Главная / Маданият / Меҳмонга бориш ва меҳмон бўлиш одоблари
<

Меҳмонга бориш ва меҳмон бўлиш одоблари

mehmonАввало бирон узрли сабаб ёки шаръий монеълик бўлмаса, чақирилган жойга албатта бориш даркор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўплаб ҳадисларида меҳмонга чақирганда бориш мусулмонларнинг бир-бирлари устидаги ҳақларидан эканини уқтириб: “وإذا دعاك فأجبه” (Ва изаа даъаака фа-ажибҳу) яъни “Биродаринг сени меҳмонга чорласа, бас, унга ижобат эт”, деб буюрганлар.Чақирилган жойга бормасангиз, дўстингизни ранжитган бўласиз, жамият муносабатларига раҳна соласиз.
Меҳмон мезбон кўрсатган ўринга ўтиради. Бордию меҳмон ўзбошимчалик билан жой танласа, эҳтимол мезбоннинг аҳли аёли кўринадиган жойга ўтириб қолиши мумкин. Бу эса мезбонга азият етказади. Агар зиёфатда ёши улуғ одамлар ҳам ўтиришган бўлса, улардан аввал таомга қўл узатмаслик лозим. Ёши улуғларни ҳурмат қилиш динимиз талабидир. Меҳмоннинг овқат келадиган томонга ҳадеб ўгирилавериши ҳам яхши эмас.
Меҳмонга борган киши ўз одобини сақлаган ҳолда ўтириши лозим. Мезбон чой, овқат ва ҳоказо келтиргани чиқиб кетиши билан ҳали уни, ҳали буни ушлаб томоша қилиш, дарров телевизорни ёқиб, у каналдан бу каналга олиш ёки мезбоннинг уй телефонидан ёхуд стол устидаги қўл телефонидан берухсат фойдаланиш меҳмон бўлиш одобига зиддир. Лекин, китоб ва ҳоказоларни кўриш бундан мустасно. Қисқаси, ҳали ўртада унс ва илиқлик пайдо бўлиб улгурмасдан бурун меҳмон ўзини ўз уйидагидек ҳис қилиб юбормаслиги керак.
Аммо, ўта тортинчоқлик, ўта сертакаллуфлик, ўта камгаплик ҳам ярашмайди. Аввало инсон қайси жойда ўзини қандай тутишни ҳам уддалай билиши керак. Фақат ёлғиз бир киши ёки камчилик чақирилган зиёфат бўлса, демак бу – мезбоннинг чақирилган кишиларга алоҳида ҳурмат ва эҳтироми борлигидан далолат қилади. Бунда ҳадеб тортинавермасдан, мезбон билан яқиндан суҳбатлашиш мақсадга мувофиқ.
Меҳмонлар олдига тортиладиган нарсалардан зиёфат давомида баҳраманд бўлиш жоиз. Дастурхон устидаги нарсаларни мезбон рухсатисиз уйга олиб кетиш мумкин эмас. Чунки, дастурхонга қўйилган нарсаларнинг барчаси ҳам меҳмоннинг мулки ҳисобланмайди. Ейилгандан ортгани уй эгасининг мулкида қолаверади.
Меҳмондорчиликка бой ёки камбағал эканига қарамасдан бориш керак. Агар нафл рўза тутган киши меҳмондорчиликка чақирилса, рўзасини маълум қилади, агар мезбон “бормасанг бўлмайди” деб туриб олса, боради. Зиёфатга борганида овқатланмай ўтириши мезбон ва бошқаларга малол келмаса, овқат емагани маъқул, агар малол кўрса, нафл рўзасини очиб, бошқа куни қазосини тутиб беради.
Агар бир киши меҳмонга чақирилган бўлса, у зиёфат эгасининг изнисиз бошқа бир одамни бошлаб бориши нотўғри иш ҳисобланади. Чунки, зиёфат маълум сонли кишилар учун мўлжаллаб тайёрланган бўлиши мумкин. Мўлжалланган миқдордан ортиқча одам борса, мезбон ноқулай аҳвода қолиши мумкин. Бордию, шундай бўлиб қолса, яъни чақирилмаган одам бошлаб борилса, бу ҳақда мезбондан аввалдан рухсат олиш ёки уйига борганда ҳолатни тушунтириб, изн сўраш лозим бўлади. Бордию, мезбон нариги одамни меҳмон қилишга рози бўлмаса, бундан хафа бўлинмайди.
Саҳобаи киромлардан бири Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бир неча кишини меҳмонга чақиради. Улар зиёфат соҳибининг уйига йўл олишар экан, бошқа бир чақирилмаган инсон ҳам уларнинг ортидан эргашиб боради. Мезбон уйига етиб боришганда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана бу киши чақирилмаган эди, лекин ортимиздан эргашиб келди агар рухсат берсанг киради, бўлмаса ортига қайтиб кетади”, дедилар. Шунда хонадон соҳиби: Албатта рухсат бераман. У ҳам уйга кирсин, дея ҳалиги кишини ҳам меҳмон қилади. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, чақирилмаган меҳмон мезбон изни билан зиёфатга қўшилар экан. Чақирилмаган меҳмон деганда кутилмаган меҳмонни тушунмаслик керак. Чақирилмаган меҳмон деганда, бирор жойда хос зиёфат бўлаётганини билиб, чақирмаса ҳам борган ёки бошлаб борилган кишига айтилади. Меҳмоннинг ҳурмати учун чақирилмаган меҳмонни ҳам икром қилиш мақсадга мувофиқдир.
Бирор кишининг хонадонида меҳмон бўлаётган киши мезбонни қийин аҳволга солиб қўядиган даражада кўп муддат қолиб кетмаслиги керак. Меҳмоннинг иззати уч кун. Бундан оширмасликка ҳаракат қилиш керак.
Имом Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар:

لا يحل لمسلم أن يقيم عند أخيه حتى يؤثمه قالوا يا رسول الله وكيف يؤثمه قال: يقيم عنده ولا شيء له يقريه به

Маъноси: “Мусулмон киши ўз биродарининг хонадонида уни гуноҳга қўядиган даражада узоқ муддат меҳмон бўлиб турмасин. Саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, қандай қилиб, уни гуноҳга қўяди, деб сўрашди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу сўзни изоҳлаб: “биродарининг ҳузурида уни меҳмон қилишга ҳеч нарсаси қолмагунча туради, (ана шунда уни гуноҳга қўйган бўлади)”, дедилар.
Маҳмуд Қошғарий айтади: “Бефаҳм меҳмон уй эгасини хижолатга қўяди”.
Бир улуғ кишини меҳмонга чақиришганида: “Таклифингни уч шарт билангина қабул қиламан. Биринчиси – бозордан атайлаб нарса сотиб олмайсан. Иккинчиси – уйингда борини яширмай олдимга қўясан. Учинчиси – аёл ва болаларингнинг ҳақини менга едирмайсан”, деган экан.
Меҳмонга борган одам мезбон томонидан тортиқ қилинган таомларни танқид қилмасдан, халқ тили билан айтганда палтақам ўқимасдан тановул қилиши лозим. Гарчи, таом унинг нозик таъбига мос равишда аъло даражада пиширилмаган бўлса ҳам мезбоннинг кўнглига ҳар-хил фикр келиб қолмаслиги учун буни билдирмасликка ҳаракат қилади.
Меҳмон мезбонни турли юмуш ва илтимослар билан қийнаб қўймаслиги лозим. Меҳмон зиёфат сўнгида хонадон соҳибининг ҳаққига хайрли дуолар қилади. Меҳмондорчилик учун миннатдорлик изҳор қилади ва “Ассалому алайкум”, дея хайрлашади. Бу борада бизларга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) энг гўзал намунадирлар. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини таомлантириб, зиёфат берганларни чиройли дуолар билан мукофотлар эдилар. Жумладан шундай дуоларни ўқирдилар:

أللهم أطعم من أطعمني واسق من سقاني

       (Аллоҳумма атъим ман атъаманий, васқи ман сақоний). Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени таомлантирган кишиларни Сен ҳам таомлантиргин, мени сув билан суғорган кишиларни сен ҳам сероб қилгин!”. Ушбу ҳадиси муборак катта маъноларни ўз ичига олади Аллоҳнинг таомлантириши ва суғориши бу дунёда бўлиши ҳам мумкин ва охиратда жаннатда бўлиши ҳам мумкин.
Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай хабар берилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъд ибн Убоданикига меҳмон бўлиб келдилар. У нон ва ёғ келтирди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан тановул қилдилар ва:

“أفطر عندكم الصائمون وأكل طعامكم الأبرار وصلت عليكم الملائكة”

Афтара индакуму-с-соимувн ва акала тоаъмакумул-аброр ва соллат алайкумул-малоика дея дуо қилдилар. Бу дуонинг мазмуни шундай: “Хонадонингизда рўзадорлар оғиз очсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар саловот айтиб, ҳақингизга дуо ва истиғфор айтсин!”. (Абу Довуд ва бошқалар ривояти)
Жобир (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Бир куни Абул-Ҳайсам ибн Тийҳон исмли киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишининг асҳоблари учун зиёфат уюштирди. Таомланиб бўлишгач, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларига қараб: “أثيبوا أخاكم” (Асийбуу ахокум) яъни “биродарингизни тақдирланг, (ажрини беринг)”, дедилар. Саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, унинг ажри қандай бўлади, деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Киши биродарининг уйига кириб, унинг таомидан еса, сувидан ичса, сўнгра унинг ҳаққига дуо қилса, ана шу унинг мукофоти ва ажри бўлади”.
Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларини меҳмон қилган кишининг ҳаққига мана бундай дуо ҳам қилардилар:

اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم

       Маъноси: “Эй Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Муслим ривояти)

       Меҳмоннинг икроми борасида бир ибратли ҳикоят: Ҳикоя қилишларича, бир пайтлар уч юз асирни амир Мўъмин ибн Зоиднинг олдига келтиришди. Амир асирларнинг барини ўлимга ҳукм қилди. Шу пайт асирлар орасидан бир йигит отилиб чиқди-да, амирга: “Эй амирим, сизни Худога топширдик, айтинг, ўлимимиз олдидан сув беришсин, деди. Амир асирларга сув беришни мулозимларига амр қилди. Шунда ўша йигит яна ўрнидан туриб, амирга қуллуқ қилди ва: “Эй улуғ амир, бугун энди сизнинг меҳмонингиз бўлдик, меҳмонга мурувват ва иззат-икром кўрсатиш эса мезбоннинг бурчи. Сиз бурчингизга содиқ бўлинг”, деди. “рост сўзладинг, йигит”, деди амир ва барча асирларни озод қилиб юборди.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ona

Она ҳақида шер (ӯзбекча шеърлар)

Шоир Алишер Навойи Она ҳақида шеъри Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи …