Главная / Маданият / Ўлимни эслаш фазилати
<

Ўлимни эслаш фазилати

ulimЎлимни эслаш нафсни поклайдиган энг муҳим омиллардандир. Одамларнинг нотўғри йўлларга кириб кетишларига кўп ҳолларда ўлимни эсдан чиқаришлари сабаб бўлади. Ўлишини ўйламаган одам ҳеч қандай гуноҳдан тап тортмайди.
Агар банда бир кун келиб ўлишини, қабрда мункар ва накир томонидан сўроқ қилинишини ёдида тутса, зинҳор қинғир йўлга кирмайди. Ўлимни эслаш қалбни юмшатади, кишини тавба қилишга чорлайди. Шу сабаб, Қуръони каримда ўлим қайта-қайта зикр этилган. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай деган:

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ… (185)

“Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Ҳар битта тирик жонзот ўлим таъмини тотади. Ўлмайдиган жонзот йўқ оламда. Махлуқотлар ичида мукаррами бўлган инсон ҳам вақти-соати етиб, ёруғ оламни тарк этади. Бу, Аллоҳ белгилаб қўйган қонундир. Ўлимни мол-дунё, мансаб-мартаба ёки обрўъ-эътибор билан қайтариб бўлмайди.

كُلُّ مَنْ عَلَيْهَا فَانٍ (26) وَيَبْقَى وَجْهُ رَبِّكَ ذُو الْجَلَالِ وَالْإِكْرَامِ (27)

“(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам Соҳиби бўлган Парвардигорингизнинг Ўзи боқий қолади” (Ар-Раҳмон сураси, 26-27-оятлар).
Ер юзида яшайдиган ҳамма тирик мавжудотлар ўткинчи, абадий эмас. Шунингдек, осмондаги махлуқотлар ҳам фоний. Фақатгина Аллоҳ боқий қолади. У ҳеч қачон ўлмайди. Аллоҳ абадий тирик Зотдир.

حَتَّى إِذَا جَاءَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ رَبِّ ارْجِعُونِ (99)

“Токи қачон улардан (яъни, мушриклардан) бирига ўлим келганда: “Парвардигоро, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар”, деб қолади” (Мўминун сураси, 99-оят).
Имонсиз одам ҳаётлик вақтида кўнглига келган гуноҳларни қилиб юраверади. Ҳеч тўхтамайди. Ажали етганида эса, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишини аниқ билади. Шунда қилган ишига аттанг, деб қолади. Ўлим соя солганида, “Парвардигорим, мени ҳаётга қайтаринглар! Солиҳ амаллар қилиб қолай! Ўзингга ибодат қилай”! деб ялинаркан. Йўқ, унга муҳлат берилмайди. Нега? Чунки ортиғи билан вақт берилганди. Ажал етдими, ортга қайтиш имкони йўқ. Шунинг учун, ҳар бир банда тириклик чоғини ғанимат билиши керак. Токи вақти-соати етганида, надоматга қолмасин.

قُلْ إِنَّ الْمَوْتَ الَّذِي تَفِرُّونَ مِنْهُ فَإِنَّهُ مُلَاقِيكُمْ… (8)

“Айтинг: “Сизлар қочаётган бу ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир” (Жумъа сураси, 8-оят).
Ўлимдан қочиб қутулиб бўлмайди. Инсоннинг ажали етганида, ўлим уни топиб олади. Қаерда бўлса ҳам, мустаҳкам бир қўрғон ичига беркиниб оладими, ертўлага тушиб оладими, етти қават бетон ичида ётадими, фарқи йўқ, ажал етганида, одам боласи оламни тарк этади.
Мана бу оятга эътибор қаратайлик:

أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ

“Қаерда бўлмангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топиб олади” (Нисо сураси, 78-оят). Бундан чиқди, инсонни ўлимдан ҳеч нарса тўсолмайди. Қасрлару саройлар, минглаб хизматкорлар уни ажал чангалидан қутқариб қололмайдилар…
Аллоҳ таоло Ўз Расулига шундай хитоб қилган:

إِنَّكَ مَيِّتٌ وَإِنَّهُمْ مَيِّتُونَ (30)

“(Эй Муҳаммад,) шак-шубҳасиз, Сиз ҳам ўлувчисиз, улар ҳам ўлувчидирлар” (Зумар сураси, 30-оят).
Агар ўлимдан қутулиш иложи бўлганида, энг аввал улуғ пайғамбарлар, азиз авлиёлар ўлмасдилар, мангу яшаган бўлардилар. Аллоҳ таоло бандаларини огоҳлантириб шундай деган:

وَأَنْفِقُوا مِنْ مَا رَزَقْنَاكُمْ مِنْ قَبْلِ أَنْ يَأْتِيَ أَحَدَكُمُ الْمَوْتُ فَيَقُولَ رَبِّ لَوْلَا أَخَّرْتَنِي إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ فَأَصَّدَّقَ وَأَكُنْ مِنَ الصَّالِحِينَ (10) وَلَنْ يُؤَخِّرَ اللَّهُ نَفْسًا إِذَا جَاءَ أَجَلُهَا وَاللَّهُ خَبِيرٌ بِمَا تَعْمَلُونَ (11)

Сизларнинг ҳар бирингизга ўлим келиб, у: “Парвардигорим, мени озгина муддатга (ҳаётда қолдирсанг), мен хайр-садақа қилиб олсам, солиҳ (банда)лардан бўлсам”, деб қолишидан илгари – Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз. Аллоҳ бирон жонни ажали келган вақтида (вафот эттирмасдан) қолдирмайди” (Мунофиқун сураси, 10-11-оятлар). Бу оятда ўлимдан олдин мол-дунёни хайрли ишларга сарфлашга чақирилмоқда. Чунки эрта-индин ажал етиб, “эй Раббим, менга озроқ муҳлат бер, молимни садақа қилиб олай, охиратимга озуқа олволай!” деб илтижо қилишнинг фойдаси бўлмас экан. Қандай яхшилик қилса, шу бугун – нафаси кириб-чиқиб турганида қилсин! Чунки, ўлим вақти етганидан кейин уни бир соат олдинга ёки орқага суриб бўлмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَكْثِرُوا ذِكْرَ هَاذِمِ اللَّذَّاتِ يَعْنِي الْمَوْتَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Лаззатларни парчаловчи (ўлим)ни кўп эсланглар” (Термизий ва Насоий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ). Ўлимни эслаган одамнинг гуноҳ қилишга бўлган хоҳиши сўнади, лаззатлари парчаланади, дунё шаҳватлари бироз бўлсаям эсидан чиқиб, охиратни ўйлаб қолади. Шунда ёмон ишлардан қайтиб, яхшилик қилишга ўтади. Ўлимни бир зум ҳам унутмаган, қиёмат куни қилган ҳар битта ишига жавоб беришни ўйлаган инсон Аллоҳнинг айтганини қилади, қайтарганидан қайтади.
Ривоят қилинишича, Рабийъ ибн Хайсам ҳовлисига қабр қазиб қўйган эди. Унга ҳар куни бир неча бор кириб ётар, шу йўл билан ўлимни эслар, “агар ўлимни эслаш мени бир лаҳза тарк этса, қалбим бузилади”, деб айтарди.
София розияллоҳу анҳо айтади: “Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳога қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. Оиша унга: “Ўлимни кўп эсла, қалбинг юмшайди”, деди. Ҳалиги аёл айтилган ишни қилганди, қалби юмшади. Шундай сўнг келиб Оиша розияллоҳу анҳога ташаккур айтди”.

عَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ هَذِهِ الْقُلُوبَ تَصْدَأُ كَمَا يَصْدَأُ الْحَدِيدُ إِذَا أَصَابَهُ الْمَاءُ قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جِلاَؤُهَا قَالَ: كَثْرَةُ ذِكْرِ الْمَوْتِ وَتِلاَوَةُ الْقُرْآنِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَأَبُو نُعَيْمٍ وَالْقُضَاعِيُّ.

      Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” дейилди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш ва Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар” (Байҳақий, Абу Нуайм ва Қузоий ривоят қилган). Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаш ва Қуръон ўқиш қалбдаги зангларни тозалар экан. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимни эслаган банданинг ўткинчи дунёга бўлган хоҳиши сўнади, нафс йўлида кўзига тор кўринаётган дунё кенг, фаровонлик ва лаззатлар туфайли боқий туюлаётган ҳаёт ўткинчидек бўлиб қолади. Шунинг учун туғёнга тушиш хавфи бўлганда, ўлимни эслашнинг нафи катта. Ўлимни эслаган, охиратда ҳар бир иши учун жавоб беришини ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ўнглашга ўтади. Инсон ўлимни эслаганда, лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям сўнади. Бир кунмас-бир кун ўлим чанг солишини билган киши дунёни эмас, охиратни ўйлаб қолади.

عَنْ شَدَّادِ بْنِ أَوْسٍ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الكَيِّسُ مَنْ دَانَ نَفْسَهُ وَعَمِلَ لِمَا بَعْدَ المَوْتِ وَالعَاجِزُ مَنْ أَتْبَعَ نَفْسَهُ هَوَاهَا وَتَمَنَّى عَلَى اللَّهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.

Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Оқил ўз нафсини ҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги (охират ҳаёти) учун амал қилади. Ожиз эса ҳавойи нафсига берилиб, Аллоҳдан “умид” қилади” (Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти. Ҳадис санади заиф).
Нафсни ҳисоб қилиш деганда, банда қиёмат куни ҳисоб қилинмасидан олдин, мана шу дунёда яхши ва ёмон амалларини сарҳисоб қилиб, ўзини тергаши, гуноҳларига тавба қилиши тушунилади.
Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар ичида энг ақллиси ким?” деб сўрадилар. “Аллоҳ ва Расули билади”, дейилди. Шунда у зот: “Ўлимни кўп эслаган ва унга чиройли тайёргарлик кўрган одам энг ақллидир”, деб марҳамат қилдилар (Ибн Абу Усома, “Бағийятул боҳис ан завоиди муснадил ҳорис”).

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: قَدْ كُنْتُ نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ القُبُورِ فَقَدْ أُذِنَ لِمُحَمَّدٍ فِي زِيَارَةِ قَبْرِ أُمِّهِ فَزُورُوهَا فَإِنَّهَا تُذَكِّرُ الآخِرَةَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен қабристонни зиёрат қилишдан сизни қайтаргандим. Энди Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга рухсат берилди. Шундай экан, (қабристонни) зиёрат қилинг. Сабаби, у (сизга) охиратни эслатади” (Термизий ва Насоий ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Қабристонни зиёрат қилишнинг асосий ҳикматларидан бири – охиратни эслаш. Охиратни эслаган одам дунё учун эмас, кўпроқ охирати учун саъй-ҳаракат қилади. Пайғамбар алайҳиссалом: “Воизликка ўлимнинг ўзи кифоя қилади”, деганлар (Имом Табароний ривоят қилган).
Қабристон сув қуйгандек жим-жит бўлса ҳам, маййитлар гапирмаса ҳам, лекин инсонга жуда кўп ҳақиқатларни англатади. Чиндан ҳам, ўлим энг яхши насиҳатгўйдир. Мана шу сукунатдан инсон ўзи учун анча ибрат олади.
Ўлимни эслашнинг яна бир йўли яқин орада ўтиб кетган яқинлари, танишларининг қадди-қомати, чиройи, мол-дунёси, қуч-қуввати, обрў-мансабини кўз олдига келтиришдир. Уларнинг барчаси ўтиб кетишди. Улардан нима қолди? Куни келиб мен ҳам ўтаман? Ортимдан қоладигани нима? Мол-давлатми, мартабами ёки обрўъ-эътибор? Йўқ, булар ўткинчи. Мен солиҳ амалларни кўпроқ қилишим керак экан. Ана шунда охиратда нажот топаман, деб ўзини мудом тергаши, охиратга тайёргарлик кўриши керак.
Кейин, жанозада сал эътиборлироқ бўлайлик! Шунчаки келиб-кетишнинг фойдаси йўқ. Келдикми, маййитнинг ҳолидан ибрат олайлик, қабрдаги ҳолатни, қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб беришни ўйлайлик. Қолаверса, маййит ҳақига ихлос билан дуо қилайлик, истиғфор айтайлик. Ана шунда жанозада қатнашганимиз ўзимизга ҳам, маййитга ҳам фойдали бўлади.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Маданият ва санъат соҳасида ДХШ асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори …