Главная / Маданият / Нолегал диний фаолият нима?
<

Нолегал диний фаолият нима?

nelegal-diniБугунги кунда инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми бўлган виждон эркинлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган жамиятни энг эркин жамият дейиш мумкин. Ватанимизнинг Асосий қонунига мувофиқ ҳамма учун виж­дон эркинлиги кафолатланган.
Шунингдек, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларида ҳам ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Демак, эътиқод эркинлиги шахснинг диний ҳаёти билан бевосита боғлиқ экан. Шу сабабли Ўзбекистон Рес­публикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида нолегал (яъни ноқонуний) ва қонуний диний фаолият тушунчалари бир-биридан фарқланади. Масалан, Ўзбекистон Респуб­ликаси Жиноят кодексининг 216-моддасига асосан ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ва ташкилотлар фаолиятида қатнашиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жиноят кодексининг 216-1-моддасида эса ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жиноят кодексининг 216-2-моддасида нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, руҳонийлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек, диний маросимга алоқаси бўлмаган турли тўгарак­лар ҳамда гуруҳларни ташкил этилиши учун ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Жиноят кодексининг 229-2-моддаси диспозициясида махсус диний маълумоти бўлмай туриб ва диний ташкилот марказий бошқаруви органининг рухсатисиз диний таълимотдан сабоқ бериш, худди шунингдек, хусусий тартибда диний таълимотдан сабоқ бериш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, бу ҳолда шахс жиноий жавобгарликка тортилиши ва унга нисбатан ушбу модданинг санкциясида белгиланган миқдорда жарима, ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири қўлланилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.
Виждон эркинлиги бу – диний эркинликдан жамиятдаги бошқа шахсларнинг диний эътиқодига дахл қилмаган ҳолда ёки бу муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя қилинган ҳолда ифодаланадиган ҳар бир шахснинг ўзига хос тушунчасидир.
Шундай экан, бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслар бу борада қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини суи­истеъмол қилмасликлари талаб этилади.
Айниқса, халқимизнинг тўқсон фоиздан ортиғини Ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этишини ҳисобга олсак, жойлардаги муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳлар фойдаланишида бўлган ташкилотлар (Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида бўлмаган ташкилотлар) томонидан Ўзбекис­тон мусулмонлари идорасининг ёзма рухсатисиз диний ходим сифатида фаолият кўрсатилишига йўл қўйилиши ҳам айни нолегал диний фаолиятнинг ўзгинасидир.
Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объект­ларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 27-моддасига асосан давлат мулкида турган моддий-маданий мерос объекти текин фойдаланиш шартномаси асосида диний ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларига бериб қўйилиши мумкин. Бунда шартноманинг муҳим шарти шуки, у моддий-маданий мерос объектини сақлаш бўйича талабларни ўз ичига олган бўлиши керак.
Бироқ ҳар бир ташкилотнинг ўз устави борлигини, уставида унинг асосий фаолият тури, мақсади ва вазифалари белгилаб қўйилишини эътибордан четда қолдирмаслик зарур.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси (Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2008 йил 7 августдаги ПҚ-938-сонли Қарори билан ташкил этилган) ва масжидлар уставида зиёратгоҳларни сақлаш ва улардан фойдаланиш назарда тутилган.
Бу бежизга эмас албатта, чунки зиёратгоҳлардаги Қуръони карим тиловати рисоладагидек бўлиши, зиёратчилар онгига Ислом динининг соф маърифий қарашлари тўғри етказилиши талаб этилади. Бу, албатта, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайинланган диний уламолар томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасида тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона марказий бошқарув органи тузилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ана шундай республикамиздаги расмий фаолият олиб бораётган барча ислом диний ташкилотларнинг ягона марказий бошқарув идораси бўлиб, мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, келгусида “нолегал диний фаолият” атамасига ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундаги “ибодат либослари” атамасига ҳам қонун чиқарувчи орган томонидан янада аниқроқ изоҳ берилиши уни ҳаётга татбиқ этилишини кучайтиради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир шахснинг ўз диний ҳаёти билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини Ўзбекистон Респуб­ликасининг диний фаолиятни тартибга солиб турувчи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилганидан ўзгача ҳолатда амалга ошириши нолегал диний фаолият юритишни келтириб чиқаради. Бу эса юқорида таъкидланганидек, шахснинг қонун олдида жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

0b712a8e-2ec0-4f7e-886f-979b57d3b5d4_cx24_cy50_cw41_w1023_r1_s

Данғара ҳокими жавоб хатидан 100 га яқин хато топилди

Сурхондарёда ўнлаб ИИБ мансабдорлари ишдан бўшатилди. Данғара ҳокими журналист фаолиятига тўсқинлик бўлмаганини иддао қилмоқда. Ўзбекистон …