Главные новости
Главная / Жамият / Миграция агентлигида қамоққа олишлар давом этмоқда. Кореяга кетишни кутаётган 3000 киши куйиб қолиши мумкин
<

Миграция агентлигида қамоққа олишлар давом этмоқда. Кореяга кетишни кутаётган 3000 киши куйиб қолиши мумкин

06

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Озодликка шахси сир қолишни сўраб маълумот берган мулозимларига кўра¸ 27 ноябрь куни вазирлик қошидаги Ташқи миграция агентлигида қамоққа олишлар давом этган.

Озодлик суҳбатдошларининг айтишича¸ агентлик раҳбарларининг Кореяга ишга кетиш учун ариза топширган минглаб одамдан 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора олганликда гумонланиб ҳибсга олиниши ортидан¸ агентлик фаолияти фалаж бўлиб қолган.

Оқибатда¸ Кореяга ишга кетиш учун уч босқичдаги синовлардан ўтиб¸ расмий рўйхатга киритилган 3000 дан кўпроқ ўзбекистонликнинг йил охирига қадар кетиш-кетмаслиги савол остида қолган.

Бандлик вазирлиги ва Ташқи миграция агентлиги расмийлари билан 27-28 ноябрь кунги боғланиш уринишлари натижасиз қолгани боис¸ бу маълумотга расмий муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда¸ ҳозирча Ўзбекистон Бош прокуратураси Ташқи миграция агентлиги раҳбар ва мулозимларидан нечтасининг ҳибсга олингани¸ уларнинг қайси жиноятларни содир этганликда гумонланаëтганига оид расмий маълумот эълон қилмади.

Қама-қама давом этмоқда…

Озодлик билан бир-биридан мустақил тарзда гаплашган Бандлик вазирлигининг шахси очиқланишини истамаган икки мулозими¸ 27 ноябрь куни янги ҳибсга олишлар бўлганини хабар қилди.

Бугун соат 12 да Миграциядаги бешта бўлим бошлиғини олиб кетишди¸ улар ишхонасида прокуратура тинтув ўтказди”¸ деб хабар қилди 27 ноябрь куни вазирлик расмийларидан бири.

Бугун ўқув марказидан яна биттасини – Д. С.ни олиб кетишганини аниқ биламан. Бу ишни прокуратура ДХХ билан бирга қилаяпти. Ушланганлар Гвардейский кўчасида сўроқ қилинаяпти. Ҳозирча қўйиб юборилганлари кам¸ чунки ҳали олинган пора миқдори¸ етказилган зарар аниқ ҳисоблаб чиқилмаган”¸ деди воқеа тафсилотларига яқин яна бир Тошкент мулозими.

Озодлик мухбири гаплашган ҳукуматга яқин учинчи манба¸ қўлга олинганлардан катта миқдордаги порани давлатга қайтариш талаб этилаëтгани¸ баъзи ушланганлар айтилган маблағни тўлаш учун ўз ҳовли-жойини сотаëтганини билдирди.

Озодлик ҳозирча бу жараëнга оид Бош прокуратурадан расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади – бу маълумотнинг тергов сири эканини билдирган прокуратура расмийлари¸ қамоққа олишлар ҳақидаги хабарни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

“Баҳор тест” раҳбари қочиб кетди?”

Озодлик гаплашган Бандлик вазирлигининг жорий ва собиқ мулозимлари¸ айни кунларда тергов қилинаëтган “Корея иши” марказида “Баҳор тест” номли ширкат турганини иддао қилди.

Жанубий вокзал ёнида катта тест ўтказадиган жойлари бор. Фирманинг номи “Баҳор тест”. Кореяга кетувчилар тестга кириш учун жетонни айнан ўша ердан оларди. Бу ерда жуда катта пул айланган. Тестдан ўтса-ўтмаса 84 минг тўловни қилиш шарт. Бу пулларнинг учëти ҳеч қаерда йўқ. Жетон бир йилда 2 марта берилади. Қачонки корейс томони тест ўтказмоқчи бўлганда”¸ деди Кореяга ишга юбориш жараëни тафсилотларидан яхши хабардор собиқ мулозим.

Тестга кириш учун ҳар бир одамдан олинган 84 минг сўмнинг аксарият қисми бирор ҳужжатда қайд этилмагани баробарида¸ Озодлик гаплашган жараëнга алоқадор мулозимлар таъкидича¸ жетон олиш учун ҳам алоҳида пора жорий этилган.

Булар жетон олишниям махсус схема билан коррупцияга айлантирган. Битта жетон нархи 1000$ гача етган. Бу – жетон олишга навбатга кириш учун тўланадиган пора. Бутун республика бўйича 250 минг одам буларга пул тўлаган. Тўловлар расмий эмас¸ ҳеч қаерда кўрсатилмайди. Ҳаммаси айнан шу фирмада колади. Тестдан ўтказиш қийин. Шунинг учун ҳам тинчгина бехавотир жетондан пул қилишган. Овоза бўлиш риски ҳам кам. Булар олдиндан жуда кўпчиликдан олиб қўйган жетон учун”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Бир-биридан мустақил манбалар¸ “Баҳор тест” коррупция можаросида номи тилга олинаëтган Бош вазир ўринбосарининг 2- хотинининг акаси номида экани ва корейс миллатига мансуб тошкентлик бу одам Ташқи Миграция агентлигида ҳибсга олишлар бошланиши билан қочиб кетганини иддао қилди.

Очиқ манбалардан ҳозирча “Баҳор тест” деган ширкат борлигини аниқлашнинг имкони бўлмади. Маҳаллий матбуот хабарларида¸ 2017 йил ноябридан Кореяга кетувчилардан тест синовларини янги ташкил этилган “Комплекс тест маркази” қабул қилиши айтилган. Озодлик суҳбатдошлари¸ “Баҳор тест”нинг 2017 йилдан янги юридик номи “Комплекс тест маркази”га айлангани ва тест ўтказиш ваколатининг фақат шу ширкатга берилганини иддао қилди.

“Комплекс тест маркази” сайтида унинг бошқарувчилари ва асл эгаси кимлигига оид маълумот йўқлиги боис¸ Озодлик бу иддаони текшириш имконига эга эмас. Сайтда берилган телефон рақамларига 28 ноябрь куни бу маълумотни текшириш мақсадида қилинган сурункали қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Миграция агентлигидаги коррупция можароси Кореяга кетувчиларни йўлдан қолдириши мумкин

Озодлик Ташқи миграция агентлиги раҳбарларининг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатгани ортидан бу воқеанинг Кореяга кетиш учун сўнгги рухсатномаларни кутиб турган минглаб одамга таъсири қандай бўлишига оид саволлар келмоқда.

Бандлик вазирлигининг Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган мулозимларига кўра¸ Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳукуматлари ўртасидаги келишувга мувофиқ¸ уч босқичлик синовлардан ўтган жами 5000 нафар ўзбекистонлик 2018 йил охиригача ишга жўнаб кетиши керак бўлган.

2018 йил давомида ҳозиргача 2000 га яқин ўзбекистонлик Жанубий Кореяга иш визаси билан жўнаб кетган. Қолганини ҳар-хил баҳоналар билан йил охиригача чўзиб келишган. Вазирликда вужудга келган эгасизлик¸ парокандалик оқибатида. Пул йиғиш мақсадини кўзлаб. Вақтида фуқароларни жўнатиш чоралари кўрилмаган. Йил тугашига бир ой қолганда¸ агентлик раҳбарлари қамалаяпти ва қолган 3000 одамнинг кетиш-кетмаслиги савол остида қолаяпти”¸ деди вазирлик мулозими 28 ноябрь куни.

Кореяга кетаëтган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази бошлиғи турмада ”пулга ўтказдим ишчиларни” деб кўрсатма берибди. Энди булар тестдан ўтказган¸ тайëрлаган болаларни қайта имтиҳонга қўяди¸ дейишаяпти. Яъни¸ пора бериб¸ тестдан ўтганларнинг тест натижаси бекор бўлиб¸ бошқадан тест ўтказишлари мумкин. Ҳамма ëқ остин-устун¸ аниқ гапни биров билмайди. Лекин 2018 йил квотасидан 3000 ўриннинг куйиш эҳтимоли жуда катта”¸ деди бу мулозим.

28 ноябрь куни Озодлик гаплашган Ташқи миграция агентлигининг ҳудудий бошқармалари расмийлари ҳам барча тегишли синов ва имтиҳонлардан ўтиб¸ Кореяга кетишни кутиб турган минглаб одамнинг кетиш-кетмаслигига оид саволга жавоб бера олмасликларини билдирдилар.

“Бу жараëнга бизнинг алоқамиз йўқ – буни Тошкент ҳал қилади”¸ деди бир қатор вилоят миграция бошқармалари ходимлари 28 ноябрь куни.

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

shahrituz-2

Маҳаллаларда ижтимоий нафақани олиш тартиби соддалаштирилди

Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга тегишли …