Главные новости
Главная / Жамият / «Миллий тикланиш» Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши бўйича позициясини ўзгартирди(ми?)
<

«Миллий тикланиш» Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириши бўйича позициясини ўзгартирди(ми?)

10 октябрда Ўзбекистоннинг ЕОИИга киришига қатъий қаршилигини билдирган «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров 10 ноябрда партия мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлашини айтди.

10 ноябрь куни Тошкентдаги «Зарафшон» концерт залида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида 4 раундли «Демократик дебат» ўтказилди.

Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан суратга олинган мазкур ток-шоу Ўзбекистонда сиёсий партиялар раҳбарлари бевосита иштирок этган илк дебат ҳисобланади, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Ток-шоу давомида журналистлар партия раҳбарларига 2017 йилнинг баҳорида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов томонидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий позицияси сифатида турли тузилмаларга, жумладан, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда Евроосиё иқтисодий иттифоқи ташкилотларига кирмаслиги маълум қилинганини эслатди.

 Бироқ, яқинда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш имкониятларини уч йилдан бери ўрганилаётгани» ҳақида гапирди. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистон 2016 йилдаёқ ЕОИИга кириш имкониятини ўрганишни бошлаганмиди ёки сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги асосий позицияси ўзгардими?

Умуман, ЕОИИга кириш Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига мос келадими, мазмунида савол билан мурожаат қилди.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировга сиз бу борадаги позициянгизда қатъиймисиз, дея қўшимча савол берилди.

«Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ривожланиш йўналишида барча минтақа ва давлатлар билан ҳамкорлик қилиши жуда муҳим. ЕОИИ масаласида давлатни 2031 йилгача мўлжалланган концепцияси тасдиқланган. Бу концепция доирасида Ўзбекистонни биринчи ўринда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши учун белгиланган тартибда ишларни олиб бориш ва ЕОИИ билан ҳамкорлик ва «Савдо шериклиги тўғрисида»ги шартномани имзолаш режалаштирилган.

Бунда ташқи сиёсат концециямизга зид бўлган бирорта хатти-ҳаракат амалга оширилмаган. «Миллий тикланиш» партияси эса Ўзбекистонни иқтисодий ва сиёсий манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайди», дея партия лидери Алишер Қодировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Савол юзасидан Ўзбекистон Либерал демократик партияси раҳбари Актам Ҳаитов ҳам муносабат билдириб, партия аввалроқ айтган гапида собит қолишини таъкидлади.

«Бу масала 2016 йилдан бери ўрганилаяптими, дея савол берилди. Ҳа, бизнинг экспертлар бу масалани ўрганяпти.

 Биз бу борада халқимиз манфаатларига мос келадиган иқтисодий блокларга қўшилиш тарафдоримиз. Яъни, биз ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз», деди Ҳаитов.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 10 октябрь куни Kun.uz мухбири «Миллий тикланиш» партияси лидери Алишер Қодиров билан шу мавзуда суҳбат қилган эди.

Унда партия лидери Евросиё иқтисодий иттифоқини номи билан иқтисодий бўлган, аммо ортида яширин сиёсий мақсадларни ҳам кўзда тутган ташкилот, сифатида баҳолаган.

«Ўзбекистоннинг иттифоққа киришига ундалиши, уни аъзоликка тортишга нисбатан бўлаётган ҳаракатларда биринчи навбатда ўша аъзоларнинг манфаатлари турибди. Буни кескинроқ тарзда иккинчи СССР деса ҳам бўлади», деган эди у.

Қодиров шунингдек, партия позициясида давлатнинг иқтисодий юксалиши, унинг бошқа давлатлар билан тенг ривожланиши биринчи ўринда туриши, лекин шу билан бирга, мамлакат манфаатларига зид бўлган, сиёсий эркинлиги ва суверенитетига таъсир қиладиган, давлат усти идораларига қайсидир маънода тобе бўлиш эҳтимоли мавжуд бўладиган ҳар қандай иттифоққа киришни ёқламаслигини билдирган.

«Яъни биз иқтисодий кўринишдаги сиёсий мақсадларни кўзлаган иттифоққа киришга мутлақо қаршимиз», деган эди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

ulqyj8r8e5gmdbxf4vz84ic13xlao0v8

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи янги автомобиль тақдимоти бўлиб ўтди. У аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади

Бугун, 27 ноябрь куни пойтахтда SamAuto компаниясининг янги автомобили тақдимоти бўлиб ўтди. Бунинг ўзига хос …