Главные новости
Главная / Жаҳон / «ОАВни либераллаштириш – Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, унинг хоҳиши». Халқаро конференция иштирокчиларидан иқтибослар
<

«ОАВни либераллаштириш – Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, унинг хоҳиши». Халқаро конференция иштирокчиларидан иқтибослар

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш кунига бағишланган онлайн конференция ўтказилди.

Унда сўз эркинлиги, ахборот очиқлиги ва ҳаққонийлиги жамият учун қай даражада муҳимлиги, Ўзбекистонда сўз эркинлигининг ривожи халқаро ва маҳаллий экспертлар томонидан муҳокама қилинди.

Конференцияда сўзга чиққан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновнинг қайд этишича, олдин Ўзбекистонда журналистлар дардини фақат аноним шаклда бирор ижтимоий тармоқда қолдиришдан бошқа иложи бўлмаган бўлса, ўтган 4 йил мобайнида матбуот сезиларли даражада эркинлашди.

«Журналистлар мамлакатнинг реал ижтимоий-сиёсий ҳаётидан олинган воқеаларни бемалол ёритадиган бўлди. Ҳатто ҳукуматни танқид қилувчи танқидий материалларни фаолроқ нашр эта бошлади.

Ҳукуматни танқид қилгани учун илгари тақиқ остида бўлган кўплаб хорижий сайтлар блокдан олинди. Республиканинг барча вазирлик ва идораларининг «ўлик» матбуот хизматлари қайта тирилтирилди, уларнинг мавқейи оширилди ва фаолияти тикланди», – деди Комил Алламжонов.

«ОАВни либераллаштириш бошлангани вақтинчалик ўзгариш эмас»

Фонд раҳбарининг сўзларига кўра, ҳали бунинг билан ОАВ соҳасидаги муаммолар тўла ҳал бўлмаган. Ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар бор.

«Ўзбекистон «қора рўйхат»дан чиқди ва «Чегара билмас мухбирлар» матбуот эркинлиги индексидаги мавқейини яхшилади: 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда 13 ўринга юқорилади.

Лекин муаммолар йўқми? Албатта, бор. Журналист ёки блогерда қўрқув йўқми? Албатта, бу ҳам бор. Акс ҳолда, натижа бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди», – дея таъкидлади Комил Алламжонов.

У маълум доирадаги шахсларнинг цензураси, журналистлар ва блогерларнинг ўзини цензура қилиши, давлат ходимларининг таҳдидлари ёки босими каби ҳолатлар ҳалигача борлиги ва уларга қарши курашилаётгани, таклифлар берилаётганини қайд этиб ўтди.

«Шу кунларда президент топшириғи билан яна бир муҳим ҳужжат, яъни оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун чиқиши керак.

Биз ҳали ҳам йўлнинг бошида эканлигимизни ва бу йўлда хато ва камчиликлар бўлишини тушунамиз. ОАВни либераллаштириш бошлангани вақтинчалик ўзгариш эмас, балки президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси. Бу – энг муҳими», – деди Комил Алламжонов.

Саида Мирзиёева: «Биз ОАВнинг ҳақиқий мустақиллигини шакллантириш йўли бошидамиз»

Конференцияда чиқиш қилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ахборотдан фойдаланиш имконияти ундан тенг фойдаланишни ҳам назарда тутиши ҳақида айтиб ўтди.

«Ахборотдан фойдаланиш имконияти ундан тенг фойдаланишни ҳам назарда тутади. У жинсий камситишга қарши курашиш имкониятини оширади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, гендер сиёсати мамлакат учун устувор масалага айланди.

Бу мавзуни тўғри ёритиш зўравонликдан азият чеккан аёлларни ҳимоя қилишга ёрдам беради. Аёллар ўз ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, камситилишга қарши кураш усуллари тўғрисида маълумот олишлари мумкин. Барча учун тенг имкониятлар тўғрисида жамоатчилик фикрини шакллантиришга айнан ОАВ жавобгардир», – деди Мирзиёева.

У пандемия даврида ОАВ ва блогерлар юзага келган вазиятни тартибга солишда давлатга ёрдам берганини ҳам айтиб ўтди.

«COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ юзага келган вазиятни давлат томонидан тартибга солиш жараёнида самимий иштирок этгани учун барча оммавий ахборот воситалари ва блогерлардан миннатдормиз. Улар мазкур жараённинг ажралмас қисмига, фуқаролик назоратининг флагманига айланди. Биз бошлаган очиқлик йўли ортга қайтмасдир», – дея қайд этди Саида Мирзиёева.

Очиқлик – мансабдорларни тийиб туриш воситаси

Конференцияда иштирок этган халқаро экспертлардан бири, Швециянинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили Ульрика Фунеред ахборот шаффофлиги ҳокимиятдагиларнинг ўз лавозимини суиистеъмол қилиши хавфини камайтириши ва у фуқароларга сайлаб қўйилган мансабдорларни назорат қилишга ёрдам беришини қайд этди.

Шунингдек, очиқлик инсонларнинг фикр ва ғояларини шакллантиришга ёрдам бериши, бу эса демократиянинг калити экани таъкидланди.

«Ахборот эркинлиги ҳақида айтилган бир ибора бор: инсон соғлиги фақат сифатли тиббий хизматга боғлиқ эмас. Масалан, табиий офатлар ҳақидаги аниқ берилган ахборот бир кишининг, бир оиланинг, балки бутун жамиятнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин», – деди Ульрика Фунеред ўз нутқида.

ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги офиси директори Юрген Ҳейсел демократик жамиятда журналист махфий бўлган маълумотни очиқлагани учун жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини қайд этди. Фақатгина мансабдор шахслар бундай маълумотлар чоп этилгани учун жавобгарликка тортилиши мумкинлиги айтилди.

Судья ва адвокатларга журналистиканинг аҳамияти, иш услуби ва асосий тамойилларини ўргатиш таклиф қилинди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев ҳам конференцияда сўз олиб, журналистлар фаолиятида юзага келадиган низолар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапирди.

«Ўзбекистонда 2016 йилдан кейин сўз эркинлиги томон қандай қадамлар ташлангани ҳеч кимга сир эмас. Шахсан биз буни ўз танамизда ҳис қилиб турибмиз, кўряпмиз», деди у.

Хушнудбек Худойбердиев конференцияда журналистларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишни журналистни айблайдиган инсонларга журналистикани тушунтиришдан бошлаш тўғри бўлиши таклифини бериб, судьялар ва адвокатларни соҳа бўйича ўқитиш фикрини илгари сурди.

«Агар журналист бирор муаммога дуч келадиган бўлса, унинг масаласини кўрадиган судья қай даражада бу соҳани яхши тушунади? Журналистни ҳимоя қилмоқчи бўлаётган адвокат буни қай даражада яхши тушунади?

Бўшлиқни ечиш учун таклиф қилардимки, биз семинар, тренингларда фақат журналист ва блогерларни асосий планга чиқармасдан, балки танганинг нариги томонидагиларни ҳам ўқитсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Яъни мана шундай кейсларда адолатли, соҳани тушунган ҳолда қонуний қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантириб олишимиз керак», – деди у.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

uzbe

Душанбега Ҳиндистондан таниқли шифокорлар 29 октябрдан келишади

Душанбе шаҳримизга Ҳиндистондан таниқли шифокорлар келишади. Улар педиатрия, гематология, неврология, юқумли касалликлар, ўсиш ва ривожланиш …