Главные новости
Главная / Маданият / “Менга бозорни кўрсатинг”
<

“Менга бозорни кўрсатинг”

gulАбдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Исломни энг олдин қабул қилганлардан бири эди. Мўминлик унинг нафсида иззат, Парвардигорига чин ишонч пайдо қилиб, ҳаётида улкан из қолдирди. У Макканинг омадли савдогари эди. Ҳижратда молини, тижоратини ташлаб, Аллоҳ ва Расули учун муҳожир бўлиб Мадинага келди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни мадиналик Саъд ибн Рабиъ билан дўстлаштирдилар. Бу биродарлик қон ва насаб қариндошлигига қараганда анча мустаҳкам эди. Зеро, ҳар бир дўст ўзи эга бўлган нарсаларга биродарини ҳам шерик деб биларди. Шу боис Саъд ибн Рабиъ Абдураҳмон ибн Авфга:

– Эй дўстим, мен ансорларнинг энг бойиман. Марҳамат, мол-дунёйимнинг ярми сеники, – деди.

Шунда Абдураҳмон ибн Авф:

– Эй биродарим, Аллоҳ аҳлингни, мол-дунёйингни баракотли қилсин! Бу ерда бозор борми? – деб сўради.

– Ҳа, Бани Қайнуқоъ бозори бор.

– Менга шу бозорни кўрсатиб қўйсанг бўлди.

    Абдураҳмон ибн Авфга бозорни кўрсатишди. У бозорга бориб, савдо қилиб, фойда кўрди. Биродари Саъд ибн Рабиъга юк бўлмади. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ризқ-рўзини ўз меҳнати, пешона тери, саъй-ҳаракати билан топиб, Парвардигорига бўлган чин эътиқод, ихлос ва эзгу ниятлари билан ҳаётини давом эттирди. Бировни алдамади, ёлғон сўзламади. Тарозидан ҳам, газидан ҳам уриб қолмади. Аллоҳ унинг тижоратига баракот берди. Ризқини мўл-кўл қилди.
Абдураҳмон ибн Авф савдо-сотиқ ҳақида шундай деган: “Мен ҳар бир ҳалол тижоратда фойда борлигига гувоҳ бўлдим. Баъзан тошни кўтарсам, остидан тилла ёки кумуш чиқишига ишониб қолдим. Ҳатто туянинг тизгинини сотган пайтларимда ҳам фойда кўрардим”.
Абдураҳмон ибн Авф тижоратда катта бойлик билан ризқлантирилди. Аллоҳ йўлида кўпдан-кўп молларини садақа қилди. Фақир ва мискинларга ёрдам берди. Ўлими олдидан эллик минг динорини Аллоҳ йўлида сарфлашларини васият қилди.
Бор мол-мулкини ташлаб, Маккадан фақирликда муҳожир бўлиб келган, бировга оғирлиги тушишини истамаган Абдураҳмон ибн Авф ҳаракатларини Аллоҳ таоло муносиб тақдирлаганди. Маккада қолдирган мол-мулкининг ўрнини янада зиёдалик билан тўлдириб, уни мусулмонларнинг энг бойига айлантирди. Демак, баракот ҳалолликда, бировга юк бўлмасдан, пешона тери билан ризқ ахтаришдадир. Бунга асло шубҳа йўқ.

Абдуқаюм Ҳикмат тайёрлади

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ona

Она ҳақида шер (ӯзбекча шеърлар)

Шоир Алишер Навойи Она ҳақида шеъри Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи …