Главные новости
Главная / Жамият / Муборак ҳокимига Олий суддан юқорироқ орган қарори керак. Ёхуд Жавлиев бир йил кейинги воқеаларни олдиндан сезган(ми?)
<

Муборак ҳокимига Олий суддан юқорироқ орган қарори керак. Ёхуд Жавлиев бир йил кейинги воқеаларни олдиндан сезган(ми?)

Фото: Муборак тумани ҳокимлиги

Сарлавҳа атай бўрттирилмади, муболаға қилинмади. Сабаби, Олий суд фуқаро фойдасига ҳал қилган иш уч ойдирки, Муборак тумани ҳокимлиги томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда.

Аслида эътиборсиз қолдириляпти, дейиш ҳам унчалик тўғри эмас. Ҳокимлик Олий суд қарорини қасддан ижро қилмаслик ва ерни фермерга қайтариб бермаслик учун астойдил бел боғлаган кўринади.

Келинг, воқеаларни бироз аввалроқдан ҳикоя қилсак…

«Агро стар-инвест» фермер хўжалиги 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, пахта ва ғаллачилик йўналишига ихтисослашган. 62 гектар ер майдонига эга.

Муборак тумани ҳокими Ғ.Жавлиев 2019 йилнинг 22 январида қарор қабул қилиб, «Агро стар-инвест» фермер хўжалигининг ер майдонини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги мақбуллаштиришга оид 14-сонли қарорини баҳона қилиб, туман захира фондига қайтарган.

Фермер хўжалиги ва ҳокимлик ўртасидаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги шартномани бекор қилиб, туман захира фондига қайтаришда қонун ҳужжатлари қўпол равишда бузилган.

Ҳуқуқлари поймол бўлган фермер ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб дастлаб Муборак туман маъмурий судига ариза киритади. Суднинг 2019 йил 20 майдаги ҳал қилув қарори билан унинг аризаси қаноатлантиришдан рад этилгач, шу суднинг вилоят инстанциясига апелляция тартибида шикоят киритади. Лекин, апелляция инстанцияси ҳам ҳокимнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топишга асос йўқ, деган хулосага келади.

Қашқадарёдаги судлардан ҳафсаласи пир бўлган фермернинг муаммолари ниҳоят Олий судда ижобий ечим топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 11 октябрдаги қарори билан Муборак туман маъмурий судининг 2019 йил 20 майдаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 20 июндаги қарори бекор қилинади.

Муборак туман ҳокимининг 2019 йил 22 январдаги Х-287/01-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, ҳоким зиммасига шу қарорнинг оқибатларини бартараф этиш мажбурияти юклатилади. Бундан ташқари, ҳокимлик ҳисобидан «Агро стар-инвест» фермер хўжалиги фойдасига давлат божи учун тўланган 4 млн сўмни ундириш белгиланади.

Ҳоким Олий суддан «юқори» органни изламоқда

Фермер Олий суд қароридан сўнг барча муаммолар ҳал бўлди, деб ўйлаган эди. Бироқ чучварани хом санаганини кейинроқ тушуниб етди.

Дастлаб, суд қарори ўз-ўзидан ижро этилишини кутган «Агро стар-инвест» фермер хўжалиги раҳбари Зайниддин Қурбонов, амалда бундай бўлавермагач суд қарорини ижро этилишини сўраб туман ҳокимига хат билан мурожаат қилди.

Аммо мурожаатига жуда ғалати мазмунда жавоб хати олди.

Туман ҳокими имзолаган жавоб хатида қуйидаги сўзлар битилган эди:

Олий суднинг 2019 йил 11 октябрдаги қарори устидан юқори лавозимли орган раҳбарлари номига шикоят аризаси жўнатилганини маълум қиламиз.

Лекин, хатда «юқори лавозимли орган» ким ёки қайси ташкилот экани ҳақида ёзилмаган. Ҳар қанча уринсакда Олий суд қарорини бекор қилиб ташлай оладиган «юқори лавозимли орган раҳбарлари» кимлигини билиш бизга насиб этмади.

Қизиқ-а, шундай эмасми?

Наҳотки Ўзбекистон Республикаси Бош қомусининг 114-моддасида суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий этиб белгилаб қўйилганидан Муборак туман ҳокими ёки унга мазкур хат лойиҳасини тайёрлаб берган масъул ходим бехабар бўлса.

Олий суд қарори ва фермер аросатда

Мана, бир йилдан ошяптики фермер ерсиз, уч ойдирки Олий суд қарори ижросиз, аросатда қолмоқда.

Бу орада фермер бошлаган лойиҳаларини амалга оширолмай, кундан-кунга иқтисодий томондан орқага кетяпти.

Ҳозирги вақтда З.Қурбоновдан қайтариб олинган ерда «Маҳмадамин Шоҳжаҳон», «Хуррамбек Нурбек Элдорбек» фермер хўжаликлари фаолият кўрсатяпти. Мурожаатчининг айтишича, бу икки фермер хўжалигида зарур техникаларнинг ўзи йўқ.

Бунга ҳокимнинг ўзи нима дейди?

 Муборак тумани ҳокими Ғайрат Жавлиев билан телефон орқали мулоқот қилдик.

«Бугун ерни ундан самарали фойдаланадиган ҳақиқий эгаларини топиб бериш бизнинг ҳам мақсадимиз. Очиғини айтаман, ушбу фермер хўжалиги раҳбари қўшни Ғузор туманида истиқомат қилади. Шунинг учун ҳам кўплаб йиғилишларимизда қатнаша олмайди. Вилоятдан сўраб қолишади, йўқлама қилишади, шундай вақтда қўшни тумандан етиб келолмайди. Ерига қарамайди. Энг асосийси, энди мен хоҳлаганим билан ҳам ерни унга беролмайман. Чунки бу ҳудудлар Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан кластер учун ажратиляпти», – деди Ғ.Жавлиев.

Ҳоким ҳудуд кластер учун ажратилгани тўғрисидаги ҳужжатни юборишини айтди.

Ушбу ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 ноябрда қабул қилинган «Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини жорий этиш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўлиб, унда Қашқадарёнинг бир қатор ҳудудлари, хусусан, Муборак туманининг 9000 гектар майдони «MT Amir tex» қўшма корхонаси МЧЖ учун ажратилиши қайд этилган.

Шунингдек, туман ҳокимининг 2019 йил 27 декабрида «MT Amir tex» ҚК МЧЖ томонидан туман ҳудудида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластер шаклини жорий қилишни ташкил қилиш тўғрисида қарори қабул қилинган. Унда тумандаги «Қарлиқ», «Бўстон», «Б.Саидов», «Туркистон» ва «Хитой» ҳудудларидан 4500 гектар ер майдони тегишли бўлган фермер хўжаликлари ва «MT Amir tex» МЧЖ ўртасида 2020 йил пахта хом ашёси ҳосили учун контрактация шартномалари тузилиши кўзда тутилган.

Аммо қарорда «Агро стар-инвест » фермер хўжалиги жойлашган «Гулистон» ҳудуди ҳақида ҳеч қандай маълумот келтирилмаган!

Қизиғи, воқеалар ривожи ҳақида маълумот берувчи саналарнинг ўзиёқ кўп вазиятга ойдинлик киритиб беради.

Хусусан:

– «Агро стар-инвест» фермер хўжалиги туман ҳокимининг 2019 йил 22 январдаги қарорига асосан захирага олинган;

– низонинг суд органларида кўрилиши 2019 йилнинг 11 октябрига қадар давом этяпти.

Туман ҳокими Ғ.Жавлиевнинг асоси – яъни Вазирлар Маҳкамасининг «Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини жорий этиш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 2019 йил 18 ноябрида қабул қилиняпти. Шунга асосланган ҳоким қарори эса 2019 йилнинг 27 декабрида чиқяпти.

Демак, жуда маданиятли қилиб айтганда, ҳоким фермердан ерни асоссиз олиб қўяр экан, қарийб бир йил кейин Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинишини олдиндан «СЕЗГАН». Натижада йил давомида фуқаро сарсон қилинган, харид қилинган техникалари билан иқтисодий ботқоққа ботяпти ва Олий суднинг қарори ўз мантиғини йўқотмоқда.

Хулоса қилиш мумкинки, суд ҳокимиятининг Олий органи қабул қилган қарорки ҳокимларга кор қилмас экан, оддий фермер ёки фуқаронинг ҳоли қай кечишини тасаввур этиш қийин эмас…

Бу вазиятга давлатнинг ваколатли органлари эътибор қаратиб, керакли таъсир чораларини қўлламас экан, қонунлар-у суд қарорлари ҳокимлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолаверади.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

w0kdghqqjroh6j1j57b5zicjj7qw1eu8

Сирдарёда аёл киши туман ҳокими этиб тасдиқланди

Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, сенатор Дилфуза Уралова вилоятнинг Боёвут тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Халқ депутатлари …