
Нидерландия ҳукумати жосусликда гумонланган россиялик икки дипломатни мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Нидерландия разведка ва хавфсизлик умумий хизмати (AIVD) маълум қилди.
“AIVD яқинда Россия ташқи разведка хизмати ходимининг махфий операциясини йўққа чиқарди. Россиянинг Ҳаагадаги элчихонасида ишлаган разведка ходими фан ва технологиялар соҳасида жосуслик фаолиятига жалб қилинган”, – дейилади хизмат баёнотида.
Хабарда айтилишича, элчихонанинг яна бир ходими унга ёрдам берган. Мамлакат ички ишлар вазирлиги ҳар икки дипломатни “персона нон грата” деб эълон қилди.
“Уларга бундан буён Нидерландия дипломат сифатида ишлашга рухсат берилмайди, улар мамлакатни зудлик билан тарк этишлари керак бўлади”, – дейилади разведка хизмати баёнотида.
Аниқлик киритилишича, биринчи дипломат “махфий ахборот ва юқори технологиялар соҳасига алоқадор шахслар билан алоқа ўрнатган”. Бу шахсларнинг айримлари маълумот бериш эвазига “мукофот” олишган.