Главные новости
Главная / Жамият / Намунавий уйлар ҳақида қашқадарёликлар ҳикояси – Чироқчи ва Ғузор туманлари мисолида
<

Намунавий уйлар ҳақида қашқадарёликлар ҳикояси – Чироқчи ва Ғузор туманлари мисолида

Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Чироқчи ва Ғузор туманларида 2017 йилда қурилган намунали уйларда истиқомат қилиб келаётган фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Таҳририят мухбирлари арзномани жойига бориб ўрганиш мақсадида ушбу вилоятга хизмат сафари уюштирди.

Чироқчи туманидаги янги намунали уйлар қурилган кўчага кириб борар эканмиз, ерга асфальт ётқизилмаганига гувоҳ бўлдик. Ёмғир ёғганлиги сабабли тўпланиб қолган сув ва лойни кечиб ўтишимизга тўғри келди. Ваҳоланки, бу ҳудудда фуқаролар истиқомат қилишни бошлаганига 2 йилдан ошган.

Биз билан суҳбатлашган фуқаролар тез-тез ўчиб турса-да, электр энергияси ва сув таъминоти мавжудлигини билдиришди. Аммо фуқароларнинг ҳукуматдан бир илтимоси, газ муаммосини ҳал қилиш масаласидир. Уларга кўра, кўчиб келган йиллари борига шукур қилиб, имкони борлар ўтин-кўмир, имкони йўқлар электр печкалар билан уйларини қиздиришган. 2018-2019 йил қиш мавсумида электр энергияси тез-тез узилмоқда. Шу боисдан ҳам, уйнинг барча хоналарини электр ёрдамида иситиш мумкин бўлмаяпти. Бунинг оқибатида ёш болали, қария ва ногиронлар истиқомат қилувчи оилалар бир хонага қамалиб қолишга мажбур бўлмоқда.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Бизда икки ойда бир маротаба 20 минг сўмдан газ балонимизни тўлдириб беради. Лекин у икки ойга етмайди, уни печкага ишлатадиган бўлсак, уч кунга ҳам етмайди. Биз тежаб-тергаб фақат овқат учун ишлатамиз, шунда ҳам етмайди. Сўнг ўзимиз эркин нархда 15 литрини 45 минг сўмга тўлдирамиз ёки 55 минг сўмдан газ балонни алмаштирамиз. 20 йил квартирада яшаб, қийналсак ҳам ишлаб, тўловини қилиб, яхши умидларда шу уйни олган эдик. Энди газдан қийналмаймиз, янги уйда яшаймиз, деб кўчиб келдик. Кўмир ёрдамида исиётган печкадан чиқаётган тутундан ҳозир бу уйларни янги демайсиз»,- дейди намунали уйларда истиқомат қилувчи аёл.

Намунавий лойиҳа асосида қурилган уй деганда, аксарият фуқаролар иссиқ, газлаштирилган, ҳар томонлама «намуна» қилиб кўрсатса бўладиган уй тушунилади, одатда. Аммо, бу умидлар пучга чиқиб бўлди, дейди аҳоли. Эндиликда, туман газ таъминоти бу уйларга қувурда газ берилмаслигини айтмоқда.

Ўша газ келмайдиган уйларнинг ёнгинасида эса, метан заправкаси ишлаб турибди. Сал нарироқда замонавий иссиқхона курилган, у ҳам газда ишлайди. «Кишига алам қиладигани шуки, уйларимизнинг ёнгинасидан қувурлар орқали иссиқхонага зангори олов олиб ўтилган. Наҳотки инсон қадри бир иссиқхонача бўлмаса?», – дея савол билан мурожаат қилишади фуқаролар.

Ғузор туманидаги вазият бундан ҳам қизиқ. Янги қурилган намунали уйларга газ ҳисоблагичлар ўрнатилган, лекин газдан дарак йўқ. Намунали уйлар қурилган ҳудуддан 500 метрлар чамаси узоқроқдан газ кони топилган бўлиб, ушбу уйлар ёнгинасидан газни қайта ишлаш учун олиб ўтилади. Намунали уйларга кўчиб келиш бахтига муяссар бўлганларнинг айтишича, «уларнинг уйлари газ билан таъминланмаган бўлсалар-да, газ ҳиди ҳидлаб турамиз», – дейишди «Буюк карвон» массиви аҳолиси.

Арзон нархларда етказиб берилаётган «Ангрен кўмири» эса жуда сифатсиз, фойдаланиш учун яроқсиз чиқмоқда. Ёнаётган оловга кўмирни солсангиз, олов устига тупроқ сочгандай уни ўчиришга хизмат қилмоқда, бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Бир қоп кўмирнинг ярмидан ортиғини тупроқ демасликнинг иложи йўқ. Кўмир сотиш пунктида вагонларда келтирилган кўмирлар симтўрлар орқали элакдан ўтказилиб, сараланиб сотилиши маълум бўлди.

Туман марказидан унча узоқ бўлмаган бу ерда ҳам йўллар асфальт қилинмаган. «Қишлоққурилишинвест»нинг массивдаги қурилишни назорат қилувчи мутахассисига (исм-шарифини ёзмасликни илтимос қилди) кўра, асфальт ётқизиш учун 2 йил белгиланган. Биринчи йилда шағал ётқизилади, иккинчи йили асфальт. Массивгача келадиган йўлларда эса, серёғин кунларда ўрдак боқса бўлади, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Хуллас, «намуна»ли уйларда аҳвол шундай. Таъкидлааш ўринлики, Kun.uz сайти таҳририятига республика бўйлаб қурилаётган «намуна»ли уйларда истиқомат қилувчи аҳолидан турли мазмунда шикоятлар келиб тушмоқда. Уларнинг аксарияти йўл ва инфратузилмалар рисоладагидек эмаслиги ҳақидадир. Шу боисдан ҳам мазкур соҳа мутасаддилари юқоридаги муаммоларга эътибор қаратишлари даркор.

Kun.uz сайти, ўз навбатида, «намуна»ли уйларнинг аҳволини ўрганишда давом этади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ulqyj8r8e5gmdbxf4vz84ic13xlao0v8

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи янги автомобиль тақдимоти бўлиб ўтди. У аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади

Бугун, 27 ноябрь куни пойтахтда SamAuto компаниясининг янги автомобили тақдимоти бўлиб ўтди. Бунинг ўзига хос …