Главная / Маданият / Оламларга раҳмат Пайғамбар
<

Оламларга раҳмат Пайғамбар

olamАллоҳ таолонинг фазлу марҳамати билан шу кунларда муборак дамларни ўтказмоқдамиз. Қутлуғ рабийъул аввал ойи бошимизга соябон бўлиб турибди, эзгулик шаббодалари ҳамда вужудимизни майин чулғаётган муҳаммадий ифорларни олиб келган бу ой инсоният тарихидаги энг буюк санани, энг буюк воқеани ёдимизга солмоқда. У ҳам бўлса, икки жаҳон сарвари, Одам боласининг саййиди, арабу ажамнинг улуғи бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг дунёга келишларидир.
Бу шундай оламшумул воқеаки, у тарих оқимини ўзгартириб юборди. Инсониятни жаҳолат зулматларидан маърифат ва ҳақиқат нурига олиб чиқди. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳижрий сананинг Рабиъул аввал ойининг 12-кунида (милодий сананинг 571 йили 20 апрель душанба куни) Маккада Қурайш қабиласига мансуб Ҳошимийлар оиласида дунёга келганлар.
Аллоҳ таоло бу зотни дунёга келиши учун барча шароитларни олдиндан муҳайё қилиб қўйди. У зотнинг насл-насаби энг шарафли, энг олийжаноб хонадонларга мансуб бўлишини ирода қилди. Бу ҳақда жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло Исмоил авлодидан Кинонани танлаб олди, Кинонадан Қурайшни танлаб олди, Қурайшдан Бани Ҳошимни танлаб олди, Бани Ҳошимдан эса Мени танлаб олди” (Муслим ривояти).
Раҳмоннинг ҳабиби ва халили бўлган бу зотни туғилишларидан аввал ҳам, туғилганларидан кейин ҳам доимо илоҳий иноят, илоҳий риоят ўраб, чулғаб турган. Ҳар қандай оғир шароитда ҳам Аллоҳ таоло у зотни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаган, қалбларни у кишига мойил қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло У зотни пайғамбарлик тожи кийдирилишидан аввал ҳам гуноҳ-маъсиятлардан, қабиҳ қилиқлардан, олийжанобликка зид келувчи тубан ишлардан сақлаган. Нубувватдан олдин ҳам У кишидан бирор марта ваъдани бузиш, хиёнат, ёлғон сўз, фаҳш сўз ёхуд бировга зулм қилиш ва ҳоказолар содир бўлмаган. У зотни бутун Макка аҳли “ас-содиқу-л-амийн” яъни ростгўй ва омонатдор деб аташарди.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом (ёшликларида Каъба таъмирланаётган вақтда) одамлар билан биргаликда тош таширдилар. Амакилари Аббос у кишига эй биродаримнинг ўғли (яъни, эй жиян!), изорингни ечиб уни елканг билан тош орасига қўйсанг яхши бўларди, деди. У киши изорларини ечиб, елкалари қўйган заҳотлари беҳуш бўлиб йиқиладилар. Ундан кейин у кишини бирор марта авратлари очиқ ҳолда кўришмаган.
Набий алайҳиссалом таваллуд топган кечаларида бир қанча ғаройиб воқеалар содир бўлганлиги тарих китобларида зикр қилинган. Жумладан, у зот дунёга келганларида, самода бир нур пайдо бўлиб, унинг зиёси ҳозирги Сурия, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборган. Форс юртидаги мажусийлар сиғинадиган минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган. Мушриклар ибодат қиладиган бут ва санамлар юз тубан қулаб тушган. Тўрт ёшлик чоғларида Ҳалимаи Саъдийянинг уйида яшаган вақтларида “шаққи садр” (кўкрак ёриш) воқеаси содир бўлиб, икки фаришта у зотнинг кўкракларини ёриб, ундан шайтоннинг насибасини олиб ташлайдилар.
Ўн икки ёшларида амакилари Абу Толиб билан Шом сафарига чиққанларида тепаларида бир булут соя солиб борганлиги, Бусро деган жойга етганларида насроний роҳиб Буҳайронинг Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) охирзамон пайғамбари бўлишларини башорат қилиши шулар жумласидандир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилишларидан олдин оталари Абдуллоҳ вафот этган бўлиб, олти ёшга етганларида оналаридан ҳам жудо бўлдилар ва боболари Абдул Мутталибнинг қарамоғида қолдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг етимликда вояга етишларида катта ҳикмат бордир. Чунки, ўзлари етимлик ва ғарибликни бошларидан кечирганлари учун ҳам умматларига нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам зикр қилиниб, жумладан шундай дейилган (маъноси): “(Эй, Муҳаммад! Раббингиз) Сизни етим ҳолда топиб, бошпана бермадими?! Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?! Сизни камбағал ҳолда топиб, бой қилиб қўймадими?! Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг! Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”.
Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этди. Вафот этишидан олдин набирасини ўз фарзандлари орасидан унга энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширди. Ҳақиқатан ҳам Абу Толиб Муҳаммад (алайҳиссалом)ни ўзининг фарзандларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, қаерга борса ўзи билан олиб юрар эди. Аллоҳнинг инояти билан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қаерга борсалар, ўша ерга барака ёғилар, у кишининг шарофатлари ила эмизган оналари Ҳалима ас-Саъдийянинг ва амакилари Абу Толибнинг уйида мислсиз барака пайдо бўлганлиги ҳақида тарих ва сийрат китобларида баён қилинган.
Набий алайҳиссалом бандаларни жаҳолат зулматларидан ҳидоят нурига олиб чиқиш учун Аллоҳнинг инсониятга ато этган буюк неъмати, улуғ раҳматидирлар. Ул зотни Ер юзига юбориш орқали Аллоҳ таоло башарият жинсига бениҳоя улкан яхшилик қилди. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 164 оятида шундай марҳамат қилади (маъноси): “Албатта Аллоҳ мўминларга буюк инъом қилди – уларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, уларни (разолатлардан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди. Зеро, улар бундан илгари очиқ хато – залолатда эдилар”.
Бошқа бир ояти каримада эса Набий алайҳиссалом оламларга фақат раҳмат ўлароқ юборилганлиги айтилади. Набий алайҳиссалом ўзлари ҳақида “أنا رحمة مهداة” (Ана роҳматун муҳдаатун) яъни “Мен (инсониятга) инъом этилган раҳматдирман!”, дер эдилар. Дарҳақиқат, Набий алайҳиссаломнинг юборилишлари инсониятнинг залолат ва гумроҳликдан тўғри йўлга келишига, жаҳаннам азобидан қутулишига сабаб бўладиган буюк имконият ва фурсатдир. Ул зот олиб келган илоҳий кўрсатмалар, набавий ўгитларга амал қилган кишилар дунёю охиратда бахту саодат топажаклар.
Ул зотнинг хулқу одобларидан ўрнак олиш, сийратларини ўрганиб, турмушга татбиқ қилиш дунёю охират саодатига сабабдир. У кишининг хулқлари ҳақида Аллоҳнинг ўзи: “Батаҳқиқ, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!”, дея марҳамат қилиб, Набий алайҳиссаломга гўзал тавсиф берган.
Ойиша онамиз (разияллоҳу анҳодан) Пайғамбаримизнинг хулқлари ва одоблари ҳақида сўрашганда у киши шундай жавоб берганлар: “Ул зотнинг хулқлари Қуръон эди, у (яъни Қуръон) нимадан ғазабланса, ўша нарсадан ғазабланар, нимадан рози бўлса, ўша ишлардан рози ва хурсанд бўлардилар”.
Расулуллоҳ алайҳиссалом одамларнинг энг ростгўйи, ваъдасига энг вафолиси, энг мулойим табиатлиси, дўсту ҳамроҳ ва меҳмонига нисбатан энг карамлиси эдилар. У киши ҳатто ўз чодиридаги (узатилмаган) бокира қиздан-да ҳаёлироқ ва уятчанроқ эдилар. Кўпинча нигоҳларини қуйи қилиб юрар, аксар назарлари тафаккурдан иборат бўларди. Ул зот асло фаҳш сўзларни гапрувчи, қўпол сўзлагувчи ва лаънатлаб юрувчи инсон бўлмаганлар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермас, балки, кечириб кетардилар. У кишидан кимдир бирор эҳтиёжини сўраса, албатта сўраганини берар, ёки (бунинг имкони бўлмаса) яхши сўз билан жавоб қайтарардилар. У киши қўпол ва ғализ бўлмаганлар. Токи ҳақдан бошқасини гапирмас экан, ҳеч кимнинг сўзини бўлмасдилар. Бордию, ноҳақ сўзларни гапиришни бошласа, бундан наҳий қилган ҳолда ёхуд ўринларидан туришлик билан унинг сўзини кесардилар.
Набий алайҳиссалом қўшнисини ҳимоя қилар, (унинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этар), меҳмонини иззат қилардилар. У кишининг бўш вақтлари зое ўтмасди. Ё Аллоҳ йўлида бирор иш билан банд бўлардилар ёхуд ҳаёт учун зарур ишда ўтарди вақтлари. У киши некбинликни хуш кўрардилар, бадбинликни ёқтирмасдилар. Агар икки ишдан бирини танлаш керак бўлиб қолса, модомики гуноҳ ишлардан бўлмаса, енгилини танлар эдилар. Бошига иш тушиб, ғамга ботганларга ёрдам беришни, мазлумларга мадад беришни яхши кўрардилар.
Набий соллаллоҳу алайҳиссалом ўз асҳобларини яхши кўрар, улар билан маслаҳатлашар ва аҳволларидан хабар олиб турардилар. Касал бўлган кишини зиёрат қилар, кўринмай қолган одамни йўқлар, вафот этган киши ҳаққига дуо қилардилар. Узр сўраган кишининг узрини қабул қилардилар. Ул зотнинг наздида ҳақ борасида кучли ҳам, кучсиз ҳам баробар эди. Сўзлаганларида шу қадар фасоҳат ва виқор билан, дона-дона сўзлар эдиларки, агар кимдир (у киши гапирар эканлар) сўзларини санаса, бемалол санаб оларди. У киши ҳам ҳазиллашар эдилар, бироқ фақат ҳақни сўзлардилар.
Кишиларнинг энг марҳаматлиси, дўст-ёрларига энг икром ва илтифотлиси эдилар. Мажлисда жой торайиб қолса, сурилиб жойни кенгайтирардилар. Учрашган одамларига биринчи бўлиб салом берардилар. Агар биров билан қўл бериб кўришсалар, то ўша одамни ўзи қўлини тортиб олмагунча ул Зот қўлларини тортмасдилар. Набий алайҳиссалом одамларнинг энг камтар ва энг тавозеълиси эдилар. Агар бирор ерда ўтирган жамоага келиб қўшилсалар, охирги ўтирган одамни ёнига ўтирардилар (яъни одамларни жойидан қўзғатиб, тўрга интилмасдилар), ва бошқаларни ҳам шу ишни одат қилишга чақирардилар. Шунингдек, у киши мажлисдаги барча ҳамроҳларининг (яхши муомаладан) ўз насибасини берардилар, ҳатто у зот билан ўлтирган одам “мендан бошқа ҳеч ким Пайғамбаримиз учун мендан кўра ҳурматлироқ ва суюмлироқ бўлмаса керак”, деб ўйларди. Агар Пайғамбаримизнинг ҳузурига бирон киши келиб ўтирадиган бўлса, то ўша одамнинг ўзи турмагунча ўрниларидан турмас эдилар. Илло қайсидир зарур иш туфайли шошилиб қолсалар, ўша кишидан рухсат сўраб, кейин ўрниларидан турардилар.
Набий алайҳиссалом бирон кимсага унга ёқмайдиган, малол келадиган шаклда муомала қилмас эдилар, касалларни зиёрат қилар, мискинларни яхши кўрар, улар билан бирга ўтирар ва жанозаларида қатнашар эдилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) камбағални камбағаллиги учун таҳқирламас, шунингдек бирор подшоҳдан унинг подшоҳлиги учунгина ҳайбат қилмас эдилар. Агар қандайдир неъмат берилса, гарчи арзимас ва оз миқдорда бўлса ҳам, уни улуғлаб, ошириб кўрсатардилар. У киши биронта овқатни ёмонламаганлар. Ёқса ер, ёқмаса емасдилар. Таомнинг аввалида Аллоҳнинг номини ёдга олар, сўнгида Унга ҳамд айтар ва ўнг қўллари билан еб-ичардилар.
Пайғамбаримиз хушбўйликларни, муаттар ҳидли нарсаларни яхши кўрар, пиёз ва саримсоқ каби бадбўй нарсаларни ҳиди учун ёқтирмасдилар. Набий алайҳиссалом риё ва сумъадан, амални одамларга кўз-кўз қилишдан ниҳоятда узоқ эдилар. Ҳарбир амаллари холис Аллоҳ учун қилинарди. Ул зот ҳаж қилдилар ва “اللهم هذه حجة لا رياء فيها ولا سمعة” яъни “Эй Аллоҳ, бу риё ва сумъа аралашмаган ҳаждир, (уни қабул этгин)!”, дея дуо қилдилар (Мақдисий ривояти).
Набий алайҳиссалом кийим-кечак ва мажлисда асҳобларидан ажралиб олмас эдилар. Улар орасига саҳройи араблар келар ва: “Қай бирингиз Муҳаммад бўласиз?”, дер эди.
Аллоҳ таолонинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма жиҳатдан умматга намуна эдилар, у зотнинг хулқлари Қуръон эди. Сийрат китобларида, у зотдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг комил инсон бўлганлари васф этилади: Жумладан, Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг энг чиройлиси ва хулқи энг гўзали эдилар”, дейилади (Имом Бухорий ривояти, “Жомеъус-саҳиҳ”).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен одоб ва ахлоқларни комил қилиш учун юборилганман”, дедилар” (Имом Аҳмад, Бухорий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Ҳадиси шарифлар билан яқиндан танишган ҳар бир киши Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг буюк кечиримлиликлари, одамларга ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши муомалада бўлишлари, айниқса у зотнинг ҳатто бошқа дин ва таълимот вакилларига ҳам ўта бағрикенглик билан муносабатда бўлганларига ишонч ҳосил қилади.
Мужоҳиддан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Амрнинг уйида қўй сўйилди. У келиб: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Жаброил менга қўшнининг ҳаққи ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто уни мерос оладиган қилса керак, деб ўйлаб қолдим”, деганларини эшитганман”, деди” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: “Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳумо Қодисияда ўтиришган эди. Иккисининг олдидан бир жанозани олиб ўтишди. Шунда улар ўринларидан туришди. Уларга: “У ерлик аҳолидан”, дейилди (яъни, аҳли зиммадан). Шунда иккиси айтди: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан жаноза ўтганда ўринларидан турдилар. Шунда у зотга: “Бу – яҳудийнинг жанозаси”, дейилди. Шунда у зот: “У инсон эмасми?!” дедилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган). Ушбу ҳадислардан Набий алайҳиссалом инсонларни динидан қатъий назар инсонлик ҳурматини риоя қилганлари келиб чиқади. У киши олдиларидан бошқа диндаги кишининг жанозаси олиб ўтилганда ҳам ўрниларидан турдилар.
Расули акрамга эргашиш Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бизнинг йўлимиз Ҳазрати Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига эргашиш йўлидир. Имон тақозоси – Аллоҳ таолога ва Унинг элчисига итоатдир. Пайғамбаримиз исмларини тилга олганимиз ҳамон салавот айтиб улуғлаш керак. Чунки Пайғамбарга (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг Ўзи олдин салавот ўқиди, сўнгра фаришталарига буюрди, ундан кейин мўминларга у кишига салавот йўллашни амр этди. Шунинг учун Пайғамбарга (саллоллоҳу алайҳи васаллам) салавот айтиш ибодатдир. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг жуда кўп ҳадиси шарифлари бор:
Жубайр ибн Мутъимдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг беш исмим бор: мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман – ўчирувчиман, Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен Ҳоширман – тўпловчиман, Аллоҳ менинг оёқларим олдига одамларни жамъ этади. Мендан кейин бирорта пайғамбар келмайдиган Оқибман”, дедилар. Батаҳқиқ, Аллоҳ у зотни Рауф ва Роҳийм деб атаган” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам): “Қиёмат куни менга энг яқин бўладиган кишилар менга кўп салавот айтадиганлардир”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
Зуҳра ибн Маъбаднинг (разияллоҳу анҳу) боболаридан ривоят қилинади (маъноси): “Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга эдик. У зот Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан севимлисиз”, деди. Шунда Расули акрам: “Сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди”, дедилар. Ҳазрати Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз”, деди. Расулуллоҳ: “Ана энди тўғри бўлди, эй Умар”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, дедилар: “Қиёмат куни жаннатнинг эшигига келиб очишни сўрайман. “Сен кимсан?” дейилади. “Муҳаммадман”, дейман. “Сенга (очишга) амр қилинганман. Сендан олдин ҳеч кимга очмайман”, дейилади” (Имом Муслим ривояти).
Абу Саъид Худрийдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Эй Абу Саъид, ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни расул деб рози бўлса, унга жаннат вожиб бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Менинг номимдан ёлғон тўқиманглар. Зеро, Кимки, Менинг номимга ёлғон тўқиса, дўзахга кирдим деб ҳисоблайверсин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Ҳар бир Пайғамбарнинг битта аниқ ижобат бўладиган дуоси бўлади. (Мендан бошқа )ҳамма пайғамбар мазкур дуосини бу дунёнинг ўзида ишлатиб бўлган. Мен эса у дуоимни қиёмат кунида умматимга шафот бўлиши учун олиб қўйганман. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Реклама

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Намоз ракатлари

НАМОЗДАГИ РАКАТЛАР:  ТАЪРИФИ,  ХУСУСИЯТЛАРИ.   ҲАР БИР НАМОЗДА НЕЧА РАКАТ БОР?

Қудратли Худога садоқат бағишлаб,  мусулмонлар Қуръон оятларидан намоз ўқишади. Уни имонлилар кунига беш марта бажаришлари …