Главные новости
Главная / Жаҳон / Навальнийга «Шарите»дан жавоб берилди. У касалхонада 32 кун ўтказди
<

Навальнийга «Шарите»дан жавоб берилди. У касалхонада 32 кун ўтказди

Берлиндаги «Шарите» клиникаси россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийга жавоб берилгани ҳақида хабар қилди. У немис шифохонасида 32 кун ўтказди.
Клиника сайтида эълон қилинган пресс-релизда сиёсатчининг аҳволи шифокорлар уни стационар даволанишни тўхтатишга рухсат бериши учун етарли даражада яхшилангани қайд этилган.

Бундан ташқари, шифокорлар Навальнийда кейинчалик ҳам заҳарланиш оқибатлари пайдо бўлиши мумкинлигини истисно этишмаган.

Аниқлик киритилишича, Навальний «Шарите»да жами 32 кун ўтказган, шундан 24 кун мобайнида интенсив терапия палатасида бўлган.

Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага парвоз қилаётган самолёт бортида ҳушдан кетганди. Учувчилар шошилинч равишда самолётни Омскка қўндиришган ва Навальний маҳаллий шифохонага ётқизилганди. Қариндошлари ва тарафдорлари Навальний заҳарлангани ҳақида айтишди, аммо омсклик шифокорлар сиёсатчида заҳарланиш белгилари аниқланмаганини билдиришди.

Икки кун ўтиб Навальнийни даволаниш учун Германияга олиб кетишди. «Шарите» клиникаси шифокорлари унда чиндан ҳам заҳарланиш белгилари мавжудлигини маълум қилишди.

Кейинроқ Германия ҳукумати Бундесвер лабораторияси россиялик сиёсатчининг таҳлил намуналарида «Новичок» гуруҳига мансуб модда билан заҳарланиш излари топилганини тасдиқлашди. Кейинроқ Франция ва Швецияда ўтказилган текширувларда ҳам сиёсатчи заҳарланган деган хулосага келинди.

Россия томони ҳамон Навальнийдан Омскдаги шифохонада олинган биоматериалларда қандайдир заҳарли модда излари чиқмагани ва бу ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатишга асос йўқлигини таъкидлаб келмоқда. Россия прокуратураси Германия томонига унинг таҳлил намуналарини сўраб икки марта мурожаат қилган. Германиялик шифокорлар бу фақат Навальнийнинг ўзининг розилиги билан амалга ошиши мумкинлигини билдиришган.

Навальнийнинг тарафдорлари сиёсатчи Томскдаги аэропортга боришидан олдинроқ «Новичок» билан заҳарланганини тахмин қилишмоқда. Коррупцияга қарши фонд маълумотларига кўра, Навальний меҳмонхонада сув ичган бутилкада ҳам заҳар излари борлигини маълум қилишган. Сиёсатчининг тарафдорлари бу идишни заҳарланиш ҳақидаги хабарлар чиқиши биланоқ топишган ва Германияга юборишган.

Европарламент Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат бўйича мустақил текширув ўтказишни талаб қилмоқда. 17 сентябрь куни парламентарийлар резолюция қабул қилишган, унда Россия ҳукумати Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш ва «Новичок» дастури ҳақида тўлиқ маълумот беришга чақирилган.

22 сентябрь куни Le Monde газетаси ўз манбаларига таянган ҳолда Россия президенти Владимир Путин Франция президенти Эммануэль Макрон билан суҳбатда Александр Навальнийнинг ўзи номаълум сабабларга кўра «Новичок» гуруҳига мансуб заҳарни ичган бўлиши мумкинлигини тахмин қилгани ҳақида ёзди.

Макрон эса Навальнийнинг ўзи асаб тизимига таъсир кўрсатиб, инсонни узоқ вақт беҳуш қилувчи «Новичок» гуруҳига кирувчи заҳарни ичган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ушбу тахминни инкор қилган.

Ушбу телефон мулоқоти 14 сентябрь куни Франция томони ташаббуси билан ўтказилганди. Le Monde нашрининг ёзишича, суҳбат чоғида Россия президенти Навальнийни «интернетдаги қитмирлардан бири» деб атаган ва мухолифат вакили тузган Коррупцияга қарши жамғарманинг депутат ҳамда амалдорларни шантаж қилгани ҳақида гапирган.

Шунингдек, Путин «Новичок» аввал қайд этилганидан кўра анча мураккаб тузилишга эгалиги хусусида ҳам маълумот берган. У Навальний билан содир бўлган воқеа Латвияда яшайдиган «Новичок»ни ишлаб чиққан олимлардан бири билан боғлиқлиги юзасидан текшириш ўтказиш кераклигини айтган. Макрон эса унинг бу гапларига ҳам қўшилмаган. У Путинга франциялик мутахассислар ҳам Навальнийга «Новичок» гуруҳига кирувчи заҳарли модда билан суиқасд уюштирилганини тасдиқлаганини айтган.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

knpud-bqbcml1oe_0l3vbcobrkh1jdrd

АҚШ ва Канада чегараси 21 ноябргача очилмайдиган бўлди

Канада-Америка чегараси 21 март куни ёпилганди. Ўшанда Канада бош вазири Жастин Трюдо ушбу чеклов икки …