Главные новости
Главная / Маданият / ОИЛА САОДАТИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН НАМУНАЛАР
<

ОИЛА САОДАТИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСИ ШАРИФЛАРДАН НАМУНАЛАР

1. Амр ибн Аҳвас ал-Жушамий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг одамларга қуйидагича ваъз-насиҳат қилдилар: “Огоҳ бўлинглар, аёллар ҳақидаги васиятимга амал қилиб, уларга яхши муомалада бўлинглар. Албатта, аёллар сизларнинг асирларингиздир. Бундан бошқа нарсага эга эмассиз. Фақатгина очиқ-ойдин фоҳишалик қилишсагина бундай эмас. Агар итоатсизлик қилишса, ётоқни тарк этинг. (Яъни, улар билан бир жойда ётманг. Шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) оғритмайдиган қилиб уринглар. Аммо итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Огоҳ бўлинглар, сизларнинг аёллар зиммасида ҳақларингиз бор. Ва аёлларингизнинг сизларнинг зиммангизда ҳақлари бор. Сизларнинг улар зиммасидаги ҳақларингиз ётар ерингизга сизлар ёмон кўрган кишининг қадамини етказмаслик ва ёмон кўрган кишингизни уйингизга киришига изн бермаслигидир. Огоҳ бўлинг, аёлларнинг сизлар зиммангиздаги ҳақлари яхши либос ва яхши таом билан таъминламоғингиздир» (Имом Термизий).

2. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин киши мўмина аёлдан нафрат қилмасин. Агар бир хулқини ёмон кўриб қолса, бошқа бир хулқидан мамнун бўлиб қолар”, дедилар ёки бундан бошқачароқ бир сўз айтдилар»(Имом Муслим).

3. Муовия ибн Ҳайда (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, бизларнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нима?” десам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзинг овқатланганда унга ҳам едирмоғинг, ўзинг либос кийганингда уни ҳам кийинтирмоқлигинг ва юзига урмаслигинг. Аллоҳ сени қабиҳ этсин, деб сўкмаслигинг ҳамда уйингдан ташқари жойда аразлашмаслигинг”, дедилар» (Абу Довуд).

4. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёллар билан яхши бўлганларингиздир”, дедилар» (Имом Термизий).

5. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дунё ўзи бир матодир. Унинг энг яхши матоси солиҳа аёлдир”,дедилар» (Имом Муслим).

6. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Барчангиз қўл остингиздагиларга ҳомий ва уларга масъулдирсиз. Бошлиқ ходимларга ҳомийдир. Киши оила аъзоларига ҳомийдир. Хотин ҳам эрининг уйига ва болаларига ҳомийдир. Барчангиз ҳомий ва қўл остингиздагилардан масъулдирсиз”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

7. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар кишининг кишига сажда қилиши мумкин бўлганида, хотинларни эрларига сажда қилишга буюрган бўлар эдим”, дедилар» (Имом Термизий).

8. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аёлга эри сафарга кетмаган бўлса, эрининг изнисиз (нафл) рўза тутмоқлиги ҳамда уйга бирор кишининг киришига рухсат бермоқлиги ҳалол бўлмайди”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

9. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар киши хотинини тўшагига чақирса-ю, хотини келмаса ва эри ундан норози бўлиб кечани ўтказса, фаришталар тонг отгунча у хотинга лаънат айтиб чиқишади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

10. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинга инфоқ қилдинг. Ва бир динор ўз аҳлингга инфоқ қилдинг. Буларнинг ичида энг савоби улуғи ўз аҳлингга инфоқ қилганингдир”, дедилар» (Имом Муслим).

11. Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бирор нарсани инфоқ қилиб Аллоҳнинг розилигини талаб қилсанг, савобга эришасан. Ҳаттоки, хотинингнинг оғзига солган луқмангга ҳам савоб оласан”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

12. Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, аввалги эрим Абу Саламадан бўлган болаларимга молимдан инфоқ қилсам, савоб бўладими? Уларни ундай ёки бундай (қаровсиз) қолдирмайман. Чунки улар ҳам болаларим-ку!” десам, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, уларга қилган инфоқингда ҳам ажр бордир”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

13. Абу Масъуд Бадрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар киши Аллоҳнинг розилиги учун аҳли аёлига бирор нарсани инфоқ қилса, ўша нарсаси у учун садақа бўлади”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

14. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Юқоридаги пастки қўлдан яхшидир. (яъни, эҳсон қилувчи қўл тиланчи қўлдан яхшидир). Садақа беришни аввал қарамоғингдагилардан бошлагин! Садақаларнинг энг яхшиси ўзинг ва оиланг эҳтиёжларини қондирадиган нарсаларни қолдириб қилган садақангдир. Кимки тиланчиликдан сақланиб ўзини тийса, Аллоҳ ҳам уни тиланчиликдан офиятда қилиб қўяди. Кимки (берганига қаноат қилиб) ўзини беҳожат қилса, Аллоҳ ҳам уни беҳожат, бадавлат қилиб қўяди”, дедилар» (Имом Бухорий).

15. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хотинларнинг энг яхшиси қараганингда кўзингни қувонтирадиган, буюрганингда итоат этадиган, йўқлигингда иффатини ҳамда молингни сен учун асраган аёлдир” (Ибн Аби Ҳотим).

16. Қайс ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ҳайрага бориб уларнинг Мирзабонга сажда қилаётганларини кўрдим. Ўзимча: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундоқ қилишга ҳақлироқлар”, дедим.Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) олдиларига келиб, буни у зотга айтдим. Шунда у зот: “Айтгин-чи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилар эдингми?” дедилар. “Йўқ”, дедим. “Ундоқ қилманглар! Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим. Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан”, дедилар»(Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким).

17. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини “Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб биз томон жўнайди”, дейдилар”, деганлар»(Имом Термизий).

18.Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва салам):“Қай бир хотин ўлсаю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради”, дедилар»(Термизий, Ҳоким).

19. Анас ибн Молик(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Агар хотин беш вақт намозини ўқиса, рамазон ойи рўзасини тутса, авратини сақласа ва эрига итоат қилса, жаннат эшигининг хоҳлаганидан киради»(Табароний).

20. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида, “Бисмиллаҳи. Эй бор Худоё, биздан шайтонни четда қилгин, шайтонни бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин”, деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди» (Бешовлари ривоят қилишган).

21. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар”, дедилар» (Имом Термизий).

22. Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади”, дедилар» (Сунан эгалари ривоят қилган).

23. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур», дедилар» (Тўртовлари ривоят қилишган).

24. Абу Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам, аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир”,дедилар» (Имом Муслим, Имом Аҳмад).

Мунира АБУБАКИРОВА
Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …