Главные новости
Главная / Спорт / Месси «Барселона»дан кетмоқчи. Бу сафар жиддий
<

Месси «Барселона»дан кетмоқчи. Бу сафар жиддий

«Барселона» афсонаси, аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси қарийб бутун футболчилик фаолияти ўтказган клубидан кетишга қарор қилди. Каталонияликлар клуби ушбу муносабат билан шошилинч йиғилиш чақирди.

Фото: Reuters

Нима бўлди
Бу сафар барчаси жиддий кўриниш олган. Дастлаб TyC Sports нашри, «Барселона» футболчиси Лионель Месси клуб билан шартномасини бекор қилишга қарор қилгани ҳақида ёзди. Манба маълумотига кўра,  33 ёшли футболчи клубга факс орқали ўзининг кетиш истагини билдириб, сўров юборган. Бу сафар форвард каталонияликлар жамоаси сафини тарк этишга қатъий қарор қилган ва шартномани бир томонлама тартибда бекор қилмоқчи.

Месси шартномада белгиланган махсус банддан фойдаланмоқчи, унга кўра футболчи исталган мавсум якунида «Барселона» билан шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.

«Барселона»нинг реакцияси
Кўп ўтмай AP нашри «Барселона» Месси раҳбариятга клубни тарк этиш истаги ҳақида маълум қилганини тасдиқлади. Аммо клуб раҳбарияти аргентиналик футболчини фикридан қайтишга кўндириш ниятида. Onda Cero маълумотига кўра, клуб ушбу масалани муҳокама қилиш учун директорлар кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирган. «Барселона»дагилар жамоа сардори клубни эркин агент мақомида тарк этишини исташмаяпти.

Лекин бу масалада чигаллик бор, шартномага кўра Лео келишувни 2020 йил июлига қадар бузиши мумкин бўлган. Аммо мавсум якуни коронавирус туфайли ортга сурилган, шу туфайли Месси ушбу пунктни ҳозир ишга туширмоқчи.

Жамоатчилик реакцияси
«Барселона»нинг собиқ футболчиси Карлес Пуйоль Месси ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

«Ҳурматим ва ҳайратим, Лео. Сени тўлиқ қўллаб-қувватлайман», — дея ёзган Пуйоль твиттердаги саҳифасида.

Унинг твитига Луис Суарес қарсаклар белгиси билан жавоб ёзган.

Каталония президенти ҳам Месси билан хайрлашган.

«Каталония ҳамиша сенинг уйинг бўлиб қолади. Бахтиёр дамлар ва ақл бовар қилмас ўйинлар учун катта раҳмат. Олижаноб спортчи ва дунёдаги энг буюк футболчи», дея ёзган у.

Англиялик собиқ футболчи Гари Линекер Мессининг «Барселона»дан кетиш қарорини қуйидагича изоҳлади.

«Агар Месси шартномадаги бандни ишга тушириб «Барселона»дан кетмоқчи бўлса, умид қиламанки, клуб унга халал бермасдан, балки ёрдам беради. Месси «Барселона»га содиқ эди, клуб тарихидаги энг буюк футболчи. Агар барчаси футболчи ва ва клуб ўртасидаги жангга айланиб кетса, бу жуда қайғули бўларди», — деган Линекер твиттерида.

«Барселона» ва «Реал» клубларининг собиқ футболчиси Луиш Фигу ҳам беэътибор қолмаган.

«Вау! Яна бир тарихий лаҳза!» — дея ёзган Фигу твиттерида.

«Барселона» Месси билан судлашишга тайёр
«Барселона» аргентиналик футболчисини осонлик билан қўйиб юбормоқчи эмас. Журналист Вероника Брунатининг ёзишича, каталонияликлар клуби футболчи учун 700 млн евро талаб қилишда давом этади. Агар Месси шартномани бир томонлама тартибда бекор қилишга уринса, «Барселона» у билан судлашишга тайёр.

The Telegraph хабарига кўра, «Барселона» Месси томонидан клубга юборилган сўровда, ўзини текинга қўйиб юборишларини сўраганиини маълум қилган.

Шу билан бирга, клубдагилар ушбу бандни ишга тушириш муддати июнь ойида якунланганини таъкидлаб, юридик йўл тутмоқчи.

Буёғига нима бўлади
Аргентиналик футболчи қаерга кетмоқчилиги ҳозирча маълум эмас. ESPN нашри маълумотига кўра, «Манчестер Сити» ушбу футболчи трансферига жиддий равишда қизиқмоқда. Манба маълумотига кўра, «шаҳарликлар» айни вақтда 33 ёшли футболчининг шартномасида кўрсатилган 700 миллион евро миқдоридаги бадал пулини тўламоқчи эмас, аммо трансфер масаласида каталонлар клуби билан музокара ўтказмоқчи. Аввалроқ ушбу юлдузли форвардга Италиянинг «Интер», Франциянинг «ПСЖ» ва Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клублари ҳам қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Месси кетмоқчилиги ҳақидаги хабарлар ортидан таниқлик инсайдер Фабрицио Романо «Челси» ҳам Месси ва «Барселона» ўртасидаги вазиятни синчковлик билан кузатаётгани ҳақида ёзди.

Англиялик яна бир собиқ футболчи ва айни вақтда футбол эксперти ҳисобланган Рио Фердинанд «Челси» бош мураббийи Фрэнк Лэмпарднинг Мессига қизиқиши ҳақида ёзган.

Месси Инстаграмда «Манчестер Сити»нинг саҳифасига обуна бўлган.

Deportes Cuatro’нинг ёзишича, «Барселона»нинг янги бош мураббийи, нидерландиялик мутахассис Роналд Куман Месси билан суҳбатда ўзининг қаттиққўл эканлигини, кийиниш хонасида ҳеч ким имтиёзларга эга бўлмаслигини айтган. Таъкидланишича, учрашув кескин руҳда ўтган.

Месси Кумандан бундай хатти-ҳаракатларни кутмаган ва ундан норози бўлган. Шу билан бирга, мураббий аргентиналикни «Барселона»нинг асосий футболчиларидан бири деб ҳисоблашини маълум қилган.

Учрашувдан кейин ОАВда ушбу учрашув тафсилотлари чиқиб кетгани Мессини қаттиқ дарғазаб қилган.

  • Месси «Барселона» тарбияланувчиси ҳисобланади. У каталонлар клуби сафида барча турнирлар доирасида 731 ўйинда майдонга тушиб, 634 гол урган ва 285 голга узатма берган. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2021 йил ёзига қадар тузилганди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

fybrd2awehy7_jz0rwqzeycaoifzdyqf

«Хорижликка фуқаролик бериб, миллий жамоада ўйнатиш ўзбек футболига катта минус». Одил Аҳмедов Купернинг хатоси, Машариповга маслаҳати ва «саботаж» ҳақида

Пандемия даври барча соҳалар қатори футболда ҳам кескин ўзгаришлар даврига сабаб бўлди. Kun.uz сайти мухбири …