Главная / Маданият / Никоҳнинг биринчи кечасида қилинадиган амаллар

Никоҳнинг биринчи кечасида қилинадиган амаллар

nikohНикоҳли ҳаётни бошлаш арафасида инсонда ҳис-ҳаяжон бўлади, қалби бир олам орзу-истаклар билан тўлиб-тошади. Бундай пайтда қилинадиган ҳар бир иш, айтиладиган ҳар бир сўз умр бўйи хотирада муҳрланиб қолади. Шу сабаб бўлса керак, одамлар бунга алоҳида аҳамият беришади. Шу маънода, никоҳнинг биринчи кечасида қилинадиган айрим ишлар хусусидаги шариатимиз кўрсатмаларини баён этамиз.
Куёв келиннинг олдига илк бор кираётганида, хурсанд ҳолда бўлиши, уйга очиқ чеҳра билан кириб келиши, келинга мулойимлик билан муомала қилиши тавсия этилади. Чунки, келин ҳаяжонланади, ҳадиксирайди, бегона уйда ўзини ноқулай ҳис этиши мумкин. Куёвнинг гўзал муомаласи келинни мана шундай ноқулай ҳолатдан чиқаради, ўрталарида илиқлик пайдо бўлади.
Куёв “бисмиллаҳ” деб ўнг оёқ билан салом бериб уйга киради. Кейин келиннинг пешонасига қўлини қўйиб, мана бу дуони ўқийди.

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ خَيْرَهَا وَخَيْرَ مَا جَبَلْتَهَا عَلَيْهِ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهَا وَمِنْ شَرِّ مَا جَبَلْتَهَا عَلَيْهِ.

Дуонинг ўқилиши: “Аллоҳумма, инний асъалука хойраҳаа ва хойра маа жабалтаҳаа ъалайҳ, ва аъувзу бика мин шарриҳаа ва мин шарри маа жабалтаҳаа ъалайҳ”.

Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳ! Сендан аёлимнинг яхшилигини, Сен унга берган ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан, Сен унга берган ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман!”

      Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уйланган киши мана шу дуони ўқишини тавсия этганлар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан). Дуодан сўнг иккиси биргаликда нафл намоз ўқишади. Куёв имом бўлади, келин орқада иқтидо қилади. Бу намозни ҳар бири алоҳида ўқиса ҳам бўлади. Лекин бирга ўқишгани маъқул.

عَنْ سَلْمَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا تَزَوَّجَ أَحَدُكُمُ امْرَأَةً فَكَانَ لَيْلَةَ الْبِنَاءِ فَلْيُصَلِّ رَكْعَتَيْنِ وَلْيَأْمُرْهَا فَلْتُصَلِّ خَلْفَهُ رَكْعَتَيْنِ فَإِنَّ اللَّهَ جَاعِلٌ فِي الْبَيْتِ خَيْرًا. رَوَاهُ الْبَزَّارُ.

    Салмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар сизлардан бирон киши уйланса, қўшиладиган кечада икки ракат намоз ўқисин. Келинга, орқасида икки ракат намоз ўқишни айтсин. Шунда Аллоҳ ўша уйда яхшиликни (пайдо) қилади” (Баззор ривоят қилган).
Бу намознинг аҳамияти жуда катта. Маълумки, никоҳ кечасида куёвда ҳам, келинда ҳам кучли ҳаяжон бўлади. Айниқса, келинларда. Ҳатто куёвдан чўчиши ҳам мумкин. Иккиси бир бўлиб намоз ўқишса, мана шундай салбий ҳолатлар барҳам топади. Куёв имом, келин иқтидо қилиб, бир тан-бир жонга, бир оила аъзосига айланишади. Намоздан кейин қўлни дуога очиб, Аллоҳдан осуда ҳаёт, фаровон турмуш, солиҳ ва солиҳа фарзандлар сўрашади. Янги ҳаёт остонасида турган ёшлар учун мана шу онлардаги ибодат ва дуонинг ўрни беқиёс.
Келин-куёв бирга намоз ўқиганларида иккисининг танасидаги зарарли зарядлар, руҳий таранглик йўқолиб, ўрнини хотиржамлик ва бир-бирига меҳр-муҳаббат туйғуси эгаллар экан. Бугунги кунда мана шу тавсия, яъни никоҳнинг биринчи кечасида икки ракат намоз ўқиш одати бироз унутилаёзгандек. Бунинг ўрнига ҳар хил бидъат-хурофотларга амал қилинмоқда. Аслида бахтни Аллоҳ беради. Бахтга эришиш учун эса, Унинг айтганлари қилинади.
Айрим жойларда куёвнинг жўралари, озроқ маст қилувчи ичимликдан ичиб олинса ҳаяжон бўлмаслигини “маслаҳат” сифатида баён этишмоқда. Бу нотўғри гап. Чунки, маст қилувчи ичимлик ичган одамнинг дуоси қабул бўлмайди, у қонга сингиб, ҳатто бўлажак зурриётига салбий таъсир қилиши мумкин. Бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, келин – куёв биринчи кечани ҳаром луқма билан бошласа, кейинги ҳаёти нима бўлади?! Ҳаром луқма инсон имонига путур, соғлиғига зиён етказади.
Ҳаяжонни босиш учун намоз ва дуодан зўр тадбир йўқ. Бунда, ҳам Аллоҳдан яхшилик сўралади, ҳам савоб олинади. Мусулмон одам ҳар қандай ҳолатда шариат кўрсатмаларига амал қилмоғи керак. Аллоҳ ва Расулининг айтганини қилган инсон, албатта бахтли бўлади. Бугунги кунда дин-диёнатдан бехабар ёшлар куёвжўралик қилиб, пала – партиш маслаҳатларни беришади. Бундоқ эътибор берилса, уларнинг кўрсатмаси на динимизга ва на миллий қадриятларимизга тўғри келади. Аксари ғарбона ҳаётга тақлид қилинадиган ишлардан иборат. Унутмайлик, биз мусулмон фарзандимиз. Ҳар бир ишимиз муқаддас Динимиз кўрсатмаларига, миллий қадрятларимизга мувофиқ бўлиши даркор. Хусусан, никоҳ кечасидаги ишлар ҳам шариат кўрсатмаларига мос равишда амалга оширилиши керак. Шундагина икки дунё саодатига эришамиз.

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …