Главная / Сиёсат / Мунозара учун мавзу: Бозорларда китоб дўконлари бўлиши мажбурий қилиниши керакми?
<

Мунозара учун мавзу: Бозорларда китоб дўконлари бўлиши мажбурий қилиниши керакми?

Риштон бозорида савдо қилувчи, бозор ичида «Рошидоний халқ кутубхонаси» очгани билан машҳур бўлган Дима Қаюм бозор ва унинг ичидаги кутубхона бузилаётгани туфайли ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжоновга мурожаат қилган.

Дима Қаюм аввал ҳам Риштон туман ҳокимлиги бозорда тикланган кутубхонасини бузаётганидан шикоят қилган, ҳаттоки Президентдан ёрдам сўраган эди. Шундан сўнг кўплаб мутасаддиларнинг аралашуви билан кутубхона бузилмай қолган эди.

Комил Алламжонов фейсбукдаги саҳифасида ушбу мурожаатга жавоб эълон қилди:

«Менга «Фейсбук» ижтимоий тармоғи орқали Дилшод Болтабоев (Дима Қаюм) тахаллуси билан танилган риштонлик тадбиркор ва блогер Дилшод Болтабоевдан сиз суратда кўриб турган мурожаат келиб тушди.

Дима Қаюм, энг аввало, сизга китоб мутолааси ва унинг тарғиботи йўлида қилаётган саъй-ҳаракатларингиз, Президентимиз сиёсатини тарғиб этиб, бизга бу борада кўмакчи бўлаётганингиз учун раҳмат. Ҳеч шубҳасиз, китобхонлик ва мутолаа бугунги куннинг энг муҳим ҳамда долзарб масалалардан биридир.

Мурожаатингизда айтилган масала атрофлича ўрганилди ва уни ҳал этиш чоралари кўриляпти. Сизга телефон орқали қўнғироқ қилиб айтганимдек, бугунги кунда туманда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бошланган. Биз вилоят ҳокими Шуҳрат Мадаминович билан келишган ҳолда, сизнинг кутубхонангиз ўз фаолиятини давом эттириши учун керакли чораларни кўряпмиз. Кутубхона учун тумандаги энг яхши жойни танласангиз, ўша ерда биргаликда кутубхона қурамиз.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиман — Агентлик китобхонликни тарғиб қилишга бел боғлаган ҳар бир кишини ҳимоя қилишга, қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайёр. Сиз ва сиз каби китобхонликка бефарқ бўлмаган, бу борада ўзининг беғараз хизматини аямаётган инсонлар билан ҳамиша биргамиз», — дейилган мурожаатда.

Албатта, китоб мутолааси йўлида бир қатор хайрли ишларни йўлга қўйган, президентга «Библиобус»ни намойиш этган Комил Алламжоновнинг ушбу мурожаатга тезкор жавоби таҳсинга лойиқ.

Бироқ, Дима Қаюмга кутубхона учун тумандаги энг яхши жой керакмикан? Чунки у тирикчилигини бозордаги савдо ортидан қилади. Кутубхона эса унга шуҳрат келтирган бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон даромад келтирмаган. У эзгу ташаббус ортидан, кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан барпо этилиб, аҳолига текинга хизмат кўрсатиб келган. Унинг китоб фонди ҳам шу йўл билан йиғилган.

Ушбу вазиятни мушоҳада қила туриб, менда бир таклиф пайдо бўлди. Ўйлайманки, таклифим ўринли ва у мутасаддиларга ҳам манзур бўлади.

Юртимиздаги туман марказлари ва бошқа аҳоли пунктларидаги катта-кичик бозорлар ҳамда савдо комплексларининг кириш жойида ягона лойиҳа бўйича китоб дўконлари барпо этиш фурсати келмадимикан?

Айтайлик, ҳар бир бозорга ёки савдо комплексига кўча юзасидан ёки кириш эшиги ёки дарвозаси олдидан маълум бир майдонни айнан китоб савдоси (канцтоварь эмас!) учун беминнат ажратиш мажбурияти юкланса.

Дўкон бозор дарвозаси олдида, кўчага яқинроқ бўлиши шарт. Чунки бозорга кирган киши борки, пул кўтариб харид учун келади. Китоб дўконининг айнан шу ерда бўлиши ҳам харидорларга катта қулайлик яратади. Чунки аксарият харидорлар бозордан узоқроқ жойда жойлашган китоб дўконига атайлаб китоб харид қилиш учун бормайди. Бозорга эса кунда, кун оша йўли тушади. Баҳонада муштарийлар китоб оламидаги янгиликлар билан ҳам танишиб оларди.

Албатта, библиобус ҳам замонавий, ҳам қамров жиҳатидан самаралироқ усул. Лекин уни ҳамма жойга бирдек тарғиб этиб бўлмайди. Бунинг учун жуда катта маблағ талаб этилади. Мен бераётган таклифда «сопини ўзидан чиқариш» мумкин.

Яъни, бозорларда китоб дўкони учун ажратиладиган майдон камида 20 кв.м бўлиши, у китоб дўконини юритувчига текинга ижарага берилиши, ижарадор фақатгина фойдаланилган электр энергияси учун тўловларни амалга ошириши лозим.

Бу таклиф ҳукуматнинг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир норматив ҳужжатларида ҳам ўз аксини топса, нур устига нур бўларди.

Кейинги пайтларда аҳолини китобхон қилиш учун катта тарғибот ишлари қилинмоқда. Раҳбарларнинг ўзи ўқиган мактаб китоб фондини кимўзарга бойитиш учун қилаётган инъомлари ҳам шулар сирасига киради. Бу чораларнинг барчаси бирдек яхши.

Фикри ожизимча, шу йўл ҳам «одамлар китоб мутолаасидан йироқлашиб кетишди», деган гапларга чек қўйиш, китоб-журналларни одамларга яқинлаштириш ва халқимизнинг ўқишга бўлган меҳрини яна уйғотиши ва юксалтиришига хизмат қилади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

doniyoriib

Ўзбекистон ИИВ раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбариятида янги тайинловлар амалга оширилган. Kun.uz’га маълум қилишларича, Самарқанд вилояти …