Главная / Сиёсат / Озодлик фош қилган “Оққўрғон иши” ортидан бош вазир ўринбосари ишдан олинди

Озодлик фош қилган “Оққўрғон иши” ортидан бош вазир ўринбосари ишдан олинди

Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев
Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 6 кишининг ариқдаги сувга тушириб, таҳқирланиши ортидан Ўзбекистон Бош вазирининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинди.

Ўзбекистон президенти расмий сайти 29 октябрда тарқатган хабарга кўра, Зойир Мирзаев “ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис” ишдан олинган.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Мирзиёев 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслиги учун жавобгарликни ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилган.

“Ушбу фармойишга мувофиқ, ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, президент Бош прокурорга қишлоқ хўжалиги ишларидаги қонунбузарликлар юзасидан текширув ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимликлар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича топшириқ берган.

Оққўрғонда 6 кишининг буғдойга вақтида сув қўймагани учун сувга туширилиб, таҳқирланаётгани акс этган сурат 27 октябрь куни ўзбек тилидаги ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Суратда кузнинг совуғида ариқдаги сувга бўктирилган 6 киши қаттиқ қўрқув остида пастга қараб турган ҳолда акс этган.

Бу сурат ортидан Озодликнинг аниқлашича, сурат Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаевнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманига сафари пайтида олинган. 6 киши буғдойга сув қўймагани учун бош вазир ўринбосари, Тошкент вилояти ва Оққўрғон тумани мутасаддилари кўз ўнгида совуқ сувга тушириб, жазоланган.

Воқеага бевосита гувоҳ бўлганларнинг Озодликка айтишича, 25 октябрь куни ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирланганлардан 3 нафари туман ҳокимлиги мулозими, бири маҳалла оқсоқоли ва 2 нафари оққўрғонлик фермердир.

Бундан ташқари, гувоҳларнинг қўшимча қилишича, суратда айбдорларга берилган жазонинг фақат бир қисми акс этган. Сувга бўктирилгунга қадар, олтовлон калтакланган, сўнгра 40-45 дақиқа сувда туришга мажбурланган, сўнгра эса шалаббо ҳолида кўчага чиқарилиб, автомобиль олдига солиб, 1 км масофага югуртирилган.

“Битта менмас, кўпчилик кўриб турди буни – уларни сувда 40-45 минут ушлаб туришди-да, кейин сувдан чиқариб, машинани олдига солиб, югуртириб олиб кетишди. Қаерга олиб кетди – билмадим, лекин. Бунақасини мен умримда кўрмаганман. Жуда даҳшат бўлди “, дейди гувоҳлардан бири.

Шахсига оид маълумотларни сир сақлаш шарти билан Озодликка сўзлаган Оққўрғон тумани мулозимларига кўра, бу ноқонуний ҳаракатлар – таҳқирлаш ва калтаклашлар – Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаев ҳамда бошқа мутасаддилар иштирокида содир бўлган.

Аммо, бу воқеа Озодликда ёритилганидан бир кун ўтиб, Kun.uz Интернет нашрлари мухбирлари Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов ҳамда унинг ўринбосари шерзод Муродов билан видеоинтервюни чоп этди.

Интервюда туман ҳокими 6 кишининг сувга туширилишига маъсул сифатида ўз ўринбосари Муродовни кўрсатди, Муродов эса бўлган воқеа учун маъсулиятни тан олиб, ғаллага сув қўйилмагани учун жаҳл қилиб, дастлаб ўзи “оёқ кийим билан сувга тушган”ини айтди.

Яъни, воқеа Озодликда ёритилганидан бир кун ўтиб, маҳаллий нашрларга гапирган мулозимлар – бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев етакчилигидаги мулозимлар гуруҳининг бу воқеага алоқасини, гўёки, рад этмоқдалар.

“Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим… “Мана бор”, деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. (!) Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик… Улар бизга терс қараб турганди, 20-30 метр узоқроқда эди. Улар орасида Бош вазир ўринбосари, вилоят прокурори ўринбосари, вилоят ҳокими ўринбосари бўлган. Улар буни кўрмади”, дея иқтибос келтиради тиззасигача сувга бўккан мулозимдан Интернет нашри.

29 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ушбу ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди.

Прокуратура эълон қилган баёнотда айтилишича, ҳолат бўйича текширув бошланган ва “айбдор бўлган шахслар, мансаби ва даражасидан қатъи назар, тегишлича жавобгарликка тортилиши таъминланади”.

Аммо, Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда бу воқеа ҳануз кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Ҳатто, фойдаланувчилар Зойир Мирзаевнинг Тошкент вилоятига сафари билан боғлиқ, дейилган яна бир сурат – 6 кишининг далада тош кўтартириб, изза қилинаётгани акс этган суратни улашмоқда.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда фермер ва мулозимларнинг совуқ тушириб, таҳқирланганидан норозилик тариқасида #ariqchallenge хэштеги остида флешмоб бошланиб кетди.

 

Яна маълумот

32f5c9e2c6ba595c687680a6e5932eb6

Энг яқинларим олдида айбсиз айбдор бўлиб қолгандим – Ўзбекистонда вирус биринчи бўлиб аниқланган Нигора Муратова билан суҳбат

15 март куни Ўзбекистонда коронавирус аниқланган илк бемор Нигора Муратова ўтган вақт давомида ижтимоий тармоқларда …