҳрир майдони

Азалдан амалда бўлиб келган ҳукумат ва халқ ўртасидаги очиқ келишув – содиқлик эвазига барқарорлик ва фаровонлик – энди йўқолди, ҳукуматдагилар берилган ваъдаларни бажармаяпти ва аҳолининг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини ҳам қондира олмаяпти, халқ эса ўлим хавф солиб турса-да норозилигини намойиш этишдан қайтмаяпти.

«Араб баҳори» болалари

Тарихга «араб баҳори» номи билан кирган воқеалардан саккиз йилдан ортиқ вақт ўтиб «хатолар устида ишланган» ва янги норозилик тўлқинига тайёрланган янги авлод етишиб чиқди. Айрим экспертлар фикрича эса, «араб баҳори» аслида тугамаганди.

Карнеги марказининг Яқин Шарқ бўлими директори Маха Яҳё янги намойишчиларни «араб баҳори болалари» деб атади. Араб дунёсидаги аҳолининг 60 фоизидан ортиқ қисми – 30 ёшдан кичик ёшлар ва айнан улар намойишларнинг асосий таянчи бўлмоқда.

Ливанда ҳам, Ироқ кўчаларида ҳам асосан ёшлар кўчага чиқди.
«Биз дарсларни ўтказиб юборяпмиз, сизларга дарс ўтиш учун», – деб ёзилган Байрутдаги қиз кўтарган плакатда.

«Биз ҳозир араб дунёсида гувоҳ бўлиб турган воқеалар 2011 йилги «араб баҳори»нинг давомидир. Қўрқув деворини синдирган одамлар бирлашишди», дейди Chatham House вакили Лина Ҳатиб.

2011 йилги намойишлар кўнгилсизликлар билан якунланганди. Айрим давлатларда намойишлар режимнинг қон тўкиб алмашиниши ва қонли урушларга олиб келган, бошқа давлатларда намойишлар аксилинқилобларга айланиб, бир диктатор ўрнига бошқаси келганди. Фақатгина Тунисда «араб баҳори»нинг «илк қалдирғочлари» демократик сайловлар ўтказилишига эришганди.

Эски тизимларнинг парчаланиши

Ишсизлик, ҳатто нисбатан демократик саналган Ливан ва Ироқда ҳам ҳукумат алмашмаслиги, Эроннинг ички сиёсатга таъсири – икки мамлакатдаги намойишчилар ҳам статус-квога (мавжуд вазият сақланиб қолиши) рози бўлишдан чарчаган ва ўзгаришлар исташмоқда.

Одамлар шу вақтга қадар амал қилиб келган, 90-йиллар охирида Ливандаги фуқаролик урушидан кейин, Ироқда 2003 йили Саддам Ҳусайннинг ағдарилишидан кейин ўрнатилган, ҳокимиятни тақсимлашнинг конфессия тизимини қайта кўриб чиқишни талаб қилишмоқда.

Ўшандан буён, анъаналарга кўра Ироқда президент лавозимини курдлар вакили, бош вазир лавозимини шиалар вакили, парламент спикери лавозимини эса суннийлар вакили эгаллаб келади. Ливанда президент мароний христианларидан, бош вазир – суннийлардан, парламент спикери эса – шиалардан сайланади.

Байрутдаги намойишлар қувноқ ўтмоқда: одамлар кўчада уйланяпти, диджей мусиқа қўймоқда, барча бахтиёр

Намойишчилар ҳокимиятнинг бу тахлит тақсимланишида динлараро рақобат ва коррупция илдизларини кўришмоқда. Айрим экспертлар бу тизимнинг ижобий томонлари кўплигини ҳисобга олиб, уни буткул йўқ қилишдан кўра уни ислоҳ қилишни таклиф қилишмоқда.

Ҳозирда баъзи намойишчилар Ливандаги сайлов тизимини ўзгартиришни ва квоталарни бекор қилишни талаб қилишмоқда, ҳозирда муайян этник конфессия жамоалари учун парламент ва ҳукуматда аниқ белгиланган ўринлар кафолатланган. Расмийлар бу ғояга қарши.

«Эрон, бу ердан кет»

Шунингдек фарқлар ҳам бор – шу вақтгача Байрут ва Ливаннинг бошқа шаҳарларида намойишлар тинч ўтаётган бўлса, Ироқда аввалбошдан намойишлар қонга ботирилди, кўчаларга чиққан одамлар номаълум мерганлар томонидан ўққа тутилди ва юздан ортиқ киши ҳалок бўлди. Намойишларнинг бу қадар кескин бостирилишида эронпараст айирмачиларни, хусусан, Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг «Ал-Кудс» махсус бўлими генерали Қосим Сулаймонийни айблашмоқда.

AFP

Ливандаги энг катта сиёсий куч бўлмиш «Ҳизбуллоҳ» ҳозирча намойишчиларга нисбатан куч ишлатмаяпти ва бошқа таъсир чоралари қўлламоқда. Шиаларнинг ушбу радикал ҳаракати намойишчи шиаларни қўрқитмоқда ва ҳозирча бетарафлик сақлаётган армияни намойишчиларни тарқатиб юборишга жалб қилишга уринмоқда.

Ливанда намойишлар бошлангач бош вазир Саад Ҳаририй истеъфога чиқди, аммо бу намойишчиларни қаноатлантирмади, улар янада кўпроқ ўзгаришлар талаб қилиб янги намойишларни бошлашди. Ироқ бош вазири Одил Абдул-Маҳди ҳам Ҳаририйнинг йўлидан бориши мумкин эди, аммо сўнгги лаҳзаларда у бу фикридан қайтди. Ироқ ҳукуматидаги манбалар маълумотига кўра, бош вазирни Ироқдаги таъсирини йўқотишни истамайдиган ташқи кучлар аҳдидан қайтаришган.

Асосан шиалардан иборат бўлган Ироқдаги намойишчилар оятуллоҳ Хоманаий ва генерал Қосим Сулаймонийнинг портретларини ёқишди, Эрон элчихоналарини тошбўрон қилишди ва мамлакат эронлаштирилишига қарши чиқишди. «Ироққа озодлик», «Коррупционерлар, йўқолинг», «Эрон, йўқол» – Ироқдаги шаҳарларни шундай шиорлар титратмоқда.

«Бу зарба Эрон билан алоқадор бўлган шиа раҳбарлари томонидан берилди. Агар шиаларнинг қўллаб-қувватловидан айрилса, Эрон Ироқдан ҳам айрилади», – дейди «Ассошиэйтед пресс»нинг Бағдоддаги таҳлилчиси Ватик ал-Ҳошимий.

Ироқ ва Ливандаги намойишларнинг фарқи – ҳукумат томонидан куч ишлатилгани.
Ироқда 250дан ортиқ киши ўлдирилди, намойишчилар бунда Эрон билан боғлиқ кучларни айблашмоқда

Би-би-си эксперти Ханин Гаддарнинг айтишича, «Теҳрон ҳарбий ва сиёсий ғалабаларини Ироқ ва Ливандаги шиаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун капиталга айлантира олмади».

Ироқда одамлар аввалбошдан Эронни асосий душман деб ҳисоблашган бўлса, Ливанда барчаси аниқ эмас. Одамлар Ливанни аслида ким бошқаришини яхши англашади. «Барча биладики, ҳақиқий бошқарувчи «Ҳизбуллоҳ»дир. Кимдир бошқачалигини гапирса, уни ҳеч ким эшитмайди, аммо Насрулло (Ҳасан Насрулло – «Ҳизбуллоҳ» етакчиси) гапирса – барча қулоқ солади», – дейди Гаддар Ливандаги норозиликлар бутун тизимга қарши қаратилганига урғу бериб.

Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» чекинмагунча халқ кўчалардан кетмайди

Ливанликлар янги ҳукумат парламентдаги бирорта сиёсий партияга мансуб бўлмаган технократлардан таркиб топишини истамоқда. «Ҳизбуллоҳ» истеъфога чиққан Ҳаририй қайтиб, садоқатли шиалардан янги ҳукумат шакллантиришини истамоқда.

Агар бу чоралар иш бермаса, «Ҳизбуллоҳ» куч ишлатиши ҳам мумкин.

AFP

«Намойишчилар осонлик билан ортга чекинмайдилар. Тез орада иқтисодиётда бундай чора-тадбирлар фойда бермаётгани акс этади ва одамлар янада катта куч билан кўчаларга чиқишади», – деб ҳисоблайди Гаддар.

Мамлакат иқтисодиёти ҳалокат ёқасида, Ливан – ҳозирда жаҳондаги энг кўп давлат қарзи бор давлатлардан биридир (86 млрд доллар – бу эса ЯИМнинг 150 фоизидан кўпроқни ташкил этади), 10 миллиард доллар атрофидаги захира эса 4-5 ойга етади, холос.

«Ливан «Ҳизбуллоҳ» учун жуда муҳим, улар курашсиз чекинмайдилар. Улар тўғридан-тўғри қарама-қаршилик ва зўравонликдан қочишга ҳаракат қилишади, лекин улар шунчаки таслим бўлишмайди», – дейди Ханин Гаддар.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ukvshhpft

Туркия НАТОнинг Польша ва Болтиқбўйи давлатларини ҳимоя қилиш режасини маъқуллади

 Туркия Лондонда бўлиб ўтган саммитда Польша, Франция ва Германия етакчилари ҳамда альянс бош котибининг илтимоси …