Главные новости
Главная / Жамият / Ноласи кўкларга ўрлаган жизғанак аёл. Ўзига ўт қўйган маъсумалар тақдири кимнинг муаммоси?
<

Ноласи кўкларга ўрлаган жизғанак аёл. Ўзига ўт қўйган маъсумалар тақдири кимнинг муаммоси?

Бир аёл ўзига ўт қўйиб борар,

Вужуди оловга чулғаниб борар.
Ноласи дунёни уйғотиб борар,
Эй, ўзбек, не учун уйғонмайсан, сен.
(Журналист Ғайрат Ширинов)

Сентябрь ойининг энг мудҳиш ҳодисаларидан бири – Наманганда бир аёл ўзини ёқиб юбориши бутун жамоатчиликни ларзага келтирди. Фожиага ҳар ким ҳар хил сабабларни келтирди.

Ўзбек медиа оламида бироз муддат муҳокама қилингач, бу воқеа ҳам бошқа вақтинчалик «тренд»даги мавзулар каби ўрнини бошқаларига бўшатиб берди. Ҳозирда жамоатчилик аллақачон унутиб юборган фожиа, афсуски, 1-2 йил эмас, балки бир асрдан бери аёлларни ўз чангалига олиб, қўйиб юбормаётганидан хабардормисиз? Нима учун жамиятнинг ушбу оғриғига шунча йиллардан бери даво топилмаяпти? Бу кимнинг муаммоси? Уни ким ҳал қилиш керак?

«Похол аёл»

Журналист ва филолог Элдор Асанов телеграм каналида ушбу ҳолатнинг чуқур илдизли тарихи ҳақида фикр билдирган:

«МДҲ антропологиясида бу термин ўзига ўт қўйган ёки қўйишга мойиллиги бор аёлларга нисбатан ишлатилади. Марказий Осиё республикаларида аёллар ўзига ўт қўйиши кўп кузатилган ва тез-тез қайталаниб турадиган феномендир.

Марказий Осиё халқларида аёллар парадоксал ижтимоий мавқега эга. Бир томондан, улар асосан бола боқишга, уй юмушларига боғлаб қўйилган, эркакка тобе ҳолатда яшашга кўниккан. Бошқа томондан, биз секуляр жамиятда яшаймиз, аёллар ўзини реализация қилиш имкониятига эга, қолаверса, ижтимоий муносабатларда аёлларга нисбатан юмшоқроқ муомалада бўлиш кўникмаси бор: аёлларга қўл кўтаришни, қўпол гапиришни кўпчилик ўзига ор билади, аёллар давлат ташкилотларида жанжал кўтарса, унга ён босилади.

Ўзбек қизлари секуляр ҳаёт кечириши, ўқиши, ишлаши бир қарашда мумкин, лекин у доимо қандайдир чегарани билиб юриши лозим, зеро эри, отаси, оиласи, жамиятнинг гап-сўзи унинг ўқишига, карьерасига, бахтли ҳаётига осонлик билан чек қўйиши мумкин. У модерн ва анъана орасида яшашга мажбур. У ўзини реализация қилиш имкониятига эга, лекин ортиқ бунга тўсқинлик қилувчи омиллар бор, аёл уларни инобатга олмаса, маргиналлашади, яъни жамиятдан ва оиласидан четлаштирилади.

1920–1930-йилларда Марказий Осиёдаги совет республикаларида «Ҳужум» кампанияси бўлиб ўтган. Унинг доирасида маҳаллий аёллар паранжи ташлаши ва секуляр ҳаётга кириб бориши, ўқишни, ишлашни бошлаши лозим эди. Бу кампания давомида бир гуруҳ аёл паранжини ташламагани учун давлат структураларининг босимига учраган бўлса, бир гуруҳ аёл, аксинча, секулярлашувда фаол бўлгани боис консерватив эркакларнинг ва умуман жамиятнинг босими остида қолиб кетган. Паранжини ташлаган аёлларнинг ўлдириб кетилиши кўп кузатилган. Икки томонлама босим остида қолган Марказий Осиё аёллари ана ўшанда биринчи марта ўзига ўт қўйишга мурожаат этган. 1926–1928-йилларда Марказий Осиё республикаларида 203 нафар аёл ўзини ёқиб юборган.

1980-йилларнинг иккинчи ярмида бу ҳолат яна такрорланган. 1987 йилда Ўзбекистоннинг ўзида 270 аёл ўзига ўт қўйган. Бунга ўша пайтдаги ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар, аёлларнинг оғир турмуш тарзи сабаб бўлган. Қизиғи, баъзи муаллифлар бунга «ўзбек аёли шариат зуғумидан қийналиб кетгани»ни сабаб қилиб кўрсатган. Ваҳоланки, аллақачон секулярлашиб бўлган ўзбек жамиятида аёлларни қийнаган муаммолар мутлақо бошқача эди.

Яқин тарихда икки марта «тренд»га айланган бу суицид бугун қайтаётгандек гўё. Бунинг оммавий ҳаракатга айланишига йўл қўймаслик учун масалага кенгроқ ёндашиш керак. Битта аёлнинг фожиаси эмас, умуман аёлларнинг муаммолари жиддийроқ, чуқурроқ ўрганилиши керакЎзбек аёлини нималар қийнайди, нима уни ўз жонига қасд қилишга мажбурлайди, унга қандай психологик ва ижтимоий ёрдам керак – буларни ўрганиш, хулосалар қилиш, шунга яраша ишлар амалга ошириш керак. Афсуски, Ўзбекистонда бундай ишни амалга ошира оладиган тажрибали, профессионал социологлар, антропологлар ва психологлар жамоаси йўқ. Ё улар бошқа ишлар билан банд, ё билими етмайди, ё ҳеч ким муаммони улар ҳал қилиши мумкинлигини ўйлаб кўрмайди, уларни бу ишга жалб этмайди.

Аёллар нима сабабдан жонига қасд қилади? Нега айнан ўзига ўт қўяди? Бу ҳолатни қандай бартараф этса бўлади? Аёлларга қандай ёрдам берса, бундай ҳолатлар камаяди?

Ўт қўйиш шахсий муаммони ижтимоий сатҳга олиб чиқиш воситасидир. Дори ичса, уйида ўзини осиб қўйса – бу нари борса оилага протест билдиришдир. Муаммо ҳам уй ичида қолади. Ўт қўйилишини эса ҳамма кўради. Бу жамиятга, давлатга протестдир. Қолаверса, ўт қўйиш ўзини ўлдиришнинг қўрқинчли, намойишкор туридир. У кўрганларнинг ҳиссиётларини жунбишга келтиради, ижтимоий реакцияни, социал ҳаракатни келтириб чиқаради.

Бу каби саволларга аниқ жавоб топиш учун социологик тадқиқотлар ўтказиш, аёлларнинг тегишли гуруҳлари билан суҳбатлашиш, уларнинг психологиясини ўрганиш ва, табиийки, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш устида ишлаш керак. Бу – шахсий эмас, ижтимоий муаммо ва у жамиятнинг ҳар қандай аъзосига таъсир ўтказиши мумкин».

«Аёлларнинг олов бўлиб кўкка ўрлаши жамият ва ҳукмрон сиёсат инқирозидан дарак эди»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев ўтган асрнинг 80–90-йилларидаги матбуоти бу мавзуни қандай ёритганлиги бўйича фикрларини билдирди:

«Ўтган асрнинг 80-йиллари Ўзбекистонда аёлларнинг ўзига ўт қўйиши кўпайиб кетган эди. Матбуотда тарқалган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 1988 йилда 270 нафар, 1989 йилда эса 250 нафар хотин-қиз тирик гулханга айланади. Зулм, оғир турмуш, адолатсизлик ва хўрликка қарши исёнга чоғланган қиз-жувонларнинг бу машъум қарорини оқлаб бўлмайди, албатта. Аммо инсоннинг азиз ва мукаррамлигини унутган даҳрий жамиятнинг ночор фуқароси норозиликни шу йўл билан изҳор этмоқчи бўлди. Оталар боши эгилди, йигитлар бўзлади, оналар тирик мурдага айланди.

«Пахта иши», «Ўзбек иши» деган уйдирмалардан ғурури поймол этилган, юзи шувут бўлган халқ учун аёллар курашга чиқди. Аёлларнинг олов бўлиб кўкка ўрлаши жамият ва ҳукмрон сиёсат инқирозидан дарак эди. Аммо зўравонлик ва алдовга қурилган тузум ҳамиша фожиаларни тан олмаслик йўлларини ахтаради. Шўро ҳукумати ҳам бу аянчли ҳолатни хаспўшлашга уринди. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида Михаил Дудиннинг хати эълон қилинган. Россиялик шоир ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат этар экан, «Сизларнинг раҳбарингиз Ёқубов пленумда айтган рақамлар мени ҳайратга солди, 270 аёл ўзини-ўзи ёқибди, 270!!! Ўзларига бензин қуйишиб, гугурт чақишган-у ва ҳаққа етишган. На ҳаёт, на хотира, фақат бир оловнинг гуриллаб ёниши… Буни эшитиб сочларим тикка бўлиб кетди, ҳалигача ўзимга келолмайман. У ҳақда мен ҳатто шеър ҳам ёздим. Бу менинг туғёним ва менинг ҳайратим, менинг ҳайронлигим», дейди ва қуйидаги сатрларни битади:

Аёллар ёнмоқда Ўзбекистонда,

Бу ҳақда ёзилмас бизлар томонда.

У қандай оғриқдир, шўрлик гулларни

Оловга йўллаган, ёққан гулханни?

Ўша даврда республикада содир бўлган улкан фожиалар, нобоп тузум ва мунофиқона сиёсат ҳақида рўй-рост ёзиладиган пайт ҳам келади. Жамиятда ҳар хил қараш ва фикрларга сабаб бўлган бу хунук анъана шоирларни изтиробга солган эди. Рауф Парфи, Йўлдош Эшбек, Аъзам Ўктам, Мақсуда Эргашева куйиб кул бўлган муштипарларга бағишлаб шеърлар битди. Сўнгсиз дард ва алам туфайли қўлига қалам олган шоирларимиз Ватан тимсоли Аёлнинг бир ҳовуч кулга айланаётганидан бўзлади:

Ловуллайди бахмал болишлар

Қучоғида ёнар келинчак.

Атир иси тўлган хонада

Аёл жисми бўлар жизғанак.

Наҳотки 30 йил аввалги муаммо ҳали ҳам ечилмаган?

Ўтган асрнинг 80–90-йилларида матбуотда ўзига ўт қўйиб юборган аёллар ҳақида жуда кўп мақолалар ёзилган. Аммо бепарво раҳбарларнинг айби билан фожиалар камайиш ўрнига кўпайиб борган. Ўша пайтлар келтирилган фикрлар ҳамон долзарб.

Масалан, 1988 йил 9 апрелда «Ёш ленинчи» газетасида «Лоқайдлик қурбони» мақоласи чоп этилди. Унда аёлларнинг ўзига ўт қўйиш статистикаси келтирилган:

«…Самарқанд областида ўтган йили 31та ўзига ўт қўйиш ҳоллари рўйхатга олинган бўлса, шундан 24таси юзасидан жиноий иш қўзғатишдан бош тортилган. Қашқадарё областида 37та воқеадан 23таси, Бухоро областида 16та воқеадан 10таси юзасидан жиноий иш қўзғатилмаган. Ўтган йили умуман республика бўйича ўзига ўт қўйишга доир 88та факт юзасидан жиноий тергов бошлашдан бош тортилган… Айбдорларни жазолаш ҳоллари камдан-кам бўлмоқда, бунинг устига уларга нисбатан кўпинча жиноятнинг социал хавфи ва оғирлигини ҳисобга олмай, асоссиз равишда енгил жазо берилмоқда».

«Ёш ленинчи» ушбу ижтимоий мавзуни тез-тез кўтариб турган. Газетанинг 1988 йил 6 январдаги сонида Э. Ғаффоровнинг «Аёл кишининг фожиали қисмати» мақоласи чоп этилган. Унда ҳам ўзига ўт қўйган аёлнинг тақдири шифокор тилидан сўзлаб берилади:

«…Эндигина 25 ёшга кирган, куч-қуввати барқ урган аёл яшашдан чарчаса-ю, кунларнинг бирида жонидан тўйиб ўзига керосин қуйса, бу ахир ғайритабиийлик-ку? Биласизми, аёлнинг аҳволини тушунса бўлади. Қийин, лекин тушунса бўлади. Музаффар Жабборова турмушга чиққанидан кейин ҳар йили фарзанд кўрди… Кўпчилик ўзбек оилаларида, айниқса, қишлоқда навбатдаги болани туғиб, кўзи ёриган аёлни ҳали куч-қуввати жойига келмай ўрнидан туриб кетиши ва сигир-бузоқ, қўй, томорқа, тандир кабилар билан боғлиқ бўлган уй-рўзғор ишларига киришиб кетиши керак.

Устига устак яна эрнинг, қайнона ва бошқа қариндошларнинг кўнглини олиш ҳам керак бўлади. Ана шуларнинг ҳаммаси бир бўлиб ва бунинг устига турмушдаги қийинчиликлар қўшилиб, баъзан аёл кишининг асаблари ниҳоятда қақшашига, чарчашига олиб келади… Бутун турмуш унинг учун ботмондахсар юкка айланади…Бундай воқеалар кўпинча ўлим билан тугайди ва иккинчидан, ўзини-ўзи ўлдиришга уринганидан кейин эр ўз хотинини кучлироқ севишига ва уни ҳаётнинг қолган қисмида доимо бошига қўйиб юришига ишониш қийин.

Нима учун ҳозир прокуратурадаги ўз-ўзига ўт қўйиш билан боғлиқ кўпгина «дело»лар «жиноят состави» йўқлиги туфайли ёпиб юборилмоқда… Тўғри, улардан кўпчилиги азоб-уқубат юкини лом-мим демай, сукут ичида кўтариб юришади, сўнгги дақиқаларгача яшаб қолиш ҳақида орзу қилишади.

…Қизларни ёши улғайгани сари рўй берадиган физиологик ўзгаришлар саросимага солмаслиги керак. Афсуски, оналар, синф раҳбарлари қизларни содир бўлаётган «сир-асрорлар» билан ҳамма вақт ҳам таништирмаётганликлари туфайли биз, шифокорлар мана шу саросималик негизида юз берадиган ҳақиқий психологик ўзгаришларга дуч келяпмиз. Мактабда ўғил болаларни бўлажак ота, оила бошлиғи, ғамхўр, эътиборли ва назокатли эр сифатида тарбиялаб бориш даркор».

Азиз жонига қасд қилишга нима сабаб бўляпти?

Аёлларга вақтинчалик бошпана берувчи шелтерлар (марказ) ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Ушбу марказларда асосан аёллар, болаларга реабилитацион кўмак берилади. Мавзу юзасидан қандай муаммолар аёлларни қийнаётгани бўйича Республика маркази Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси директори Гулчеҳра Маткаримова билан суҳбатлашдик.

«Марказимизга мурожаат қилган аёллар маиший зўравонлик: турмуш ўртоғи, қариндошлари томонидан жисмоний зўравонликдан азият чекишади. Масалан, қайнсингил, қайнопа ва бошқа қариндошлар гуруҳ бўлиб урган ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Дўппосланган ҳолатда келган аёлларни уйига қайтариш хавфли бўлиб, бунда ички ишлар органи ходимларига мурожаат қиламиз. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан англашув меморандумини тузганмиз. Унга мувофиқ, жабрланган аёлларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади. Аёлнинг яшаш жойидаги ҳокимликлар билан боғланиб, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда уларнинг масаласи ҳал қилинади.

Аёлларнинг бундай ҳолатга тушиб қолишига асосий сабаб – эркаклар томонидан уларга менсимасдан муносабатда бўлиш. Эркаклар аёл ҳам инсон эканлиги, унинг ҳам орзу-истаклари борлигини хаёлига ҳам келтиришмайди. Бундай тоифадаги эркаклар жуда кўп. Эри томонидан доимий тазйиқ кўрган, ҳақоратларни эшитган аёлларнинг руҳиятини соғломлаштиришимиз жуда қийин кечади.

Бизга мурожаат қилган аёлларнинг баъзилари бир неча марта ўз жонига қасд қилган бўлади. Масалан, сирка ичиш, кўп миқдорда дори ичиш, томирини кесиш каби ҳолатлар. Суициднинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш керак. Кузатувларимдан шуни хулоса қилганманки, аёллар хўрланган, ўзини инсон сифатида кераксизлигини ҳис қилган вақтда жонига қасд қилишга уринади. Доимий хўрлик, камситишлар – ҳаммаси йиғилиб бир кун уни «портлатади». Аёл рўзғорда муҳтожликка чидаши мумкин. Лекин хўрликка руҳий бардош беролмайди.

Жонига қасд қилган аёлларнинг асосий мақсади ўзини ўлдириш эмас, балки яқинларини қўрқитиб қўйишдир. Шунақа ҳолатларнинг ҳеч қайси бирида эркак аёлига олдингидан яхшироқ муносабатда бўлмаган. Шу сабабли аёлларга бу йўл нотўғри эканлигини доим тушунтириб борамиз. Бундай тоифадаги аёлларнинг деярли барчаси таянч маълумотга эга бўлмаган, касб-ҳунари бўлмаган, фақат уйда ўтирадиганлар бўлади. Демак, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бирон фойдали юмуш билан машғул қилишга йўналтиришимиз керак.

Жисмоний ва руҳий зўравонликка учраётган аёллар нима учун бундай хўрликларга чидашяпти? Чунки улар эрига қарам. Ажрашса, уйсиз қолади. Уларни мана шу муаммо қийнайди. Шу сабабли Оила кодексига никоҳ шартномасини мажбурий киритиш керак. Ана шунда зўравонликлар, ўз жонига қасд қилишлар бироз камаярмиди», дейди у.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, аёлларнинг хўрланиши бу оддий ва эътибор бермайдиган кичик муаммо эмас. Хўрликлар, азобланиш аёлни ўз домига тортса-ю, бунга бепарво бўлсак, оқибати тузатиб бўлмас даражага келиб қолади. Таназзулнинг бошланиши шу эмасми?

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

adz7lu7fuhwnieimtkj50_1ivungsatz

Талабалар — пойтахтнинг асл уйсизлари

Тошкентдаги асл уйсизлар кимлигини биласизми? Минглаб талабалар! Талабаларга вақтинча яшашлари учун одатда уй етишмайди. Уй …