Главные новости
Главная / Сиёсат / Ҳокимликлар ва ҳокимият: Ўзбекистонликлар ўз ҳокимлари ҳақида қандай фикрда?
<

Ҳокимликлар ва ҳокимият: Ўзбекистонликлар ўз ҳокимлари ҳақида қандай фикрда?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда айрим ҳокимлар устидан шикоят қилиниши ҳолатлари кўпаймоқда. Сабаблар турлича, лекин энг асосий муаммолар — бу ер ажратиш ва бино-иншоотларни бузиш ишларига тааллуқли.

Ҳокимларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган ва кейинчалик ўзартиш ва қўшимчалар киритилган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни асосида тартибга солинади.

Ушбу қонуннинг 10-моддасида вилоят, туман, шаҳар ҳокими корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, деҳқон хўжаликлари ва фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга, бу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга, шунингдек, ерларни олиб қўйишга ҳақли экани, қабул қилинган бу хусусдаги қарорлар халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилган. Бундан келиб чиқадики, ҳоким мазкур ҳудудда ҳамма нарсани ҳал қилишга қодир ягона шахс бўлиб қолмоқда. Халқ депутатлари кенгаши ҳам бефойда орган, чунки уларга ҳам ҳокимларнинг ўзи раҳбарлик қилади. Ҳоким кенгаш орқали ўзининг қарорига қарши чиқмайди-ку, тўғрими?

Эътибор қилсангиз, ер ишлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этувчи бошқа тузилмалар ҳам бевосита ҳокимга бўйсунади. Бу — амалда маҳаллий ҳокимият бир кишининг қўлида жамланганини англатади.

Шу йилнинг 18 май куни Халқаро пресс-клубнинг сессияси Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5690-сонли фармонимуҳокамасига бағишланди. Сессияда тадбиркорларга ер ажратиб беришда мавжуд муаммолар санаб ўтилди.

«Ер ажратишда бюрократик тўсиқлар бор. Вилоятларда ҳокимликлар ерни аукционга чиқармаяпти. Ҳужжатлар стол устида қолиб кетяпти. Ҳокимликнинг ер ажратиш бўйича ваколатини қисқартириш керак. Шу сабабли Ер кодексига ўзгартиришлар киритилмоқда», — деди тадбир давомида адлия вазири Русланбек Давлетов.

Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram каналида сўров ўтказди. Эътибор қилинг, сўралганларнинг 1939 нафари ёки 67 фоизи ҳокимларга ҳаддан зиёд ваколатлар бериб юборилгани ҳақидаги фикрни ёқлашмоқда. Шу билан биргаликда, сўралганларнинг 33 фоизи ҳокимлар кенг ваколатларга эга эмас, деб ҳисоблашар экан.

«Ҳокимларни сайлаш керакми ёки тайинлаш» деган саволга 2615 киши жавоб берган. Сўралганларнинг аксарияти ёки 72 фоизи ҳокимлар маҳаллий аҳоли томонидан сайланиши керак, деб ҳисоблайди. 15 фоиз одамларнинг фикрича, ҳокимларни президент тайинлаши тўғри бўлади. 4 фоиз киши ҳокимлар депутатлар томонидан сайланиши кераклиги айтишган, фақатгина 2 фоиз киши ҳокимлар бош вазир томонидан тайинланиши кераклигини ёқлашган. Сўровномада қатнашганларнинг 7 фоизи жавоб беришга қийналишган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг декабрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимларни лавозимга сайлаш йўли билан тайинлашни таклиф қилган эди.

«Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни бевосита халқ томонидан сайлаш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ ва жамият олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришиш мумкин», — деган эди ўшанда давлат раҳбари.

Сўралганлар ўз ҳокимларининг ишидан қониқиш-қониқмаслигини ҳам билдириб ўтишган.

Эътибор қилинг, сўровда иштирок этган 1696 кишининг 65 фоизи ўз туманидаги ҳокимнинг ишидан қониқмаслигини билдирган. Уларнинг 14 фоизи ҳокимнинг фаолиятидан қисман қониқиши, 8 фоизи тўлиқ қониқишини қайд этишган, 13 фоизи жавоб беришга қийналишган.

Токи ҳокимият бир инсоннинг қўлида жамланган экан, одамлар унинг ишидан қониқмаслиги табиий. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, жойлардаги ҳар қандай маиший муаммолар ҳокимлик билан боғлиқ. Бу бузиш муаммолари деймизми ёки ер ажратиш, шунингдек, ичимлик суви, йўлларга асфальт ётқизиш, дарахтлар, ободончилик, кредитлар, иш ўринлари, жиноятчилик ва ҳ.к.лар

Бу жараёнга бошқа идораларни ҳам қўшиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан, Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлимларини. Ҳар қандай ҳужжат, айниқса ер ажратиш ёки уни олиб қўйиш ҳақидаги ҳужжатлар тегишли тарзда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоғи лозим. Ана шундагина ерга нафақат ҳокимликлар, шунингдек, адлия органлари ҳам жавобгар бўлишарди. Умуман, адлия органлари мулкдорнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминларди. Лекин шу фактни ҳам қайд этиш керакки, адлия органлари ҳам маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳисобланишади ва бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунишади.

Масалан, тўртта кўп қаватли уй турибди, унинг нарироғида болалар майдончаси ва кичикроқ стадион бор. Ҳоким бу жойни тадбиркорга супермаркет қурилиши учун беришга қарор қилди. Ана шундан муаммо келиб чиқади.

Биринчидан, ҳоким ҳеч кимга ҳисобот бермайди, унга фарқи йўқ. Ер ва ҳудуд уники. Хоҳласа ерни ажратиб беради, истаса — олиб қўяди. Ҳеч ким келиб унга йўқ дея олмайди, бу айниқса вилоятларда яққол кўзга ташланади. Тошкентда фуқаролар эътироз билдиришлари мумкин, лекин ҳудудларда кўпчилик одамлар шунчаки қўл силтаб қўя қолишади.

Иккинчидан, агар ҳоким бир нарсаларни исботлай бошласа, унга нисбатан қарши исботларнинг ўзи йўқ. Депутатлар ҳокимга бўйсунади, жойлардаги барча давлат органлари бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, ҳоким эса ҳукуматнинг жойлардаги бош вакили ҳисобланади, яъни у энг катта бошлиқ. Ўз-ўзидан, барчасини ҳоким ҳал қилади.

Smartgov Consulting консалтинг бюросининг ижрочи директори Азиза Умарованинг фикрича, бу соҳадаги муҳим йўналишлардан бири давлат хизматининг ислоҳ қилиниши бўлмоғи керак. Хусусан, тегишли давлат дастурида давлат хизмати ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши ёзиб қўйилган.

«Мамлакатимизда давлат хизмати ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши нима учун ўта муҳим? Бундай қонунлар 90-йиллар охирларида ва 2000-йиллар бошида Туркманистон ва Ўзбекистондан бошқа МДҲнинг барча давлатларида қабул қилинган. Давлат хизмати ишлари бўйича ваколатли орган ташкил этилиши ва тегишли қонун қабул қилиниши давлат хизматининг профессионаллашувини таъминлашга хизмат қилади. Давлат хизматчисининг ҳуқуқий статуси, унинг функционал мажбуриятлари, ҳисобдорлик тизими аниқлаштириши, фаолиятининг баҳоланиш ва давлат хизмати ичида карьера пиллапояларидан кўтарилиш тизими яратилиши лозим. Бу ҳар бир инсонга унинг ишини ким ва қандай баҳолаётганини тушуниш имконини берувчи барқарорликни таъминлайди»,— дея қайд этган у.

Азиза Умарованинг фикрича, айнан профессионал давлат хизмати вазифаларни ўз муддатида ва аъло даражада бажариш учун давлат хизматига энг яхши кадрларни жалб этиш имконини берувчи меритократияни яратади. Масалан, компетенцияга (етакчилик қобилияти, таҳлил қилиш кўниқмаси, жамоада ишлаш малакаси, ўз ортидан эргаштира олиш ва ҳ.к.) таяниб, марказлаштирилган конкурс танловига ўтиш.

Бундан ташқари, давлат хизмати давлат хизматчиларида ягона этика қоидалари ва қадриятлари ишлаб чиқилишини, давлат органлари ичида ваколатни суиистеъмол қилиш ёки ҳақорат қилганлик тўғрисидаги арзларни кўриб чиқувчи ваколатли шахс позициясини яратишни назарда тутади.

«Молия вазирлиги Бутунжаҳон банки билан биргаликда давлат хизматчиларини молиявий рағбатлантириш тизимини ўрганишда давом этмоқда. Бу жуда ажойиб ва узоқ кутилган қадам. Давлат хизматчилари ҳозиргидан каррасига кўпроқ маош олишлари лозим, йўқса коррупцияни енгиб бўлмайди. Лекин, қўрқаманки, биргина молиявий рағбатлантириш муаммони ҳал эта олмайди. Профессионал давлат хизматининг яхлит тизимини барпо этиш керак. Бу борада қилинадиган ишлар эса жуда кўп», — дея мухтасар қилган Умарова.

Умуман олганда, ҳокимларга маслаҳатчилар, консультантлар, рақобатчилар ва «мия» марказлари керак. Етарли тарзда назорат ҳам лозим. Ҳокимлар кимнингдир олдида жавоб бериши керак, лекин бу ўзлари раҳбарлик қилаётган кенгаш бўлмаслиги лозим.

Ҳокимият бир кишининг қўлига тушиб қолса нима бўлади? Албатта бу коррупция, маҳаллийчилик, таниш-билишчиликни келтириб чиқаради, пировард натижада ҳудудлар пароканда бўлади, жойларда муаммоларнинг адоғи кўринмай кетади.

Умид қиламизки, парламент ва ҳукумат бу муаммолар билан шуғулланади ва тез орада ҳокимлар жамият ва мамлакат равнақи учун хизмат қила бошлашади. Бир ҳоким келиб қурган нарсани иккинчиси келиб бузишдек бўлмағур ишларга барҳам берилади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

zkc-mhxxpw0h812epec7ey8oj8jk6j0j

Сенат раисига қўшимча ваколатлар берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий …