Главная / Спорт / «Олд Траффорд»да турнинг марказий ўйини, Россияда Шомуродов-Озмун тўқнашуви. Ҳафтанинг асосий ўйинлари анонси
<

«Олд Траффорд»да турнинг марказий ўйини, Россияда Шомуродов-Озмун тўқнашуви. Ҳафтанинг асосий ўйинлари анонси

Терма жамоаларнинг навбатдаги йиғинлари, қизиқарли учрашувларидан сўнг, яна одатдаги клублар футболига қайтяпмиз. Деярли ҳар куни бизни телевизор қаршисига чорлайдиган футбол ўн кунлигини қуйидаги қизиқарли учрашувлар очиб беради.

ЛАЦИО – АТАЛАНТА (19 октябрь, 18:00)

Сўнгги йилларда анча барқарор қатнашиб, турнир жадвалида юқори ўринлар учун курашаётган бу икки жамоа беллашуви ҳам қизиқиш уйғотиши табиий. «Аталанта» ниҳоят, юлдузларни етиштириб берувчи мақомидан воз кечиб, анча кучли ва рақобатбардош жамоага айланди ва ҳатто Чемпионлар Лигасида қатнашмоқда. Тўғри, у ерда ишлар дуруст эмас, икки фронтда курашиш бергамоликларга оғирлик қилмоқда, лекин А Серияда Гасперини шогирдлари ҳали ҳам энг ҳужумкор ўйинни намойиш этмоқда.

«Аталанта» лигада энг кўп гол урган жамоа бўлиб турибди, турнир жадвалида ҳам фақат «Интер» ва «Ювентус»дан ортда бормоқда, холос. Лекин бу шунингдек, ҳозирча «Аталанта»га кучли рақиблар рўбару келмаётганини ҳам эътиборга олиш керак. Топ-рақиблардан фақат «Рома» мағлуб этилди. Айнан октябрнинг охири бергамоликлар учун синов бўлади. «Лацио»дан ташқари, уч кун ўтиб, «Манчестер Сити» меҳмони бўлиш керак. Ойнинг сўнгги кунларида эса, «Наполи» майдонига сафар ҳам кутиб турибди. Айнан мана шу ўйинлар «Аталанта»нинг ушбу мавсумдаги мақсадларини белгилаб берса ажаб эмас.

«Лацио» эса, доимгидек, ўзининг барқарор режимида одимлашда давом этмоқда. Кучли рақиблар билан ўйинда мағлубиятлар, аммо турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоаларга қарши учрашувларда имкон қадар юз фоизлик натижалар «Лацио» доим юқори ўринларда юришига имкон бермоқда. Бу мавсумда ҳам Рим дербисида дуранг қайд этилди, «Интер»дан мағлубиятга учралди, лекин бошқа ўйинларда ишончли ғалабалар бор. Римликлар олтинчи поғонада боришяпти ва етакчилардан у қадар катта фарқ билан ортда қолиб кетишгани йўқ.

Йўқотишлар борасида меҳмонларнинг ҳолати ёмонроқ. Ўтган мавсум жамоа тўпурари, бу йил ҳам 7 ўйинда 6 гол уриб, икки марта рақибларига голли узатмани амалга оширган колумбиялик ҳужумчи Дуан Сапата жароҳатланган ва шу ойнинг охиригача «Аталанта»га ёрдам бера олмайди. Александро Гомес ва Йосип Иличич ташаббусни ўз қўлига олишига тўғри келади. Мезбонлардан эса Рикардо Кишна сафдан чиққан. Шунингдек, «Болонья»га қарши ўйинда майдондан четлатилган Лукас Лейвада дисквалификация бор.

А Серия доирасидаги сўнгги тўрт ўйинда «Лацио» ғалаба қозона олгани йўқ, аммо сўнгги ўзаро ўйинни алоҳида тилга олиш лозим. Бу жамоалар ўтган мавсумда мамлакат кубоги финалида тўқнаш келганди ва учрашув 2:0 ҳисобида «Лацио»нинг ғалабаси билан якунланган.

АТЛЕТИКО – ВАЛЕНСИЯ (19 октябрь, 19:00)

Мавсум олдидан тайёргарлик ўйинлари ва илк турлардаги ажойиб натижалардан сўнг, янгиланган «Атлетико» барчанинг эътиборини қозонган, кетган етакчиларнинг ўрнини жуда қисқа муддатда тўлдириб, ҳатто кучлироқ жамоани қургандек тасаввур уйғотган Симеоне олқишлар тинмасди. Аммо ҳаммаси бунчалик осон эмас экан. «Атлетико» ҳар қандай янги жамоа сингари, айниқса, вазиятлар яратишда муаммоларга дуч келяпти.

Илк уч турдаги ғалабадан сўнг, Сосьедаддаги ўйин бой берилди. «Атлетико» сўнгги беш ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонди, уч ўйинда 0:0 ҳисоби қайд этилди. Яъни сўнгги беш турда Симеоне шогирдлари атиги 2 гол ура олишди, холос. Яхшиямки турнир жадвалининг юқори қисмида барқарор ўйин кўрсатаётган жамоалар у қадар кўп эмас, мана шундай ҳолатда ҳам «Атлетико» 3-поғонани забт этган ҳолда, пешқадамдан атиги 3 очкога ортда қолаётганига ишониш қийин. Мадридликлар бир ҳафтада қаторасига уч ўйинни ўз майдонларида ўтказади. Ҳафта ўртасида ЕЧЛ доирасидаги «Байер»га қарши ўйин, кейин эса «Атлетик» билан Ла Лига учрашуви бор. Айнан шу ўйинлар «Атлетико» учун бурилиш нуқтаси бўлса ажаб эмас.

«Валенсия», ўша биз билган беқарор «Валенсия». Лондонда «Челси» устидан қозонилган ғалаба ўз майдонидаги «Аякс»дан йирик мағлубият билан алмашиб турибди. Ла Лигада ҳам шу аҳвол. Гоҳ Бильбаода ажойиб ғалабани гувоҳи бўламиз, гоҳ «Леганес»га қарши учрашув нурсиз дуранг билан тугайди. Аммо юқорида айтилганидек, Испания чемпионатида барқарор жамоанинг ўзи йўқлиги «Валенсия»ни ҳам атиги 12 очко билан бўлсада пешқадамларга яқин ушлаб турибди. Бу ўйиндаги ғалаба билан Селадес шогирдлари «Атлетико»га етиб олиши ҳам мумкин.

«Валенсия»нинг «Атлетико» устидан сафар ғалабасига эса, анча бўлиб кетди. Ўшанда мезбонлардан голни марҳум Хосе Рейес урган, Форлан эса, пенальтини аниқ амалга ошира олмаган. Шундан ҳам тасаввур қилаверинг, анча бўлди. 2011 йил эди. Лекин ўтган мавсумдаги учрашув жуда қизиқарли кечганини эслаш мумкин. Корреанинг 82-дақиқадаги голи мезбонларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлаганди.

«Атлетико» таркибида Диего Коста машғулотларга қайтган бўлса-да, учрашувда қандай формада бўлиши номаълум. Шунингдек, Врсалко, Витоло ва Савич ҳам сафда эмас. Меҳмонларнинг йўқотишлари эса, янада жиддий. Хосе Гайя ҳали ҳам таркибдан четда. Карлос Солер, Кондогбия ва Гемейро шуғулланишни бошлаган бўлишса-да, дастлабки дақиқалардан жамоага ёрдам беришларига ишониш қийин.

Айтганча, ҳар икки клуб ҳам келаси ҳафтада ЕЧЛда муҳим учрашувларда майдонга тушади. Мадридликларнинг «Байер» билан ўйини борлигини юқорида эсладик. «Валенсия» эса «Лилль» майдонига сафар қилади.

КРИСТАЛ ПЭЛАС – МАНЧЕСТЕР СИТИ (19 октябрь, 21:30)

Биз билган топ-6да ҳозирда «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» йўқ. Уларнинг ўрнини эса, «Лестер» ва «Кристал Пэлас» эгаллаб турибди. «Бургутлар» мавсумни бироз омадсиз бошлаган бўлишса-да, кейинги турларда ўзларига келиб олишди ва бир қатор ўйинларда кутилмаган натижаларни қайд этишди. Масалан, «Вест Ҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» устидан сафардаги ғалабаларни кўпчилик кутмаган бўлиши аниқ.

Энди эса, Ҳожсон жамоаси олдида ҳақиқий синов кутиб турибди. Кейинги турларда лондонликлар «Арсенал», «Лестер», «Челси» ва «Ливерпуль» билан ўйнайди. Бундай хавфли юриш эса «Манчестер Сити» билан бошланади.

Бошқа тарафдан «Кристал Пэлас»ни Пеп Гвардиола жамоаси учун жуда ноқулай дейиш мумкин. Эсингизда бўлса, икки йил олдин «Сити» узоқ вақт йўқотишсиз борган, айнан Лондондаги ўйинда очко йўқотганди. Ҳатто сўнгги дақиқаларда мезбонлар пенальтини аниқ амалга оширишганда, ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди. Ўтган йилги декабрда эса, ғалаба ҳам бўлди. Бунинг устига, «Этиҳад»да. Ўйинни жуда осон бошлаб, ҳисобда олдинга чиқиб олган мезбонлар, кутилмаганда, уч марта жазоланишганди.

Шусиз ҳам, «Манчестер Сити» шундай вазиятга келдики, очко йўқотишга ҳаққи йўқ. «Ливерпуль» билан фарқ аллақачон 8 очкони ташкил қилмоқда, айниқса, «Вулверҳэмптон» билан ўйиндаги мағлубият жуда оғриқли бўлди. Марказий ҳимоячиларнинг жароҳати, шунингдек, Кевин Де Брюйне йўқлиги жамоа ўйинига жиддий таъсир ўтказмоқда. Кевиннинг ушбу ўйинда ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Шунингдек, Серхио Агуэро ва Кайл Уокер ҳам кичик жароҳатлар туфайли яхши спорт формасида эмас. Мезбонлардан эса, Коннор Уикҳэм ҳамда Мамаду Сако ҳали тўлиқ машғулотларга киришгани йўқ.

Шунингдек, терма жамоалар билан боғлиқ танаффус ҳам кўпроқ Пеп Гвардиолага муаммолар туғдириши табиий. Чунки «шаҳарликлар»нинг қарийб бутун таркиби ўз терма жамоалари билан сафар қилган бўлса, «Кристал Пэлас» бу кунларда яхшигина куч тўплаб олди.

БОРУССИЯ Д – БОРУССИЯ М (19 октябрь, 21:30)

Икки «Боруссия» ўртасидаги учрашув доимо қизиқиш билан кузатилган. Ҳатто жамоалар юлдузлари ҳам умумий. Ўз вақтида Марко Ройс айнан Менхенгладбахда танилиб, якунда Дортмундга ўтган бўлса, эндиликда худди шу йўлдан Торган Азар ҳам юрди. Ҳар икки футболчи ҳам дортмундликлар сафида собиқ жамоасига қарши майдонга тушишади.

Етакчи футболчисини йўқотган бўлишига қарамасдан, менхенгладбахликларнинг муваффақиятли юриши диққатга сазовор. Мавсумни Дортмунд яхшироқ бошлаганди, аммо айниқса, сўнгги турларни кучли ўтказаётган Менхенгладбах турнир жадвалида пешқадам бўлиб олди – 7 ўйин, 16 очко. Дортмунд ҳисобида эса шунча ўйиндан кейин 12 очко бор. Демак, ҳатто ғалаба қозонган тақдирда ҳам, мезбонлар рақибига етиб ололмайди. Ғалаба ҳақида айтилганида ҳам сабаб бор, зеро агар кубокни ҳам қўшиб ҳисобласак, қаторасига 8 ўйиндан бери дортмундликларнинг қўли баланд келмоқда. Менхенгладбах охирги марта 2015 йилнинг апрелида устун келганди. Шундан буён Дортмунднинг таркиби шу қадар янгиландики, атиги 4 йил олдин майдонга тушган жамоадан ҳеч ким қолмади ҳисоб.

Жароҳатлар борасида меҳмонларга ҳавас қилиб бўлмайди. Таркибнинг 11 футболчиси турли даражадаги жароҳат билан сафдан чиққан. Улардан фақат Хулио Вильяльба ва Йонас Хоффман машғулотларга киришишди, аммо қай даражада спорт формасида бўлишлари маълум эмас. Жонсон, Траоре, Беннеттс, Штиндль, Гинтер, Лайнер, Зиппель, Штробль ҳамда Мюзель таркибда эмас. Мезбонлардан эса, фақат Лукас Пишчек ва Пако Алкасерда жароҳат бор.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ЛИВЕРПУЛЬ (20 октябрь, 20:00)

Англиянинг энг машҳур ва энг муваффақиятли икки клуби. Таркиб, ўйин сифати ва турнир жадвалидаги ҳолат бўйича ҳозир бу рақиблар деярли бошқа планеталарда бўлишса-да, қизиқиш доираси ва афиша жиҳатидан ҳали ҳам АПЛнинг энг катта ўйинларидан биридир.

Сўнгги ойлар «Ливерпуль»нинг яққол фаворит эканини кўрсатса-да, баъзи статистик фактлар мезбонларда ҳам умид уйғотади. Масалан, «Ливерпуль» «Олд Траффорд»даги сўнгги ғалабасини анча олдин, Давид Мойес даврида қўлга киритган. Умуман, Англияга келганидан бери Юрген Клоппнинг АПЛдаги энг ноқулай рақиби ҳам айнан «Манчестер Юнайтед» саналади. Немис мураббийи «иблислар»га қарши ўтказган 7 ўйинининг атиги биттасида ғалаба қозонган. Икки ўйинда мағлуб бўлиб, тўрт учрашув дуранг билан тугаган. Шунингдек, «Ливерпуль»нинг ҳужум триоси ҳам бу рақибга қарши фойда келтирмасликлари анъанага айланиб улгурди. Садио Мане ўзининг биринчи голини ўтган йили урган бўлса, Фирмино ва Салоҳ ҳали бирор марта Де Хеа дарвозасини ишғол қилишмаган.

Дарвоқе, бу анъана яна давом этса керак, чунки Испания терма жамоаси ўйинида жароҳат олган Давид бу ўйинда қатнаша олмайди. Сульшер яна Поль Погбанинг ҳам таркибдан четда эканини айтди. Аммо сўнгги ўйинларни ўтказиб юборган Ван-Биссака ва Антони Марсиял бу сафар жамоага ёрдам беришлари мумкин. Меҳмонлар томондан ҳам яхши хабарлар бор. Сўнгги турда жароҳат олиб, терма жамоа йиғинига бора олмаган Муҳаммад Салоҳ, айтишларича, ўйинга тайёр бўлади. Шунингдек, дарвозабон Алисон Бекер ҳам айнан «Олд Траффорд»даги тўқнашувда сафга қайтиши анча олдин айтилганди. Ўтган йили Моуриньони истеъфосига сабаб бўлган икки голни урган Жердан Шакирида жароҳат бор, лекин у соғ бўлганида ҳам, Клопп унинг хизматларидан фойдаланмаслиги ҳақиқатга яқинроқ эди.

Турнир нуқтайи назаридан, «Ливерпуль» ўзини хотиржамроқ ҳис қилиши аниқ, чунки ҳатто мағлубият ҳам жамоани анча ишончли пешқадам сифатида қолдиради. «Манчестер Юнайтед» эса, «хавфли зона»га икки очкогача яқин келиб қолгани боис, ярим ҳазил тариқасида ҳатто, Чемпионшип мавзуси ҳам кўтарилишни бошлади. Айнан ушбу ўйиндаги яхши натижа Сульшернин позициясини, унга бўлган ишонч кредитини яхшилаши шубҳасиз.

Жамоаларнинг «Олд Траффорд»даги сўнгги ўйинида ҳисоб очилмаганди. Умуман, сўнгги олти ўзаро ўйиннинг 3тасида 0:0 ҳисоби қайд этилганини таъкидлаш лозим. Умид қиламизки, бу сафарги ўйин голларга бой бўлади.

ҲАФТА ИҚТИБОСИ:

Англиядаги катта ўйин олдидан, одатий равишда журналистлар турли статистик маълумотларни келтиришди. Масалан, ҳозирда танқидга учраётган ва истеъфо ёқасида тургани айтилаётган Сульшернинг «МЮ»даги дастлабки 29 ўйинида Клоппнинг «Ливерпуль»даги дастлабки 29 ўйинига нисбатан 2 очко кўпроқ жамғарилган экан. Клоппдан шу ҳақида сўрашди:

«Бу вазиятларни таққосламаган бўлардим, чунки мен Ливерпулга келганимда, босим йўқ эди, ҳеч ким мендан катта натижа кутмас, бу қандай мураббий бўла олишим ҳам қоронғи эди. Сульшерга қийинроқ, чунки Манчестерда у қадар сабр қилишмайди. Лекин агар Сульшерга нисбатан клуб ичкарисида шубҳа бўлса, нотўғри қилишяпти. Агар бу гаплар четдан, масалан, журналистларнинг фикри бўлса, аҳамияти йўқ. Муҳими клуб раҳбарлари ва Вудворд қандай фикрда экани. Мен ҳар қандай мураббийга ўз ғояларини амалга ошириш учун етарли вақт берилиши тарафдориман. Унга қандай маслаҳат бера оламан? Йўқ, Сульшер маслаҳатимга муҳтож эмас, у 15 йил шу клуб системасида бўлган, ҳаммасини жуда яхши тушунади. Энг ёмони кимнингдир бунга сабри етмаслиги. Менимча, Сульшер ўзини ўзи уйидагидек ҳис қилмоқда ва вазифа осон эмаслигини олдиндан ҳамма билиб турганди».

Бонус. ЗЕНИТ – РОСТОВ (19 октябрь, 21:00)

Айниқса, ростовликларнинг сафарда ЦСКА устидан ишончли ғалабасидан сўнг, бу ўйин атрофидаги ажиотаж ҳам одатдагидан каттароқ бўлмоқда. Турнир жадвалининг икки пешқадам жамоаси ўзаро орани очиқ қилади.

Биз учун эса, меҳмонлар таркибидаги Элдор Шомуродовни кузатиш қизиқроқ. Элдор Россия чемпионатининг чинакам кашфиётига айланди, «Зенит» мураббийи Сергей Семак ҳам бу ҳақида алоҳида таъкидлади. Ҳужумчига Европадаги яхши таклифлар борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади, хуллас, бундан кейин Шомуродовнинг ҳар бир голи унинг нархига нарх қўшиб боради, десак хато қилмаймиз. Терма жамоа сафидаги икки ўйиндан урилган уч гол эса, ҳужумчимизнинг ишончини янада оширганига шубҳа йўқ.

Озмун – Шомуродов шаклидаги осиёча қарама-қаршилик бу ўйинга қўшимча безак берса, ажаб эмас.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

19 октябрь. «Эйбар» – «БАРСЕЛОНА» (16:00), «Аусбург» – «БАВАРИЯ» (18:30), «ЧЕЛСИ» – «Ньюкасл» (19:00), «ТОТТЕНҲЭМ» – «Уотфорд» (19:00), «НАПОЛИ» – «Верона» (21:00), «ЮВЕНТУС» – «Болонья» (23:45), «Мальорка» – «РЕАЛ» (23:55),

21 октябрь. «Шеффилд» – «АРСЕНАЛ» (23:55)

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

ebusaulkgyvf1mb6oa1gmjdzjbcittzs

Евро-2020 саралаши. Англия мағлуб бўлди, Франция ва Туркияда қийин ғалаба

Евро-2020 саралаши доирасида А, В ва Н гуруҳларида 7-тур ўйинлари бўлиб ўтди. А гуруҳида Англия …